ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Тиббиёт муассасалари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига Шарҳ

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

"Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда

ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада

ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига

ШАРҲ



Ўзбекистон Республикасининг "Фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунида фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилишнинг асосий тамойиллари, айнан: соғлиқни муҳофаза қилиш соҳасида инсон ҳуқуқларига риоя қилиш; аҳоли барча қатламининг тиббий ёрдамдан фойдаланиши; профилактика чораларининг устуворлиги; соғлиғини йўқотган тақдирда, фуқароларнинг ижтимоий ҳимояланганлиги; тиббиёт фани ва амалиётининг бирлиги белгиланган.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан шу йил 5 январь ва 7 февралда соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашувларда аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ташкил этишнинг ҳолатига танқидий баҳо берилди, бу эса тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш йўлида муҳим қадам бўлди.

Мамлакатимизда бугунги кунда юқори малакали ва юксак технологик ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатишнинг яхлит тизими шакллантирилган. Ушбу хизматлар аниқ ташхис қўйиш ва даволашнинг самарали усулларини, шу жумладан, юқори технологик диагностик ва тезкор аралашиш усулларини қўллаш имконини берадиган замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган республика ва ҳудудий ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилади.

Ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли чоралар туфайли фақат охирги 5 йилда ихтисослаштирилган марказларда 150 мингдан ортиқ тезкор аралашувлар, шу жумладан, 80 мингдан зиёд юқори технологик операциялар амалга оширилди, даволашнинг 80 дан ортиқ янги мураккаб ва ноёб усуллари амалиётга жорий этилди.

Шу билан бирга, мазкур соҳада аниқ ва тезкор чора-тадбирлар кўришни талаб этадиган қатор тизимли масалалар мавжуд.

Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимининг вилоят ва туман даражаларида ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ривожлантиришда сезиларли даражада қолоқлик кузатилмоқда. Минтақаларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга ташкилий-методик раҳбарликнинг самарали вертикалини шакллантиришда республика ихтисослаштирилган муассасаларининг роли пастлигича қолмоқда. Диагностика ва даволашнинг республика муассасаларида синовдан ўтган илғор юқори технологик усуллар вилоят ва туман даражасидаги тиббиёт муассасалари фаолиятига суст жорий этилмоқда. Тиббиётнинг ихтисослаштирилган йўналишлари бўйича қўлга киритилган маҳаллий ва хорижий илмий ютуқларни вилоят ва туман тиббиёт муассасалари амалиётига жорий этиш даражаси паст.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида республиканинг ихтисослаштирилган тиббий ёрдамини янада ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларини белгилаш, унинг географиясини туман (шаҳар) даражасигача кенгайтириш, ҳудудий ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотларига ташкилий-методик раҳбарлик қилиш учун республика ихтисослаштирилган марказларининг масъулиятини ошириш, уларнинг амалиётига тиббий ёрдамнинг замонавий усуллари ва технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари назарда тутилган.

Қарор билан барча даражада ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш тизимини янада ислоҳ қилиш, республика миқёсида ихтисослаштирилган йўналишлар бўйича энг замонавий юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш, вилоят даражасида ихтисослаштирилган йўналишлар бўйича замонавий юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш, туман (шаҳар) даражасида ихтисослаштирилган тиббий хизматларни янгидан ташкил этиладиган ихтисослаштирилган бўлимлар негизида кўрсатиш назарда тутилган. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами ташкилотларига эса махсус тасдиқланган жадвал бўйича туман (шаҳар) ва вилоят даражасидаги ташкилотларнинг тор ихтисослашган мутахассислари томонидан маслаҳатлар берилиши, шунингдек, даволаш ва маслаҳат-диагностика йўналишлари бўйича ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг айрим турларини кўрсатиши назарда тутилган.

Қарорда, шунингдек, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимида республика бўйича ва ҳар бир минтақада касалликлар тенденцияларини ўз вақтида аниқлашни таъминлайдиган замонавий таҳлилий ва илмий тадқиқот ишларини кенг қўллаш назарда тутилган.

Етакчи республика ихтисослаштирилган даволаш-профилактика ташкилотлари республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларига айлантирилиб, уларнинг асосий вазифалари белгиланди.

Ўз ихтисослиги бўйича ягона методик, технологик, даволаш ва профилактика сиёсатини амалга ошириш, замонавий тиббиёт ускуналари ва технологияларига, дори воситалари ва тиббий буюмларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш, клиник протоколларни, шу жумладан, тегишли тиббиёт ҳужжатларини ишлаб чиқиш, ахборот ва таҳлилий материалларини нашр этиш, сайёр маслаҳат беришларни, маҳорат дарсларини, шунингдек, биринчи навбатда, энг мураккаб ҳолатларда ҳудудий ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотларида операцияларни мунтазам равишда ўтказиш орқали минтақаларда зарур профилактика ишлари олиб борилишига кўмаклашиш марказларнинг асосий вазифалари этиб белгиланган. Бундан ташқари, марказлар Тошкент врачлар малакасини ошириш институти тиббиёт ходимларининг, ихтисослаштирилган ҳудудий тиббиёт ташкилотлари ходимларининг малакасини тизимли равишда оширади, шунингдек, клиник ординатурада, таянч докторантурада ва докторантурада тор мутахассисликлар бўйича кадрларни тайёрлайди, етакчи халқаро тиббиёт марказлари, клиникалар ва юқори малакали хорижий мутахассислар билан ҳамкорлик қилади, шу жумладан, маслаҳатлашувлар ва маҳорат дарслари ўтказиш учун уларни республикага таклиф этади, соғлиқни сақлаш тизими маҳаллий мутахассисларининг чет элда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва клиникаларида тажриба орттиришини таъминлайди.

Қарор билан аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш схемаси ва аҳолининг сифатли ва самарали ихтисослаштирилган тиббий хизматлардан фойдаланишини кенгайтиришга, Республика марказларини молиялаштириш тизимини такомиллаштиришга, ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатувчи тиббиёт ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, тиббиёт кадрлари тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштиришга, аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини оширишга, профилактика, диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этишга йўналтирилган ҳуқуқий базани такомиллаштиришга қаратилган 2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури тасдиқланади.

Қарорга мувофиқ, 2018 йил 1 январгача имтиёзли тоифа алоҳида ҳисобга олинган ҳолда, тегишли ихтисослаштирилган тиббий хизматлардан, шу жумладан, юқори технологик тиббий ёрдамдан фойдаланишга муҳтож бўлган беморларнинг доимий янгиланадиган ягона электрон маълумотлар базаси шакллантирилади. 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда барча ихтисослаштирилган марказларда, вилоят филиалларида, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида врач қабулига масофадан ёзилиш имконини берадиган электрон дастур жорий этилади.

2022 йил 1 январгача аҳолига пулли тиббий хизматлар кўрсатувчи (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) соғлиқни сақлаш тизими давлат тиббиёт ташкилотларини солиқларнинг барча турини ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан, шунингдек, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича четдан олиб келинадиган янги тиббиёт ускунаси, бутловчи буюмлар, тиббиёт ускунасига эҳтиёт қисмлар ва сарфлаш материаллари учун божхона тўловлари тўлашдан озод этиш назарда тутилган. Бўшаган маблағлар тиббиёт ташкилотларини замонавий тиббий, муҳандислик-техника ускунаси билан жиҳозлашга ҳамда унга сервис ва техник хизмат кўрсатишга, эҳтиёт қисмлар, сарфлаш материаллари, инвентарь ва бошқа тиббий буюмларни харид қилишга, янги бинолар ва иншоотлар қуришга, мавжудларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга йўналтирилади.

Қарорда даволаниш учун чет элга жўнаб кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш, маҳаллий мутахассисларнинг амалий ва назарий кўникмаларини ошириш мақсадида хорижий етакчи олимлар, врачлар ва мутахассисларни шартнома асосида республикага жалб этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Дастур доирасида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида ихтисослаштирилган тиббий хизматларни янада ривожлантириш мақсадида 373,5 миллиард сўм ва 100 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, шундан 60 миллиард сўм маблағ Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга ва 97 миллион АҚШ доллари республика ва ҳудудий ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларини жиҳозлашга йўналтирилади.

Қарор ва Дастур доирасида амалга ошириладиган тадбирлар республикада, айниқса, вилоят ва туманлар даражасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини тубдан оширишга, аҳолининг кенг қатламларини юқори технологик тиббий ёрдамдан баҳраманд қилишга, юқори технологияли ихтисослаштирилган тиббий ёрдам соҳасидаги илм-фан ютуқлари ва илғор хорижий тажрибани амалиётга фаол жорий этишга хизмат қилади.



"Халқ сўзи", 2017 йил 21 июнь


























Время: 0.1984
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск