ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Пул ва бюджет тизими. Бюджетдан ташқари фондлар / Бюджет тизими / Маҳаллий бюджет /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.06.2017 й. ПҚ-3042-сон "Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет ваколатларини кенгайтириш ва маҳаллий бюджет даромадларини шакллантиришдаги масъулиятини ошириш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚAРОРИ

07.06.2017 й.

N ПҚ-3042



МАҲАЛЛИЙ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ

ОРГАНЛАРИНИНГ БЮДЖЕТ ВАКОЛАТЛАРИНИ

КЕНГАЙТИРИШ   ВА   МАҲАЛЛИЙ   БЮДЖЕТ

ДАРОМАДЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШДАГИ

МАСЪУЛИЯТИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 июндаги "Маҳаллий бюджетларни шакллантиришда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет ваколатларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" ПФ-5075-сонли Фармони ижросини таъминлаш ҳамда маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш ва харажатларини мақбуллаштиришда уларнинг манфаатдорлигини оширишни таъминлайдиган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет ваколатлари ва мажбуриятларини белгилашнинг замонавий механизмларини жорий этиш мақсадида:


1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига қуйидагиларни таъминлаш юклатилсин:

ўз ҳудудидаги солиқ тўловчиларни тўлиқ қамраб олиш ва солиқлар йиғилувчанлигини ошириш, янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, ишламаётган, иқтисодий ночор корхоналарни фаолиятини қайта тиклаш орқали маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтириш;

тегишли бюджетларнинг тасдиқланган даромадлари режасини бажаришни, қонунчилик доирасида харажатларни, шу жумладан, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштирилишини таъминлаш;

бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдорини Ўзбекистон Республикаси Президентининг иш ҳақини ошириш тўғрисидаги фармонлари ва бошқа норматив-ҳужжатларда белгиланган миқдорлар доирасида ошириш;

бюджет ташкилотларида амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган штат нормативларидан ортиқча штат бирликлари киритмаслик.


2. Белгилансинки:

2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб Тошкент шаҳри туманлари бюджетларининг умумий ҳажмидан 1 фоиз миқдорида туман ҳокимликлари захира жамғармалари шакллантирилади;

туман бюджетларида белгиланган айланма касса маблағларининг чорак якуни билан сақланиши ва харажатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилишини ғазначилик бўлинмалари таъминлайди.


3. Тошкент шаҳри ҳудудида бюджетлараро муносабатларни амалга оширишда:

фойдаланилмаган мақсадли ижтимоий трансфертлар жорий молиявий йил охирида тегишли юқори турувчи бюджетга қайтарилиши лозим;

қонун ҳужжатларига мувофиқ молия йили мобайнида Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг ваколатига кирувчи муайян харажатлар Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига берилганда, уларни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ўзаро ҳисоб-китоблар орқали маблағлар ажратилади;

тасдиқланган даромадлар параметрлари бажарилмаслиги натижасида қуйи маҳаллий бюджетларда юзага келиши мумкин бўлган даромадлар билан харажатлар ўртасидаги молия йили мобайнидаги вақтинчалик касса узилишлари - айланма касса маблағларини жалб қилиш ва юқори бюджетдан олинадиган қисқа муддатли фоизсиз бюджет ссудалари орқали қопланади, бир молия йилидан ортиқ бўлган даврдаги касса узилишлари - юқори бюджетдан 2 йилгача бўлган муддатга йиллик 2 фоизли бюджет ссудалари олиш орқали қопланади.


4. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, 2017 йил учун тасдиқланган Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети параметрларига ўрнатилган тартибда ўзгартириш киритсин, бунда Тошкент шаҳри шаҳар ва туманлар бюджетларининг параметрлари молия йили учун бир марта тасдиқланади ва уларнинг даромадларини ошириш ёки камайтиришга аниқлик киритиш тақиқланади.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларига қуйидаги ваколатлар берилсин:

зарур ҳолларда маҳаллий бюджетлар параметрларига тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида ўзгартириш киритиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарларнинг тегишли Халқ депутатлари кенгашига таклиф киритиш;

тегишли бюджетлар ҳар чорак якунида шакллантириладиган даромадлар режасидан орттириб бажарилган қисмини мустақил тасарруф этиш;

маҳаллий бюджет харажатлари, жумладан, белгиланган нормативлар доирасида бюджет ташкилотлари ва уларнинг штат бирликларини оптималлаштириш ҳисобига молия йили давомида бўшаб қолган маблағларни бошқа зарур харажатларга йўналтириш;

ўз вазифаларини виждонан, шунингдек, алоҳида муҳим ва масъулиятли ишларни бажараётган бюджет ташкилотлари раҳбарлари, ҳокимлик, молия, ғазначилик ва солиқ органлари ходимларини эришилган натижалар асосида йилига бир ойлик лавозим иш ҳақи миқдорида тегишли равишда тегишли бюджетларининг қўшимча маблағлари ҳисобидан бир марталик мукофотлаш.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги марказий аппарати бошқарув ходимларининг чекланган сони доирасида 2 та штат бирлигидан иборат бюджет инспекторлари лавозимлари жорий этилсин ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

маҳаллий бюджетлар параметрларининг бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, белгиланган нормативлар ҳамда мазкур қарор асосида шакллантирилиши ва ижро қилинишини мониторинг қилиш;

бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаси, штатлар жадвалини сифатли тузилиши ҳамда унинг ижроси бўйича назоратни таъминлаш;

маҳаллий бюджетларда айланма касса маблағларининг сақланиши, даромадлар прогнозининг ошириб бажарилиши ва эркин қолдиқ маблағлари миқдорларининг тўғри аниқланиши устидан мониторинг қилиш;

маҳаллий бюджетлар ижроси тўғрисидаги молиявий ҳисоботларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартибда ва муддатларда Халқ депутатлари Кенгаши ва юқори молия органига тақдим этилишини таъминлаш;

маҳаллий бюджетлар ҳисобидан бюджет ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган давлат харидларини, шу жумладан, эълонлар бериш муддатлари белгиланиши ҳамда тўғридан-тўғри шартномалар тузилиши мақсадга мувофиқлигини назорат қилиш.


7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                           Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 19 июнь, 24-сон, 491-модда


































Время: 0.1536
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск