ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик / Коммунал хўжалик / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.06.2017 й. 340-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 2 июндаги

340-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат

кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли

уй-жой фондидан фойдаланишни назорат

қилиш инспекцияси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг (кейинги ўринларда Инспекция деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлигини, шунингдек фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.


2. Инспекция ўзига берилган ваколатлар доирасида кўп квартирали уй-жой фондини сақлаб туриш ва улардан фойдаланиш соҳасида ваколатли орган ҳисобланади.


3. Инспекция ўз фаолияти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига ҳисобот беради.


4. Инспекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги қарорларига ва ушбу Низомга амал қилади.


5. Инспекция ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


6. Инспекция давлат муассасаси ташкилий-ҳуқуқий шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда очилган бюджет ва бошқа банк ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, шунингдек ўз фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва Инспекция номи ёзилган бланкаларга эга бўлади.


7. Инспекция ўз ваколатларига тегишли масалалар бўйича белгиланган тартибда Инспекция бошлиғининг буйруқлари ва бошқа ҳужжатлар билан расмийлаштирилган қарорлар қабул қилади.


8. Инспекцияни сақлаб туриш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.



2-БОБ. ИНСПЕКЦИЯНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


9. Қуйидагиларни назорат қилиш Инспекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

кўп хонадонли уй-жой фондини, унга туташ ҳудудларни сақлаш ва ундан фойдаланиш қоидаларига риоя этиш, кўчмас мулк эгаларининг биноларни ўзбошимчалик билан ўзгартиришга йўл қўймаслик;

умумий фойдаланиладиган жойлар, фасадлар, уйларнинг ички муҳандислик коммуникацияларини таъмирлаш-тиклаш ишларини тизимли ўтказиш қоидаларига риоя этиш;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотлари томонидан тегишли коммунал хизматлар кўрсатишда техник тартибга солиш бўйича меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этиш;

кўп хонадонли уйларда кўчма мулк эгаларининг мукаммал таъмирлаш ишларини бажариш учун ажратиладиган маблағларидан мақсадли фойдаланиш.


10. Инспекция ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

кўп хонадонли уй-жой мулкдорлари ҳуқуқларига риоя этган ҳолда, қонунчиликда белгиланган шакл ва усуллардаги назорат функцияларини амалга оширади;

сифат стандартларига мос келмайдиган уй-жой коммунал хизматлар кўрсатишда фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлайди;

кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш, жумладан муҳандислик тармоқлари, кўп хонадонли уйлар ускуналаридан сифатли фойдаланишни тизимли текшириш юзасидан назорат қилади;

турар-жой бинолари мулкдорлари ва бошқарув компаниялари, таъмирлаш ташкилотлари ва коммунал хизматларни амалга оширувчи корхоналар ўртасидаги шартномалар бўйича мажбуриятлар бажарилишини назорат қилади;

ҳисоботлар, статистика маълумотлари, объектлардаги назорат текширув натижаларини ва бошқа ахборот материалларини таҳлил қилади;

ҳудудий инспекциялар ишини яхшилаш, уй-жой фонди ва кўп хонадонли уйларда мулкдорлар умумий мулкини бошқариш, уларни сақлаш ва фойдаланиш самарадорлигини ошириш, таъминлаш ва таъмирлаш ишларини бажаришда аҳоли иштирокини рағбатлантириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

Инспекция фаолиятини ташкил этиш қоидалари ва услубий ҳужжатларини ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига тасдиқлаш учун киритади;

Инспекция кадрларини танлаш, касбга қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини амалга оширади;

уй-жой фонди ва кўп хонадонли уйларда бинолар мулкдорлари умумий мулкидан фойдаланиш, таъмирлаш ва сақлаш масалаларини тартибга соладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилади, кўп хонадонли уйлар бинолари мулкдорлари ва коммунал-фойдаланиш ташкилотларининг кўп хонадонли уйлардан фойдаланиш, коммунал хизматлар ва энергия манбалари сифати бўйича мурожаатларини кўриб чиқади;

кўп хонадонли уйлардаги бинолар (квартиралар) мулкдорларининг мурожаатлари юзасидан қабул қилинган чоралар натижалари бўйича ҳисоботлар мавжудлигини текширади;

ҳудудий инспекцияларнинг кўп хонадонли уй-жой фонди ва кўп хонадонли уйлардаги бинолар мулкдорларининг умумий мулкидан фойдаланиш, уларни сақлаб туриш ва таъмирлашни назорат қилиш ишларини мувофиқлаштиради ва ташкил қилади;

кўп хонадонли уйлардаги умумий мулкни техник жиҳатдан текширишни ташкил қилади;

кўп хонадонли уйлардаги умумий мулкни мукаммал ва жорий таъмирлашнинг алоҳида турларини ўтказиш рўйхати, даврлари ва навбатини белгилайди;

қурилиши тугалланган кўп хонадонли уйларни, шунингдек, кўп хонадонли уй-жой фонди муҳандислик ускуналарининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасига оид меъёрий-ҳуқуқий ва норматив ҳужжатлар талабларига мослаштириш бўйича реконструкция қилинган тизимларини фойдаланишга қабул қилувчи ишчи ва давлат комиссиялари фаолиятида иштирок этади;

кўп хонадонли уй-жой фондида муҳандислик ускуналаридан хавфсиз фойдаланиш талабларига риоя этилишини назорат қилади.


11. Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қиладиган ҳудудий инспекциялар қуйидагиларни назорат қилади:

кўп хонадонли уй-жой фонди, кўп хонадонли уйлардаги бинолар мулкдорларининг умумий мулки ва унга туташ ҳудудлардан фойдаланиш;

кўп хонадонли уй-жой фонди, кўп хонадонли уйлардаги бинолар мулкдорларининг умумий мулки ва унинг муҳандислик ускуналарининг техник ҳолатини, уларни амалдаги нормативлар, техник ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ сақлаш ва таъмирлаш ишларини ўз вақтида бажариш;

кўп хонадонли уй-жой фонди, кўп хонадонли уйлардаги бинолар мулкдорларининг умумий мулки ва унга туташ ҳудудлардан мавсумий фойдаланишга тайёрлаш тадбирларини ўтказиш;

кўп хонадонли уй-жой фонди, кўп хонадонли уйлардаги бинолар мулкдорларининг умумий мулки ва унга туташ ҳудудларда ёқилғи-энергетика ресурслари ҳамда сувдан оқилона фойдаланиш;

аҳолини коммунал хизматлар (иситиш, электр, сув, газ таъминоти ва бошқалар) билан таъминлашнинг меъёрий даражаси ва тартибига риоя этиш;

турар-жой бинолари ва кўп хонадонли уйларга туташ ҳудудлардан фойдаланиш қоидаларига риоя этиш;

турар-жойлар ва биноларни доимий яшаш учун яроқсиз деб эътироф этиш, уларни нотурар жой тоифасига ўтказиш тартиби ва қоидаларига риоя этиш;

давлат ёки муниципал уй-жой коммунал хўжалиги объектлари мулкдорлари, хизматлар, ишлаб чиқарувчилар ва фойдаланувчилар ўртасида шартномалар мавжудлиги ва уларнинг шартларига риоя этиш;

кўп хонадонли уйларга хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш танловларини ўтказиш;

аҳоли буюртмаларига биноан уй-жой коммунал хизматларини бажариш;

кўп хонадонли уйларда энергия ва сув ресурслари сарфини бошқариш, назорат қилиш ва ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлиши.


12. Инспекция Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси, Ўзбекистон Республикасининг "Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўғрисида"ги Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.



3-БОБ. ИНСПЕКЦИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


13. Инспекция ўзига юкланган вазифа ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) текшириладиган объектга белгиланган тартибда бориш;

б) текширув пайтида ҳар қандай зарур ахборотни сўраб олиш, текширувга оид ҳужжатларининг асл нусхалари билан танишиш;

в) одамлар ҳаёти ва саломатлигига хавф соладиган носоз техник қурилмалардан улардаги носозликлар бартараф этилмагунгача фойдаланишни тақиқлаш, ишлаб чиқаришни тўхтатишга олиб келадиган ҳолатлар бундан мустасно;

г) қуйидагиларга бажарилиши шарт бўлган кўрсатмалар бериш:

хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига ва кўчмас мулк эгаларига - кўп хонадонли уйлар, кўп хонадонли уйлар умумий мулкини сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидалари, технологик лойиҳалаштириш нормаларининг бузилиши ҳолатларини, фойдаланишда хавфсизликни пасайтирадиган ускуналарни тайёрлаш ва монтаж қилишдаги камчиликларни бартараф этиш бўйича;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотларига - тегишли коммунал хизматлар кўрсатишда техник тартибга солишга оид норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиш бўйича;

д) ўтказилган текширув натижасида аниқланган қонунбузарликларни бартараф этишга доир кўрсатмалар талаблари бажарилмаган ҳолатларда ушбу талабларни мажбурий бажариш тўғрисида ёки жисмоний ёхуд юридик шахс фаолиятини қисман ёки тўлиқ тўхтатиш ёхуд тақиқлаш даъво аризаси тайёрлаб тақдим этиш;

е) маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича протоколлар тузиш;

ж) судларда даъвогар ва жавобгар бўлиш;

з) қонунчиликда кўзда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.


14. Инспекция қуйидагиларга мажбур:

текширилаётган объектда текширув ўтказилаётган даврдаги белгиланган иш тартибига тўсқинлик қилмаслик;

текширув натижасида олинган ҳужжатлар ва маълумотларнинг яхши сақланишини таъминлаш;

кўп хонадонли уйлар умумий мулкини сақлаш тартиби бузилиши, муҳандислик тармоқлари ва кўтариш иншоотларидан хавфсиз фойдаланиш қоидалари ва техник регламентлари бузилиши ҳақида далолатномалар тузиш.


15. Инспекция ўзига юкланган вазифа ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.


16. Инспекциянинг мансабдор шахслари ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки тегишли равишда бажармаганлиги учун белгиланган тартибда жавоб беради.



4-БОБ. ИНСПЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


17. Инспекция бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари билан келишган ҳолда лавозимга тайинланади ва озод этилади.

Инспекция бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири томонидан Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплексининг раҳбари билан келишган ҳолда лавозимга тайинланади ва озод этилади.

Инспекция бошлиғи меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларига кўра - бош бошқарма бошлиғига, инспекция ходимлари эса - Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ходимларига тенглаштирилади.

Инспекция бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳайъати таркибига киритилади.


18. Инспекция бошлиғи:

Инспекция фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

Инспекция ваколатига кирадиган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади ва Инспекцияга юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ходимлар ўртасида ваколатларни белгилайди ва мажбуриятларни тақсимлайди, Инспекция ҳудудий бўлинмаларининг мансабдор шахслари ваколатларини белгилайди;

бўлимлар раҳбарлари ва ходимларининг Инспекция фаолиятининг айрим участкалари ва йўналишларига раҳбарлик, шунингдек, Инспекция ҳудудий бўлинмалари ишлари учун жавобгарлик даражасини белгилайди;

Инспекциянинг барча ходимлари, шунингдек, ҳудудий бўлинмалари бажариши шарт бўлган қарорлар чиқаради;

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан келишган ҳолда, Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг штат жадвалини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган харажатлари сметасини тасдиқлайди;

Инспекция бўлимлари ва ҳудудий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларини рағбатлантириш ва уларга нисбатан интизомий жавобгарлик чораларини қўллаш масаласини ҳал қилади, ишда ўрнак кўрсатган ходимларни мукофотга тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан келишган ҳолда Инспекция ходимлари ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

ҳудудий инспекциялар ходимлари ҳудудий инспекция бошлиғи томонидан Инспекция билан келишган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади;

кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланиш, уни сақлаб туриш ва таъмирлаш соҳасидаги қонунчилик ижросини назорат қилади, ушбу қонунчилик бузилиши ҳолатларини кўриб чиқади ва ўз ваколати доирасида тегишли қарорлар қабул қилади;

ўз ваколати доирасида давлат органлари ва ташкилотларда қонунчиликка мувофиқ Инспекция манфаатларини ҳимоя қилади;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



5-БОБ. ИНСПЕКЦИЯ ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА

ҲАҚ ТЎЛАШ ВА УЛАРНИ МОДДИЙ

РАҒБАТЛАНТИРИШ


19. Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг иш ҳақи қонунчиликда назарда тутилган лавозим маоши, мукофот, қўшимча ва устамалардан иборат бўлади.


20. Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларига:

узоқ муддат хизмат қилгани учун қонунчиликда белгиланган миқдорда ҳар чоракда мукофот тўланади. Бундай мукофот олиш ҳуқуқини берадиган иш стажи Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тасдиқлайдиган тартибга биноан ҳисобланади;

байрам кунларида Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан штат жадвалига мувофиқ лавозим маошининг 2 бараваригача миқдорда мукофотлар тўланади;

айрим ташаббускор ва юқори малакали ходимларга лавозим маошига (тариф ставкасига) белгиланган тартибда шахсий устамалар белгиланади;


21. Меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг бошқарув ходимлари сонининг қисқариши туфайли бўшайдиган ва бўш иш ўринлари мавжудлиги ҳисобига шаклланган маблағлари Инспекция ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармасига йўналтирилади.



6-БОБ. ИНСПЕКЦИЯНИНГ МОЛ-МУЛКИ


22. Инспекция қонунчиликда назарда тутилган ҳолатларда тезкор бошқариш ҳуқуқи асосида алоҳида мулкка эга бўлиши мумкин.

Инспекция мулки унга мулкдор томонидан тақдим этилган мулк, шунингдек, ўз фаолияти натижасида орттирилган мулк (жумладан пул маблағлари) ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.


23. Инспекция ўзига бириктирилган мулкни ва унга молиялаштириш режаси бўйича берилган маблағлар ҳисобига сотиб олинган мулкни ўзгага, қонунчиликда бошқача назарда тутилмаган бўлса, мустақил равишда ўзгага ўтказиш ёки бошқача усулда тасарруф этиш ҳуқуқига эга.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


24. Инспекцияни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 12 июнь, 23-сон, 467-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 6-сон, 87-модда


































Время: 0.1601
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск