ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш /

Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.06.2017 й. 393-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 20 июндаги

393-сон қарорига

3-ИЛОВА



Олий таълим муассасалари талабалари

ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан

четлаштириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Таълим тўғрисида", "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва олий таълим соҳасидаги бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясига, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академиясига, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясига олий ҳарбий ҳамда ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига татбиқ этилмайди.

2-1. Хорижий фуқароларнинг ўқишини хорижий олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига кўчириш (тиклаш) суҳбат асосида амалга оширилади. Уларнинг тўлов-контракт маблағлари миқдори қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

3. Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби ҳамда бу борадаги комиссиялар фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар ҳамда олий таълим муассасаларнинг сайтларида алоҳида маълумотлар базаси ташкил этилади.

Маълумотлар базаси мазкур Низом, ҳудудий ишчи гуруҳлар ташкил этиладиган олий таълим муассасалари рўйхати ва уларга топшириладиган ҳужжатлар намуналари, хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишини кўчирмоқчи бўлганлар учун синовларни ўтказиш муддатлари, манзили акс эттирилган жадвалдан ташкил топади.


2-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ ТАЛАБАЛАРИ

ЎҚИШИНИ КЎЧИРИШ ВА ҚАЙТА ТИКЛАШНИНГ

УМУМИЙ ҚОИДАЛАРИ


4. Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш ва қайта тиклашда (кейинги ўринларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш деб аталади) таълим йўналишларининг (мутахассисликларининг) номланиши бир хил бўлганда бундай таълим йўналишлари (мутахассисликлари) мос деб ҳисобланади.

Олий таълимнинг турдош таълим йўналишлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

5. Талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш:

олий таълим муассасалари;

тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар;

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси (кейинги ўринларда Давлат комиссияси деб аталади) қарорлари асосида амалга оширилади.

6. Бир олий таълим муассасаси доирасида олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш шу олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи асосида амалга оширилади.

7. Қуйидаги ҳолларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш талабани қабул қилаётган олий таълим муассасаси бўйсунадиган вазирлик (идора) қарори асосида амалга оширилади:

олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича бир вазирлик (идора) доирасида бошқа олий таълим муассасасига;

олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича турли вазирлик (идора) доирасида бир олий таълим муассасасидан бошқа олий таълим муассасасига.

8. Қуйидаги ҳолларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш Давлат комиссияси қарори билан амалга оширилади:

хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлган олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига;

бир олий таълим муассасаси доирасида ёки бир вазирлик ёки идора ёхуд турли вазирликлар ва идоралар тизимидаги олий таълим муассасаларига олий таълимнинг турдош бўлмаган таълим йўналишларига ва истисно тариқасида мос бўлмаган мутахассисликларига.

9. Қуйидаги ҳолатлар фуқаронинг ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш ҳақидаги аризасига рад жавоби берилишига асос бўлади:

хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлмаган олий таълим муассасаларида ёки уларнинг филиалларида ўқиганларга;

республика олий таълим муассасаларидаги мавжуд таълим шаклидан ўзга (бошқа) таълим шаклида ўқиганларга;

олий таълим муассасаларининг марказлари, бўлимлари, ўқув-маслаҳат пунктлари ва бошқаларда ўқиганларга;

биринчи курснинг биринчи семестрига биринчи семестр тугалланмаган ҳолатда ўқишни кўчиришга (талабага касаллик туфайли академик таътил берилган ҳолатлар, ўқиган таълим йўналиши мавжуд бўлмаганда кўчириб тиклаш ҳолатлари бундан мустасно);

олий таълим муассасасида мос (турдош) таълим йўналиши (мутахассислиги) ёки таълим шакли мавжуд бўлмаса;

намунавий ўқув режаларидаги умумкасбий ва ихтисослик (мутахассислик) фанлари бўйича фарқлар 4 тадан ошганда;

тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилганлар тўловни белгиланган муддатда амалга оширмаганда;

талабанинг шахсий йиғма жилди (академик маълумотнома) белгиланган муддатларда тақдим этилмаганда;

олий таълим муассасасига давлат гранти асосида кўчириш ва қайта тиклаш давлат гранти асосида таълим олувчилар сони (қабул квоталари) доирасида бўш ўринлар мавжуд бўлмаса;

олий таълим муассасаси моддий-техника базасининг имконияти чекланганда;

мақсадли қабул қилинганлар бошқа таълим йўналиши ёки таълим шаклига, бошқа олий таълим муассасасига;

кечки (сменали) таълимдан сиртқи (махсус сиртқи) таълимга ҳамда кечки (сменали) таълимнинг бир таълим соҳасидан иккинчи таълим соҳасига;

сиртқи (махсус сиртқи) таълимдан кундузги таълимга ҳамда сиртқи (махсус сиртқи) таълимнинг бир таълим соҳасидан иккинчи таълим соҳасига;

бир таълим шаклидан махсус сиртқи таълим шаклига ҳамда махсус сиртқи таълим шаклидан бошқа таълим шаклига;

талаба Ўзбекистон ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўзаро келишуви асосида қабул қилиниб қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олган ёки таҳсил олаётган бўлса (мазкур қўшма дастурнинг ўзи бундан мустасно);

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолатларда.

Фуқаронинг ўқишини кўчириш (қайта тиклаш) бўйича аризасига рад жавоби берилган тақдирда, аризани кўриб чиқиш учун белгиланган муддатда, аризада кўрсатилган манзилга, аризани кўриб чиққан комиссия ёки комиссия ваколат берган ташкилот томонидан жавоб хати йўлланади.

10. Талабаларнинг ўқишини кўчириш ва қайта тиклашни расмийлаштиришда олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) белгиланган тартибда ўқув режалари ва дастурлардаги мавжуд академик қарзларни ёки фарқларни (намунавий ўқув режаларидаги умумкасбий ва ихтисослик (мутахассислик) фанлари бўйича фарқлар 4 тадан ошмаслиги лозим) топшириш тартиби ва муддатларини (жорий семестр давомида), ўқитиш курси (семестри) ҳамда ўқишга қабул қилишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа шартларини белгилайди.

11. Тошкент давлат юридик университетида таҳсил олаётган талабалар иккинчи курсдан бошлаб ўқишнинг бир ўқув йилигача бўлган муддатни хорижий олий таълим муассасасининг юриспруденция йўналишида ўқиш ҳуқуқига эга. Талабанинг хорижий олий таълим муассасасида ўқиган даври ва ўзлаштирган фанлари хорижий олий таълим муассасаси маълумотномаси асосида университет Кенгаши томонидан университет ўқув режаси ва дастурларининг тегишли қисмларини ўзлаштирганлиги сифатида қабул қилиниши ва талабага ўқишини тегишли ўқув семестридан давом эттириш ҳуқуқи берилиши мумкин.


12. Тўлов-контракт асосида талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклашда тўлов-контрактни тузиш тартиби ва шартлари, жумладан, тўлов маблағлари ва муддатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


13. Давлат олий таълим муассасаларида ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш жараёни бепул амалга оширилади.


14. Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклашни амалга ошириш тартиби мазкур Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.



3-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ

ТАЛАБАЛАРИ ЎҚИШИНИ КЎЧИРИШ


15. Олий таълим муассасалари талабаларининг ўқишини кўчириш (кейинги ўринларда Талабалар ўқишини кўчириш деб аталади) бўйича аризаларни топшириш ва кўриб чиқиш қуйидагича амалга оширилади:

ўқишини кўчириш бўйича аризаларни тақдим этиш - ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар амалга оширилади;

аризаларни олий таълим муассасаси, тегишли вазирлик (идора) ёки Давлат комиссияси томонидан кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш - ҳар йили 5 августдан 30 августга қадар амалга оширилади.

Талабалар ўқишини кўчириш узрли сабабларга кўра (республиканинг бир ҳудудидан иккинчи ҳудудига доимий яшаш учун ёки турмушга чиқиш муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган (паспорт бўйича доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган) ҳудудга кўчиб ўтганда, турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ҳарбий хизмат ўташ жойини ўзгартирганда, ёхуд ота-онаси (турмуш ўртоғи) хориждаги давлат хизматидан қайтганда) баҳорги семестрда ўқув машғулотлари бошланишидан олдин ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунда:

ўқишини кўчириш бўйича ариза топшириш - ҳар йили 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январига қадар;

ўқишини кўчириш бўйича аризани кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш - ҳар йили 25 январдан 15 февралга қадар амалга оширилади.


16. Талабаларнинг ўқишини кўчириш ҳақидаги аризалари мос равишда:

ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳолатлар юзасидан - олий таълим муассасасининг қабул комиссиясига топширилади;

ушбу Низомнинг 7 ва 8-бандларида кўрсатилган ҳолатлар юзасидан - Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этиладиган Ҳудудий ишчи гуруҳларга топширилади.

Ҳудудий ишчи гуруҳлар қабул қилинган ҳужжатларни умумлаштириб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабалар ўқишини кўчириш ҳақидаги аризаларни мазкур Низомда белгиланган ваколатлар доирасида шакллантириб Давлат комиссиясига ва вазирликлар (идоралар)га қарор қабул қилиш учун йўллайди.

17. Ўқишини кўчириш истагини билдирган фуқаро қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

кўчириш (қайта тиклаш)ни истаган таълим йўналиши (мутахассислиги), ўқув тили ва шакли кўрсатилган ҳолдаги ариза (аризада ўқиган олий таълим муассасаси ва таълим йўналиши (мутахассислиги), таълим шакли, мақсадли қабул бўйича ўқишга кирмаганлиги, кўчириш (қайта тиклаш) сабаблари, кўчириш (қайта тиклаш) қоидалари билан танишганлиги кўрсатилади);

талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома нусхалари;

паспортнинг нусхаси.


18. Талабалар ўқишини кўчириш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича ариза кўриб чиқилиб, олий таълим муассасаси ректорининг тегишли қарори қабул қилинади ва бу ҳақда ариза берган шахсга шахсан маълум қилинади;

ушбу Низомнинг 7-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича аризалар тегишли вазирлик (идора) томонидан кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинади ва бу ҳақда ариза берган шахсга маълум қилинади;

ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича аризалар Давлат комиссияси томонидан кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинади.

Низомнинг 7-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича аризалар кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилган тақдирда, тегишли вазирлик (идора) олий таълим муассасасига белгиланган шаклда хат йўллайди.

Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича аризалар кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилган тақдирда, Давлат комиссияси олий таълим муассасасига белгиланган шаклда хат йўллайди.

19. Тегишли вазирлик (идора) ёки Давлат комиссиясининг хати асосида олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан ўқиши кўчирилаётган талаба дарсларга қўйилади ҳамда ушбу олий таълим муассасаси томонидан талаба илгари таълим олган олий таълим муассасасига унинг шахсий йиғма жилдини жўнатиш учун сўровнома юборилади.

20. Сўровнома олингандан сўнг, талаба илгари таълим олган олий таълим муассасаси ректорининг талабалар сафидан четлаштириш ҳақида буйруғи асосида уч кун муддатда талабанинг шахсий йиғма жилди (рўйхати билан) уни ўқишга қабул қилган олий таълим муассасасига жўнатилади ёки ариза билан ўқиши кўчирилган талабага берилади.

Шахсий йиғма жилд жўнатилиши мумкин бўлмаган ҳолларда (ёпиқ йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш) олий таълим муассасаси ректори томонидан имзоланган ва гербли муҳр билан тасдиқланган академик маълумотнома талабани ўқишга қабул қилган олий таълим муассасасига жўнатилади.

Ўқиши кўчирилишига рухсат этилган талабанинг мақсадли қабул асосида ўқиётганлиги ўқиб турган олий таълим муассасаси томонидан текширилади ва ҳақиқатда мақсадли қабул асосида ўқиётганлиги аниқланган тақдирда сўровнома юборган олий таълим муассасасига ҳамда талабага мазкур талабанинг ўқиши кўчирилиши мумкин эмаслиги тўғрисида уч кун муддатда тегишли хат йўлланади.

21. Талаба илгари таълим олган олий таълим муассасасида унинг академик маълумотномаси, рейтинг дафтарчаси, ўқув карточкаси, шунингдек жўнатилаётган ҳужжатлар рўйхатининг нусхаси қолдирилади.


22. Ўқишнинг барча шакллари бўйича олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича давлат грантлари ўринларига кўчиришга фақат давлат грантлари асосида таҳсил олган талабалар аризасига кўра олий таълим муассасаларида тегишли ўқув йилидаги қабул қилиш квоталарида белгиланган давлат грантларининг сони доирасида рухсат этилади.

Кўзи ожизлар тоифасига кирувчи сифатида ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга ажратилган квота доирасида давлат гранти асосида таҳсил олаётган талабалар ўқишини олий таълимнинг мос ва турдош таълим йўналишлари ҳамда мос мутахассисликларига давлат гранти асосида кўчирилишига рухсат этилади.

Бошқа ҳолларда, шунингдек, хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчириш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

23. Хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишини Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига кўчириш ва кўчириб қайта тиклаш истагини билдирган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тизимида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идораларда ташкил қилинган комиссияларда ўқиши кўчирилаётган олий таълим муассасаларининг муайян таълим йўналишидаги ўқишга кириш фанлари бўйича ўқийдиган тилида махсус синов (комиссия томонидан белгиланган тест ёки ёзма иш ёки касбий (ижодий) имтиҳон шаклида) топширади.

Турмуш ўртоғи ёки ота-онаси хорижий давлатдаги давлат хизматини ўташ жойи Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикасига ўтказилган, Ҳукумат қарорлари ва топшириқлари ҳамда олий таълим муассасаларига эга вазирлик ва идоралар томонидан давлат буюртмаси билан хорижга ўқишга юборилганларнинг ўқишини Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига кўчириш махсус синовларсиз Давлат комиссияси қарорига асосан амалга оширилади.

Фуқаронинг махсус синов (комиссия томонидан белгиланган тест ёки ёзма иш ёки касбий (ижодий) имтиҳон шаклида) натижаси Давлат комиссиясига тақдим этилади. Махсус синов (комиссия томонидан белгиланган тест ёки ёзма иш шаклида) натижасидан келиб чиқиб, фуқаро Давлат комиссияси қарори билан кўрсатилган ўқув шаклидаги гуруҳларга тўлов-контракт асосида кўчирилади.

Кўчирилаётган олий таълим муассасасида тегишли ўқитиш тили мавжуд бўлмаса, ўқитиш тилини танлаш фуқаронинг аризасига мувофиқ амалга оширилади.

23-1. Халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатдан жой олган Россия Федерацияси олий таълим муассасаларида таълим олаётган талабаларнинг аризаларига мувофиқ уларнинг ўқиши Давлат комиссияси қарори билан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига синовлар (тест, ёзма иш)сиз тўлов-контракт асосида кўчирилади.

Халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатдан жой олган Россия Федерацияси давлат олий таълим муассасалари рўйхати ҳар йили Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

23-2. Хорижий олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида таҳсил олаётган талабалар ўқишини Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига кўчирилишига рухсат этилмайди.

24. Олий таълим муассасаси ректори (директори)нинг талабани белгиланган тартиб ва муддатда дарсларга қатнашишига рухсат этиш тўғрисидаги буйруғи талаба илгари таълим олган олий таълим муассасасидан унинг шахсий йиғма жилди (шахсий йиғма жилд жўнатилиши мумкин бўлмаган ҳолларда - академик маълумотномаси) олингандан кейин расмийлаштирилади.

Тўлов-контракт асосида ўқиши кўчирилганларни талабалар сафига ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги олий таълим муассасаси ректори (директори)нинг буйруғи улар томонидан белгиланган муддатда шартнома тўловлари бажарилгандан сўнг 10 кун муддатда қабул қилинади.

25. Ўқув режалардаги фанлари бўйича фарқлар аниқланганда талаба академик қарздор сифатида ўқишга қабул қилинади.

Жорий семестр давомида академик қарздорлик (фарқлар) бартараф этилган муддатдан бошлаб, олий таълим муассасаси ректорининг талабага ўрнатилган тартибда стипендия бериш ҳақидаги буйруғи чиқарилади. Стипендия миқдорини белгилашда фанлар бўйича фарқларни топшириш кўрсаткичлари ҳам ҳисобга олинади.


26. Олий таълим муассасасида юридик шахс билан тузилган тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар ўқишини кўчириш ушбу юридик шахснинг розилиги билан амалга оширилади.



4-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ

ТАЛАБАЛАРИ ЎҚИШИНИ ҚАЙТА ТИКЛАШ


27. Олий таълим муассасалари талабаларининг ўқишини қайта тиклаш (кейинги ўринларда Талабалар ўқишини қайта тиклаш деб аталади) бўйича аризаларни топшириш ва кўриб чиқиш бир йилда икки марта амалга оширилади:

ўқишини кузги семестрга қайта тиклаш бўйича ариза топшириш - ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар;

ўқишини баҳорги семестрга қайта тиклаш бўйича ариза топшириш - ҳар йили 15 январдан 25 январга қадар давом этади.

Қайта тиклаш бўйича аризаларни олий таълим муассасаси, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик (идора) томонидан кўриб чиқиб қарор қабул қилиш:

кузги семестрга қайта тиклаш учун - ҳар йили 5 августдан 30 августга қадар;

баҳорги семестрга қайта тиклаш учун - ҳар йили 25 январдан 15 февралга қадар амалга оширилади.


28. Талабалар сафидан четлаштирилган фуқаролар ўқишини бошқа олий таълим муассасасига мос (турдош) таълим йўналиши (мутахассислиги)га кўчириб тиклаш тўғрисида ариза бериш ҳуқуқига эга. Бунда аризага ўқишни кўчириш тартибидаги ҳужжатлар тақдим этилади.


29. Талабалар ўқишини қайта тиклаш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича ариза кўриб чиқилиб, олий таълим муассасаси ректорининг тегишли қарори қабул қилинади ва бу ҳақда ариза берган шахсга шахсан маълум қилинади;

ушбу Низомнинг 7-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича аризалар тегишли вазирлик ёки идора томонидан кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинади ва бу ҳақда ариза берган шахсга маълум қилинади;

ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича аризалар Давлат комиссияси томонидан кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинади.


30. Барча ўқув шакллари бўйича талабалар сафига қайта тиклаш тўлов-контракт асосида мазкур Низом талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.

Давлат грантлари бўйича таълим олган етимлар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган (захирага бўшаган кунларидан бошлаб уч йил мобайнида), академик таътилдан белгиланган муддатда қайтган шахслар, Ҳукумат қарорлари ва топшириқлари ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан давлат буюртмаси билан хорижга ўқишга юборилган ва белгиланган муддатда қайтган талабалар истисно тариқасида ўқишга (муайян курсга) давлат грантлари ўринларига қайта тикланиши мумкин.

30-1. Республика олий таълим муассасаларининг талабаси бўлган ҳамда ҳукуматлараро ёки идоралараро ёки олий таълим муассасалариаро келишув доирасида хорижий олий таълим муассасасида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасасида таҳсил олган таълим йўналишига мос бўлган йўналиш бўйича, бир ёки бир неча семестр ўқиб (Ўзбекистон Республикасидаги олий таълим муассасаси билан келишув асосида) белгиланган муддатда қайтган талабаларнинг хорижий олий таълим муассасасида таълим олган муддатларини (семестр) Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасасида инобатга олган ҳолда (муайян таълим йўналиши ва таълим шаклида, жумладан, давлат гранти асосида таҳсил олган талабалар - давлат гранти асосида) ўқишини давом эттиришига рухсат этилади.

Бунда муайян таълим йўналишлари бўйича намунавий ўқув режаларидаги умумкасбий ва ихтисослик (мутахассислик) фанлари бўйича фарқларни тегишли ўқув семестри давомида қайта ўзлаштиришга рухсат этилади.

Белгиланган муддатдан кеч қайтган талабалар ўқишининг тикланиши умумий тартибда кўриб чиқилади.

31. Олий таълим муассасаси ректори (директори)нинг талабани талабалар сафига қайта тиклашга, белгиланган тартиб ва муддатларда дарсларга қатнашишига рухсат этиш тўғрисидаги буйруғи (кўчириб тиклашда талаба илгари таълим олган олий таълим муассасасидан унинг шахсий йиғма жилди (шахсий йиғма жилд жўнатилиши мумкин бўлмаган ҳолларда - академик маълумотномаси) олингандан кейин) расмийлаштирилади.

Тўлов-контракт асосида ўқиши тикланганларни талабалар сафига ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги олий таълим муассасаси ректори (директори)нинг буйруғи улар томонидан белгиланган муддатда шартнома тўловлари бажарилгандан сўнг 10 кун муддатда қабул қилинади.

32. Ўқув режалардаги фанлари бўйича фарқлар аниқланганда талаба академик қарздор сифатида ўқишга қабул қилинади.

Жорий семестр давомида академик қарздорлик (фарқлар) бартараф этилган муддатдан бошлаб, олий таълим муассасаси ректорининг талабага ўрнатилган тартибда стипендия бериш ҳақидаги буйруғи чиқарилади. Стипендия миқдорини белгилашда фанлар бўйича фарқларни топшириш кўрсаткичлари ҳам ҳисобга олинади.


33. Ўқишдан четлаштирилган (курсдан қолдирилган) ўқув йилида курсига талабани ўқишга қайта тиклашга (кўчириб тиклашга) йўл қўйилмайди.


34. Талабани бошқа олий таълим муассасасига ўқишини кўчириб қайта тиклашда унинг илгари таълим олган олий таълим муассасаси розилиги талаб этилмайди.


35. Ўқишдан четлатилганлигига 5 йилдан 10 йилгача муддат (ҳарбий хизматда бўлганлик, уч ёшгача бўлган болаларни парвариш қилиш билан боғлиқ меҳнат таътили ҳамда соғлиқни қайта тиклаш вақтлари ушбу муддатга кирмайди) бўлган ҳолларда талабалар ўқишини қайта тиклаш олий таълим муассасаси бўйсунувидаги вазирлик ва идоралар рухсати билан амалга оширилади.



5-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ

ТАЛАБАЛАРИНИ ЎҚИШДАН ЧЕТЛАШТИРИШ


36. Талаба олий таълим муассасасидан қуйидаги ҳолларда четлаштирилиши мумкин:

а) ўз хоҳишига биноан;

б) ўқишнинг бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан;

г) ўқув интизомини ва олий таълим муассасасининг ички тартиб-қоидалари ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлиги учун;

д) бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;

е) ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли (тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётганлар учун);

ж) талаба суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;

з) суд қарорига кўра кириш имтиҳонларида белгиланган тартибни бузганлиги аниқланганда (ушбу ҳолатда талабалар сафидан четлаштирилганлар талабалар сафига қайта тикланмайди);

и) вафот этганлиги сабабли.

Ҳарбий хизматни ўташ, саломатлигини тиклаш, ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, болаларни парвариш қилиш таътиллари даврида ҳамда оиласининг бетоб аъзосини (отаси, онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, турмуш ўртоғи, фарзанди) парвариш қилиш учун талабага Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда академик таътил берилиши мумкин.

37. Белгиланган муддатларда фанларни ўзлаштира олмаган (академик қарздор бўлган) талаба олий таълим муассасаси ректори буйруғи билан курсдан қолдирилади.

Академик қарздорлиги туфайли курсдан қолдирилган талаба тўлов-контракт асосида ўқишини қуйи курснинг тегишли ўқув семестри бошидан бошлаши мумкин.

Талабалар ўқув юкламаси ҳажмини аниқлашнинг шартли бирликлари (кредитлар)ни ўтказиш ва жамлаш тизими жорий этилган олий таълим муассасаларида академик қарздорлиги туфайли курсдан қолдирилган талабалар қуйи курсдаги тегишли ўқув семестридан бошлаб фақат ўзлаштира олмаган фанларини (модулларни) такроран ўқиши мумкин.

Курсдан қолдирилган талаба ушбу Низомнинг 36-бандидаги ҳолатлар бўйича талабалар сафидан четлаштирилиши мумкин.

38. Олий таълим муассасаси маъмурияти ташаббуси билан ушбу Низомнинг 36-банди "е)" кичик бандига кўра талабаларни ўқишдан четлаштириш талабалар касаба уюшмасининг ёзма розилигини инобатга олган ҳолда (касаба уюшмаси аъзоси бўлган талабалар учун) амалга оширилади. Шунингдек, талаба мазкур Низомнинг 36-банди "г)" кичик бандига кўра четлаштирилаётган ҳолда, таълим муассасасининг Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти билан ҳам келишилиши мумкин.

39. Талаба олий таълим муассасасидан четлаштирилганда, унга (ота-онаси ёки ҳуқуқий васийсига уларнинг аризаси билан) шахсий ҳужжатлари, белгиланган шаклдаги академик маълумотнома топширилади ва уларнинг нусхаси шахсий йиғма жилдга тикиб қўйилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


40. Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш жараёнида шахсий йиғма жилддаги ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган ёки тақдим этилган ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилганлиги ёхуд ҳужжатлар ўрнатилган тартибда тасдиқланмаганлиги аниқланган ҳолларда олий таълим муассасаси ректори мазкур ҳужжатларни текшириш ва буйруқ чиқармаслик ҳуқуқига эга.


41. Олий таълим муассасасига ўқишини кўчирган ёки қайта тиклаган талабаларнинг шахсий йиғма жилдига тегишли буйруқдан кўчирма, ариза ва академик маълумотнома тикиб қўйилади.


42. Олий таълим муассасалари ҳар йили Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига зарур миқдордаги академик маълумотнома бланкаларига буюртмалар берадилар.

Академик маълумотнома бланкларининг қатъий ҳисоби юритилади.

Академик маълумотнома бланкаларининг олий таълим муассасаларида сақланиши, рўйхатга олиниши ва берилиши белгиланган тартибда амалга оширилади.


43. Талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тўғрисидаги тақдим этилган ҳужжатларнинг тўғри расмийлаштирилиши ва уларнинг қонунийлиги учун жавобгарлик олий таълим муассасаларига юкланади.

Зарурат бўлганда ректор ҳужжатларни юборган олий таълим муассасаларидан расмий хат билан маълумотлар тўғрилигини тасдиқлашни сўраши мумкин.


44. Олий таълим муассасаларига талабалар ўқишини кўчириш ва тиклашига асос бўлган барча ҳужжатлар ваколат доираси бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар, шунингдек олий таълим муассасаларида 3 йил давомида сақланиши лозим.


45. Талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тўғрисидаги қарорлардан норози бўлганлар белгиланган тартибда, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


46. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА


Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини

кўчириш ва қайта тиклашни амалга ошириш

ТАРТИБИ

Кузги семестр бўйича

1-босқич

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги буйруғи билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида битта олий таълим муассасасида ҳамда вазирликда фаолият юритадиган Ишчи гуруҳ ташкил этилади.

15 июнгача




2-босқич

Талабалар ўқишини кўчириш (қайта тиклаш) бўйича аризалар қуйидаги жойларда қабул қилинади:

олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича кўчириш ва қайта тиклаш таълим олган олий таълим муассасасида;

қолган ҳолларда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этиладиган Ҳудудий ишчи гуруҳлари орқали қабул қилинади.

15 июлдан

5 августгача




3-босқич

Олий таълим муассасаси, вазирлик (идора) ва Давлат комиссияси аризалар юзасидан қарор қабул қилади ва фуқарога (ёки олий таълим муассасасига) жавоб хати йўллайди.

5 августдан

30 августгача




4-босқич

Кўчириш (қайта тиклаш) масаласи ижобий ҳал этилган ҳолда (тегишли вазирлик (идора) ёки Давлат комиссиясининг хати асосида) олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан талаба дарсларга қўйилади ҳамда ушбу олий таълим муассасаси томонидан талаба илгари таълим олган олий таълим муассасасига унинг шахсий йиғма жилдини жўнатиш учун сўровнома юборилади.

2 сентябрдан

10 сентябргача




5-босқич

Талабани талабалар сафига қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ талаба илгари таълим олган олий таълим муассасасидан унинг шахсий йиғма жилди олиниб, тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилганлар тўловни белгиланган муддатда амалга оширгандан сўнг чиқарилади.

1 октябргача

   

Баҳорги семестр бўйича


    


6-босқич

Талабалар ўқишини кўчириш (қайта тиклаш) бўйича аризалар қуйидаги жойларда қабул қилинади:

олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича кўчириш ва қайта тиклаш таълим олган олий таълим муассасасида;

қолган ҳолларда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этиладиган Ҳудудий ишчи гуруҳлари орқали.

15 январдан

25 январгача




7-босқич

Олий таълим муассасаси, вазирлик (идора) ва Давлат комиссияси аризалар юзасидан қарор қабул қилади ва фуқарога (ёки олий таълим муассасасига) жавоб хати йўллайди.

25 январдан

15 февралгача




8-босқич

Қайта тиклаш (узрли сабаблар билан кўчириш) масаласи ижобий ҳал этилган ҳолда (тегишли вазирлик (идора) ёки Давлат комиссиясининг хати асосида) олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан талаба дарсларга қўйилади ҳамда ушбу олий таълим муассасаси томонидан талаба илгари таълим олган олий таълим муассасасига унинг шахсий йиғма жилдини жўнатиш учун сўровнома юборилади.

15 февралдан

25 февралгача




9-босқич


Талабани талабалар сафига қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ талаба илгари таълим олган олий таълим муассасасидан унинг шахсий йиғма жилди олиниб, тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилганлар тўловни белгиланган муддатда амалга оширгандан сўнг чиқарилади.

1 мартгача

       

Изоҳ: Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш ва қайта тиклашни амалга ошириш муддатларига Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши мумкин.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 27 июнь, 25-сон, 545-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 6-сон, 108-модда





































Время: 0.2046
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск