ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Терроризм ва экстремизмга қарши кураш. Легаллаштириш /

Террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.06.2017 й. 414-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 23 июндаги

414-сон қарорига

ИЛОВА



Террорчилик ҳаракати оқибатида

зарар  кўрган  шахсларни  ижтимоий

реабилитация қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Терроризмга қарши кураш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, хорижий фуқароларни ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни (кейинги ўринларда террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахслар деб аталади) ижтимоий реабилитация қилиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомнинг амал қилиши террорчиликка қарши операциялар ўтказилган зонада зарар кўрган шахсларга тез тиббий ёки бошқа шошилинч ёрдам кўрсатишга татбиқ этилмайди.


3. Террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш уларни нормал ҳаёт фаолиятига қайтариш мақсадида ўтказилади ва ҳуқуқий ёрдам беришни, уларнинг руҳий, тиббий, касбий реабилитациясини, уларни ишга жойлаштиришни, зарур ҳолларда уларга обод турар жой ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ёрдам беришни ўз ичига олади.

Террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахсларга бир вақтнинг ўзида ижтимоий реабилитация қилиш бўйича ёрдамнинг ушбу банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган бир нечта тури (кейинги ўринларда ижтимоий реабилитация бўйича ёрдам бериш деб аталади) кўрсатилиши мумкин.


4. Хорижий давлатларда содир этилган террорчилик ҳаракатлари оқибатида зарар кўрган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ижтимоий реабилитация қилиш, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилади.


5. Террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахсни жабрланган деб эътироф этиш тўғрисида суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими ижтимоий реабилитацияни амалга ошириш учун асос ҳисобланади.


6. Террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.



2-БОБ. ИЖТИМОИЙ РЕАБИЛИТАЦИЯ ҚИЛИШ

МАСАЛАЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ БЎЙИЧА

ИДОРАЛАРАРО КОМИССИЯ


7. Террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш бўйича ёрдамнинг тегишли тури кўрсатилишини таъминлаш учун террорчиликка қарши курашувчи давлат органлари - Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вакилларидан иборат таркибда Ижтимоий реабилитация қилиш масалаларини кўриб чиқиш бўйича идоралараро комиссия (кейинги ўринларда Идоралараро комиссия деб аталади) ташкил этилади.

Идоралараро комиссия таркибига кўриб чиқилаётган масаланинг ўзига хослигидан (ҳуқуқий ёрдам, руҳий, тиббий, касбий реабилитация, ишга жойлаштириш, обод уй-жой бериш ва шу кабилар) келиб чиқиб тегишли давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари киритилиши мумкин.


8. Терроризмга қарши курашишда иштирок этувчи давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек Идоралараро комиссия фаолиятини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари Идоралараро комиссиянинг раиси ҳисобланади.

9. Идоралараро комиссиянинг шахсий таркиби ва иш регламенти унинг раиси томонидан тасдиқланади.



3-БОБ. ТЕРРОРЧИЛИК ҲАРАКАТИ ОҚИБАТИДА ЗАРАР

КЎРГАН ШАХСЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ВА УЛАРНИ ИЖТИМОИЙ

РЕАБИЛИТАЦИЯ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


10. Ижтимоий реабилитация бўйича ёрдам олиш учун террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахслар ёки уларнинг вакиллари Идоралараро комиссияга ёзма тарзда мурожаат қиладилар ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, яшаш манзили ва талаб этиладиган ёрдам тури кўрсатилган ҳолда ижтимоий реабилитация қилиш бўйича ёрдамнинг тегишли тури кўрсатилишини таъминлаш учун ижтимоий реабилитация қилиш бўйича ёрдам бериш тўғрисидаги ариза;

террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахснинг паспорти ёки унинг шахсини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатнинг нусхаси;

террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахснинг вакили мурожаат қилган тақдирда вакилнинг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатнинг асл нусхаси ва унинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатнинг нусхаси;

шахсни террорчилик оқибатида зарар кўрган деб эътироф этиш тўғрисида суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори ёки суд ажримининг нусхаси.


11. Террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш зарар кўрган шахслар ёки улар вакилларининг ёзма мурожаатисиз давлат органлари ёки бошқа ташкилотларнинг ташаббуси билан амалга оширилиши мумкин.

Бунда тегишли давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар Идоралараро комиссияга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, яшаш манзили ва талаб этиладиган ёрдам тури кўрсатилган ҳолда ижтимоий реабилитация бўйича ёрдам бериш тўғрисидаги хат;

террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахснинг паспорти ёки шахсини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатнинг нусхаси;

шахсни террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган жабрланувчи деб эътироф этиш тўғрисида суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори ёки суд ажримининг нусхаси.


12. Террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахснинг ёки унинг вакилининг, шунингдек ушбу Низомнинг 11-бандида кўрсатилган давлат органлари ёки бошқа ташкилотларнинг мурожаати Идоралараро комиссия томонидан беш иш куни мобайнида кўриб чиқилиши керак.


13. Ушбу Низомнинг 10 ва 11-бандларида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилган, шунингдек ҳужжатларни расмийлаштиришда ноаниқликлар аниқланган тақдирда Идоралараро комиссия икки кун мобайнида мурожаат қилган шахслардан ёки давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан етишмаётган ҳужжатларни ёки аниқланган ноаниқликларни бартараф этиш учун қўшимча маълумотларни сўраб олади.


14. Тақдим этилган ҳужжатларда ёлғон маълумот кўрсатилиши ҳолати аниқланганда Идоралараро комиссия ижтимоий реабилитация бўйича ёрдам кўрсатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Идоралараро комиссия террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахсни ёки унинг вакилини ёхуд тегишли давлат органи ва бошқа ташкилотни ижтимоий реабилитация бўйича ёрдам бериш рад этилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақида бундай қарор қабул қилинган кундан бошлаб икки иш куни мобайнида рад этиш сабабларини кўрсатиб ёзма шаклда хабардор қилади.


15. Идоралараро комиссия террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахснинг ёки унинг вакилининг ёхуд давлат органи ёки бошқа ташкилотнинг мурожаатини кўриб чиқиш якунлари бўйича ижтимоий реабилитация бўйича талаб этиладиган ёрдам туридан келиб чиқиб ижтимоий реабилитация бўйича ёрдам берадиган масъул давлат органи ёки муассасани (кейинги ўринларда ижтимоий реабилитация бўйича масъул орган деб аталади) белгилайди ва шахсни унга ижтимоий реабилитация бўйича ёрдам бериш учун йўллаш тўғрисида қарор қабул қилади.


16. Идоралараро комиссия томонидан қабул қилинган қарор бундай қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш кунидан кечикмай ижтимоий реабилитация бўйича масъул органга юборилади.

Бунда Идоралараро комиссия террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахсни ёки унинг вакилини, шунингдек ушбу Низомнинг 11-бандида назарда тутилган ҳолатда тегишли давлат органи ва бошқа ташкилотни ҳам қабул қилинган қарор тўғрисида у қабул қилинган кундан бошлаб икки иш куни мобайнида ёзма шаклда хабардор қилиши керак.

Хатда ижтимоий реабилитация бўйича масъул органнинг номи, у жойлашган жой, ижтимоий реабилитация бўйича масъул орган раҳбарининг (масъул ходимнинг) фамилияси, исми, отасининг исми ва унинг хизмат телефони рақами кўрсатилади.


17. Ижтимоий реабилитация бўйича масъул орган Идоралараро комиссиянинг қарори олингандан кейин бир иш куни мобайнида унинг ижро этилишини ташкил этади.

Террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахсларга ижтимоий реабилитация бўйича ёрдам белгиланган тартибда кўрсатилади. Бунда ижтимоий реабилитация бўйича масъул органлар томонидан бюрократизм ва сансалорлик қилинишига йўл қўйилмайди.


18. Ижтимоий реабилитация бўйича масъул орган бир иш куни мобайнида Идоралараро комиссияга ижтимоий реабилитация бўйича ёрдам берилганлиги тўғрисидаги маълумотни ёзма шаклда юборади.


19. Террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахс ёки унинг вакили ижтимоий реабилитация бўйича берилган ёрдамдан қониқмаган тақдирда Идоралараро комиссияга ижтимоий реабилитация бўйича тегишли ёрдам берган ижтимоий реабилитация бўйича масъул орган устидан шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган ҳолатда Идоралараро комиссия томонидан террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахснинг ёки унинг вакилининг асосланган ва қонуний талабларини қондириш юзасидан қўшимча чоралар кўрилади.


20. Ижтимоий реабилитация бўйича масъул органнинг раҳбари ижтимоий реабилитация бўйича бериладиган ёрдамнинг ўз вақтидалиги ва сифати учун шахсан жавоб беради.


21. Террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобига амалга оширилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


22. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.






Низомга

ИЛОВА



Террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган

шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Амалга ошириш механизми


Амалга ошириш муддатлари

1-босқич

Террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахс, унинг вакили ёхуд давлат органи

     

Ижтимоий реабилитация қилиш масалаларини кўриб чиқиш бўйича идоралараро комиссияга мурожаат қилиш

  


Заруратга кўра




    



2-босқич

Идоралараро комиссия

   

Ижтимоий реабилитация бўйича ёрдам бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш

     


5 иш куни мобайнида


     

    

Ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳолда тақдим этилган тақдирда етишмаётган ҳужжатлар ёки тақдим этилган ҳужжатларда ноаниқликлар мавжудлиги тўғрисида хабардор қилиш

    


Ариза олинган кундан бошлаб 2 иш куни мобайнида



     

   

Қабул қилинган қарорни ижтимоий реабилитация қилиш чораларини кўриш учун давлат органига ёки муассасага юбориш

        


Қарор қабул қилинган кундан бошлаб 1 иш кунидан кечикмай


     

  

Қабул қилинган қарор тўғрисида ариза берувчини хабардор қилиш

         


Қарор қабул қилинган кундан бошлаб 2 иш куни мобайнида




         



3-босқич

Ижтимоий реабилитация бўйича масъул орган

     

Идоралараро комиссиянинг қарори ижросини ташкил этиш

        


Қарор қабул қилинган кундан бошлаб 1 иш куни мобайнида


       

    

Террорчилик ҳаракати оқибатида зарар кўрган шахсларга ижтимоий реабилитация бўйича ёрдам бериш

        


Ижтимоий реабилитация қилиш учун белгиланган муддатларда


             


        

     

Ижтимоий реабилитация бўйича ёрдам берилганлиги тўғрисида идоралараро комиссияга ёзма шаклдаги ахборотни юбориш

      


Ижтимоий реабилитация қилингандан кейин 1 иш куни мобайнида



    


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 27 июнь, 25-сон, 553-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 6-сон, 115-модда


























Время: 0.2103
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск