ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ёқилғи-энергетика комплекси / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги қарорига шарҳ

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

"2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани

янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва

ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш

чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги қарорига

ШАРҲ



Сўнгги йилларда республикамизнинг иқтисодиёт тармоқларида ва ижтимоий соҳасида энергия самарадорлигини юксалтириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 1 мартдаги "Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ва 2015 йил 5 майдаги "2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан:

энергия самарадорлиги ва энергиянинг қайта тикланувчи манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича Республика комиссияси ташкил этилди, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги таркибида Республика комиссиясининг ишчи органи сифатида энергия самарадорлигини ошириш бўлими ташкил қилинди;

Тошкент шаҳрида Халқаро қуёш энергияси институти фаолият кўрсата бошлади;

Осиё тараққиёт банки кўмагида Ўзбекистонда қуёш энергетикасини ривожлантиришнинг "йўл харитаси" ишлаб чиқилди;

Наманган вилоятининг Поп туманида Корея Республикасининг Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги кўмагида 2014 йилнинг декабрь ойида қуввати 130 кВт бўлган қуёш фотоэлектрик станцияси қурилди ва ишга туширилди, ушбу станция ягона электр энергетикаси тармоғига уланган ва йилига 234,3 минг кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга;

Сурхондарё, Наманган ва Навоий вилоятларида йирик қуёш фотоэлектрик станцияларини қуриш бўйича лойиҳалар тайёрланмоқда;

Жаҳон банки иштирокида Ўзбекистон Республикасининг шамоллар Атласи ишлаб чиқилди, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида қуввати 750 кВт бўлган тажрибавий шамол энергоқурилмасини қуриш бўйича инвестиция лойиҳалари якунловчи босқичига кирди.

2016 йил якунлари бўйича иқтисодиёт тармоқларида 2016/2017 йил куз-қиш мавсумида энергоресурсларни тежаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни ҳисобга олган ҳолда, 1210,3 миллион кВт.соат электр энергияси ва 991,2 миллион куб метр табиий газни иқтисод қилишга эришилди, бу эса тармоқларнинг 2016 йилдаги истеъмолининг мос равишда 5,1 ва 3,6 фоизини ташкил этади. Амалга оширилган ишлар натижасида 2015 йилда ялпи ички маҳсулотнинг энергия сиғими 10,8 фоиз, 2016 йилда 7,2 фоиз ва 2017 йилнинг биринчи чорагида 12,7 фоиз қисқаришига эришилди.

Шу билан бирга, ҳозирги кунда муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни жадал ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган бир қатор ўз ечимини кутаётган масалалар мавжуд.

Республика ҳудудларида қайта тикланувчи энергия манбалари энергиясидан фойдаланиш бўйича захиралар тўлалигича ишга солинмаган, улар бўйича ҳудудий манзилли дастурлар ишлаб чиқилиши зарур.

2030 йилга бориб, 2016 йилга нисбатан ялпи ички маҳсулотнинг энергия сиғимини икки баробар қисқартириш бўйича қўйилган топшириқларни ҳисобга олган ҳолда, корхона ва ташкилотларга энергия сарфи ҳажмини қисқартириш бўйича аниқ мақсадли параметрларни белгилаш зарурати мавжуд.

Ушбу муҳим вазифаларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори 2017 - 2021 йилларда ялпи ички маҳсулотнинг энергия сиғимини янада қисқартириш, маҳсулот таннархини камайтириш ва қайта тикланувчи манбалар энергиясидан фойдаланишни кенгайтиришга йўналтирилган.

Иқтисодиётнинг энергия ресурслари билан иккита вазифани ҳал этиш орқали таъминланиши назарда тутилмоқда. Биринчидан, қайта тикланувчи энергия ресурсларидан кенг фойдаланиш орқали ёқилғи балансини диверсификациялаш. Бунда анъанавий ёқилғи турларини қайта тикланадиган энергия турларига алмаштириш ҳисобига уларнинг электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқаришдаги ҳиссасини камайтириш назарда тутилмоқда. Иккинчидан, иқтисодиёт тармоқларида ишлаб чиқаришнинг энергия сиғимини қисқартиришнинг узоқ муддатли дастурини амалга ошириш, саноат фаолияти ҳудудларининг экологик ҳолатини яхшилаш орқали эришилади.

Яқин истиқболда устувор вазифа сифатида иқтисодиётнинг энергия ва ресурс сиғимини қисқартириш, ишлаб чиқаришга энергияни тежайдиган технологияларни кенг жорий қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, меҳнат самарадорлигини ошириш кўзда тутилмоқда.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан жадал фойдаланиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш иссиқлик ва электр энергияси каби энергиянинг саноат турларини олишни таъминлашга йўналтирилган бўлиб, бу углеводородларнинг ўрнини босишга ва уларни юқори ликвидли маҳсулотлар, жумладан, полимерлар, ёқилғининг синтетик турларини ишлаб чиқаришга йўналтириш имконини беради.

Хусусан, Ўзбекистон Фанлар академияси, Фан ва технологиялар агентлиги, "Ўзбекгидроэнерго" АЖ, Халқаро қуёш энергияси институти, "Ўзбекэнерго" АЖ Илмий-техник маркази икки ой муддатда қайта тикланувчи манбалар энергиясидан фойдаланиш, жумладан, қуёш энергетикасини ривожлантириш, энергия самарадорлиги соҳасидаги маҳаллий ишланмалар ва амалий тадқиқотларни, шунингдек, синовдан ўтган илғор хорижий технологияларни трансфер қилиш имкониятини таҳлил этиш асосида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини мақсадли жорий қилиш ва қуёш энергетикасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиши ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиши белгиланган.

Бундан ташқари, қарорда қуйидагилар тасдиқланган:

қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантиришнинг мақсадли параметрлари, бунда 2025 йилга бориб, электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватлари таркибида қайта тикланувчи энергия манбаларининг ҳиссасини 12,7 фоиздан 19,7 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда, жумладан, гидроэлектростанциялар бўйича 12,7 фоиздан 15,8 фоизга, қуёш энергетикаси бўйича 2,3 фоизга, шамол энергетикаси -бўйича 1,6 фоизга;

қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг рўйхати, бунда 2017 - 2025 йилларда умумий қиймати 5,3 миллиард доллар бўлган 810 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда;

2017-2021 йилларда иқтисодиёт тармоқларида ва ижтимоий соҳада қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш ва энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари, унда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, манзилли дастурларни ишлаб чиқиш ва бошқа устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича 28 та чора-тадбир кўзда тутилган;

2017-2021 йилларда иқтисодиёт тармоқларида ишлаб чиқаришнинг энергия сарф ҳажмини қисқартиришнинг мақсадли параметрлари, бунда 25 та йирик ташкилот ва корхона бўйича саноат маҳсулотлари (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқаришда энергия сарфининг солиштирма нормаларини қисқартиришнинг прогноз кўрсаткичлари белгиланган;

2017-2021 йилларда бюджет ташкилотларида энергия истеъмоли жиҳатидан самарадор иситиш қозонларини жорий қилиш жадвали, бунда Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг 6333 та бюджет ташкилотининг 17251 иситиш қозонини алмаштириш кўзда тутилган;

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг сув хўжалиги ташкилотлари насос станцияларида энергия истеъмоли жиҳатидан самарадор насослар ва электродвигателларни жорий қилиш графиги, бунда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг сув хўжалиги ташкилотларида 879 та насос ва 1523 та электродвигателни алмаштириш кўзда тутилган.

Ушбу ишларни молиялаштириш учун 2017-2021 йилларда давлат бюджетидан 314,1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.

Ушбу қарор доирасида қабул қилинган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши қуйидагиларни таъминлаш имконини беради:

қонунчилик ва норматив базани такомиллаштириш, шунингдек, энергия тежайдиган технологияларни, замонавий ҳисоблаш ускуналарини жорий қилишга ва ёқилғи-энергетика ресурсларидан янада оқилона фойдаланишга аҳолини ва хўжалик юритувчи субъектларни кенг жалб қилиш;

2025 йилга бориб, электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари таркибида қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини 12,7 фоиздан 19,7 фоизга етказиш;

ишлаб чиқаришнинг энергия сиғимини кескин қисқартириш (9 792,0 тонна шартли ёқилғи ёки йилига 8 - 10 фоиздан кам бўлмаган миқдорда);

Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг 6333 та бюджет ташкилотида 17251  иситиш қозонини замонавий энергияни тежайдиганларига алмаштириш ва 56,5 миллион куб метрдан ортиқ табиий газни тежаш;

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг сув хўжалиги ташкилотларида 1523 та энергияни кўп истеъмол қилувчи электродвигателни ва 879 та насосни алмаштириш ва 807,3 миллион кВт.соатдан ортиқроқ электр энергиясини тежаб қолиш;

энергияни тежайдиган технологияларнинг кириб келишини кенгайтириш, солиқ ва божхона имтиёзлари бериш ҳисобига қайта тикланувчи манбалардан энергия ҳосил қилувчи ускуналарни қўллаган ҳолда, энергиядан фойдаланишни рағбатлантириш;

қайта тикланмайдиган углеводород ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг рақобатдошлигини ошириш, шу асосда иқтисодиёт тармоқларини ва аҳолини ёқилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаб бориш;

қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия истеъмоли жиҳатидан самарадор -технологияларни трансфер қилиш, ушбу соҳадаги ускуналар ва бутловчи қисмларни маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқариш;

аҳоли учун кафолатланган энергия ресурсларининг очиқлигини таъминлаш, айниқса, узоқ қишлоқ ҳудудларида аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш ва уларнинг фаровонлигини ошириш.



"Халқ сўзи", 2017 йил 30 май


































Время: 0.1838
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск