язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Тадбиркорлик бирлашмалари, ривожланиш ва кўмак жамғармалари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.06.2017 й. ПҚ-3068-сон "Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

19.06.2017 й.

N ПҚ-3068



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ САВДО-САНОАТ

ПАЛАТАСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июндаги "Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида" ПФ-5087-сонли Фармонини ижро этиш ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини самарали ташкил этилишини таъминлаш мақсадида:


1. Янгиланган қуйидаги:

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ижроия қўмитасининг тузилмаси 2-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари намунавий тузилмаси 3-иловага* мувофиқ;

тадбиркорликка кўмаклашиш марказларининг туман ва шаҳар бўлинмалари намунавий тузилмаси 4-иловага* мувофиқ маъқуллансин.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Президиумига, зарурат бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг ташкилий тузилмаси, унинг ижроия қўмитаси, ҳудудий бошқармалари ва Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари бўлинмаларининг тузилмаларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси даромадларини шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси аъзоларининг аъзолик бадаллари;

тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш ва мақсадли ўқитиш, фақатгина бозор инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилган хусусийлаштирилган корхоналарни қўллаб-қувватлаш фондидан келиб тушадиган маблағлар;

халқаро донорларнинг грантлари, ҳомийлар маблағлари;

вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига ва бошқа молиявий воситаларга жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

пуллик хизматларни тақдим этишдан олинган даромадлар;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тушумлар.


3. Белгилансинки, Тадбиркорликка кўмаклашиш марказларида зарур майдонлар ажратиб бериш орқали, қуйидаги хизмат турлари мажбурий тартибда тақдим этилади:

фуқароларнинг шахсий бизнесини ташкил этиш ва юритиш кўникмалари, жумладан, лойиҳа бизнес-режасини тайёрлаш, солиққа тортишнинг турли режимларини тўғри танлаш ва қўллаш, бизнес юритишнинг ҳуқуқий асослари ва бухгалтерия ҳисобини ўзлаштиришга кўмаклашиш, тижорат банклари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга ўқитиш;

банк, лизинг, суғурта, аудиторлик, консалтинг, бухгалтерия, баҳолаш, риэлторлик ва бозор инфратузилмаси субъектларининг бошқа хизматлари;

низоларни судгача тартибга солиш ва арбитраж муҳокамалари бўйича хизматлар;

янги тадбиркорлик субъектлари учун доимий асосда фаолият юритадиган минитехнологиялар ва ускуналар кўргазмаларини ташкил этиш;

бизнес-марказ хизматлари, жумладан, музокаралар ва бизнес-семинарлар ўтказиш учун бинолар тақдим этиш.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан биргаликда:

бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаларини жойлаштириш учун биноларга бўлган эҳтиёж, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари, шунингдек, уларнинг туман, шаҳар бўлинмаларида самарали фаолиятни таъминлаш учун зарур жисмоний инфратузилмага бўлган эҳтиёжларни ўрганиб чиқсин;

ўрганиш натижалари бўйича бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармалари, Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари, шунингдек, уларнинг туман, шаҳар бўлинмаларини "ягона дарча" тамойили бўйича тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини тақдим этиш Ягона марказлари билан ягона дислокация тамойили асосида, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига бепул фойдаланиш учун топшириладиган давлат мулкининг фойдаланилмайдиган бинолари ва хоналарида жойлаштириш ва зарур жисмоний инфратузилма билан таъминлашга доир чора-тадбирларни амалга оширилсин.


5. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасини ўз манфаатлари ва тадбиркорлик субъектларининг манфаатлари ҳимоясида Ўзбекистон Республикаси судларига тақдим этадиган ариза, мурожаат, шикоят ва даъволари учун давлат божи тўловларидан;

мазкур қарор кучга кирган санадан бошлаб, ўн йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлик субъектларига консультация, консалтинг ва таълим хизматларини кўрсатиш учун ташкил этилган унитар корхоналар, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан уларни молиялаштиришга йўналтириладиган маблағлар қисмида, барча солиқ турлари ва давлат мақсадли фондларига мажбурий тўловлар тўлашдан озод этилсин (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан ташқари).


6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда:

ҳар бир туман ва шаҳар кесимида, негизида тадбиркорлик асослари ўқитиладиган курслар ташкил этиладиган олий ўқув муассасалари ва касб-ҳунар коллежларининг рўйхатини аниқласин;

тадбиркорлик субъектларининг тегишли турдош ихтисослик мутахассисларига бўлган реал эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, кадрлар тайёрлашнинг замонавий талабларидан келиб чиққан равишда, таълим дастурлари ишлаб чиқилсин ва тасдиқлансин.


7. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирлик ва идораларнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари ва статистика маълумотлари мажбурий тарқатиладиган ташкилотлар рўйхатига киритилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасини барча турдаги ҳукумат алоқалари билан таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, шунингдек, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шахсий, жумладан, оилавий бизнесни ташкил этиш ва ривожлантириш, маҳсулотни ташқи бозорларга олиб чиқиш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш бўйича мавжуд имкониятлар, шунингдек, давлат бошқаруви, жойлардаги ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари масъул раҳбарларининг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга доир масъулиятини ошириш бўйича республикада олиб борилаётган ислоҳотларни телерадиоканаллар орқали кенг ёритишни назарда тутувчи ҳар йили янгиланиб бориладиган қўшма медиа-режасини қабул қилсин.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси:

бир ой муддатда юқорида кўрсатилган қўшма медиа-режа ёритиладиган телерадиоканаллар аниқласин;

ажратилган телерадиоканалларда бепул асосда эфир вақтидан кенг фойдаланиш эвазига аҳолининг бизнесни ташкил этиш ва ривожлантиришга доир саволлари бўйича фаол тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича аниқ ва амалий чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компаниясининг "Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига давлат мулки сифатида, бошқарув ҳуқуқисиз, Тошкент шаҳри, Амир Темур кўчаси, 4, 6-блок манзилида жойлашган, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси балансида оператив бошқарувда бўлган бинонинг учинчи қаватини қўшимча тақдим этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

бир ой муддатда Тадбиркорликка кўмаклашиш марказларининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Банклар ассоциацияси билан биргаликда бир ой муддатда Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                           Ш. Мирзиёев



*) 2 - 4-иловалар рус тилидаги матнда берилган.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 19 июндаги

ПҚ-3068-сон қарорига

1-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг

ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ










Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Съезди



Тафтиш комиссияси






























































Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Раёсати



Раёсат Котибияти





















































Халқаро менежмент стандартларини жорий

этиш ва экспертиза Маркази



Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг ижро этувчи қўмитаси



Ҳакамлик суди























Халқаро тижорат арбитраж суди






















Инновацион ривожланиш маркази





















































Ишбилармонлик муҳитини мониторинг ва таҳлил қилиш маркази


Савдо-саноат палатасининг чет эллардаги ваколатхоналари



































































"Ҳунарманд" уюшмаси













Ахборот-компьютер маркази





























































Колл-марказ































Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бошқармалари









































Ҳакамлик судлари
























































































Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларидаги Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари







































































































Тадбиркорликка кўмаклашиш марказларининг туман (шаҳар) бўлинмалари












































"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 3 июль, 26-сон, 578-модда