ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш / Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида бошқарув /

Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 15.06.2017 й. 375-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 15 июндаги

375-сон қарорига

1-ИЛОВА



Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш

ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга

ошириш жамғармаси маблағларини шакллантириш

ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш, фойдаланиш ва бошқариш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва:

биоресурсларни сақлаш ва такрор кўпайтириш, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бориш, атроф муҳит мониторингини амалга ошириш, экологик таълим ва тарғибот ишларини ташкил этиш, мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга йўналтирилган атроф муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ тадбирлар ва лойиҳаларни;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда Давлат экология қўмитаси деб аталади) юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа мақсадларни молиялаштиришни амалга оширади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИ


3. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун компенсация тўловлари суммасининг 74 фоизи;

ифлослантирувчи моддалар авария туфайли кўплаб чиқариб ташланиши (оқова оқизиш, чиқиндиларни жойлаштириш) туфайли атроф муҳитга етказилган зарар учун табиатдан фойдаланувчилардан ундириладиган маблағлар ва жарималар суммасининг 74 фоизи;

табиий ресурслардан ҳамда улардан олинадиган хом ашёдан меъёридан ортиқча ва нокомплекс фойдаланганлик (нобуд қилганлик) учун табиатдан фойдаланувчилар тўловлари суммасининг 40 фоизи;

хўжалик фаолияти ва бошқа фаолият натижасида атроф табиий муҳит объектларига етказилган зарарни қоплаш учун табиатдан фойдаланувчилардан ундириладиган маблағларнинг 40 фоизи;

табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишида айбдор бўлган жисмоний ва юридик шахслардан маъмурий ва суд тартибида ундириладиган жарималар ва пул маблағлари суммасининг 74 фоизи, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш билан боғлиқ қонун бузилишлари учун ундириладиган жарималар ва пул маблағлари бундан мустасно;

табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигини бузганлик ва атроф муҳит объектларига етказилган зарарни қоплаш учун чет эл фуқаролари, шунингдек бошқа давлатларнинг юридик шахсларидан маъмурий ва суд тартибида ундириладиган жарималар ва пул маблағлари суммаларининг 74 фоизи, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш билан боғлиқ қонун бузилишлари учун ундириладиган жарималар ва пул маблағлари бундан мустасно;

давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесганлик учун тўлов суммаларининг 74 фоизи;

табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини биргаликда молиялаштиришда улуш қўшиб қатнашувчи юридик шахсларнинг маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан хайрия ташкилотларининг хайрия эҳсонлари;

экологик тадбирлар ва акцияларни ўтказишдан тушадиган маблағлар;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар бўйича тушумлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


4. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш Жамғарманинг ҳар йили тасдиқланадиган дастурига (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) мувофиқ амалга оширилади.


5. Жамғарма маблағларидан қуйидагиларни молиялаштиришда фойдаланилади:

а) табиатни муҳофаза қилиш лойиҳалари ва тадбирлари, шу жумладан:

табиатни муҳофаза қилиш, шунингдек Давлат экология қўмитаси тизимидаги объектларни лойиҳалаштириш ва қуриш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш, реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш;

атроф табиий муҳит ифлослантирилиши сабабли келиб чиқадиган салбий оқибатлар ўрнини қоплаш ёки олдини олишни кўзда тутувчи тадбирлар;

сувни муҳофаза қилиш ва санитария муҳофазаси зоналарини барпо этиш ва қайта тиклаш, сув объектларини сақлаш ва қайта тиклаш бўйича амалга ошириладиган ишлар;

хўжалик фаолияти ва бошқа фаолият натижасида бузилган табиий объектларни қайта тиклаш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда қайта тиклаш;

ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларининг зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш бўйича тадбирлар;

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш, кенгайтириш, уларнинг фаолияти ва режимини таъминлаш ҳамда жиҳозлаш бўйича тадбирлар;

ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш бўйича питомниклар барпо этиш;

чиқинди тўплаш шохобчаларини қуриш ва уларни зарур инвентарлар (контейнерлар, чиқинди қутилари ва бошқалар), шунингдек санитария жиҳатидан тозалаш воситалари билан жиҳозлаш;

санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослашган корхоналарнинг автотранспорт паркларини қуриш ва уларни жиҳозлар билан тўлдириш;

чиқиндиларни қайта ишлаш, утилизация қилиш, зарарсизлантириш ва кўмишга мўлжалланган объектларни қуриш;

маиший чиқинди полигонларини жиҳозлаш;

рухсат этилмаган жойларда пайдо бўлган чиқиндихоналарни тугатиш;

ижтимоий аҳамиятга молик объектларда чиқитсиз ва кам чиқитли технологияларни, шунингдек қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш;

улуш қўшиб қатнашган ҳолда республика ва ҳудудий аҳамиятга молик табиатни муҳофаза қилиш лойиҳалари ва тадбирлари;

улуш қўшиб қатнашган ҳолда хорижий ҳукумат ва ҳукуматга қарашли бўлмаган молия ташкилотлари, халқаро молия институтлари, ташкилотлари ва донор мамлакатлар билан биргаликдаги табиатни муҳофаза қилиш лойиҳалари ва тадбирлари;

табиатни муҳофаза қилиш технологиялари, экологик мониторинг тизимлари, асбоблари ва жиҳозларини яратиш ва такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот, лойиҳа-қидирув ва тажриба-конструкторлик ишларини олиб бориш;

республика, ҳудудий ва давлатлараро аҳамиятга молик илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;

экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасига оид илмий-техник дастурлар, методик ҳужжатларни, техник бошқарув соҳасида норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятни амалга ошириш натижасида атроф муҳитга етказилган зарарли таъсирни баҳолаш ишларини олиб бориш;

экологик маълумотлар базасини ҳамда экологик ахборот ва назоратнинг республика автоматлаштирилган тизимини яратиш ва юритиш;

табиатни муҳофаза қилиш лойиҳалари ва тадбирларини амалга ошириш учун экспертларни (аудиторлар, юристлар, молиячилар, илмий ходимлар ва шу кабилар), шунингдек халқаро экспертларни жалб қилиш;

табиатни муҳофаза қилиш лойиҳалари ва тадбирларини амалга ошириш учун лойиҳа-смета ҳужжатларини, техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш;

аҳолини экологик жиҳатдан тарбиялаш ва унга экологик таълим бериш, экологик билимларни тарғиб қилиш, ноширлик фаолиятини, кўрик-танловлар ўтказишни, реклама ва шу кабиларни ташкил этиш;

кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан, Давлат экология қўмитаси тизими ходимларининг хорижий таълим ташкилотларида тажриба орттириши;

экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида нодавлат нотижорат ташкилотлар билан биргаликда тадбирлар ўтказиш;

Давлат экология қўмитаси тизими ходимларининг атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро кўргазмалар, лойиҳалар ва дастурларда иштирок этиши билан боғлиқ харажатлар;

экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хорижий ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассисларининг Ўзбекистон Республикасида бўлиши даврида уларни қабул қилиш ва кузатиш билан боғлиқ харажатлар;

экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида конференциялар, давра суҳбатлари ҳамда семинарлар ташкил этиш ва ўтказиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, Ўзбекистон Республикасининг экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро мажбуриятлари бўйича тўловлар;

экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича давлат инспекторларини мажбурий суғурта қилиш, шунингдек хизмат вазифаларини бажараётганида уларга тегишли мулкка етказилган зарарни қоплаш;

Давлат экология қўмитаси тизимининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, шу жумладан, атроф муҳит муҳофазаси учун техника ва технологиялар, экологик мониторинг тизимлари, асбоб-ускуналар, жиҳозлар, компьютер дастурларини харид қилиш;

босма нашр маҳсулотларини, шу жумладан атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқбузарликни расмийлаштириш бланкаларини тайёрлаш;

б) табиатни муҳофаза қилиш ҳақидаги қонун ҳужжатлари бузилишини аниқлаган экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат инспекторлари ва бошқа шахсларни ҳуқуқбузарлардан Жамғармага ундириладиган жарима ва пул маблағлари ҳисобидан мукофотлаш;

в) Давлат экология қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари, шунингдек, тизимдаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ходимларини моддий рағбатлантириш (мукофотлаш, устама белгилаш, қўшимча тўловлар ва бошқалар), рағбатлантириш, моддий ёрдам кўрсатиш ва ижтимоий қўллаб- қувватлаш (озиқ-овқат ва йўл ҳақи чипталари қийматини қоплаш);

г) Давлат экология қўмитаси тизимидаги бюджет ташкилотларининг бошқа харажатларини қоплаш;

д) Давлат экология қўмитасига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа мақсадлар.


6. Табиатни муҳофаза қилиш ҳақидаги қонун ҳужжатлари бузилишини аниқлаган экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат инспекторлари ва бошқа шахсларни рағбатлантириш мақсадида ҳуқуқбузарлардан Жамғармага ундириладиган жарима ва пул маблағлари ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорларда пул мукофотлари тўланади.

7. Табиатни муҳофаза қилиш ҳақидаги қонун ҳужжатлари бузилишини аниқлаган экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат инспекторлари ва бошқа шахсларни мукофотлашдан кейин қолган Жамғарма маблағлари:

90 фоиздан кам бўлмаган миқдорда - 5-банднинг "а", "в" ва "д" кичик бандларида назарда тутилган тадбирларга;

10 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда - 5-банднинг "г" кичик бандида назарда тутилган Давлат экология қўмитаси тизимидаги бюджет ташкилотларининг бошқа харажатларини қоплашга тақсимланади.


8. Жамғарма маблағларидан қатъий равишда мақсадли фойдаланилади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ БОШҚАРИШ


9. Давлат экология қўмитаси раиси бошчилик қилувчи Жамғарманинг бошқарув Кенгаши (кейинги ўринларда - Жамғарма Кенгаши деб аталади) Жамғармани бошқариш органи ҳисобланади.

Давлат экология қўмитасининг Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағларини бошқариш бўлими Жамғарманинг ишчи органи (кейинги ўринларда - Ишчи орган деб аталади) ҳисобланади.


10. Жамғарма Кенгашининг шахсий таркиби Давлат экология қўмитаси, бошқа давлат органлари, илмий-тадқиқот, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларидан ташкил топади ҳамда Давлат экология қўмитаси ҳайъати томонидан тасдиқланади.


11. Жамғарма Кенгаши қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Жамғарма Дастурини тасдиқлайди;

табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштиришнинг устувор йўналишларини белгилайди;

Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Дастурлар лойиҳаларига киритиладиган таклифларни (аризаларни) кўриб чиқади;

тасдиқланган Дастур бўйича Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳа ва тадбирларни бажариш учун ижрочиларни танлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлайди;

қонун ҳужжатларида ва халқаро шартномаларда белгиланган тартибда хорижий ҳукумат ва ҳукуматга қарашли бўлмаган молия ташкилотлари, халқаро молия институтлари ва ташкилотлари, шунингдек донор мамлакатлар билан ҳамкорликдаги табиатни муҳофаза қилиш лойиҳалари ва тадбирларини молиялаштириш тўғрисида қарор қабул қилади;

зарур ҳолларда тасдиқланган Дастурга тегишли ўзгартиришлар киритади.


12. Келгуси йил учун Дастур, танлов (тендер) иштирокчиларининг 1 сентябрдан 30 сентябрга қадар бўлган даврда берган таклифлари асосида шакллантирилади.

Жамғарма Кенгаши томонидан тасдиқланган экспертлар гуруҳи томонидан 1 октябрдан 30 октябрга қадар Дастурга киритиш учун тақдим этилаётган таклифларни танлаш ва экспертизадан ўтказиш амалга оширилади.

Танлаб олинган таклифлар 1 декабрга қадар кўриб чиқилади ва Жамғарма Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган даромадлар ва харажатлар сметаси Давлат экология қўмитаси томонидан 1 декабрдан 20 декабрга қадар шакллантирилади ва тасдиқланади.


13. Жамғарма Кенгаши томонидан тасдиқланган Дастур 25 декабрга қадар Вазирлар Маҳкамасига келишиш учун тақдим этилади.

Вазирлар Маҳкамаси тақдим этилган Дастурни 10 иш куни мобайнида келишади ва Давлат экология қўмитасига юборади.


14. Ишчи орган қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлар ва харажатлар прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқади;

Дастур лойиҳасини шакллантиришни ташкил этади;

даромадлар ва харажатлар сметасини тузади, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларга ўзгартиришлар киритади;

Жамғарма даромадларининг республика ҳудудлари ва тушум манбалари бўйича, шунингдек харажатларининг асосий йўналишлари бўйича ҳисобини юритади;

Жамғармага пул маблағлари тушуми прогнозининг бажарилиши мониторингини олиб боради ва таҳлил қилади;

Жамғармага пул тушумларининг ўз вақтида ва тўлиқ тушишини таъминлаш ишларини мувофиқлаштиради, шунингдек Жамғармага маблағлар тушуми бўйича прогнозларнинг бажарилишига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этади;

Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Дастурнинг шакллантирилиши бўйича таклиф ва аризаларни қабул қилиш тўғрисида оммавий ахборот воситаларида эълон қилади;

табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш учун танлов (тендер) савдолари ўтказилиши бўйича ишларни ташкил этади;

лойиҳа-смета ҳужжатлари ва техник-иқтисодий асослар экспертизадан ўтказилишини ташкил этади;

Жамғарма маблағларининг мақсадли сарфланиши ва тузилган шартномаларнинг бажарилиши ҳолати юзасидан техник ва молиявий назоратни амалга оширади;

Дастурнинг бажарилиши мониторингини олиб боради ва таҳлил қилади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шунингдек хайрия ташкилотларининг хайрия эҳсонларини жалб қилишни ташкил этади;

Дастурнинг амалга оширилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва Жамғарма маблағлари тушуми ҳамда маблағларидан фойдаланиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этиш учун ҳисоботларни тайёрлайди;

Ишчи орган қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



5-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИЛИШИ

ЮЗАСИДАН ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ


15. Давлат экология қўмитаси Жамғармага маблағлар тушуми ва улардан фойдаланилиши тўғрисида ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 20-кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳамда ҳар ярим йиллик якуни бўйича Дастурнинг амалга оширилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот тақдим этади;


16. Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилиши юзасидан давлат молиявий назорати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


17. Жамғарма маблағларининг ҳисобот йилида фойдаланилмаган қисми олиб қўйилмайди ва ушбу Низомда назарда тутилган тартибда фойдаланиш учун кейинги йилга ўтади.


18. Жамғарма маблағларидан фойдаланилишида келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


19. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 19 июнь, 24-сон, 502-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 6-сон, 100-модда































Время: 0.0033
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск