Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар / Давлат кумиталар /

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.05.2017 й. 310-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 23 майдаги

310-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Экология

ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш

давлат қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда Давлат экология қўмитаси деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва жавобгарлигини, шунингдек фаолиятини ташкил этишни белгилайди.


2. Давлат экология қўмитаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасида давлат бошқаруви органи ҳисобланади ва у ўз фаолияти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


3. Давлат экология қўмитасининг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари, шунингдек қўмитага мансуб ташкилотлар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ягона тизимини ташкил этади.


4. Давлат экология қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


5. Давлат экология қўмитаси ўз фаолиятини бошқа давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


6. Давлат экология қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган ва норматив-ҳуқуқий характерга эга бўлган қарорлари, мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий.


7. Давлат экология қўмитаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш билан боғлиқ халқаро ва минтақавий масалаларни ҳал этишда ўз ваколатлари доирасида тегишли хорижий мамлакатлар ҳамда табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.


8. Давлат экология қўмитаси давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотларнинг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасидаги фаолиятларида улар бажаришлари лозим бўлган ишларни ўз зиммасига олмайди.


9. Давлат экология қўмитаси марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари, шунингдек қўмитага мансуб ташкилотларни сақлаб туриш ва моддий-техник таъминлаш, шу жумладан Давлат экология қўмитаси тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


10. Давлат экология қўмитаси марказий аппарати, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари (кейинги ўринларда ҳудудий ташкилотлар деб аталади), Давлат экология қўмитасига мансуб ташкилотлар юридик шахслар ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи ёзилган муҳр ва бланкаларга, шунингдек банк ҳисобварақларига эга бўлади.


11. Давлат экология қўмитаси марказий аппарати қуйидаги манзилда жойлашган: Тошкент шаҳри, Той-тепа кўчаси, 2а-уй.



2-БОБ. ДАВЛАТ ЭКОЛОГИЯ ҚЎМИТАСИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


12. Давлат экология қўмитаси қуйидаги асосий вазифаларни амалга оширади:

экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасида давлат бошқаруви;

атроф-муҳитнинг қулай экологик ҳолатини, экологик тизимлар, табиий комплекслар ва алоҳида объектлар муҳофаза қилинишини, экологик шароитнинг соғломлаштирилишини таъминлаш;

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан мустаҳкам ҳамкорликда маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш борасида таъсирчан тизимни ташкил этиш;

ер, ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан давлат экологик назоратини ўрнатиш;

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларини мувофиқлаштириш, табиатни муҳофаза қилиш ва ресурсларни тежаш борасида ягона сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда идоралараро ҳамкорликни таъминлаш;

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат кадастрини, шунингдек ёввойи ҳайвонларни, ёввойи ўсимликларни кўпайтириш ва сақлаш питомникларини, зоология ва ботаника коллекцияларининг давлат ҳисобини юритиш;

экологик тарбия, тарғибот ва таълимни, шунингдек, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича профилактика ўтказиш;

экология ва атроф-муҳит муҳофазаси масалаларида жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтлари билан мустаҳкам ҳамкорликни, қулай атроф-муҳитга бўлган фуқаролар ҳуқуқини таъминлаш.


13. Давлат экология қўмитаси ўзига юкланган вазифалардан келиб чиқиб қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш юзасидан давлат бошқаруви соҳасида:

ҳайвонот ва ўсимлик дунёсидан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш, атмосфера ҳавоси, ер ости бойликларини муҳофаза қилиш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш, шунингдек чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида давлат бошқарувини амалга оширади;

атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклашни таъминлашнинг иқтисодий механизмларидан кенг фойдаланган ҳолда табиатни муҳофаза қилиш фаолиятида давлат бошқарувини амалга оширади;

ресурсларни тежайдиган, кам чиқитли ва чиқитсиз инновацион технологияларни ҳамма ерда кенг миқёсда жорий этишни рағбатлантириш, шунингдек аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминлайдиган хўжалик фаолиятининг атроф-муҳитга нохуш таъсирини камайтириш ва унинг олдини олишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади;

табиий ресурслардан фойдаланиш, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва бошқа зарарли таъсирлардан муҳофаза қилишда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги, хавфсиз маҳсулотлар, ишлар ва хизматларга доир мажбурий талабларга тааллуқли ишларнинг бажарилишини ташкил этади ва таъминлайди;

табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини метрологик жиҳатдан таъминлаш борасида иш олиб боради, атроф-муҳит объектларининг ифлосланишини назорат қилиш бўйича методик раҳбарликни амалга оширади;

маҳсулотлар, хизматлар ва чиқиндилар, технологик жараёнлар бўйича сертификатлашни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосасига асосан, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш учун йиллик квоталарни тасдиқлайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек бошқа ташкилотларнинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш борасидаги ишларига методик раҳбарликни амалга оширади;

б) атроф-муҳитнинг қулай экологик ҳолатини, экологик тизимлар, табиий комплекслар ва алоҳида объектлар муҳофаза қилинишини, экологик шароитнинг соғломлаштирилишини таъминлаш соҳасида:

атроф-муҳит ҳолатини яхшилашга йўналтирилган лойиҳалар бўйича таклифларни мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ҳар йилги ва узоқ муддатли дастурларига киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига киритади;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш юзасидан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирлари ва илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш дастурларини келишади;

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш бўйича режаларни ишлаб чиқиш тартибини белгилайди;

қонунчиликда белгиланган тартибда аҳолини атроф-муҳит ҳолати ва уни соғломлаштириш бўйича кўрилаётган чораларга доир маълумотлар билан таъминлайди;

"Тоза ҳудуд" давлат унитар корхоналари ва шаҳарлардаги махсус санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотлари фаолиятида чиқинди йиғиш пунктларини ишга тушириш, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш, полигонларни бошқариш, чиқиндиларни утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиш ва реализация қилиш масалаларида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликни мувофиқлаштиришни амалга оширади;

чиқиндиларни йиғиш, саралаш, сақлаш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиш ва реализация қилиш тизимини самарали ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишни ташкиллаштиради;

в) чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан давлат экологик назоратини амалга ошириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан мустаҳкам ҳамкорликда маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш борасида таъсирчан тизимни ташкил этиш соҳасида:

давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шаҳар ва туманлар ободонлаштириш бошқармаларидаги махсус санитария жиҳатидан тозалаш корхоналари, "Тоза ҳудуд", "Махсустранс" давлат унитар корхоналари фаолияти юзасидан, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчиликка риоя этиши бўйича давлат назоратини таъминлайди;

чиқиндиларни йиғиш пунктларини ташкил этиш, уларни ўз вақтида олиб чиқиш, рухсат этилмаган чиқиндихоналарнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик, чиқинди полигонларини бошқариш, уларни утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиш ва реализация қилишни белгиланган тартибда назоратга олишни ташкил этади;

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, уларни кўмиш ва утилизация қилиш жойларининг давлат кадастрини юритиш билан боғлиқ маълумотларни тўплайди ҳамда таҳлил қилади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларига жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишида ёрдам кўрсатади;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда жойлардаги рухсат этилмаган чиқиндихоналарни бартараф қилиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқади ва уларни амалга оширишни ташкиллаштиради;

қаттиқ маиший чиқиндилар сақланадиган ҳудудлардаги тупроқни ифлослантирувчи манбаларнинг мониторингини олиб боради;

г) ер, ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан давлат экологик назоратини ўрнатиш соҳасида:

1) экологик тизимлар, табиий генофонд, биологик мувозанатнинг, шунингдек атмосфера ҳавосини, ер усти ва ер ости сувларини, тупроқни ифлослантирувчи манбаларнинг, ўсимлик дунёси (шу жумладан ўрмонлар), ҳайвонот дунёси, уларнинг яшаш муҳитининг ва биологик сув объектларининг ҳолати юзасидан давлат назоратини амалга оширади;

2) юридик ва жисмоний шахслар томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бажарилиши юзасидан давлат назоратини, шу жумладан қуйидагиларни амалга оширади:

ифлослантирувчи моддаларни атроф-муҳитга чиқариб ташлашнинг ва оқизишнинг, чиқиндилар ҳосил бўлиши ва жойлаштирилишининг белгиланган экологик нормативларига, шунингдек бундай ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлашни, оқизишни ва чиқиндиларни белгиланган нормативларгача камайтиришга доир келишилган тадбирлар;

янги ва қайта ташкил этилган корхоналар ҳамда бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш ва ишга туширишда экологик хавфсизлик талаблари;

ер қаърини геологик ўрганиш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, портлатиш ишларини ўтказиш, қазилма чиқиндихоналари, терриконлар, қолдиқ жинслар уюми ва чиқиндихоналарни жойлаштириш ҳамда улардан фойдаланиш чоғида атроф-муҳитни ифлосланишдан, булғанишдан ва камайишдан муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан комплекс фойдаланиш;

ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини, уларнинг ўсишини тезлаштирувчи моддаларни, минерал ўғитларни, бошқа кимёвий моддалар ва препаратларни ташиш, сақлаш ва қўллаш чоғида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;

кенг тарқалган фойдали қазилмаларни қазиб олиш қоидалари;

овчилик ва балиқчилик, балиқ захираларини муҳофаза этиш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни қайта тиклаш, балиқчиликни рағбатлантириш қоидалари;

сувни муҳофаза қилиш объектларини, сув хўжалиги тизимлари, сув омборлари ва бошқа гидротехника иншоотларини ишлатиш қоидалари;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан комплекс фойдаланиш, уларни сақлаш ва қайта тиклаш дастурлари ва режаларини ишлаб чиқилиши ва бажарилишини амалга ошириш;

сув ресурсларидан фойдаланиш, сувдан фойдаланишнинг белгиланган меъёрлари, қоидалари ва тартиботига риоя этиш, ер усти ва ер ости сувларини ифлосланиш, булғаниш ва қуриб қолишдан муҳофаза қилиш, шунингдек сув объектларининг қирғоқ бўйларида (зоналарида) сувни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини бажариш;

ер участкалари эгалари ва ердан фойдаланувчилар томонидан тупроқни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш;

вақтинча фойдаланишга берилиб, қурилиш, фойдали қазилмалар қазиб олиш ва бошқа таъсирлар натижасида бузилган ерларни фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтириш;

ўрмон ресурслари, қимматли табиий ландшафтлар, шунингдек ўрмон ўсимликлари сувини муҳофаза қилиш, сувни бошқариш, экин майдонларини ҳимоя қилиш ва бошқа ҳимоя тадбирларини таъминлаш;

3) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар билан биргаликда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда, ифлосланган ва бошқа зарарли таъсирларга учраган атроф-муҳитнинг ҳолати, табиий ресурслардан фойдаланиш тўғрисидаги ягона республика маълумотлар базасини шакллантиради ва юритади;

4) атроф-муҳитга ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш ҳамда оқизишнинг йўл қўйиладиган нормативлари ва чиқиндиларни жойлаштириш лимитларини тасдиқлайди;

5) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф-муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун қонунчиликда белгиланган тартибда компенсация тўловларини ундиради;

6) давлат дастурлари, концепциялари, ишлаб чиқариш кучлари, иқтисодий ва ижтимоий соҳа тармоқларини жойлаштириш ҳамда ривожлантириш схемаларининг лойиҳалари; барча турдаги қурилишларга мўлжалланган ер участкаларини ажратиш материаллари; лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари; табиий ресурслардан фойдаланиш билан боғлиқ, хўжалик ва бошқа хил фаолиятни тартибга солувчи техник регламентлар, экологик нормативлар лойиҳалари; техника, технологияларнинг янги турларини яратишга доир ҳужжатлар; атроф табиий муҳит ҳолати ва фуқаролар соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи ишлаб турган корхоналар ва бошқа объектлар; кейинчалик уларга муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, фавқулодда экологик вазият ва экологик офат зоналари мақомини бериш мақсадида ўтказилган ҳудудларни комплекс текшириш материаллари; шаҳарсозлик ҳужжатларининг барча турлари; махсус ҳуқуқий режимли объектларни давлат экологик экспертизасидан ўтказади;

7) белгиланган тартибда:

табиатдан, ер ости бойликларидан фойдаланиш мақсадида, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида рухсатнома хусусиятига эга ҳужжатлар;

чиқиндиларни сақлаш ва кўмиш мақсадида ер ости иншоотлари қуриш ва улардан фойдаланиш учун ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқига лицензиялар;

давлат экологик экспертизаси хулосалари;

ўз ваколатлари доирасида хавфли юклар транзитига хулосалар беради;

8) янги муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни ташкил этиш, уларга ном бериш ва уларни қайта номлаш бўйича таклифлар киритади;

д) экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларини мувофиқлаштириш, табиатни муҳофаза қилиш ва ресурсларни тежаш борасида ягона сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда идоралараро ҳамкорликни таъминлаш соҳасида:

атроф-муҳитга таъсир омилларини ҳисобга олиш, унинг ҳолатини таҳлил қилиш, баҳолаш, атроф-муҳит ҳолатини прогноз қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш учун давлат ҳамда идоравий назорат соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширади;

атроф табиий муҳит давлат мониторингини амалга оширади ва атроф табиий муҳит мониторинги соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

янги (қайта қурилган) объектларни, шу жумладан табиатни муҳофаза қилиш объектлари ва иншоотларини қабул қилиб олиш ҳамда ишга тушириш бўйича давлат комиссиялари ишида, шунингдек барча турдаги қурилиш учун ер ажратишга доир материалларни келишишда қатнашади;

қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Қизил китобини юритади ва унинг нашр этилишини таъминлайди;

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида дастурлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади, ижтимоий шерикликни кенгайтиради, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш фаолиятида жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишга методик ёрдам беради ва кўмаклашади;

экологик назорат соҳасида бошқа махсус ваколатли органлар билан биргаликда экологик назоратнинг жамоатчи инспекторларини махсус тайёрлаш тизимини ташкил этади;

давлат бошқаруви органлари билан биргаликда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатни муҳофаза қилишни тартибга солиш соҳасида норматив ҳамда метрологик таъминлаш, стандартлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни ташкил этади;

илмий ташкилотлар, олий таълим муассасалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари мутахассисларини жалб этган ҳолда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит ҳолатини моделлаштириш ва прогноз қилишни ривожлантириш бўйича ишлар олиб боради;

е) экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат кадастрини, шунингдек ёввойи ҳайвонларни, ёввойи ўсимликларни кўпайтириш ва сақлаш питомникларини, зоология ва ботаника коллекцияларининг давлат ҳисобини юритиш соҳасида:

ёввойи ҳайвонлар ва ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни кўпайтириш ва уларни сақлаш бўйича питомникларнинг, шунингдек зоология ва ботаника коллекцияларининг давлат ҳисобини амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, шунингдек бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар билан биргаликда ифлослантирувчи манбаларни ва уларнинг атроф-муҳитга кўрсатадиган зарарли таъсирининг (жисмоний таъсирдан ташқари) ҳисобини амалга оширади;

табиатдан фойдаланувчилар (табиатдан махсус фойдаланиш) томонидан табиий ресурслардан фойдаланиш, атроф-муҳитга ифлослантирувчи моддалар, чиқиндилар чиқариб ташлаш ва оқизиш ҳамда бошқа зарарли таъсирларнинг (жисмоний таъсирдан ташқари) дастлабки ҳисобини юритишни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланишга доир давлат статистика ҳисоботлари ишончлилигига риоя этишни амалга оширади;

ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар, чиқиндилар кўмилган ва утилизация қилинган жойларнинг давлат кадастрлари юритилишини амалга оширади;

ж) экологик тарбия, тарғибот ва таълимни, шунингдек экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш соҳасида:

махсус ваколатли давлат органлари билан биргаликда экологик тарбия ва таълим тизимини ташкил этади ҳамда ривожлантиради, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шу жумладан экологик хавфсизликни таъминлаш ва биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш соҳасида билимларни тарғиб қилиш ишларини олиб боришни таъминлайди;

экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларидан оқилона фойдаланиш соҳасида ўз фаолиятини амалга ошираётган кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлайди, Давлат экология қўмитаси тизими раҳбарлари ва мутахассисларини аттестациядан ўтказади;

махсус ваколатли давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда, оммавий ахборот воситаларини жалб қилган ҳолда, аҳолининг атроф-муҳит муҳофазаси ва барқарор ривожланиш масалалари борасидаги хабардорлигини ошириш тадбирларини амалга оширади;

з) атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича профилактика ўтказиш соҳасида:

қонун бузилишлари профилактикаси бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида ҳуқуқбузарликлар бўйича профилактика ўтказиш дастурларини ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида ҳуқуқбузарликлар бўйича профилактикани амалга оширади, шунингдек мазкур ҳуқуқбузарликларни аниқлайди, бунга имкон берувчи шарт-шароитларни ва уларнинг оқибатларини бартараф этади;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг ҳисобини юритади ва мазкур маълумотлар таҳлилини амалга оширади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасида бевосита иштирок этувчи ва уни амалга оширувчи бошқа орган ҳамда муассасалар билан ҳамкорлик қилади;

и) экология ва атроф-муҳит муҳофазаси масалаларида жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтлари билан мустаҳкам ҳамкорликни, қулай атроф-муҳитга бўлган фуқаролар ҳуқуқини таъминлаш соҳасида:

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида халқ билан мулоқот механизмларини амалиётга самарали татбиқ этиш чора-тадбирларини амалга оширади;

Давлат экология қўмитаси ваколатларига тегишли масалалар бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади;

аҳоли саломатлиги учун қулай шароитлар яратишга, экологик мувозанатни сақлашга ҳамда мамлакатнинг самарали ва барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишида табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга йўналтирилган тадбиркорлик субъектлари фаолиятига кўмаклашади;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жисмоний ва юридик шахсларга ахборот ва маслаҳатлар беради;

кенг жамоатчилик ҳамда тадбиркорлик субъектларини жалб этган ҳолда табиатни муҳофаза қилиш дастурлари ва тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкиллаштиради;

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида муҳим вазифаларнинг амалга оширилиши ҳақида тадбиркорлик субъектлари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларни кенг хабардор қилиб боради.

Давлат экология қўмитаси қонунчиликка мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.



3-БОБ. ДАВЛАТ ЭКОЛОГИЯ ҚЎМИТАСИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


14. Давлат экология қўмитаси юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Давлат экология қўмитасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек бошқа ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритиш;

зарур ҳолатларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш масалалари бўйича ҳисоботларини кўриб чиқиш ҳақидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан Давлат экология қўмитасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун белгиланган тартибда ахборотларни сўраш ва олиш;

Давлат экология қўмитаси ваколатларига тегишли масалалар бўйича давлат статистика органларидан зарур статистик маълумотларни бепул олиш;

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муаммолари бўйича жамоатчилик, консультатив, илмий-техник ва бошқа кенгашлар, идоралараро эксперт комиссиялар ташкил этиш, махсус кенгашлар чақириш, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг узоқ муддатли дастурларини, ҳудудий комплекс схемаларини, қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, давлат экологик экспертизасини ўтказиш, шунингдек экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этиш учун илмий-тадқиқот, лойиҳалаш, конструкторлик ташкилотлари, олий таълим муассасалари ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жалб этиш;

табиий ресурсларни ифлослантириш, уларга шикаст етказиш, камайтириш ва улардан нооқилона фойдаланиш натижасида атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатганлик учун юридик ва жисмоний шахслардан зарарни ундириб олиш тўғрисида даъволар қўзғаш, шунингдек ундирилган суммани қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сарфлаш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузиш тўғрисидаги таклифларини тақдим этиш;

давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олмаган объектларга нисбатан молиялаш, кредитлаш ва бошқа молиявий операцияларни тўхтатиб туриш (тўхтатиш) тўғрисидаги тақдимномаларни банк ва бошқа кредит ташкилотларига киритиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкилотлар, иншоотлар ва бошқа объектлар фаолиятини фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига реал таҳдид юзага келишининг олдини олиш муносабати билан ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туриш ҳақида қарор қабул қилиш;

атроф-муҳитга аҳамиятли даражада салбий таъсир кўрсатадиган юридик шахслар раҳбарларидан тасарруфидаги объектларда атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддалар чиқариб ташланиши (оқизилиши)ни узлуксиз назорат қилиш воситалари билан жиҳозланган пункт (пост)лар барпо этиш, бундай пункт (пост)ларнинг иши юзасидан назоратни амалга ошириш, бундай пункт (пост)лардан олинган маълумотларни тизимли равишда тақдим этишни талаб қилиш;

экология, атроф-муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида қонун ҳужжатларида кўрсатилган қонун талаблари бузилишларини бартараф этиш тўғрисида юридик ва жисмоний шахсларга кўрсатмалар бериш;

ўз ваколати доирасида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқиш, мансабдор шахслар ва фуқароларга жарималар солиш, шунингдек ушбу маъмурий ҳуқуқбузарликлар оқибатида табиий ресурслар ва атроф-муҳитга етказилган зарарни қоплаш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш;

атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган ташкилотлар, иншоотлар ва бошқа объектлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш тўғрисида, шунингдек атроф-муҳитга, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақида судга ариза билан мурожаат қилиш;

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағларини белгиланган тартибда шакллантириш ва улардан фойдаланиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда экология, атроф-муҳит муҳофазаси ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги масалалар мавзусида ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

табиатдан фойдаланишнинг тегишли минтақавий, хорижий ва халқаро ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш.


15. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда Давлат экология қўмитаси раиси томонидан рўйхати тасдиқланган Давлат экология қўмитаси тизими алоҳида тоифаси ходимларига қонун ҳужжатлари асосида зиммаларига юкланган атроф-муҳит, табиий ресурсларни муҳофаза қилиш мақсадида табел ўқ отар қуролни олиб юриш ва сақлашга рухсат берилади.


16. Давлат экология қўмитаси тизимидаги мансабдор шахслар давлат экологик назорати соҳасида юридик ва жисмоний шахслар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда атроф-муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, давлат ва бошқа экологик дастурларни амалга ошириш борасида текширув ўтказиш ҳуқуқига эга.


17. Давлат экология қўмитаси ва унинг мансабдор шахслари ўзларига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб берадилар.



4-БОБ. ДАВЛАТ ЭКОЛОГИЯ ҚЎМИТАСИНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


18. Давлат экология қўмитасига Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган раис бошчилик қилади.

Давлат экология қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган икки нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.


19. Давлат экология қўмитасининг раиси:

Давлат экология қўмитаси тизими фаолиятига раҳбарликни амалга оширади ҳамда ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўз ўринбосарларининг ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, Давлат экология қўмитаси тизимининг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини, Давлат экология қўмитаси фаолиятининг айрим участкалари, ҳудудий органлар ва мансуб ташкилотлар ишини мувофиқлаштириш учун ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги даражасини белгилайди;

Давлат экология қўмитаси марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари низомларини, ҳудудий органлар низомларини, Давлат экология қўмитаси тизимига кирувчи ташкилотлар ва бўлинмаларнинг низомлари, уставлари ва уларнинг тузилмаларини тасдиқлайди;

Давлат экология қўмитаси марказий аппаратининг харажатлари сметаси ва штатлар жадвалини ходимларнинг белгиланган сони доирасида тасдиқлайди;

Давлат экология қўмитасининг марказий аппарати тузилмасига, шунингдек ҳудудий органлар, мансуб ташкилотлар тузилмасига ходимларнинг белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритади;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Давлат экология қўмитаси марказий аппарати ходимларини, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ва мансуб ташкилотлар раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Давлат экология қўмитаси тизими ходимлари томонидан бажариш учун мажбурий бўлган қарорлар қабул қилади, буйруқлар чиқаради, шунингдек топшириқлар беради;

Давлат экология қўмитаси тизимидаги ходимларни рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш ҳақидаги масалаларни ҳал этади, Давлат экология қўмитасининг алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларини Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари ва давлат мукофотлари билан тақдирлашга тақдим этади;

Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари ва бошқа ташкилотларида, шунингдек давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар вакиллари иштирокида ўтказиладиган расмий тадбирларда Давлат экология қўмитаси номидан вакиллик қилади;

Давлат экологияси қўмитаси Ҳайъати мажлисларига раислик қилади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


20. Давлат экология қўмитаси раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари бошлиқлари ва уларнинг назорат қилиш йўналиши бўйича ўринбосарлари, ўз навбатида, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бош давлат инспекторлари ҳисобланади.


21. Давлат экология қўмитаси ҳузурида экологик назоратни ташкил этиш мақсадида давлат экологик назорати соҳасида махсус ваколатли давлат органлари вакилларидан иборат Идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилади. Идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгашнинг фаолияти тартиби давлат экологик назорати соҳасидаги бошқа махсус ваколатли давлат органлари билан келишган ҳолда Давлат экология қўмитаси Ҳайъати томонидан тасдиқланадиган регламент билан белгиланади.


22. Давлат экология қўмитаси тизими ходимлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда формали кийим-бош билан таъминланади.

Давлат экология қўмитаси тизими ходимларига Давлат экология қўмитаси раиси томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ходимларининг хизмат гувоҳномаси тўғрисидаги низомга мувофиқ хизмат гувоҳномалари берилади.

23. Қуйидагилар:

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси ва раис ўринбосари - Давлат экология қўмитаси раиси билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан;

вилоятлар ва Тошкент шаҳри экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари - вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари тақдимномасига биноан Давлат экология қўмитаси раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳри атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари бошлиқларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилишнинг қонунчиликда белгиланган тартибдаги жараёни якунига етгунга қадар, кўрсатиб ўтилган таркибий бўлинмалар фаолиятини таъминлаш мақсадида, Давлат экология қўмитаси раиси бошлиқнинг вазифасини вақтинча бажарувчини тайинлаш ҳуқуқига эга.


24. Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари бошлиқларининг бир нафар ўринбосари бўлади.


25. Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари бошлиқлари ўзларига юкланган вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлайдилар, тегишли ҳудудларда ўзларига бўйсунувчи бўлинмалар фаолиятини ташкил этадилар, мувофиқлаштирадилар ва назорат қиладилар.


26. Давлат экология қўмитасида Давлат экология қўмитаси раиси, унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси ҳамда Давлат экология қўмитаси фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат тузилади.

Ҳайъатнинг шахсий таркиби ва сони Давлат экология қўмитаси раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


27. Ҳайъат:

ушбу Низомда назарда тутилган Давлат экология қўмитаси фаолиятининг асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Давлат экология қўмитаси номенклатурасига кирувчи лавозимларга кадрлар танлаш, уларни жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

ҳудудий органлар ва мансуб ташкилотлар раҳбарларининг ярим йиллик якунлари бўйича ҳисоботларини эшитиш;

қонунчиликда белгиланган вазифаларни амалга оширишда ижро интизомини мустаҳкамлаш, вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун Давлат экология қўмитаси органлари раҳбарлари ва ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади.

Ҳайъат Давлат экология қўмитаси ваколатига тегишли бўлган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиши мумкин.


28. Ҳайъат мажлисига Давлат экология қўмитаси ваколатларига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирлик, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат, агар мажлисда унинг таркибининг ярмидан кўпи қатнашса, ҳуқуқий ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.


29. Ҳайъат қарорлари Давлат экология қўмитасининг қарорлари ва раиснинг буйруқлари билан амалга оширилади. Раис ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда раис юзага келган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Комплекси раҳбарига ахборот берган ҳолда, мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикрини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Комплекс раҳбарига маълум қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби ҳайъатнинг қарори билан тасдиқланадиган регламент билан белгиланади.



5-БОБ. МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ


30. Давлат экология қўмитаси ходимларини моддий рағбатлантириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


31. Давлат экология қўмитаси ходимларига тўланадиган иш ҳақи қонунчиликда кўзда тутилган лавозим ойлик маоши, мукофотлар, қўшимча ва устама ҳақлар, шунингдек рағбатлантирувчи тўловлардан иборат бўлади.


32. Давлат экология қўмитаси раиси томонидан тасдиқланган ходимларнинг узоқ муддат хизмат қилгани учун иш ҳақига устама ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ, қўмита ходимларига узоқ муддат хизмат қилгани учун лавозим ойлик маошига устама ҳақ тўланади.


33. Давлат экология қўмитаси ходимларига тўланадиган иш ҳақи ва ходимларни моддий рағбатлантиришлар меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармалари маблағлари, бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси, шунингдек бюджетдан ажратиладиган маблағ ҳисобига шакллантирилади ҳамда бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармаси орқали амалга оширилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


34. Давлат экология қўмитасини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 29 май, 21-сон, 397-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 5-сон, 80-модда


















































Время: 0.0328
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск