Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Суд тизими / Конституциявий суд / Конституциявий суд фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатлар /

Ўзбекистон Республикасининг 31.05.2017 й. ЎРҚ-431-сон "Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида"ги Конституциявий Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 23.05.2017 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 27.05.2017 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

КОНСТИТУЦИЯВИЙ

ҚОНУНИ

31.05.2017 й.

N ЎРҚ-431



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 23 майда қабул қилинган

Сенат томонидан 2017 йил 27 майда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг фаолиятини тартибга солишдан иборат.



2-модда. Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий судининг мақоми

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди (бундан буён матнда Конституциявий суд деб юритилади) қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича доимий фаолият кўрсатувчи суд ҳокимияти органидир.


3-модда. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий

суди тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.


4-модда. Конституциявий суднинг ваколатлари

Конституциявий суд:

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;

Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади;

конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади;

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколати доирасида бошқа ишларни кўриб чиқади.

Конституциявий суд конституциявий судлов ишларини юритаётганда бошқа судларнинг ёки ўзга органларнинг ваколатларига кирадиган барча ҳолларда ҳақиқий ҳолатларни аниқлаш ва текширишдан ўзини тияди.



5-модда. Конституциявий судни сайлаш

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади.

Конституциявий суднинг ҳар бир судьяси якка тартибда сайланади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари умумий сонининг кўпчилик овозини олган шахс сайланган ҳисобланади.

Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда Конституциявий суднинг етти нафар судьясидан иборат бўлади.

Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари Конституциявий суд мажлисида унинг судьялари орасидан сайланади.


6-модда. Конституциявий суд судьясининг ваколат муддати

Конституциявий суд судьясининг ваколат муддати - беш йил.

Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши қоида тариқасида етмиш ёшни ташкил этади.

Айни бир шахс икки мартадан ортиқ Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин эмас.



7-модда. Конституциявий суд фаолиятининг

асосий принциплари

Конституциянинг устунлиги, мустақиллик, коллегиаллик, ошкоралик, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги Конституциявий суд фаолиятининг асосий принципларидир.


8-модда. Конституциянинг устунлиги

Конституциявий суд ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг устунлигини, қонун чиқарувчи ҳамда ижро этувчи ҳокимиятнинг ҳужжатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигига доир конституциявий принципнинг ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бошқа нормаларининг рўёбга чиқарилишини таъминлашга даъват этилгандир.

Конституциявий суд фақат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига амал қилган ҳолда ишларни ҳал этади ва хулосалар беради.



9-модда. Конституциявий суднинг мустақиллиги

Конституциявий суд ҳамда унинг судьялари ўз фаолиятида мустақилдир ва фақат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига бўйсунади.

Конституциявий суднинг судьялари ҳужжат қабул қилар экан, амалий мақсадга мувофиқлик мулоҳазалари, сиёсий мойиллигидан ва бошқа ташқи таъсирлардан холи бўлган ўз ҳуқуқий нуқтаи назарини ифодалайди.

Конституциявий суднинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.


10-модда. Коллегиаллик

Конституциявий судда ишларни кўриб чиқиш ва ҳужжат қабул қилиш камида тўрт нафар судьядан иборат таркибда коллегиал тарзда амалга оширилади.



11-модда. Ошкоралик

Конституциявий суднинг мажлислари, қоида тариқасида, очиқ ўтказилади.



12-модда. Тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги

Конституциявий судлов ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилади.

Тарафлар кўриб чиқилаётган иш юзасидан далиллар тақдим этиш, илтимосномалар баён этиш, фикрлар билдириш, ўз нуқтаи назарини ҳимоя қилиш бўйича тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан тортишув асосида фойдаланади.



13-модда. Конституциявий суд ҳужжатлари

ва талабларининг мажбурийлиги

Конституциявий суднинг ҳужжатлари барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда жамоат бирлашмалари, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

Конституциявий суднинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, ҳужжатлар ва уларнинг нусхаларини тақдим этиш тўғрисидаги, кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан тушунтиришлар ва маслаҳатлар бериш ҳақидаги талаблари улар юборилган барча органлар учун мажбурийдир.



14-модда. Конституциявий суднинг қонунчилик ташаббуси

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.


15-модда. Конституциявий суднинг фаолият тартиби

Конституциявий суднинг фаолият тартиби унинг Регламенти билан белгиланади.



2-БОБ. КОНСТИТУЦИЯВИЙ

СУД СУДЬЯЛАРИНИНГ МАҚОМИ


16-модда. Конституциявий суднинг судьяси лавозимига

номзодга қўйиладиган талаблар. Конституциявий

суд судьяларининг малака даражалари

Сиёсат ва ҳуқуқ соҳаси мутахассиси бўлган, юксак маънавий фазилатларга ва зарур малакага эга бўлган, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин.

Конституциявий суднинг судьясига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Олий малака ёки Биринчи малака даражалари берилади.



17-модда. Конституциявий суд раисининг ваколатлари

Конституциявий суд раиси:

Конституциявий судга бошчилик қилади ва унинг фаолиятини ташкил этади;

Конституциявий суд томонидан кўриб чиқишга қабул қилинган масалаларнинг тайёрланишига раҳбарлик қилади;

Конституциявий суд мажлисларини чақиради ва уларда раислик қилади;

Конституциявий суд судьялари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этилишини таъминлайди;

Конституциявий суднинг ҳужжатларини ва мажлислари баённомаларини имзолайди;

Конституциявий суд девонининг ишини ташкил этади, унинг ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади;

Конституциявий судни сақлаш ва унинг фаолиятини таъминлаш учун бюджет маблағларини тақсимлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Конституциявий суд раиси ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан фармойишлар чиқаради.

Конституциявий суднинг раиси йўқлигида унинг ваколатларини раис ўринбосари амалга оширади.



18-модда. Конституциявий суд судьясининг қасамёди

Биринчи бор Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланган шахс қуйидаги мазмунда қасамёд қилади:

"Конституциявий суднинг судьяси вазифаларини ҳалол ва виждонан бажаришга, конституциявий тузумни ҳимоя қилишга, бунда фақат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига бўйсунишга тантанали қасамёд қиламан".

Қасамёд Конституциявий суднинг судьяси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг мазкур судья сайланган мажлисида қилинади.



19-модда. Конституциявий суднинг судьяси лавозими

билан бир вақтда шуғулланиб бўлмайдиган фаолият

Конституциявий суднинг судьялари сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас.

Конституциявий суднинг судьялари сиёсий партияларнинг аъзоси бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир фаолият тури билан шуғулланиши мумкин эмас.


20-модда. Конституциявий суд судьясини

алмаштириб бўлмаслиги

Конституциявий суднинг судьяси ўз ваколатлари даврида алмаштирилмайди. Судьянинг ваколатлари ушбу Қонунда белгиланган тартибдан ҳамда асослардан бошқача тарзда тугатилиши ёки тўхтатилиши мумкин эмас.


21-модда. Конституциявий суд судьясининг дахлсизлиги

Конституциявий суднинг судьяси Конституциявий суднинг розилигисиз жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилиши, шунингдек қамоққа олиниши мумкин эмас.

Конституциявий суднинг судьясига нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.

Конституциявий суд судьясини мажбурий келтириш, ушлаб туриш, худди шунингдек унинг шахсий ашёларини, багажини, транспортини, уй-жойини, хизмат хонасини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди.



22-модда. Конституциявий суд судьясининг

ваколатларини тўхтатиб туриш

Конституциявий суд судьясининг ваколатлари қуйидаги ҳолларда Конституциявий суднинг қарори билан тўхтатиб турилиши мумкин:

у жиноий жавобгарликка тортилганида;

у судья лавозими билан бир вақтда шуғулланиб бўлмайдиган фаолият билан шуғулланганида;

у суднинг қарори билан бедарак йўқолган деб топилганида.

Судья ваколатларининг тўхтатиб турилиши унга иш ҳақи тўлашнинг тўхтатиб турилишига олиб келмайди ва судьяни ушбу Қонунда белгиланган дахлсизлик кафолатларидан маҳрум этмайди, бундан эҳтиёт чораси сифатида судьяга нисбатан қамоққа олиш танланган ҳоллар мустасно.

Конституциявий суд судьясининг ваколатлари уларни тўхтатиб туриш асослари бекор бўлгунига қадар тўхтатиб турилади.



23-модда. Конституциявий суд судьясининг

ваколатларини муддатидан илгари тугатиш

Конституциявий суд судьясининг ваколатлари қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарори билан муддатидан илгари тугатилади:

у судьялик қасамёдини бузганида;

у ёзма ариза берганида;

у судьялик лавозимида бўлишнинг энг юқори ёшига етганида;

унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганида;

судья огоҳлантирилганидан ёки унинг ваколатлари тўхтатилганидан кейин ҳам судьялик лавозими билан бир вақтда шуғулланиб бўлмайдиган фаолиятни давом эттирганида;

соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа узрли сабабларга кўра у узоқ вақт мобайнида судьялик вазифаларини бажаришга қобилиятсиз бўлганида;

у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганида;

у белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганида;

у вафот этганида ёки суднинг қарори билан вафот этган деб эълон қилинганида.


24-модда. Конституциявий суд судьяларининг

ваколатлари тугаганидан кейин уларни ишга

жойлаштириш бўйича кафолатлар

Конституциявий суд судьяларининг ваколатлари тугаганидан кейин уларга Конституциявий суд судьяси лавозимига сайланишига қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса, аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.


3-БОБ. КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДДА ИШ ЮРИТИШ


25-модда. Конституциявий судга масалаларни киритиш ҳуқуқи

Қуйидагилар Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масалалар киритиш ҳуқуқига эга:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман);

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳи;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат сенаторлар гуруҳи;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг раиси;

Конституциявий суднинг камида уч нафар судьяси ташаббуси билан ҳам Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масала киритилиши мумкин.



26-модда. Конституциявий судда масалаларни

кўриб чиқиш муддатлари

Агар олинган материаллар қўйилаётган талабларга жавоб берса, Конституциявий суд улар олинган кундан эътиборан етти кунлик муддатдан кечиктирмай масалани ўрганиб чиқишга киришади.

Кўриб чиқилаётган масала юзасидан ҳужжат тегишли материал олинган пайтдан эътиборан кечи билан уч ой ичида Конституциявий судда қабул қилинади.



27-модда. Конституциявий суд мажлисининг иштирокчилари

Конституциявий суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери, унинг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, унинг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг раиси ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири иштирок этиши мумкин. Улар кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз фикрларини баён этишга ҳақлидир.



28-модда. Конституциявий суд ишлари юритиладиган тил

Конституциявий суд ишлари давлат тилида олиб борилади.

Давлат тилини билмайдиган мажлис иштирокчилари ўз она тилида сўзга чиқиши ва тушунтиришлар бериши ҳамда таржимон хизматидан фойдаланиши мумкин.


29-модда. Конституциявий суднинг мажлисига чақириш

Конституциявий суднинг мажлисига зарур маълумотларга ёки материалларга эга бўлган шахслар, экспертлар ва мутахассислар чақирилиши мумкин.



30-модда. Экспертлар, мутахассислар ва таржимонларнинг

харажатлари ўрнини қоплаш

Конституциявий судда ишларни кўриш муносабати билан жалб этилган экспертлар, мутахассислар ва таржимонларга қонун ҳужжатларига мувофиқ харажатларнинг ўрни қопланади ҳамда ҳақ тўланади.


31-модда. Конституциявий суднинг ҳужжат қабул қилиши

Конституциявий суд Конституцияга мувофиқлигига шубҳа туғдирган, кўриб чиқилаётган аниқ масалалар юзасидангина ҳужжат қабул қилади.

Конституциявий суд норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлигини текшириб, текширилган ҳужжатга асосланган ёхуд унинг қоидаларини такрорлайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хусусида ҳам, гарчи Конституциявий суд кўриб чиқиши учун киритилган масалада улар тўғрисида сўз юритилмаган бўлса-да, бир вақтнинг ўзида ҳужжат қабул қилиши мумкин.

Конституциявий суднинг ҳужжати очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади.

Конституциявий суднинг судьяси овоз беришда бетараф қолишга ёки иштирок этмасликка ҳақли эмас.

Конституциявий суднинг ҳужжати, агар мажлисда ҳозир бўлган судьяларнинг кўпчилиги уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган деб ҳисобланади. Овозлар тенг бўлиниб қолган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Конституциявий суднинг ҳужжатига қўшилмаган Конституциявий суд судьяси ўз фикрини ёзма тарзда баён қилишга ва уни Конституциявий суд мажлисининг баённомасига қўшиб қўйишга ҳақлидир.



32-модда. Конституциявий суднинг ҳужжати

Халқаро шартноманинг ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида кўриб чиқилган ишнинг моҳияти бўйича Конституциявий суднинг ҳужжати қарор деб аталади. Қарорлар Конституциявий суд томонидан Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилади.

Бошқа ҳолларда Конституциявий суднинг ҳужжати хулоса деб аталади ёки бошқача шаклга эга бўлиши мумкин.



33-модда. Конституциявий суд ҳужжатларини

эълон қилиш ва уларнинг кучга кириши

Конституциявий суднинг қарорлари, хулосалари ва бошқа ҳужжатлари оммавий ахборот воситаларида ҳамда Конституциявий суднинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", "Халқ сўзи" ва "Народное слово" газеталари, "Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Ахборотномаси", шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси Конституциявий суднинг ҳужжатлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.

Конституциявий суднинг ҳужжати расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Конституциявий суднинг ҳужжати қатъий ва унинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас.


34-модда. Конституциявий суднинг

ҳужжатини қайта кўриб чиқиш

Конституциявий суднинг ҳужжати унинг ўз ташаббуси билан қуйидаги ҳолларда қайта кўриб чиқилиши мумкин:

ҳужжат чиқарилган пайтда Конституциявий судга номаълум бўлган янги очилган ҳолатлар муносабати билан;

ҳужжат қабул қилинишига асос бўлган конституциявий норма ўзгарган тақдирда;

Конституциявий суд мазкур ҳужжатни белгиланган иш юритиш тартиби бузилган ҳолда қабул қилинган деб топган тақдирда.



4-БОБ. КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДНИ ТАШКИЛ ЭТИШНИНГ

ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИНИНГ БОШҚА МАСАЛАЛАРИ


35-модда. Конституциявий суд девони

Конституциявий суднинг фаолиятини ташкилий жиҳатдан, илмий-экспертизага, ахборот-маълумотга оид ва бошқача тарзда таъминлаш Конституциявий суд девони томонидан амалга оширилади.

Девоннинг тузилмаси ва штатлари ажратилган маблағлар доирасида Конституциявий суднинг раиси томонидан тасдиқланади.

Конституциявий суд девони ходимларига мансаб даражаларини белгилаш ва бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган низомда белгиланади.


36-модда. Конституциявий суд ҳузуридаги

илмий-маслаҳат кенгаши

Конституциявий суд ҳузурида маслаҳат органи бўлган ва жамоатчилик асосида фаолият кўрсатадиган илмий-маслаҳат кенгаши тузилади. Конституциявий суд фаолиятига оид масалалар бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш ушбу кенгашнинг вазифасига киради.



37-модда. Конституциявий суднинг фаолиятини молиялаштириш

Конституциявий суднинг фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ва унда алоҳида сатрда назарда тутилади.


38-модда. Конституциявий суд судьяларининг

моддий ва ижтимоий таъминоти

Конституциявий суд судьяларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, уларга ҳар йилги меҳнат таътили бериш, судьяларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий муҳофаза қилиш чора-тадбирлари, судьяларнинг ҳаёти ва соғлиғини давлат томонидан мажбурий тартибда суғурта қилиш билан боғлиқ моддий ва ижтимоий таъминоти "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ белгиланади.

Конституциявий суд судьясининг иш ҳақи лавозим маошидан, малака даражаси, кўп йиллик хизмати учун тўланадиган устама ҳақлардан иборат бўлади.

Конституциявий суднинг судьялари ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан олган даромадлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади.


39-модда. Конституциявий суднинг суд ҳокимияти рамзлари

Конституциявий суднинг мажлислар залида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нашри бўлади.



40-модда. Судьяларнинг махсус кийим-боши

Конституциявий суд судьялари судлов ишини махсус кийим-бошда олиб боради, ушбу кийим-бошнинг тавсифи ва намунаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тасдиқланади.



41-модда. Конституциявий суд судьясининг гувоҳномаси

Конституциявий суд судьясига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси томонидан имзоланадиган гувоҳнома берилади.



42-модда. Конституциявий суднинг муҳри

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.


5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


43-модда. Айрим қонун ҳужжатларини

ўз кучини йўқотган деб топиш

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1) Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 30 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида"ги 103-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 9, 178-модда);


2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 30 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида"ги Қонунни амалга киритиш ҳақида"ги 104-I-сонли Қарорининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 9, 179-модда) 1-банди;


3) Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 13 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 447-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, N 1, 8-модда) VII бўлими;


4) Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 30 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 535-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, N 9-10, 149-модда) XII бўлими;


5) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-365-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, N 1, 2-модда) 8-моддаси;


6) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги ЎРҚ-372-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, N 5, 130-модда) 9-моддаси.



44-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу

Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



45-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                    Ш. Мирзиёев



"Халқ сўзи", 2017 йил 1 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 5 июнь, 22-сон, 407-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси",

2017 йил, 5-сон, 201-модда




































Время: 0.1675
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск