ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига Шарҳ

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

"Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва

тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш

чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига

ШАРҲ



Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб кўп асрлик маданий ва илмий ютуқларимиз акс этган ёзма ёдгорликларни сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилишга катта эътибор берилмоқда.

Ўзбекистонда асрлар давомида Марказий Осиё бўйича энг бой қўлёзма мерос жамланган бўлиб, унинг салмоқли қисми Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади. Ҳар бири улкан маънавий обида, маданият дурдонаси бўлган бу қўлёзмалар фонди жаҳон миқёсида беқиёс аҳамиятга эга бўлган бебаҳо хазинадир. Мазкур фонд 2000 йилда ноёб илмий ва маданий объектлардан бири сифатида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Институтнинг қўлёзмалар фонди олтита алоҳида бўлимдан ташкил топган бўлиб, араб, форс, эски ўзбек тили ва бошқа шарқ тилларида битилган 26 минг жилд қўлёзма, 39 минг жилд тошбосма китоблар ва 10 мингга яқин тарихий ҳужжатлардан ташкил топган.

Мазкур илм даргоҳида нафақат илмий-тадқиқот ишлари, балки қўлёзмаларни сақлаш, таъмирлаш, фондни бойитиб бориш, шунингдек, маҳаллий ва хорижий тадқиқотчиларга манбалар билан ишлашлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш каби кенг қамровли ишлар олиб борилади.

Миллий ўзликни англаш, тарихий хотира давомийлигини таъминлаш, улкан ёзма меросни асраб-авайлаш, бойитиб бориш ва тадқиқ қилиш ҳамда маданий ва маънавий қадриятларни оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор ёш авлодни ватанпарварлик ва бой тарихимизга чуқур ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган мамлакат сифатидаги халқаро обрў-эътиборини янада мустаҳкамлаш, бой ёзма меросимизни сақлаш, ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш ишларини янги сифат босқичига кўтаришга йўналтирилган.

Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти қадимий қўлёзмалар, тарихий-маданий аҳамиятга эга бўлган бошқа ёзма манбаларни сақлаш, ўрганиш, илмий асосда тадқиқ этиш ва тарғиб қилиш бўйича мамлакатимиздаги етакчи илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгилангани унинг дунёдаги етакчи шарқшунослик марказларидан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, қарорда Институтнинг илмий ва ташкилий фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган. Жумладан, замонавий талаблар асосида Институтнинг асосий вазифа ва фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилган. Улардан бири институт фондларини сақлаш ва аҳоли қўлида сақланаётган қўлёзма ва бошқа ёзма ёдгорликларни харид қилиш ҳисобидан бойитишни назарда тутади. Шу мақсадда ёзма ёдгорликларни тўплаш, баҳолаш ва сотиб олиш билан шуғулланадиган экспертлар гуруҳи ва махсус комиссия тузилмоқда.

Шунингдек, Ўрта асрларда Марказий Осиё ҳудудидан етишиб чиққан аллома ва мутафаккирларнинг илм-фаннинг аниқ, табиий, гуманитар соҳалари ва ислом илмлари бўйича яратган асарлари тадқиқини кенгайтириш ва чуқурлаштириш ҳамда уларни асл матн ва илмий изоҳли таржима шаклида нашр этиб, таълим-тарбия жараёнига жорий этиш ва илмий муомалага киритиш ишларига алоҳида урғу берилган.

Шу билан бирга, қарорда институтнинг турдош олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўлёзма манбалар билан ишлаш малакасига эга ёш кадрларни тайёрлаш ишига алоҳида эътибор қаратилган.

Қарорда Институтнинг хорижий Шарқ мамлакатлари тарихи, ривожланиш босқичлари, ҳозирги кунда ушбу давлатларда кечаётган сиёсий, иқтисодий ва маданий жараёнларни уларнинг Ўзбекистон Республикаси билан икки томонлама ва кўп томонлама муносабатлари нуқтаи назаридан ўрганиш борасидаги илмий тадқиқотлар кўламини янада кенгайтириш борасидаги вазифалар аниқ белгилаб берилган.

Дунё миқёсида қўлёзмаларни сақлаш ва реставрация қилишга бўлган эътиборнинг тобора ортиб бораётганини ҳисобга оладиган бўлсак, қарорда Институтнинг фото ва реставрация лабораториялари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш кўзда тутилгани алоҳида аҳамият касб этади. Бу борадаги ишларнинг самарали йўлга қўйилиши қўлёзмаларнинг умрини узайтириш ва ушбу лабораторияларни Ўзбекистондаги бошқа мавжуд фондлар учун намунавий пешқадам реставрация майдонига айлантириш имконини беради. Бундан ташқари, қадимий ёзма манбалар билан ишлашнинг ўзига хос мураккаб хусусиятларини, бу иш юқори илмий малака ва кўникмаларни талаб қилишини инобатга олиб, Институтнинг қадимий қўлёзмаларни реставрация қилиш ва сақлаш билан шуғулланувчи ходимларини молиявий рағбатлантириш чоралари ҳам белгиланган.

Қарорда ўз ечимини топган муҳим масалалардан яна бири - бу бой ва турфа ёзма меросимизни намойиш этиш мақсадида Институтнинг Шарқ қўлёзмалари музейини яратишдир. Музейда қўлёзмалар фондида мавжуд коллекцияларнинг энг ёрқин намуналари намойиш этилади.

Ушбу қарор давлатимиз томонидан илм-фаннинг ролини кучайтириш, мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш, академик институтларнинг моддий-техника базасини яхшилаш ҳамда тарихий ва маданий ёдгорликларни тизимли ва илмий асосда сақлаш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирларнинг мантиқий давоми бўлиб, у барчамизни бой маънавий меросимизни кўз қорачиғидек асраш, уни бугунги ва келажак авлодлар учун хизмат қилдиришга даъват этади.



"Халқ сўзи", 2017 йил 25 май

































Время: 0.2009
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск