ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Суд ва бошқа органлар актларини амалга ошириш /

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 30.05.2017 й. ПҚ-3016-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 30 майдаги

ПҚ-3016-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг (кейинги ўринларда Бюро деб юритилади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Бюро Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси (кейинги ўринларда Бош прокуратура деб юритилади) ҳузуридаги мустақил ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ҳисобланади.


3. Бюро ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг (кейинги ўринларда Бош прокурор деб юритилади) буйруқ ва кўрсатмаларига амал қилади.


4. Бюро тизимига:

Бюронинг марказий аппарати;

Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари;

Бюронинг туман (шаҳар) ва туманлараро бўлимларининг бўлимлари киради.

5. Бюро қуйи турувчи раҳбарларнинг юқори турувчи раҳбарларга, шунингдек, Бош прокурорга бўйсуниши ҳамда ҳисобдорлиги асосида фаолият кўрсатади.

6. Бюро ўз вазифа ва функцияларини амалга оширишда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


7. Бюро фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.


8. Бюро юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳрга, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ очиладиган банк ҳисоб рақамларига эга бўлади.



2-БОБ. БЮРОНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


9. Қуйидагилар Бюронинг асосий вазифалари ҳисобланади:

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш;

ижро иши юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишдан бўйин товлаш ёки ижро этилишига тўсқинлик қилиш, ижро иши юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бошқа тарзда бузилганлигига доир ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда мажбурий ижро тизими тезкорлиги ва самарадорлигини таъминлаш;

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш, давлат ижрочилари фаолиятининг самарадорлигини ошириш.

10. Бюро ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:


a) суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш соҳасида:

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг мажбурий ижросини таъминлайди, мажбурий ижро этиш қонун билан бошқа давлат органларига юклатилган ҳужжатлар бундан мустасно;

ваколатли органларнинг мол-мулкни, шу жумладан ҳуқуқбузарлик буюмлари ва қуроллари ҳамда ашёвий далилларни давлат даромадига ўтказиш ёки йўқ қилиб ташлашни назарда тутувчи қарорларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижро қилади;

хатланган ва олиб қўйилган мол-мулкнинг баҳоланиши, сақланиши ва сотилишини ташкил қилади;

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари мажбурий ижросини таъминлашда, шу жумладан қарздорларнинг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкини қидиришда давлат органлари, кредит ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади, ушбу мақсадларда кўрсатилган давлат органларининг маълумотлар базаларидан белгиланган тартибда фойдаланади;

қарздор - жисмоний шахслар ва олиб қўйилиши лозим бўлган болани қидиришни амалга оширади, бу мақсадларда тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширади, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари билан ҳамкорлик қилади;

ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг аризалари, таклифлари ва шикоятларини кўриб чиқади;

аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, қонун ва одил судловни ҳурмат қилиш, жисмоний ва юридик шахслар ўртасида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини сўзсиз ва ихтиёрий равишда бажариш заруриятини шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;

оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик қилади, уларни ўз фаолияти натижалари тўғрисида хабардор қилади, ушбу мақсадларда семинарлар, брифинглар, пресс-конференциялар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ўтказади;


б) ижро иши юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишдан бўйин товлаш ёки ижро этилишига тўсқинлик қилиш, ижро иши юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бошқа тарзда бузилганлигига доир ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш соҳасида:

ижро иши юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шу жумладан ижро иши юритиш тарафлари, баҳолаш ташкилотлари, ижро ҳужжатлар бўйича мол-мулкни сақлаш ва сотиш ишларини амалга оширувчи ташкилотлар, банк ва бошқа кредит ташкилотлари, қарздорга иш ҳақи ёки бошқа унга тенглаштирилган тўловларни тўлаётган ташкилотлар (шахслар) ҳамда мажбурий ижро органи ҳисобланмаган ва суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижросини таъминловчи ташкилот ва мансабдор шахслар, шунингдек қарздорларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқий таъсир чораларини амалга оширувчи ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишга оид қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш, бартараф этиш, шунингдек бузилган ҳуқуқларни тиклаш чораларини кўради;

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро қилмаслик ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олишда ички ишлар органлари, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

суд қарори ёки бошқа ижро ҳужжатларини бажармаслик, банд солинган мол-мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этиш, шунингдек вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни, ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлашга, ижро иши юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бошқа тарзда бузилганлигига доир ҳуқуқбузарликлар бўйича суриштирув ва терговга қадар текширувни амалга оширади;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритади, Бюро ваколатига тааллуқли ишларни кўриб чиқади ва маъмурий жазо қўллайди;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш амалиётини таҳлил қилади, уларнинг ҳисобини олиб боради ҳамда ушбу соҳада ягона амалиётни шакллантириш чораларини кўради;

Бюро ваколатига тааллуқли ишлар бўйича терговга қадар текширув ва суриштирув ўтказади, шунингдек тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширади;

терговга қадар текширув ва суриштирув ўтказиш, процессуал қарорлар қабул қилиш, тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш амалиётини ўрганиб боради, уларнинг ҳисобини юритади ва бу борада фаолият самарадорлигини ошириш чораларини кўради;


в) замонавий ахборот- коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда мажбурий ижро тизими тезкорлиги ва самарадорлигини таъминлаш соҳасида:

ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисобини юритади;

Ижро иши юритувлари ягона электрон базасини юритади;

ижро ҳужжатлари юзасидан қарздорликларни ундириш масалалари бўйича ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизими ишлашини таъминлайди;

Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими ишлашини таъминлайди;

қонун ҳужжатлари билан белгиланган рўйхатга мувофиқ йирик битимлар, айрим турдаги молия-кредит хизматлари, халқаро йўловчи ташиш хизматлари ва давлат хизматларини амалга оширишда ижро ҳужжатлари бўйича тўланмаган қарздорлик мавжудлигини онлайн режимда текшириш учун (ҳуқуқий таъсир чораларини амалга ошириш учун) давлат органлари ва ташкилотларининг Бюро маълумотлар базаларига уланишини таъминлайди;

Бюро органлари иш юритувидаги ижро ҳужжатлари бўйича ижро ҳаракатлари амалга оширилишининг автоматлаштирилган мониторинги бўйича давлат интерактив хизматини кўрсатади;

электрон онлайн-аукционлар оператори билан электрон ҳамкорлик қилади ҳамда ижро ҳаракатларини олиб бориш давомида хатланган мол-мулкни реализация қилиш таомилига электрон тижоратни жорий этиш бўйича чоралар кўради;

Бюро зиммасига юклатилган вазифаларни тезкорлик билан ва самарали бажариш мақсадида мажбурий ижро органлари ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базасини такомиллаштириш чораларини кўради;

Бюро органларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш чораларини кўради;

ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базасини ишлатиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Бюро ходимларининг малакасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;


г) суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш соҳасида:

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш масаласида хорижий давлатлар мажбурий ижро органлари ва бошқа ваколатли давлат органлари билан халқаро ҳамкорлик қилади;

халқаро шартномалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси мажбуриятларининг суд қарорлари ижросига оид қисми ҳамда ижро ҳужжатлари бўйича жисмоний шахслар-қарздорларни қидириш қисми бажарилишини ташкил қилади;

хорижий давлатларнинг мажбурий ижро органлари, бошқа ваколатли органлари ҳамда ихтисослаштирилган халқаро ташкилотлар билан суд ҳужжатларини ижро этишда ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалаларида, шунингдек қонуний кучга кирган суд қарорлари бўйича активларни қайтариш масалаларида ҳамкорлик қилади;

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш соҳасида ҳамкорлик масалалари бўйича халқаро шартномалар лойиҳаларини ишлаб чиқишда қатнашади;

Бюро ваколатига тааллуқли масалалар бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан, шунингдек Суд ижрочилари халқаро иттифоқи билан белгиланган тартибда ўзаро ҳамкорлик қилади;


д) суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш, давлат ижрочилари фаолиятининг самарадорлигини ошириш соҳасида:

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилади ва умумлаштиради ҳамда уни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;

ижро иши юритиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва уларни тайёрлашда иштирок этади, ўз ваколати доирасида ижро иши юритишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади;

самарали иш услубларини ишлаб чиқади ва амалиётга жорий қилади, Бюро давлат ижрочилари ва бошқа ходимларини бошланғич тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва касб маҳоратини ошириш чораларини кўриш бўйича тизимли ишларни олиб боради;

эришган натижаларга қараб Бюро ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш чораларини кўради, Бюро давлат ижрочилари ва бошқа ходимлари ишини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этади;

Бюро органларида ички хавфсизликни таъминлайди, Бюро органлари ходимлари фаолиятига ноқонуний аралашиш, хизматни ўташ билан боғлиқ ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг шахсий ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини таҳдидлардан ҳимоя қилиш чораларини кўради;

ижро иши юритишда сансалорлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш бўйича чоралар кўради;

Бюро органларида коррупцияга қарши курашиш ва олдини олиш бўйича тизимли иш олиб боради, Бюро органларида коррупцияга қарши назорат тизимини ("комплаенс-назорат") жорий этади ва ишлашини таъминлайди;

давлат ижрочилари ва бошқа ходимлар томонидан Мажбурий ижро органларида хизматни ўташ қоидалари ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши устидан қаттиқ назоратни таъминлайди.

Бюро қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.


3-БОБ. БЮРОНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


11. Бюро ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:


а) суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг мажбурий ижросини амалга ошириш соҳасида:

давлат органларидан ва бошқа органлардан, ташкилотлардан ҳамда уларнинг мансабдор шахсларидан зарур ҳужжатлар ва маълумотларни олиш;

давлат органларига ва бошқа органларга, ташкилотларга ҳамда уларнинг мансабдор шахсларига, шунингдек, фуқароларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

ишлаётган қарздорларга нисбатан корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилишини ҳамда молиявий ҳужжатларнинг ижро иши юритишга мувофиқлиги юзасидан текширишлар ўтказиш;

ижро иши юритишда иштирок этаётган шахсларга муайян ижро ҳаракатларини амалга ошириш масалалари юзасидан топшириқлар бериш;

қарздорлар эгаллаб турган ёки уларга қарашли бўлган жойларга, шу жумладан, турар жойларга ва омборларга кириш, зарур бўлган ҳолларда жойлар ҳамда омборларни мажбуран очиш, холислар иштирокида кўздан кечириш;

ўзга шахсларда қарздорга тегишли бўлган мол-мулк борлигини тасдиқловчи ҳужжатли маълумотлар мавжуд бўлганда, ўзга шахслар эгаллаб турган ёки уларга қарашли бўлган жойларга ва омборларга кириш, зарур бўлган ҳолларда ушбу жойлар ва омборларни мажбуран очиш ҳамда холислар иштирокида кўздан кечириш;

ўзга шахсларда қарздорга тегишли бўлган мол-мулк борлигини тасдиқловчи ҳужжатли маълумотлар мавжуд бўлмаганда, суд ажрими асосида ўзга шахслар эгаллаб турган ёки уларга қарашли бўлган жойларга ва омборларга кириш, зарур бўлган ҳолларда ушбу жойлар ва омборларни мажбуран очиш ҳамда холислар иштирокида кўздан кечириш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ мол-мулкни хатлаш, хатланган мол-мулкни олиб қўйиш, сақлашга топшириш ва реализация қилиш;

қарздорнинг банклардаги ва бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида, омонатларида турган ёки сақлаш учун қўйилган пул маблағлари ҳамда ўзга қимматликларини хатлаш;

қарздор ва унинг дебиторларининг ҳисобварақларига ижро ҳужжатлари бўйича қарз суммаларни ундириш ҳақида инкассо топшириқномаларини қўйиш;

олиб қўйилган мол-мулкни вақтинча сақлаш учун давлат мулкидаги яшаш учун мўлжалланмаган жойлардан, мулкдорнинг розилиги билан эса, хусусий мулкдаги бинолардан фойдаланиш, бундай мол-мулкни сақлаш мажбуриятини тегишли шахслар зиммасига юклаш, ундирувчининг ёки қарздорнинг транспортидан мол-мулкни ташиш учун харажатларни қарздор ҳисобига киритган ҳолда фойдаланиш;

ижро ҳаракатлари амалга оширилаётганда асос бўлган ижро ҳужжатидаги талаблар ноаниқ бўлган тақдирда, ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа органга уни ижро этиш тартибини тушунтириб беришни сўраб мурожаат этиш;

ижро иши юритишда иштирок этувчи шахсларни чақириш;

ижро йиғимларини, жарималарни ва ижро харажатларини ундириш;

қарздор жисмоний шахсга, унинг мол-мулкига ёки олиб қўйилиши лозим бўлган болага нисбатан қидирув эълон қилиш ва уни амалга ошириш;

ижро ҳаракатларини амалга оширишда юзага келган масалалар бўйича, шу жумладан, ижро усули ва тартибини ўзгартириш масаласида судга ёки бошқа органга ариза билан мурожаат қилиш;

ижро ҳаракатларини амалга ошириш давомида, зарур ҳолларда, ички ишлар органларининг ходимларини жалб қилиш чораларини кўриш;

ижро ҳужжатлари талабларини узрсиз сабабларга кўра ихтиёрий равишда бажармаган, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган қарздорларни маъмурий жавобгарликка тортиш, шунингдек, суд ҳужжатларини ижро этишдан бўйин товлаган ёки суд ҳужжатининг ижро этилишига тўсқинлик қилган шахсларни қонунда белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка тортиш чораларини кўриш;

қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда мол-мулкни баҳолаш;

мол-мулкни баҳолаш учун баҳолаш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган шахсни жалб этиш;

қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетишига вақтинча чеклаш белгилаш;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш, Бюро ваколатига тааллуқли ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо қўллаш;

Бюро ваколатига тааллуқли ишлар бўйича терговга қадар текширув ва суриштирув ўтказиш, шунингдек, тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш.

Бюро қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


12. Бюро суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишини таъминлаш, шунингдек юклатилган бошқа вазифаларни самарали бажариш учун жавобгардир.


4-БОБ. БЮРО ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Бюрога Бош прокурорнинг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимига тайинланадиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.


14. Бюро директори:

Бюро директорининг тақдимномасига асосан Бош прокурор томонидан лавозимига тайинланадиган учта ўринбосарларга, шу жумладан, биринчи ўринбосарга эга бўлади;

мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт таъминоти шарт-шароитлари бўйича Бош прокурорнинг ўринбосарига тенглаштирилади;

лавозими бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ижрочиси ҳисобланади;

ўзининг фаолияти бўйича Бош прокурорга бўйсунади ва унга ҳисобдордир.


15. Юклатилган вазифаларни бажариш учун Бюро директори:

а) Бюро фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

б) Бюро ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади;

в) Бюро ҳудудий тузилмалари бошлиқларининг ҳисоботларини эшитади;

г) Бош прокурорга қуйидагиларни киритади (тақдим этади):

Бюро ваколатига кирувчи масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини;

Бюро ва унинг ҳудудий тузилмаларининг ташкилий-штат тузилмаларига ўзгартиш киритиш тўғрисидаги таклифларни;

ушбу Низомнинг 19-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган шахсларни лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тўғрисида тақдимномаларни;

Бюронинг тегишли ходимларига даражали унвонларни бериш бўйича таклифларни;

Бюро ходимларини рағбатлантириш, уларни Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларига тавсия этиш тўғрисидаги тақдимномаларни;

Бюро фаолияти натижалари ҳақидаги ҳисоботни;

д) Бюро ва унинг ҳудудий тузилмаларининг штатлар жадвалини, Бюро марказий аппарати бошқармалари ва бўлимлари тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди, шунингдек Жамғарма маблағлари ҳисобидан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида қўшимча жалб этиладиган мутахассислар ва бошқа шахслар сонини белгилайди;

е) ўз ваколатлари доирасида Бюро фаолиятини ташкил этиш масалалари бўйича барча ходимлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар, кўрсатмалар ва фармойишлар чиқаради;

ж) ажратилган маблағлар доирасида Бюро ходимларига устама ҳақи, мукофотлар ва бошқа рағбатлантиришлар тўлаш тартиби ва шартларини қонун ҳужжатларига мувофиқ белгилайди;

з) Бюрога юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

к) Бюронинг куч ва воситалари самарали тақсимланишини, шу жумладан, муайян функцияларни бажарадиган ходимларнинг Бюрога юклатилган бошқа ишларга жалб этилишини ташкил этади;

л) Бюро фаолиятига тааллуқли масалалар бўйича тезкор йиғилишлар ўтказади;

м) қонун ҳужжатларига ва ушбу Низомга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


15-1. Бюро директори ташаббускор ва малакали мутахассислардан иборат доимий фаолият юритадиган, шунингдек давлат органлари ва ташкилотлар мутахассисларидан иборат бошқа белгиланган тўловлардан ташқари Бюронинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қўшимча равишда ҳар ойлик меҳнат ҳақи фондининг (пул таъминотининг) икки бараваригача бўлган миқдорда ҳақ тўланадиган эксперт-таҳлил гуруҳларини тузишга ҳақли.

16. Бюро директори бўлмаган ҳолларда унинг ваколатларини Бош прокурорнинг буйруғига асосан унинг ўринбосарларидан бири амалга оширади.


17. Бюронинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бош давлат ижрочилари ҳисобланади.


18. Бюронинг туман (шаҳар), туманлараро бўлимлари бошлиқлари катта давлат ижрочилари, уларнинг ўринбосарлари тегишинча катта давлат ижрочилари ўринбосарлари ҳисобланади.

19. Лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш:

Бюронинг марказий аппарати таркибий тармоқлари (бош инспекторлар бундан мустасно) ва унинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари Бюро директорининг тақдимномасига биноан Бош прокурор томонидан амалга оширилади;

Бюронинг марказий аппарати таркибий тармоқлари ва унинг ҳудудий бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари Бош прокуратура билан келишилган ҳолда Бюро директори томонидан амалга оширилади;

Бюро марказий аппаратининг бошқа ходимлари, ҳудудий бошқармаларнинг таркибий тармоқлари, туман (шаҳар) ва туманлараро бўлимлари бошлиқлари Бюро директори томонидан амалга оширилади;

Бюронинг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқларининг ўринбосарлари Бюро директори билан келишилган ҳолда ҳудудий бошқармалар бошлиқлари томонидан амалга оширилади;

Бюронинг ҳудудий тузилмаларининг бошқа ходимлари ҳудудий бошқармалар бошлиқлари томонидан амалга оширилади.


20. Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ижрочиси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бош давлат ижрочилари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, туман (шаҳар) катта давлат ижрочилари, шунингдек, Бюронинг суриштирув ва маъмурий амалиёт бўлими бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ ўз ваколатлари доирасида суриштирув органи бошлиқлари ҳуқуқларига эга бўлади.


21. Бюронинг марказий аппарати ва ҳудудий тузилмаларнинг (молия-хўжалик тузилмалари бундан мустасно) ходимлари ўз мақомига кўра прокуратура органлари ходимлари ҳисобланади.

Мақомига кўра прокуратура органлари ходимлари ҳисобланган ходимларга даражали унвонлар берилади ва улар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросида хизматни ўташ тўғрисидаги низомга мувофиқ хизматни ўтайдилар.

22. Бюронинг даража унвонларига эга бўлган ходимлари белгиланган тартибда тасдиқланадиган намунадаги тегишли хизмат кийими ва алоҳида кўринишдаги белгиларни киядилар.

Хизмат кийими билан таъминлаш меъёрлари Бюро директори томонидан тасдиқланади.

Хизмат кийимлари билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


23. Бюро ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажаришлари учун махсус автотранспорт воситалари, шу жумладан, Бюрога мансублигини англатувчи махсус чироқли сигналларга, бўёқларнинг рангли график схемаларига эга бўлган автотранспорт воситалари, шунингдек, бошқа махсус воситалар билан таъминланади.

Махсус автотранспорт ва махсус воситалар билан таъминлаш меъёрлари Бош прокурор томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.


24. Бюро ходимларини моддий рағбатлантириш бюджетдан ажратиладиган маблағлар, Жамғарма маблағлари, шунингдек, қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан Бош прокурор томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


25. Бюро талабномалари, кўрсатмалари, тақдимномалари ва бошқа ҳужжатларининг ижросини бажармаслик, шунингдек, Бюро фаолиятига аралашиш ҳамда юклатилган вазифалар ва функцияларни қонуний ижро этилишига тўсқинлик қилиш мақсадида унинг ходимларига ҳар қандай шаклда таъсир кўрсатиш тақиқланади ва қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.


26. Бюрони қайта ташкил этиш ёки тугатиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 5 июнь, 22-сон, 425-модда











































Время: 0.1319
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск