Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш /

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, тўпланиши, сақланиши, ташилиши, утилизация қилиниши, қайта ишланиши, кўмилиши ва реализациясини назорат қилиш инспекцияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.06.2017 й. 368-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 9 июндаги

368-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Экология

ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат

қўмитасининг Чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши,

тўпланиши, сақланиши, ташилиши, утилизация

қилиниши, қайта ишланиши, кўмилиши

ва реализациясини назорат қилиш

инспекцияси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, тўпланиши, сақланиши, ташилиши, утилизация қилиниши, қайта ишланиши, кўмилиши ва реализациясини назорат қилиш инспекциясининг (кейинги ўринларда Инспекция деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва масъулиятини белгилайди.


2. Инспекция Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда - Давлат экология қўмитаси деб аталади) марказий аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади.


3. Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда қонун ҳужжатлари талаблари бажарилиши юзасидан Давлат экология қўмитасига юкланган назорат вазифалари, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари аппаратларидаги Инспекция ҳамда ҳудудий инспекциялар (кейинги ўринларда ҳудудий инспекциялар деб аталади), шунингдек шаҳарлар ва туманларга бириктирилган давлат инспекторлари томонидан амалга оширилади.


4. Инспекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


5. Инспекция ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида махсус ваколатли давлат органларининг, шунингдек чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради.


6. Инспекция ўз фаолиятини бошқа давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, бошқа жисмоний ва юридик шахслар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.



2-БОБ. ИНСПЕКЦИЯНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Инспекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шаҳарлар ва туманлар ободонлаштириш бошқармаларидаги махсус санитария жиҳатидан тозалаш корхоналари, "Тоза ҳудуд", "Махсустранс" давлат унитар корхоналари фаолияти юзасидан, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш борасидаги фаолиятининг давлат назоратини амалга ошириш;

чиқиндиларни йиғиш пунктларини ташкил этиш, уларни ўз вақтида олиб чиқиш, рухсат этилмаган чиқиндихоналарнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик, чиқинди полигонларини бошқариш, уларни утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиш ва реализация қилишни белгиланган тартибда назоратга олишни ташкил этиш;

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, уларни кўмиш ва утилизация қилиш жойларининг давлат кадастрини юритиш билан боғлиқ маълумотларни тўплаш ҳамда таҳлил қилиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларга жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишида ёрдам кўрсатиш;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этмаганликда айбдор бўлган шахсларга нисбатан жарима санкцияларини қўллаш орқали маъмурий жавобгарликка тортиш.


8. Инспекция ўзига юкланган вазифалардан келиб чиқиб қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шаҳарлар ва туманлар ободонлаштириш бошқармаларидаги махсус санитария жиҳатидан тозалаш корхоналари, "Тоза ҳудуд", "Махсустранс" давлат унитар корхоналари фаолияти юзасидан, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш борасидаги фаолияти устидан давлат назоратини амалга ошириш соҳасида:

чиқиндилар ҳажмлари ва ҳосил бўлиш участкалари бўйича бирламчи ҳисобга олиш ҳужжатларини юритади;

фойдаланилган, зарарсизлантирилган, бошқа ташкилотларга берилган ёки бошқа ташкилотлардан олинган, шунингдек ўзида ёки чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ихтисослаштирилган объектларда жойлаштирилган чиқиндилар ҳажмлари ҳисобини юритади;

чиқиндиларнинг атроф муҳитга эҳтимолий зарарли таъсири даражалари бўйича уларнинг хавфлилик даражаси тўғри аниқланганлигини баҳолайди;

экологик вазият ёмонлашуви, ноқонуний чиқиндихоналар юзага келишини олдини олиш учун жойларда санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотлари томонидан чиқиндилар ўз вақтида олиб чиқиб кетилиши устидан мунтазам равишда назорат олиб боради;

чиқиндиларни тўплаш, сақлаш, ташиш, утиллаштириш, қайта ишлаш, кўмиш ва реализация қилишга ихтисослашган ташкилотларнинг моддий-техника таъминоти, улар малакали кадрлар билан тўлдирилганлиги ҳолати мониторингини олиб боради ва таҳлил қилади;

чиқиндиларни жойлаштириш объектларининг санитария-экологик ҳолатини ўрганади;

чиқиндиларнинг пайдо бўлиши ва жойлаштирилишининг экологик нормативларини белгилашда қатнашади, чиқиндиларнинг пайдо бўлишига белгиланаётган нормативларга ва чиқиндиларни жойлаштириш объектларига розилик беради;

чиқиндиларни жойлаштириш лимитларини тасдиқлайди;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, шу жумладан чиқиндиларнинг айрим тоифаларини (хавфлиларини) тўплаш ва уларни саноат чиқиндиларининг махсус полигонларига олиб чиқишнинг тартиб ва қоидаларига риоя этилиши назоратини олиб боради;

ҳисоб-китобларнинг ҳаққонийлиги ва тўғрилигини текширади, чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловларининг ўз вақтида тўланиши ва ундирилишини таъминлаш учун белгиланган тартибда чоралар кўради;

кам чиқитли ва чиқитсиз технологик жараёнларни, чиқиндилардан фойдаланиш, уларни зарарсизлантириш ва қайта ишлаш технологияларини жорий қилишга йўналтирилган чора-тадбирлар бажарилишининг назоратини олиб боради;

б) чиқиндиларни йиғиш шохобчаларини белгиланган тартибда барпо этиш, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетиш, ноқонуний чиқиндихоналар юзага келишига йўл қўймаслик, полигонларни бошқариш, шунингдек чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш устидан назоратни ташкил этиш соҳасида:

чиқиндиларни тўплаш, сақлаш, ташиш, утиллаштириш ва қайта ишлашни амалга оширувчи жисмоний ва юридик шахслар фаолиятини мувофиқлаштиради;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рейд тартибидаги экологик назоратни ўтказади, жойларда ноқонуний чиқиндихоналарни аниқлаш, уларни бартараф этиш чораларини кўрган ҳолда, мунтазам равишда мониторинг олиб боради;

кадастр маълумотларидан фойдаланган ҳолда, чиқиндиларни кўмиш ва утиллаштириш жойларининг инвентаризацияси, ҳисоби ва баҳоланишини ўтказади;

чиқиндиларни тўплаш, сақлаш, утиллаштириш, қайта ишлаш, кўмиш жойларидаги, шунингдек уларни ташиш йўналишларидаги атроф муҳит ҳолати кузатувларини амалга оширади, атроф муҳит ифлосланишига олиб келиши ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлайди ва бартараф этади;

вазирликлар ва идораларга, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, жисмоний ва юридик шахсларга чиқиндиларни тўплаш, сақлаш, ташиш, утиллаштириш, қайта ишлаш, кўмиш ва реализация қилиш борасида методик ёрдам кўрсатади;

в) чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, уларни кўмиш ва утиллаштириш жойлари давлат кадастрини юритиш билан боғлиқ маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш соҳасида:

чиқиндиларнинг инвентаризация қилинишини ва паспортлаштирилишини ўтказади;

чиқиндилар экологик сертификатлаштиришини ўтказади;

чиқиндиларни кўмиш ва утиллаштириш жойлари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш, сақлаш ва таҳлил қилишни, чиқиндиларни кўмиш ва утиллаштириш жойларининг давлат кадастрини юритган ҳолда амалга оширади;

тадбиркорлик субъектлари томонидан, чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида тақдим этиладиган давлат статистика ҳисоботларининг Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан тасдиқланадиган шаклга мувофиқ ҳаққонийлигини аниқлайди;

ҳосил бўлаётган чиқиндилар миқдори ва хавфлилик даражасини камайтириш имконият ва усулларини аниқлаш мақсадида мавжуд технологиялар таҳлилини амалга оширади;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тақдим этиш учун ҳудудларнинг санитария-экологик хавфсизлигини таъминлаш ҳамда чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида қонун ҳужжатларига риоя этиш юзасидан таклифлар тайёрлашда иштирок этади;

аҳоли пунктларини махсус санитария жиҳатидан тозалаш корхоналари фаолиятлари ва шаҳарлар (туманлар) ҳудудларининг санитар-экологик ҳолати юзасидан Қўмитанинг ҳайъат йиғилишларида кўриб чиқиш учун масалалар ва таклифлар киритади;

чиқиндиларни зарарсизлантириш, қайта ишлаш ва утиллаштиришнинг мавжуд ва истиқболли технологиялари бўйича, чиқиндиларни қайта ишлаш ва утиллаштириш, чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, шунингдек тарифларга оид маълумотларнинг ягона электрон базасини юритади;

профилактика ва тушунтириш тадбирлари доирасида давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва аҳолининг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги вазият ҳақида хабардорлигини таъминлайди.

г) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларга жамоат экологик назоратини амалга оширишда кўмаклашиш соҳасида:

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш масалалари бўйича оммавий ахборот воситалари ва кўргазмавий тарғибот орқали, семинар, маъруза ва тушунтириш суҳбатларини ўтказиш орқали профилактика ишларини ўтказиш;

давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар билан биргаликда, оммавий ахборот воситаларини жалб қилган ҳолда аҳолининг чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш масалаларидан хабардорлигини ошириш чора-тадбирларини амалга оширади;

жойларда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишларнинг аҳволини ўрганиш юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўшма сайёр тадбирлар ўтказади;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини мувофиқлаштириш ва такомиллаштириш Республика комиссиясининг қарорлари, кўрсатмалари ва тавсияларини бажаради;

жисмоний ва юридик шахсларнинг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги мурожаатларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқади;

д) чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга оширишда қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаганликда айбдор бўлган шахсларга нисбатан маъмурий чораларни қўллаш соҳасида:

аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотларига, жисмоний ва юридик шахсларга уларни бартараф этишга қаратилган кўрсатмалар киритади;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган таъсир чораларини кўради, белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортади.



3-БОБ. ИНСПЕКЦИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


9. Инспекция ўзига юкланган асосий вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколати доирасида ҳамда қонун ҳужжатларда белгиланган тартибда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш масалаларидаги фаолияти устидан, шу жумладан жамоат жойлари, аҳоли яшаш мавзелари ва маҳаллалар, ўрмон ва сув фонди ерлари ҳудудларида назоратни амалга ошириш;

ушбу соҳада фаолият юритувчи ташкилотлар раҳбарларининг чиқиндиларни тўплаш, сақлаш, ташиш, утиллаштириш, қайта ишлаш, кўмиш ва реализация қилиш масалалари билан боғлиқ ахборот ва ҳисоботларини эшитиш;

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш;

атроф муҳит ҳолатини баҳолаш ва уни соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш учун, шунингдек чиқиндиларни тўплаш, сақлаш, ташиш, утиллаштириш, қайта ишлаш ва кўмиш жойларида табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги бузилганлиги натижасида атроф муҳитга етказилган зарарни аниқлаш бўйича илмий-техник, экспертлик гуруҳлар ва комиссияларни ташкил этиш;

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат дастурлари ва бошқа дастурлар лойиҳаларини ишлаб чиқишга, давлат экологик экспертизасини ўтказишга, экологик билимларни тарғиб қилишга ва бошқа масалаларни ҳал қилишда илмий-тадқиқот, лойиҳа, конструкторлик ташкилотлари, олий таълим муассасалари, шунингдек алоҳида олимлар ва мутахассисларни белгиланган тартибда жалб қилиш юзасидан таклифлар киритиш;

корхоналар, ташкилотлар, иншоотлар ва бошқа объектлар томонидан, одамларнинг соғлиғига ёки яшаш шароитларига, табиий ресурсларга, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга зарарли таъсир кўрсатилган ҳолларда ёки бундай таъсир таҳдиди пайдо бўлганда, бундай объектлар фаолиятини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чеклаш, тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва (ёки) соҳасини ўзгартириш чораларини кўриш;

давлат органларидан, юридик ва жисмоний шахслардан чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш масалаларига доир маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

чиқиндилар билан ифлосланиш натижасида атроф муҳитга етказилган зарарни қоплаш юзасидан юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан белгиланган тартибда даъволар қўзғаш;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахсларга, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш юзасидан Қўмита номидан кўрсатмалар бериш.

Инспекция қонун ҳужжатларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


10. Инспекция ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишга доир масалалар холисона кўриб чиқилиши учун масъулдир.



4-БОБ. ИНСПЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Инспекцияга Давлат экология қўмитаси раиси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади.


12. Инспекция бошлиғи:

Инспекция фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ва Инспекцияга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Инспекция ходимлари орасида вазифаларни тақсимлайди;

ҳудудий инспекцияларга раҳбарлик қилади ва уларни методик таъминлайди;

Инспекциянинг барча ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради ва улар ижроси назоратини ташкил этади;

Давлат экология қўмитаси раисига Инспекция ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш ҳақида таклифлар киритади;

қонун ҳужжатларга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


13. Ҳудудий инспекциялар ҳақидаги низомлар Давлат экология қўмитаси томонидан тасдиқланади.


14. Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси аппаратидаги, шунингдек вилоятлар ва Тошкент шаҳри Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари аппаратларидаги ҳудудий инспекциялар ўз фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларининг раҳбарлиги остида амалга оширади.

Ҳудудий инспекциялар бошлиқлари Давлат экология қўмитаси билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари раҳбарларининг буйруқлари билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


15. Давлат экология қўмитаси марказий аппаратидаги Инспекция, ҳудудий инспекциялар ходимлари экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат инспекторлари бўлиб, қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланган ягона намунадаги формали кийим-бош кийиш ва фарқловчи белгиларга эга бўлиш;

Давлат экология қўмитаси номидан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш ва жаримага тортиш каби маъмурий чораларни қўллаш;

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш масалалари бўйича тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини режали ва қисқа муддатли текширишда иштирок этиш;

санитария жиҳатидан тозалаш корхоналари томонидан чиқиндилар ўз вақтида олиб чиқиб кетилиши жадвалига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш;

чиқинди полигонлари фаолиятини санитария-экологик талабларга мувофиқ ташкил этиш ва бажарилиш назоратини таъминлаш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда аҳоли ва юридик шахслар орасида профилактик ва ахборот-маърифий ишларни олиб бориш;

чиқинди йиғиш пунктлари ва қаттиқ маиший чиқиндилар полигонларини жойлаштириш учун ерларни танлаш ва ажратиш бўйича комиссиялар ишида иштирок этиш;

туман (шаҳар) миқёсида чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишнинг бутун цикли бўйича мониторинг олиб бориш;

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида ҳуқуқбузарликларни аниқлаш бўйича жамоат экологик назорати инспекторлари билан ўзаро алоқа қилиш.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 19 июнь, 24-сон, 499-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 6-сон, 98-модда





































Время: 0.2058
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск