Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Мол-мулк, корхоналар ва бошқа объектларни муҳофаза қилиш /

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари қўриқлаш хизмати ҳақида Низом (ЎзР ВМ 23.06.2017 й. 421-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 23 июндаги

421-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ички ишлар

органлари қўриқлаш хизмати ҳақида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари қўриқлаш бўлинмаларининг (кейинги ўринларда қўриқлаш хизмати деб аталади) ташкилий тузилиши, вазифалари, мажбуриятлари ва ҳуқуқларини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


қўриқлаш хизмати - республика ички ишлар органларининг давлат объектларини, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини шартнома асосида қўриқлашни ташкил этувчи таркибий бўлинмалари тизими;


идоравий қўриқлаш - республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларда объектлар ва мол-мулкни ҳуқуққа зид тажовузлардан қўриқлаш, ҳимоя қилиш бўйича махсус вазифаларни бажариш учун ташкил этиладиган, юридик шахс бўлмаган таркибий бўлинма;


қўриқланадиган объектлар - ҳуқуққа зид тажовузлардан қўриқланиши ва ҳимоя қилиниши керак бўлган бинолар, иморатлар, иншоотлар, уларга туташ ҳудудлар ва акваториялар;


наряд - объект ёки унинг бир қисмини қўриқлашни таъминлаётган, моддий-товар бойликларни кузатиб бораётган, қўриқланаётган объектлардан тушган ташвишли хабарга тезкор таъсир кўрсатиш борасидаги тадбирларни амалга ошираётган қўриқлаш хизмати ходими (ходимлари);


объект ички режими - қўриқланадиган объектда белгиланган ички тартиб ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари ҳамда тадбирларини амалга ошириш тартиби;


рухсат бериш режими - қўриқланадиган объектда шахсларнинг кириши (чиқиши), транспорт воситаларининг чиқиши (кириши), қўриқланадиган объектларга мол-мулкни олиб кириш ва улардан олиб чиқишни назорат қилиш, назоратсиз кириб-чиқишнинг олдини олиш ва унга барҳам беришнинг белгиланган тартиби;


назорат текшируви - қўриқлаш хизматининг давлат, хўжалик субъектларига объектлар хавфсизлиги ва қўриқлаш тизимини ташкил этиш йўналишида амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек эҳтимоли мавжуд ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, идоравий қўриқлаш бўлинмаларида ушбу соҳада аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва такомиллаштириш борасидаги фаолияти.


3. Республика ички ишлар органлари қўриқлаш хизмати бўлинмалари шартномалар асосида ўта муҳим, тоифаланган ва давлат органларининг бошқа объектларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини қўриқлаш, моддий ва пул бойликларини қўриқлаш-кузатиб бориш учун мўлжалланган.


4. Қўриқлаш хизмати қуйидагиларни ўз ичига олади:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Қўриқлаш Бош бошқармаси (кейинги ўринларда Бош бошқарма деб аталади);

Мустақиллик майдони ва у ерда жойлашган биноларни қўриқлаш бўйича Комендатура (кейинги ўринларда Комендатура деб аталади);

Тошкент шаҳрида жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари объектларини қўриқлаш бўйича алоҳида батальон;

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари қўриқлаш бошқармалари (кейинги ўринларда қўриқлаш бошқармалари деб аталади);

техник қўриқлаш воситаларини мониторинг ва назорат қилиш марказлари;

батальонлар, алоҳида отрядлар, команда, гуруҳлар (кейинги ўринларда саф бўлинмалари деб аталади);

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг туман (шаҳар)лар ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) қўриқлаш бўлимлари (бўлинмалари).


5. Қўриқлаш хизмати фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруқлари ва фармойишлари ҳамда ушбу Низом асосида ташкил этади.


6. Қўриқлаш хизмати нарядларининг ички тартиби, саф тайёргарлиги ва қоровул тартибида хизматни ўташи Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари умумҳарбий уставларига мувофиқ ва Ички ишлар вазирининг буйруқларига асосан ташкил этилади.



2-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ ХИЗМАТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


7. Қўриқлаш хизмати ўз фаолиятини жисмоний ва юридик шахслар билан тузилган қўриқлаш хизматини кўрсатиш бўйича тузилган шартномалар асосида ташкил этади, ўз фаолиятини ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш тамойили асосида амалга оширади.


8. Қўриқлаш хизмати кўрсатиш фаолиятидан келиб тушган маблағлар мақсадли равишда - фақат қўриқлаш хизматини таъминлаш ва ривожлантириш учун сарфланади.


9. Қўриқлаш хизмати кўрсатиш саф, ҳарбийлаштирилган ва қоровуллик бўлинмалари нарядлари фаолиятини ташкил этиш, шунингдек техник қўриқлаш воситалари орқали амалга оширилади.


10. Қўриқлаш хизмати саф бўлинмаларида қўмондонлик таркиби штат бирликлари сони қўриқлаш хизмати кўрсатиш учун тузилган шартномаларга мувофиқ киритилган штат бирликлари сонининг йигирма фоизидан ошмаслиги керак.


11. Қўриқлаш бўлинмалари бошқарув аппаратлари штатлари сони қўриқлаш хизмати кўрсатиш учун тузилган шартномаларга мувофиқ киритилган штат бирликлари умумий сонининг тўрт фоизи миқдорида белгиланади.


12. Қўриқлаш хизмати бўлинмалари томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг тарифлари (нархи) Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланади.



3-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ ХИЗМАТИНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ, МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ҲУҚУҚЛАРИ


13. Қўриқлаш хизмати шахсий таркибига қонун ҳужжатларида ички ишлар органлари ходимларига белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар жорий этилади.


14. Қуйидагилар Қўриқлаш хизматининг асосий вазифалари ҳисобланади:

шартнома асосида давлат объектларини, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш;

қўриқлаш бўлинмаларида назорат текширувлари ўтказиш, идоравий қўриқланадиган объектда ички, рухсат бериш режимига риоя этилишига доир ишларни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;

қўриқланаётган объектларда объектнинг ички ва рухсат бериш режимига риоя этилишини таъминлаш;

жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиш;

шартнома асосида қўриқланаётган объектларда ўрнатилган техник қўриқлаш воситаларига хизмат кўрсатиш, уларни ўрнатиш (созлаш) ва улардан фойдаланиш;

қўриқлаш хизмати бўлинмаларининг кадрлар, молия-хўжалик фаолиятини таъминлаш.


15. Қўриқлаш хизмати қуйидагиларга мажбур:

мол-мулкни қонунга зид тажовузлардан ҳимоялаш, қўриқлаш хизмати раҳбарлари билан келишган ҳолда объект маъмурияти тасдиқлаган кириб-чиқиш йўриқномасига асосан объектда ички ва рухсат бериш режимига риоя этилишини таъминлаш;

қўриқланаётган мол-мулкнинг ўғирланиши ёки бузилишига олиб келиши мумкин бўлган хўжасизлик ва бепарволик намоён бўлишининг ҳар қандай кўринишига ўз вақтида муносабат билдириш;

хизмат ўташ жойларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга чек қўйиш тадбирларини амалга ошириш;

қўриқланадиган объектларда табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда ҳодиса ва ҳолатларнинг олдини олиш, уларни бартараф этишда иштирок этиш;

ишониб топширилган табель қуроллари, махсус ва техник воситалар, шахсий ҳимоя воситалари, хизмат кийим-бошлари, мол-мулкни эҳтиёт қилиш ва уларнинг соз ҳолда сақланишини таъминлаш;

қўриқлаш хизмати бўлинмаларнинг жанговар тайёргарлигини таъминлаш, шунингдек хизмат-жанговар, ижтимоий-ҳуқуқий, маънавий-руҳий ва жисмоний тайёргарлик бўйича тегишли дастурларда белгиланган машғулотларнинг шахсий таркиб билан ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини таъминлаш;

янги замонавий хавфсизлик техника воситаларини ишлаб чиқиш, қўриқланаётган объектларга жорий этиш ва ўзлаштириш фаолиятини ташкил этиш, объектларни эҳтимоли мавжуд бўлган ҳуқуқбузарликлардан ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш учун уларнинг мониторингини олиб бориш;

кадрларни танлашни, жой-жойига қўйиш, қўнимсизлигининг олдини олишни ва уларнинг касбий тайёргарлиги, хизмат интизомига риоя этилишини ташкил этиш, белгиланган тартибда ходимларни қайта тайёрлаш ва малака оширишга юбориш;

қўриқлаш хизмати бўлинмаларида белгиланган тартибда сафарбарлик тайёргарлигини ташкил этиш ва таъминлаш;

хизмат сирини сақлаш чораларини кўриш.


16. Қўриқлаш хизмати ходимларининг хизмат вазифаларини бажариш вақтидаги ҳуқуқлари:

қўриқланаётган объектлар мансабдор шахслари, ишчи-хизматчилари ва объект ҳудудидаги бошқа шахслардан белгиланган тартибда рухсат бериш ва объект ички режимига риоя қилишни ҳамда жамоат тартибини сақлашни талаб қилиш;

қўриқланаётган объектлардаги мол-мулкни сақлаш шарт-шароитлари, муҳандислик-техник воситалари ҳолатини текшириш;

қўриқланаётган объектдан мол-мулк, моддий бойликлар ва турли юкларни ноқонуний олиб чиқишга ёки олиб киришга уринаётган шахсларни ушлаш;

қўриқланаётган объектларга ноқонуний кирганлар ёки қонунбузарлик қилганларнинг шахсини аниқлаш ва маъмурий протокол тузиш мақсадида ушлаш ва қўриқлаш хизмат хоналарига олиб келиш, ушлаб туриш, зарур ҳолатларда эса уларни тегишли қарор қабул қилиш учун ҳудудий ички ишлар органларига топшириш;

қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ қўриқлаш пости ҳудудида фуқароларнинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатларини текшириш, агар уларда қурол, ўқ-дорилар, портловчи, радиоактив ёки заҳарли моддалар, портлатиш қурилмалари, пиротехника буюмлари, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар, уларнинг прекурсорлари ёхуд муомалада бўлиши тақиқланган ёки чекланган бошқа нарсалар, қўриқланаётган объект ҳудудига олиб кирилиши ва ундан олиб чиқиб кетилиши тақиқланган ашёлар, буюмлар, воситалар бор деб ҳисоблашга асослар мавжуд бўлса, фуқароларни шахсий кўрикдан ўтказишни, уларнинг ашёларини, қўл юкини, багажини кўрикдан ўтказишни амалга ошириш ҳамда мазкур нарсалар, воситаларни ва моддаларни олиб юриш ҳамда сақлаш учун қонуний асослар мавжуд бўлмаган тақдирда уларни олиб қўйиш, транспорт воситаларини кўздан кечириш ва ташиб ўтилаётган юкларнинг товар-транспорт ҳужжатларига мувофиқлигини аниқлаш. Қўриқланаётган объект ҳудудига олиб кирилиши ва ундан олиб чиқиб кетилиши тақиқланган ашёлар, буюмлар, воситалар рўйхати қўриқланаётган объект маъмурияти томонидан тасдиқланади ва кириб-чиқиш йўриқномасининг ажралмас қисми ҳисобланади;

фуқаролар ва мансабдор шахслардан хизмат вазифалари бажарилишига тўсқинлик қилувчи ҳуқуқбузарликлар ва хатти-ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилиш. Ушбу талаблар бажарилмаган тақдирда, ҳуқуққа зид хатти-ҳаракатлар, ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш юзасидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тегишли чораларни қўллаш;

қўриқланаётган объектлар назорат-ўтказиш жойлари ва ҳудудларида ноқонуний олиб чиқилаётган, олиб кирилаётган мол-мулкни аниқлаш ва олиб қўйиш учун, шунингдек ғайриқонуний ҳаракатларни аниқлаш учун, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, текширилаётган мол-мулк ва атроф муҳитга зиён етказмайдиган замонавий техник воситалардан фойдаланиш;

қўриқланадиган объектларга ғайриқонуний равишда кирган ёки киришга уринган шахсларни аниқлаш, бундай хатти-ҳаракатларнинг олдини олишда хизмат итларидан фойдаланиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ қўриқланаётган объектларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар ва белгиланган тартибга мувофиқ жисмоний куч ишлатиш, хизмат ҳайвонларини қўллаш, ўқотар қурол ва махсус воситаларни олиб юриш ва улардан фойдаланиш.


17. Қўриқлаш хизмати ходимлари ва бўлинмаларининг фаолияти қуйидаги асосий нормативлар ва мезонлар билан баҳоланади:

нарядларнинг объектларни қўриқлаш бўйича фаолияти самарадорлиги ва жисмоний, юридик шахсларга кўрсатилаётган хизмат сифати (ўғриликка йўл қўймаслик, ўғрилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш), шартномавий мажбуриятларга риоя этилиши;

замонавий қўриқлаш ахборот-коммуникация технологик тизими (воситалари)ни жорий этиш ва кўрсатилаётган техник хизматнинг сифати;

кўрсатилаётган хизмат турларини кенгайтириш, қўриқланаётган объект ва фуқаро хонадонлари сонининг ошиши;

идоравий қўриқлаш бўлинмаларининг назорат текширувини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, уларнинг фаолиятини самарали тарзда мувофиқлаштириш, аниқланган камчилик ва хатоларни аниқ бартараф этиш;

давлат бошқаруви ва ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан хавфсизлик, видеокузатув воситаларини ўрнатиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларида ҳамкорлик қилишнинг ҳолати;

бўлинмаларнинг жанговар тайёргарлик ҳолати, ўқув машқлари ва машғулотларининг сифати;

шахсий таркибнинг касбий тайёргарлиги сифати ва ахлоқий-руҳий ҳолати, бўлинмаларда интизом ва қонунчиликка риоя этилиши.


18. Ички ишлар органлари қўриқлаш хизмати мансабдор шахсларга объектларнинг муҳандислик-техник мустаҳкамлигидаги камчиликларни бартараф этиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, шартномавий мажбуриятларни бажаришга, моддий бойликлар сақланишини таъминлаш ва қўриқлаш хизмати ходимлари, ишчи-хизматчиларининг меҳнат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тақдимномалар киритиш ҳуқуқига эга. Белгиланган тартибда расмий огоҳлантириш, шунингдек ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган шахсларга огоҳлантириш хати киритади.


19. Қўриқлаш постида хизматни ўтаётган ходим (патруль) бевосита бошлиқларига ва масъул навбатчига бўйсунади. Фақат ушбу шахслар уни наряддан озод қилиш ёки алмаштириш ҳуқуқига эга.


20. Қўриқлаш постида хизматни ўтаётган ходим (патруль) қонунга зид бўлган буйруқ ёки фармойиш олганда уни бажаришни рад этиши ва белгиланган тартибда бу ҳақда юқори турувчи бошлиғи (командири)га ахборот бериши шарт.


21. Қўриқлаш хизмати шахсий таркибидан фақат белгиланган мақсадларда - шартномалар асосида қўриқлаш фаолияти билан боғлиқ вазифаларни бажариш учун фойдаланилади.


22. Қўриқлаш хизмати нарядларининг вазифалари, уларнинг фаолиятини ташкил этиш, хизматни ўташ, уни назорат қилиш тартиб-қоидалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғи билан белгиланади.



4-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ ХИЗМАТИ НАРЯДЛАРИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


23. Қўриқлаш бўлинмалари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари билан тасдиқланган рўйхатга киритилган объектлар ҳамда ихтиёрий равишда мурожаат қилган жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулки, объектлари шартномага асосан қўриқланади.


24. Объектни қўриқлашни ташкил этиш масаласи объектлар маъмурияти ва қўриқлаш хизмати вакилларининг ҳамкорлигида белгиланади. Бунда объектнинг жойлашуви, муҳандислик-техник қўриқлаш воситалари билан жиҳозланганлик даражаси, ҳудуддаги криминоген вазият ва бошқа ҳолатлар эътиборга олинади.


25. Қўриқлаш хизмати ходими махсус тайёргарликдан, шунингдек жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар ва ўқотар қуролни қўллаш билан боғлиқ шароитлардаги ҳаракатларга касбий яроқлилигини таъминлаш учун махсус тайёргарликдан ва даврий текширувлардан ўтади.


26. Қўриқлаш хизмати нарядларининг хизмати 8 соатлик ёки 12 соатлик сменалар асосида ташкил этилади.

Объектнинг жойлашуви, унинг ва хизматни ўташнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, нарядларнинг хизмати суткалик ва вахта усулида ташкил этилиши мумкин.

Нарядлар хизмати 24 соатли сменалар бўйича ташкил этилганда, наряд аъзоларининг ҳар бирига навбатма-навбат овқатланиш ва қисқа муддатли дам олиш учун уч сменали режимда саккиз соат, тўрт сменали режимда олти соат вақт ажратилади. Ушбу вақт иш вақтига киритилмайди.


27. Вахтанинг давомийлиги етти суткагача белгиланади ва бунда хизмат қоровуллик тартибида ташкил этилади. Қоровуллик хизмати ташкил этилганда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Гарнизон ва қоровуллик хизмати тўғрисидаги уставда белгиланган тартибга амал қилинади.

Вахта усулида хизмат ташкил этилганда, ходимларнинг дам олиши, овқатланиши, ювиниши ва улар билан ўқув машғулотларини ўтказиш, уларнинг табель қуролларини сақлаш бўйича тегишли шарт-шароитлар яратилган бўлиши шарт.


28. Ўта муҳим ва тоифаланган объектларда нарядлар хизматини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ амалга оширилади.


29. Банкларни қўриқлаш бўйича нарядлар хизматини ташкил этиш шарт-шароитлари ўзига хос томонларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга асосан белгиланади.


30. Техник қўриқлаш пунктлари томонидан кўрсатилаётган хизматнинг ҳаммабоплигини таъминлаш мақсадида объектлар алоҳида гуруҳларга (ижтимоий аҳамияти, сақланаётган моддий-товар бойликлар миқдори ва сони ва шу кабиларга асосан) таснифланади. Қўриқлаш бўлинмаларига амалдаги тарифларини фоиз ҳисобида камайтирган ҳолда хизмат кўрсатишга рухсат этилади. Объектларни гуруҳларга классификациялаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири буйруғи асосида белгиланади.



5-БОБ. ИДОРАВИЙ ҚЎРИҚЛАШ БЎЛИНМАЛАРИДА

НАЗОРАТ ТЕКШИРУВЛАРИНИ ЎТКАЗИШ

ВА МУВОФИҚЛАШТИРИШ


31. Назорат текширувлари қўриқлаш хизмати томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш ва дахлсизлигини таъминлашда ягона сиёсат юритилишини таъминлаш ҳамда идоравий қўриқлаш бўлинмалари томонидан қўриқланаётган объектларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилади.


32. Вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар объектларининг (Ўзбекистон Республикаси Президенти Хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, уларга бўйсунувчи юридик шахслар ва улар томонидан қўриқланадиган объектлар бундан мустасно) назорат текшируви режа асосида, ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ташаббуси билан, шартнома асосида, уларга тегишли объектларда ҳам назорат текширувлари ўтказилишига йўл қўйилади.


33. Назорат текширувида ички ишлар органларининг ёнғин хавфсизлиги хизмати ва ҳудудий профилактика инспекторлари иштирок этади ҳамда ички ишлар органларининг манфаатдор хизматлари вакиллари ва бошқа мутахассислар жалб қилиниши мумкин.


34. Назорат текшируви объект қўриқлаш бўлинмаси раҳбарлари ва объект маъмурияти вакиллари иштирокида амалга оширилади.


35. Назорат текшируви жараёнида қуйидагилар ўрганилади ва мувофиқлаштирилади:

идоравий қўриқлашнинг ташкил этилганлиги ҳолати, қўриқлаш штат бирликларининг жамланганлиги, қўриқлаш ходимларининг хизмат ва жанговар тайёргарлиги, улар билан ўқув машғулотларининг ўтказилиши; постлар сони, хусусияти, уларнинг ёпилиши; хизматни ўташ тартиби, пост ҳужжатларининг юритилиши (пост жойлашуви, хизмат вазифалари, иш жадваллари, йўриқнома, хизматга тарқатиш китоби ва шу кабилар); ходимларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, хизмат ўталишининг текширилиши;

объектнинг қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси ва видеокузатув тизимлари ҳолати, уларнинг белгиланган меъёрларга мослиги, объектнинг муҳандислик-техник воситалар билан жиҳозланганлиги, турникетлар мавжудлиги, эшиклар, деразалар, деворлар, тўсиқлар, ёритиш тизимининг ҳолати ва ҳоказолар;

идоравий қўриқлаш ходимлари учун яратилган шарт-шароитлар, хизмат, текширув хоналарининг жиҳозланиши, телефон ва бошқа алоқанинг мавжудлиги, ходимларнинг хизмат кийим-бош билан таъминланганлиги;

мавжуд махсус воситалар, қурол-аслаҳаларга рухсатномаларнинг мавжудлиги, уларнинг ҳолати, ҳисоб-китоби, сақланиши;

объектда ички режим ва рухсат бериш режими ўрнатилганлиги, унинг тартибини белгиловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги, рухсатнома тизимининг мавжудлиги ва унга амал қилиниши;

объект ходимлари ва хизматчилари ва объект атрофида яшовчи фуқаролар билан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ўтказилаётган профилактик тадбирлар ва ёнғин хавфсизлигини таъминлашга доир олиб борилаётган ишлар;

қоровул итлардан фойдаланиш тартиби, уларнинг хизмат сифатлари, уларнинг сақланиши ва парвариш қилиниши.

Идоравий қўриқлаш бўлинмалари фаолиятини назорат тартибида текшириш ва мувофиқлаштириш жараёнида объектнинг қўриқланишини ташкил этиш, хавфсизлигини таъминлашга доир бошқа масалалар ҳам ўрганилади.


36. Назорат текшируви натижалари бўйича далолатнома тузилади ва иштирок этган вакиллар томонидан имзоланади. Далолатномада объектнинг қўриқлаш-хавфсизлик тизимида аниқланган камчиликлар кўрсатилиб, уларни бартараф этиш ва такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилади, бунинг учун аниқ муддатлар белгиланади.


37. Объект маъмурияти аниқланган камчиликларни бартараф этиш, тегишли объектларнинг ички ва рухсат бериш режими, қўриқлаш тизимини такомиллаштириш бўйича режа (дастур) ишлаб чиқади. Камчиликларни бартараф этиш ва қўриқлаш тизимини такомиллаштириш бўйича белгиланган муддатларда маълумот беради.

Қўриқлаш хизмати камчиликларни бартараф этиш, тегишли объектларнинг ички ва рухсат бериш режими, қўриқлаш тизимини такомиллаштириш бўйича режа (дастур) ижросини мувофиқлаштиради ва белгиланган муддатдан сўнг назорат тариқасида текширув ташкил этади.


38. Ўтказилган назорат текширувлари натижалари Бош бошқарма томонидан умумлаштирилиб, текширилган объектларнинг тегишли республика бошқарув органларига зарур тавсиялар билан биргаликда тақдим этилади.


39. Назорат текширувини режалаштириш, ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғи билан белгиланади.



6-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ ХИЗМАТИНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИК

ТАЪМИНОТИ, ХОДИМЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯСИ


40. Қўриқлаш хизматига моддий-техника воситалари, хизмат хоналари қўриқланаётган объектларнинг корхоналари ва муассасалари ва бошқа ташкилотлар томонидан ажратилади.


41. Қўриқлаш хизмати ўз маблағлари ҳисобига хизмат биноларини белгиланган тартибда лойиҳалаштириши ва қуриши ҳамда хизмат биноларини қуришда улуш ҳисобида иштирок этиши мумкин.


42. Қўриқлаш хизмати ходимларига хизматни ўташ даври давомида уй-жой қуйидагилар ҳисобидан берилади:

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳисобидан;

объектлари ва мол-мулки қўриқланаётган ташкилотлар томонидан уларнинг ходимлари ва хизматчилари билан умумий асосларда;

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳисобидан;

қўриқлаш хизматининг ўз маблағларига қурилган уй-жой фонди ҳисобидан.

Ётоқхонага эга бўлган ташкилотлар шартнома асосида улардан қўриқлаш хизмати бўлинмалари ходимларига турар жой берадилар.


43. Қўриқлаш хизмати ходимларига ва уларнинг оила аъзоларига ички ишлар органларининг тиббиёт муассасалари, мактабгача таълим муассасалари, шунингдек қўриқланаётган объектларнинг поликлиникалари, касалхоналари, санаторийлари, дам олиш уйлари, мактабгача таълим муассасалари томонидан хизмат кўрсатилади.


44. Меҳнат шароитлари соғлиқ учун зарарли бўлган объектларда хизмат қилувчи қўриқлаш хизмати ходимлари шу объектларнинг ишчи ва хизматчилари учун назарда тутилган барча имтиёз ва қулайликлардан фойдаланадилар.


45. Комендатуранинг молия-хўжалик таъминоти тегишли қонун ҳужжатлари асосида тартибга солинади.



7-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ ХИЗМАТИ

ХОДИМЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


46. Қўриқлаш хизмати ходими ғайриқонуний ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги, шунингдек хизмат вазифасини тўлақонли бажармагани учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.


47. Қўриқлаш хизмати ходими хизмат интизомини бузганлиги учун Ички ишлар органларининг Интизом уставига мувофиқ жавоб беради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 3 июль, 26-сон, 589-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 6-сон, 119-модда






































Время: 0.2010
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск