ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муносабатлари соҳасида бошқарув ва назорат /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.05.2017 й. ПҚ-3001-сон "Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚAРОРИ

24.05.2017 й.

N ПҚ-3001



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БАНДЛИК ВА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ

ВАЗИРЛИГИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майдаги "Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ПФ-5052-сонли Фармони ижросини таъминлаш ҳамда аҳоли, аввало ёшлар бандлигини ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш борасида меҳнат органларининг масъулиятини ошириш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ташкилий тузилмаси тизими 1-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги марказий аппарати бошқарув ходимларининг чекланган сони 60 нафардан иборат тузилмаси 2-иловага* мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тузилмаси 3-иловага* мувофиқ;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаларининг намунавий тузилмаси 4-иловага* мувофиқ;

туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказларининг намунавий тузилмаси 5-иловага* мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаларининг ҳамда туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказлари ходимларининг чекланган сони 6-иловага* мувофиқ;

Меҳнат органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури 7-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

зарур ҳолларда, вазирликнинг марказий аппарати, ҳудудий органлар ва тасарруф этиладиган ташкилотлар тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;

янги иш ўринлари ташкил этган ҳамда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифасига кирувчи шахсларни, аввало профессионал таълим муассасаларининг битирувчилари, имконияти чекланган шахслар, собиқ ҳарбий хизматчиларни ишга жойлаштирган иш берувчиларга нисбатан белгиланган тартибда ижтимоий рағбатлантириш чораларини қўллаш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий тузилмаларига бириктирилган бинолар, иншоотлар ва иморатларни белгиланган тартибда сотиш ёки бузиш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига қарор қабул қилишлари учун таклифлар киритиш, шунингдек, туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказларини жойлаштириш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан янги бинолар, иншоот ва иморатлар сотиб олиш, қуриш ва реконструкция қилиш бўйича қарорлар қабул қилиш.


3. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган, норматив-ҳуқуқий характерга эга қарорлари, вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир;

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири лавозими бўйича "Микрокредитбанк" АТБнинг Кузатув кенгаши раиси ҳисобланади;

меҳнат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, ҳисобот ойдан кейинги ҳар ойнинг 10-санасига қадар ўзининг расмий сайтида ва марказий оммавий ахборот воситаларида меҳнат бозоридаги вазият ва бандлик ҳолати тўғрисида маълумотларни, шу жумладан иш қидириб меҳнат органларига мурожаат қилган ҳамда ишсизлик бўйича нафақа олаётган фуқаролар сони, яратилган иш ўринлари, рўйхатга олинган бўш (вакант) иш ўринлари ва иш берувчилар, инвесторлар ва аҳоли учун аҳамиятга эга бўлган бошқа маълумотларни чоп этади;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати талабларига биноан бандликка рухсат бериш ва кўникмаларни баҳолаш тизими бўйича ўтказиладиган тест синовларида қатнашиш учун тўланадиган маблағлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида солиққа тортилмайди;

вазирликнинг номи ўзгариши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг тасарруфидаги тузилмалари мулки ва автотранспорт воситалари бўйича ҳуқуқни белгилашга доир ҳужжатларни қайта расмийлаштириш белгиланган тўловларни ундирмасдан амалга оширилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вазирликнинг ҳайъат органлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўрсин, унга қуйидаги асосий вазифалар юклансин:

бандлик ва меҳнат муносабатлари соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишни янада такомиллаштириш бўйича аниқ чораларни ишлаб чиққан ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган Вазирликнинг асосий фаолият йўналишини танқидий кўриб чиқиш;

аҳоли бандлиги таъминланишининг ҳудудий ва тармоқли дастурларининг амалга оширилиши натижадорлигини, шунингдек, меҳнат бозорини бошқариш ва ижтимоий соҳани ривожлантириш қисмида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини бешта устувор йўналишлар бўйича ривожлантириш тўғрисидаги қабул қилинган ҳаракатлар стратегияси доирасида назарда тутилган чора-тадбирларни ҳар чоракда ва тизимли кўриб чиқиш;

бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасида долзарб муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиққан ҳолда, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси ва халқ қабулхоналаридан келиб тушаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси топшириқларини бажариш юзасидан самарали назоратни таъминлайдиган ижро интизоми даражасини ошириш;

бандлик, меҳнат бозори, меҳнат муносабатлари, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг долзарб масалаларини жойларда муҳокама қилинишини, шунингдек, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли қарорларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таъминлаган ҳолда ҳайъатнинг кенгайтирилган сайёр йиғилишлари ўтказилишини ташкил этиш;

қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорларида белгиланган, юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишни таъминлаш юзасидан Вазирлик ва унинг таркибий тузилмалари раҳбар ходимларининг шахсий жавобгарлигини оширишни таъминлаган ҳолда меҳнат ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қуйи бошқарма органлари раҳбарларининг ҳисоботларини тизимли асосда тингланилишини ташкил этиш.


5. Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларини сарфлашнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар ҳисоблансин:

меҳнат бозорини барқарор ва баланслашган ҳолда ривожлантириш, аҳоли бандлиги даражасини ошириш ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича мақсадга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни молиявий таъминлаш;

ишсизлар, профессионал таълим муассасалари битирувчилари, академик лицейлар, олий таълим муассасалари, шунингдек, иш топишда қийинчиликларга учраётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобат қила олмаётган шахсларни ишга жойлаштириш ва моддий қўллаб-қувватлаш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган кафолатларни амалга ошириш;

ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолига, биринчи навбатда ёшларга, аёлларга ва ногиронлиги бўлган шахсларга касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва ишсизларни ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича сифатли хизматлар кўрсатишни ташкиллаштириш бўйича харажатларни молиялаштириш, шунингдек, меҳнат бўйича органларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш.

6. Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга ошириладиган ягона ижтимоий тўловлардан ажратмалар;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат ҳуқуқ меҳнат инспекторлари ва давлат техник инспекторлари, шунингдек, меҳнат шароитлари давлат экспертизаси мансабдор шахслари томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган талабларни бузганлиги учун белгиланган тартибда солинадиган маъмурий ундирувлар суммаси;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий тузилмаларига бириктирилган бинолар, иншоотлар ва иморатларни сотишдан тушган маблағлар, мулкни баҳолаш ва сотиш бўйича аниқ харажатлардан ташқари, тўлиқ ҳажмда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига йўналтирилади;

фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш соҳасида фаолиятни амалга ошираётган нодавлат ташкилотлари хорижга ишга юборилган ҳар бир фуқаро учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган ставка бўйича Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига маблағлар ўтказадилар;

таъсисчи томонидан белгиланадиган миқдорларда барча солиқлар ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлатнинг мақсадли жамғармаларига тўловлар тўланганидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги давлат унитар корхоналарида қоладиган соф фойданинг бир қисми;

қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда меҳнат дафтарчалари бланкларини сотишдан олинган даромадлар;

Бандлик жамғармасининг бўш маблағларини тижорат банкларида ва бошқа молия тузилмаларида жойлаштиришдан олинган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия ёрдамлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.

7. Ўзбекистон Республикаси Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларни хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесга жалб этиш, томорқа ва деҳқон хўжаликларидан оқилона фойдаланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари масъулиятини ошириш масалаларини кенг ва холисона ёритиш "Mahalla" телерадиоканалининг муҳим йўналишларидан бири этиб белгилаш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги телевидение ва радио орқали, жумладан, "прайм тайм" эфир вақтидан кенг фойдаланиш асосида аҳоли бандлиги масалалари бўйича тушунтириш ишларини фаол олиб бориш бўйича аниқ ва таъсирчан чора-тадбирларни амалга оширишни таъминласин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги аҳоли бандлиги масалалари бўйича жойларда туркум сайёр телетасвирларни олиб бориш ва радиоэшиттиришлар тайёрлашни ташкиллаштиришда "Mahalla" телерадиоканалига ёрдам кўрсатсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги республика туманлари ва шаҳарлари кесимида иш жойларини ташкил этишга давлат буюртмаларини шакллантиришда республиканинг меҳнат кучи ҳаддан зиёд бўлган туманларида янги иш жойларига бўлган талабни белгилашга алоҳида эътибор қаратсин.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар, хўжалик бирлашмалари комплекс ривожлантириш ҳудудий ва тармоқ дастурларини шакллантириш ва тасдиқлашда, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ҳар йили киритиладиган, республиканинг туманлари ва шаҳарлари кесимида иш жойларини яратишга бўлган давлат буюртмасидан келиб чиққан ҳолда устувор тартибда республиканинг меҳнат кучи ҳаддан зиёд бўлган туманларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишни таъминласин.

9. Асосий таълим жараёнидан бўш вақтда Ўзбекистон Республикасининг меҳнат кучи ҳаддан зиёд бўлган туманларида банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни амалга оширадиган таянч касб-ҳунар коллежларининг рўйхати 8-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда таянч касб-ҳунар коллежларида амалга оширилаётган, меҳнат бозори, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ҳозирги даражаси ва истиқболларига мувофиқлилиги талабларига жавоб бера олишини таъминлайдиган, банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўргатиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курслари ўқув дастурлари мазмуни ва муддатларини тубдан қайта кўриб чиқсин.


10. Бандлик ва меҳнат муҳофазаси республика илмий марказига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 сентябрдаги 414-сонли "Бюджет ташкилотларини молиялаштиришни такомиллаштириш тартиби тўғрисида"ги қарорининг 4-бандида кўзда тутилган имтиёзлар татбиқ этилиши маълумот учун қабул қилинсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги белгиланган тартибда:

икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тўғрисидаги низом лойиҳасини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

бир ой муддатда ҳудудий Бандлик бош бошқармалари ва туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказлари тўғрисидаги янгиланган намунавий низомларни белгиланган тартибда тасдиқласин;

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Миробод кўчаси, 15-уй манзили бўйича жойлаштирилсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2016 йил 24 февралдаги ПҚ-2498-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 5 июнь, 22-сон, 420-модда





















































Время: 0.0033
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск