ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Юридик хизмат /

Судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган маблағлар ҳисобидан юридик хизмат ходимларини мукофотлаш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 01.05.2017 й. 250-сон қарорига 6-илова)Ҳ

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 1 майдаги

250-сон қарорига

6-ИЛОВА



Судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти

фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган

маблағлар ҳисобидан юридик хизмат ходимларини

мукофотлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган маблағлар ҳисобидан юридик хизмат ходимларини мукофотлаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низом талаблари давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг (кейинги ўринларда давлат органлари ва ташкилотлари деб аталади) юридик хизматларига нисбатан татбиқ этилади.

Бошқа ташкилотлар учун ушбу Низом талаблари тавсия тусига эга.


3. Ушбу Низомнинг мақсадлари учун қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


мукофот пули - юридик хизмат ходимлари томонидан судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган сумманинг 5 фоизи, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 17,6 баробаридан кўп бўлмаган миқдорда юридик хизмат ходимларига бериладиган чораклик мукофот;

ундирилган маблағлар - судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан давлат органи ва ташкилотининг ҳисоб рақамларига ёки шахсий ғазначилик ҳисобварақларига тушган пул маблағи.


4. Юридик хизмат ходимлари томонидан ундирилган қуйидаги маблағлар давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мукофот пулини тўлашда ҳисобга олинади:

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тўлиқ ёки қисман тан олинган даъволар бўйича ундирилган маблағлар;

ҳакамлик судининг қарорлари асосида ундирилган маблағлар;

фуқаролик ишлари ва иқтисодий низолар бўйича судларнинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари ва қарорлари билан ундирилган маблағлар;

жиноят ишлари бўйича судларнинг ҳукмлари, ажримлари ва қарорларининг мулкий ундиришга оид қисми билан ундирилган маблағлар;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича ундирилган маблағлар;

нотариусларнинг ижро хатларига асосан ундирилган маблағлар;

бошқа ундирилган маблағлар.



2-БОБ. УНДИРИЛГАН МАБЛАҒЛАР

ҲИСОБИДАН ЮРИДИК ХИЗМАТ

ХОДИМЛАРИНИ МУКОФОТЛАШ ТАРТИБИ


5. Юридик хизмат ходимлари ҳар чоракда судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган сумманинг 5 фоизи, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 17,6 баробаридан кўп бўлмаган миқдорда мукофотланади.

Мукофот пули давлат органлари ва ташкилотлари фойдасига ҳал қилинган низолар бўйича давлат органи ва ташкилотининг ҳисоб рақамларига ёки шахсий ғазначилик ҳисобварақларига тушган умумий маблағлардан ҳисоблаб чиқарилади.

Ҳал этилган низолар бўйича ундирилган маблағларнинг бир қисми кейинги чорак давомида давлат органи ва ташкилоти ҳисоб рақамига ёки шахсий ғазначилик ҳисобварақларига тушган тақдирда, мукофот пулининг қолган қисми ушбу чорак якуни бўйича тўланади.

Мукофот пули маблағлар давлат органи ва ташкилоти ҳисоб рақамларига ёки шахсий ғазначилик ҳисобварақларига тушгандан сўнг тўланади.


6. Судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган маблағлар ҳисобидан юридик хизмат ходимларини мукофотлаш бошқа мукофотлар ва меҳнат ҳақи тизимида назарда тутилган бошқа тўловлар тўланишини истисно қилмайди.


7. Мукофот пулини тўлаш ҳақида буйруқ (фармойиш) чиқарилишига юридик хизмат раҳбарининг билдиргиси асос бўлади.

Штат бирлигида битта юридик хизмат ходими назарда тутилган ҳолларда мукофот пулини тўлаш ҳақида буйруқ (фармойиш) чиқарилишига ушбу ходимнинг билдиргиси ва унга илова қилинган давлат органи ва ташкилоти фойдасига ундирилган маблағни тасдиқловчи ҳужжатлар асос бўлади.


8. Юридик хизмат томонидан ҳал этилган низолар бўйича маблағлар давлат органлари ва ташкилотлари ҳисоб рақамларига ёки шахсий ғазначилик ҳисоб рақамларига тушганлиги давлат органлари ва ташкилотлари бухгалтерияси ва/ёки маблағларнинг тушишини ҳисобга олиш вазифаси юкланган таркибий бўлинмалар (ходим) томонидан берилган маълумотнома асосида тасдиқланади. Бунда маълумотнома юридик хизмат раҳбарининг ёзма сўровига мувофиқ уч иш куни ичида берилади.

Штатда фақат битта юридик хизмат ходими назарда тутилган ҳолларда маълумотнома ушбу ходимнинг ёзма сўровига асосан берилади.



3-БОБ. МУКОФОТ ПУЛИНИ ЮРИДИК ХИЗМАТ

ХОДИМЛАРИ ЎРТАСИДА ТАҚСИМЛАШ ТАРТИБИ


9. Мукофот пули юридик хизмат раҳбари томонидан юридик хизматнинг ҳар бир ходимининг иш фаолияти натижалари самарадорлигига қараб ҳар чорак якуни бўйича тақсимланади.

Мукофот пулини ходимларга тақсимлаш мукофот пулини тўлаш тўғрисида буйруқ (фармойиш) чиқариш учун юридик хизмат раҳбари томонидан бериладиган билдиргида кўрсатилиши лозим.

Агар мукофот пулини тўлаш тўғрисида буйруқ (фармойиш) чиқариш тўғрисида юридик хизмат раҳбари томонидан бериладиган билдиргида мукофот пулини ходимларга тақсимлаш тартиби кўрсатилмаган бўлса, мукофот пули юридик хизмат ходимларига тенг тақсимланади.

Давлат органи ва ташкилоти раҳбари давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан маблағ ундиришдаги хизматини инобатга олган ҳолда мукофот пулини юридик хизматнинг бир ёки бир неча ходимига тўлаш тўғрисида буйруқ (фармойиш) чиқаришга ҳақли.

Бундай ҳолларда мукофот пулини тақсимлаш юридик хизмат ходимига ундирилган маблағ ҳисобига мукофот пули тўлаш тўғрисидаги буйруқ (фармойиш)да асосланиши лозим.


10. Мукофот пули тўғри ва ўз вақтида тақсимланишини назорат қилиш давлат органи ва ташкилот раҳбари томонидан амалга оширилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


11. Низо белгиланган тартибда қайта кўриб чиқилиши натижасида ундирилган маблағ қайтарилган тақдирда, юридик хизмат ходимларига тўланган мукофот пули белгиланган тартибда қайтарилиши лозим.


12. Юридик хизмат ходимларини мукофотлаш билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


13. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 10 май, 18-сон, 323-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 5-сон, 57-модда



































Время: 0.0042
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск