ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Тиббиёт муассасалари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.06.2017 й. ПҚ-3071-сон "Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

20.06.2017 й.

N ПҚ-3071



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АҲОЛИСИГА   2017-2021   ЙИЛЛАРДА

ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТИББИЙ ЁРДАМ

КЎРСАТИШНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА*


Соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш давлат дастурлари амалга оширилиши натижасида юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг принципиал жиҳатдан янги тизими ташкил этилди. Республикада ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, шу жумладан, хирургия, кардиология, кўз микрохирургияси, урология, акушерлик ва гинекология, педиатрия, эндокринология, терапия ва тиббий реабилитация, дерматология ва венерология, фтизиатрия ва пульмонология (кейинги ўринларда - Республика марказлари) соҳасида замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ва юқори малакали врачлар билан тўлдирилган ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолият кўрсатмоқда.

Кейинги беш йилда Республика марказларида 150 мингдан ортиқ операциялар, шу жумладан, 80 мингдан ортиқ юқори технологик оператив муолажалар бажарилди, даволашнинг мураккаб ва ноёб услублари амалиётга жорий этилди.

Шу билан бирга, ихтисослаштирилган юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш асосан Тошкент шаҳрида жамланган, бу республика минтақалари аҳолисининг тегишли хизматлардан фойдаланишини чеклаб қўймоқда. Замонавий диагностика ва махсус тиббиёт ускуналари билан етарлича жиҳозланмаганлик, замонавий ускуналарда ишлаш учун врачларнинг етарлича тайёрланмаганлиги туфайли юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг айрим турларидан республика аҳолиси фойдалана олмаяпти.

Марказлар томонидан илмий-тадқиқот ишлари етарлича олиб борилмаслиги, айниқса, юқумли касалликларнинг турли соҳасида, шу жумладан, ижтимоий хавфли, онкологик ҳамда кам тарқалган касалликлар соҳасида энг хавфли ва мураккаб касалликлар тарқалиши тенденцияси ва қонуниятини ўз вақтида аниқлаш имконини бермайди. Энг кўп тарқалган касалликлар профилактикаси ва уларни барвақт аниқлашнинг синовдан ўтказилган илғор халқаро амалиётини жорий этиш даражаси пастлигича қолмоқда.

Халқаро амалиёт билан таққослаганда, республикада неврология, травматология ва ортопедия, нейрохирургия хизматларининг, шу жумладан, болалар касалликлари соҳасидаги салоҳияти заиф ривожланган.

Ихтисослаштирилган тиббий хизматларнинг аниқ тариф сиёсати, шу жумладан, ижтимоий аҳамиятли касалликлар бўйича хизматлар кўрсатиш тарифи ишлаб чиқилмаган.

Ихтисослаштирилган марказлар врачлари малакасини ошириш тизими тубдан такомиллаштиришга муҳтож, етакчи хорижий ихтисослаштирилган клиникалар билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, тажриба алмашиш ва хорижий мутахассисларни жалб этиш зарур даражада амалга оширилмаяпти.

Ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг замонавий талабларга жавоб берадиган самарали тизимини янада шакллантириш, профилактика ва касалликларни барвақт аниқлаш чораларини такомиллаштириш, аҳолига, шу жумладан, минтақаларда юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг натижадорлиги, сифати ва ундан фойдаланишни тубдан ошириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг:

акциядорлик жамиятлари шаклидаги Республика марказларини давлат муассасаларига айлантириш 1-иловага мувофиқ;

айрим республика даволаш-профилактика муассасаларини республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари этиб қайта номлаш тўғрисидаги таклифи 2-иловага мувофиқ қабул қилинсин.


2. Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари 3-иловага мувофиқ рўйхат бўйича тиббий хизматлар кўрсатишнинг тегишли ихтисослашган йўналишлари бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотлари этиб белгилансин.


3. Республика марказларига қуйидаги асосий вазифалар юклансин:

умуман республикада ва ҳар бир минтақада касалликлар тенденциясини ўз вақтида аниқлашни таъминлайдиган таҳлилий ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, соғлиқни сақлашнинг вилоят ва туман (шаҳар) ташкилотлари учун профилактик ва даволаш фаолиятининг схемаларини ишлаб чиқиш;

ўз ихтисослиги бўйича ягона методик, технологик, даволаш ва профилактика сиёсатини амалга ошириш, замонавий тиббиёт ускуналари ва технологияларга, дори воситалари ва тиббий буюмларга бўлган эҳтиёжини аниқлаш, клиник протоколларни ишлаб чиқиш;

шу жумладан, тегишли тиббиёт ҳужжатларини ишлаб чиқиш, ахборот ва тушунтириш материалларини нашр этиш орқали минтақаларда зарур профилактика ишлари олиб борилишига кўмаклашиш;

ҳудудий ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотларига ташкилий-методик раҳбарлик қилиш, уларнинг амалиётига тиббий ёрдамнинг замонавий усуллари ва технологияларини жорий этиш;

сайёр консультациялар, маҳорат дарсларини, шунингдек, биринчи навбатда энг мураккаб ҳолатларда ҳудудий ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотларида операцияларни мунтазам равишда ўтказиб бориш;

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти билан биргаликда муассасаларнинг ўз тиббиёт ходимлари, ихтисослаштирилган ҳудудий тиббиёт ташкилотларининг тиббиёт ходимлари малакасини тизимли ошириш, шунингдек, клиник ординатурада, базавий докторантурада ва докторантурада тор мутахассис кадрларни тайёрлаш;

етакчи халқаро тиббиёт марказлари, клиникалар ва юқори малакали хорижий мутахассислар билан, шу жумладан, консультациялар ва маҳорат дарслари ўтказиш учун уларни республикага таклиф этиш орқали кенг ҳамкорликни ташкил этиш, соғлиқни сақлашнинг маҳаллий мутахассислари чет элдаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва клиникаларида тажриба орттиришига кўмаклашиш.

Республика марказлари филиаллари, турдош ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотлари ва ҳудудий тиббиёт кўп тармоқли марказларининг ихтисослаштирилган бўлимлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари касалликларнинг профилактикасини ва уларни барвақт аниқлашни таъминлайдилар, шунингдек, тегишли ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатадилар.


4. Қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш тизими барча даражаларда ислоҳ қилинсин:

республика даражасида - ихтисосли йўналишлар бўйича энг замонавий юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш;

вилоят даражасида - ихтисосли йўналишлар бўйича замонавий юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш;

туман (шаҳар) даражасида - янгидан ташкил этиладиган ихтисослаштирилган турдош бўлимлар негизида ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш;

бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ташкил этиш даражасида - махсус тасдиқланган жадвал бўйича туман (шаҳар) ва вилоят даражасидаги ташкилотларнинг тор ихтисосли мутахассислари томонидан консультациялар берилишини, шунингдек, даволаш ва консультатив-диагностика йўналишлари бўйича ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг айрим турларини кўрсатиш.


5. Аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш схемаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


6. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин, ушбу Дастурда қуйидагилар назарда тутилсин:

аҳолининг сифатли ва самарали ихтисослаштирилган тиббий хизматлардан фойдаланишини кенгайтиришга йўналтирилган ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

Республика марказларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш;

ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатувчи тиббиёт ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш;

аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, профилактика, диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш.


7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

бир ой муддатда даволаш ва диагностиканинг юқори технологик усулларини жорий этиш ва маҳаллий мутахассисларни ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий технологияларига ўқитиш учун Республика марказларига таклиф этиладиган Етакчи хорижий марказлар ва клиникаларнинг юқори малакали мутахассисларининг икки томонлама келиб-кетишини, яшаши ва овқатланишига ҳақ тўлаш, меҳнатига тегишли ҳақ тўлаш харажатларини қоплаш тартиби ва манбалари тўғрисидаги низомни;

уч ой муддатда юқори технологик диагностика ва даволаш хизматлари кўрсатишнинг мураккаблигидан, тиғизлигидан, ҳажмидан келиб чиққан ҳолда меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига табақалаштирилган ёндашишни жорий этиш йўли билан ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотларининг тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш тизимини тасдиқласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги икки ой муддатда:

Республика марказлари ва уларнинг филиалларини, шунингдек, турдош ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотлари ва ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказларининг ихтисослаштирилган бўлимларини, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларини профилактика, диагностика ва беморларни даволашнинг ихтисослаштирилган турлари билан таъминлаш учун тиббиёт ускуналари, инструментлар билан жиҳозлаш стандартларини замонавий технологияларни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда моддий-техника базани доимий равишда янгилаш, дори воситалари ва зарур сарфлаш материаллари, тиббиёт ускуналарини эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш учун зарур бўлган Республика марказларининг рентабеллиги даражасини таъминлашни, шунингдек, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини ҳисобга олган ҳолда кўрсатилаётган тиббий хизматларга тарифларни шакллантиришнинг янгиланган умумий қоидалари ва методикасини тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикасининг чет элга даволаниш учун жўнаб кетаётган фуқароларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг амалий механизмларини жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асосланган буюртманомалари бўйича келгуси йилга республика, вилоят ва туман даражаларида имтиёзли тоифага тегишли ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш, шунингдек, сервис хизмати кўрсатиш, таъмирлаш, сарфлаш материаллари ва юқори технологик ускуналар реактивлари билан таъминлаш учун зарур ҳажмда бюджет маблағлари ажратилишини назарда тутсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

2018 йил 1 январгача Республика марказлари билан биргаликда тегишли ихтисослаштирилган тиббий ёрдамлардан фойдаланишга, шу жумладан, имтиёзли тоифаларни алоҳида ҳисобга олган ҳолда юқори технологик тиббий ёрдамдан фойдаланишга муҳтож бўлган беморларнинг доимий янгиланадиган ягона электрон базасини ташкил этсин;

2019 йил 1 январгача барча ихтисослаштирилган марказларда, вилоят филиалларида, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида врач қабулига масофадан туриб ёзилиш имконини берувчи электрон дастур жорий этилишини таъминласин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда етакчи хорижий клиникалар ва марказлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича Республика марказларига доимий асосда кўмаклашсин.


11. 2022 йил 1 январгача бўлган муддатда:

аҳолига пулли тиббий хизматлар кўрсатувчи соғлиқни сақлаш давлат тизимининг тиббиёт ташкилотлари (стоматология ва косметология хизматлари бундан мустасно) солиқларнинг барча турларини ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилсин, бўшайдиган маблағлар тиббиёт ташкилотларини замонавий тиббий, муҳандислик-техник ускуналар билан жиҳозлашга ва унга сервис ва техник хизмат кўрсатишга, эҳтиёт қисмлар, сарфлаш материаллари, инвентарь ва бошқа тиббий буюмлар харид қилишга, янги бинолар ва иншоотларни қуришга, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга йўналтирилсин;

белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича соғлиқни сақлаш давлат тизимининг тиббиёт ташкилотлари хориждан олиб келинадиган тиббиёт ускунаси, бутловчи буюмлар, тиббиёт ускунасига эҳтиёт қисмлар ва сарфлаш материаллари учун божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) озод қилинсин;

соғлиқни сақлаш давлат тизимининг тиббиёт ташкилотлари маҳаллий мутахассисларининг малакасини ошириш жараёнига жалб этиладиган хорижий олимлар, врачлар ва мутахассислар тузилган меҳнат шартномалари доирасида олинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод этилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича таклифлар киритсин.


13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н. Юнусходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 20 июндаги

ПҚ-3071-сонли қарорига

1-ИЛОВА



Давлат муассасаларига айлантирилаётган акциядорлик

жамиятлари шаклидаги Республика марказлари

РЎЙХАТИ


1. "Академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия маркази" АЖ.


2. "Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази" АЖ.


3. "Республика ихтисослаштирилган урология маркази" АЖ.


4. "Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси маркази" АЖ.


5. "Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази" АЖ.


6. "Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази" АЖ.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 20 июндаги

ПҚ-3071-сонли қарорига

2-ИЛОВА



Республика ихтисослаштирилаётган

илмий-амалий тиббиёт марказлари

этиб қайта номланаётган республика

даволаш-профилактика муассасалари

РЎЙХАТИ


1. Академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия маркази.


2. Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази.


3. Республика ихтисослаштирилган урология маркази.


4. Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси маркази.


5. Травматология ва ортопедия илмий-тадқиқот институти.


6. Республика нейрохирургия илмий маркази.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 20 июндаги

ПҚ-3071-сонли қарорига

3-ИЛОВА



Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий

тиббиёт марказлари - тиббий хизматлар кўрсатишнинг

тегишли ихтисослаштирилган йўналишлари бўйича

республиканинг бош тиббиёт ташкилотлари

РЎЙХАТИ


1. Академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази.


2. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази.


3. Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази.


4. Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази.


5. Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази.


6. Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази.


7. Академик Ё.Х. Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази.

8. Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази.

9. Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази.


10. Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази.


11. Республика ихтисослаштирилган травмотология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази.


12. Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази.


13. Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази.


14. Республика илмий-ихтисослаштирилган аллергология маркази.

15. Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази.

16. Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт маркази.

17. Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази.

18. Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази.

19. Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази.

20. Болалар миллий тиббиёт маркази.





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 20 июндаги

ПҚ-3071-сонли қарорига

4-ИЛОВА



Аҳолига ихтисослаштирилган

тиббий хизматлар кўрсатиш

СХЕМАСИ






























Мижозларнинг доимий янгиланадиган ягона электрон маълумотлар базаси




>

Республика ихтисослаштирилган

илмий-амалий тиббиёт марказлари






<


<





















^



































>

Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий

тиббиёт марказларининг филиаллари, ихтисослаштирилган

тиббиёт ташкилотлари, минтақавий кўп тармоқли тиббиёт

марказларининг ихтисослаштирилган бўлимлари ва олий

таълим муассасалари клиникалари






<


<





















^



































>

Ихтисосли бўлимлар (бўлинмалар) ва туман

(шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг ихтисосли

мутахассислари хоналари






<


<





















^



































>

Қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ

ва шаҳар оилавий поликлиникалари







>

<




























^






















































Аҳоли




























 

Изоҳ. Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассислари филиалларда ҳудудий ихтисосли тиббиёт ташкилотларида ва кўп тармоқли тиббиёт марказларида ва туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида операциялар, маҳорат дарслари ўтказадилар, маслаҳатлар берадилар.

Вилоят тиббиёт ташкилотлари ва туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари мутахассислари оилавий поликлиникаларда ва оилавий шифокор пунктларида маслаҳатлар берадилар.


"Халқ сўзи", 2017 йил 21 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 27 июнь, 25-сон, 532-модда







































Время: 0.2097
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск