ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Тиббиёт муассасалари /

Тошкент шаҳридаги оилавий поликлиника тўғрисида Намунавий низом (ЎзР Президентининг 06.06.2017 й. ПҚ-3039-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 6 июндаги

ПҚ-3039-сон қарорига

1-ИЛОВА



Тошкент шаҳридаги оилавий поликлиника тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Тошкент шаҳридаги оилавий поликлиника (кейинги ўринларда поликлиника деб аталади) бириктирилган аҳолига бирламчи тиббий-санитария хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган муассаса ҳисобланади.


2. Поликлиника Тошкент шаҳри туман тиббиёт бирлашмаси тузилмасига киради ҳамда давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, банкларда ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.


3. Поликлиникага бириктирилган аҳоли сони аҳоли зичлигини ва географик жойлашувини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Бунда 25 минг киши поликлиникага бириктирилган энг оптимал аҳоли сони ҳисобланади.


4. Поликлиника ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруқларига, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.



2-БОБ. ПОЛИКЛИНИКАНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


5. Қуйидагилар поликлиниканинг асосий вазифалари ҳисобланади:

аҳолига энг кўп учрайдиган касалликларни профилактика қилиш ва даволаш бўйича ҳам алоҳида беморлар, ҳам бутун оила даражасида тиббий хизматлар кўрсатиш;

аҳолига малакали бирламчи, биринчи навбатда, касалликларни профилактика қилиш масалаларида тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш, туғруқ ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар, ҳомиладор аёллар, болалар, шунингдек ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва сурункали касалликларга чалинган шахслар ҳамда ўзгалар ёрдамига ва ижтимоий ёрдамга муҳтож шахслар ўртасида мунтазам патронаж ишларини амалга ошириш;

оилада тиббий маданиятни ошириш ва ҳар бир кишининг ўз саломатлиги ва ўзининг болалари саломатлиги учун масъулиятини оширишга йўналтирилган дастурларни амалга ошириш орқали аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи асосларини шакллантириш ва мустаҳкамлаш;

аҳоли ўртасида баркамол соғлом авлодни тарбиялашга, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга, тиббий этика ва деонтология, санитария-гигиена кўникмалари, оқилона овқатланиш қоидаларига риоя этишга, туғма патология ва ирсий касалликларни камайтиришга йўналтирилган профилактика тадбирларини ташкил этиш ва амалга ошириш;

миллий календарга биноан профилактика эмлашларини ўтказиш йўли билан бошқариладиган инфекциялар ва уларнинг асоратларини профилактика қилиш;

юқумли бўлмаган касалликларга чалиниш хавфи омилларини барвақт аниқлаш механизмларини жорий этиш йўли билан аҳоли ўртасида касалликка учрашни, ногиронликни ва барвақт ўлимни профилактика қилиш;

малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда, клиник, биокимёвий лаборатория ва инструментал тадқиқотлар ўтказиб аҳолининг бевосита яшаш жойларида профилактик тиббий кўриклар ташкил этиш йўли билан касалликларни барвақт аниқлаш ва уларнинг сурункали касалликларга айланиб кетишига йўл қўймаслик;

кеча-кундуз фаолият кўрсатадиган мобил, диагностика ва даволаш стандартларига мувофиқ яхши жиҳозланган тез тиббий ёрдам кичик станциясидан фойдаланган ҳолда шифохонага ётқизишдан олдинги тез ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек сурункали касалликларга чалинган беморларнинг мунтазам кузатиб турилишини, соғломлаштирилишини ва реабилитация қилинишини таъминлаш;

юқумли касалликлар, заҳарланишлар ва фавқулодда вазиятлар тўғрисида тегишли хизматларни ўз вақтида хабардор қилиш, шунингдек санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирларни, бириктирилган участкани ва уй хўжаликларини санитария жиҳатидан хотиржамлиги юзасидан умумий назоратни амалга ошириш, юқумли касалликлар ўчоқларида обсервация тадбирларини ўтказиш, аҳолини хавфли эпидемик вазият тўғрисида огоҳлантириш.


6. Юкланган вазифаларга мувофиқ поликлиника қуйидаги функцияларни амалга оширади:

касалликларни барвақт аниқлаш мақсадида туғруқ ёшидаги аёллар ва ҳомиладор аёллар, болалар, шунингдек ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва сурункали касалликларга чалинган шахслар ҳамда ўзгалар ёрдамига ва ижтимоий ёрдамга муҳтож шахслар ўртасида мунтазам ва тизимли патронаж ишларини амалга ошириш;

репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, хавфсиз оналикни таъминлаш, кутилмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш, контрацепция, этика, психология, оилавий ҳаётнинг ижтимоий ва бошқа жиҳатлари бўйича тушунтириш ишлари олиб бориш;

соғлом турмуш тарзи, жисмоний тарбия ва спортнинг аҳамияти, юқумли касалликлар профилактикаси, кўкрак сути билан эмизиш, болалар саломатлигидаги салбий ўзгаришларнинг олдини олиш, уларни таълим муассасаларига ўқишга киришга тайёрлаш, касбга йўналтириш масалалари бўйича санитария-тушунтириш ишларини олиб бориш;

соғломлаштириш тадбирлари режасини ишлаб чиқиш ҳамда поликлиникага бириктирилган аҳоли саломатлигини таҳлил қилиш;

миллий календарга биноан белгиланган муддатларда профилактика эмлашларини ўтказиш;

касалликларни барвақт аниқлаш, касалланишни ва унинг асоратларини камайтириш, ногиронликка чалинишни ва ўлимни камайтиришга доир комплекс профилактика тадбирларини ўтказиш;

аҳолини даволаш ва соғломлаштириш тадбирларини, сурункали касалликларга чалинган беморларни диспансеризациядан ўтказиш;

белгиланган стандартларга биноан мавжуд асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда лаборатория ва инструментал текширишларни ўтказиш;

беморларга тиббий маслаҳатлар бериш, касалликнинг оғир кечиши ва айрим алоҳида ҳолатларида ҳамда кам учрайдиган касалликка чалиниш ҳолатларида касаллик кўрсаткичларига биноан стационар ва диспансер муассасаларига текширишдан ўтиш ва даволаниш учун йўлланмалар бериш;

хизмат кўрсатиладиган аҳолига шифохонага ётқизишдан олдинги тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда зарур ҳолларда белгиланган тартибда тиббий ташкилотларга ётқизиш;

аҳоли ўртасида касалланиш, травматизм, ногиронлик, ўлимнинг олдини олиш ва уларни камайтириш бўйича профилактика тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш;

беморларни текшириш, даволаш ва реабилитация қилиш бўйича бошқа даволаш-профилактика муассасалари билан узвийлик тамойилига риоя этиш;

беморларни ҳаёт учун хавфли ва бахтсиз ҳодисалар (травмалар, заҳарланиш, ҳайвонлар ва кемирувчилар, газандалар тишлаши, чақиши) ҳолатларида уларни шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш учун бошқа даволаш-профилактика муассасаларига ва ихтисослаштирилган муассасаларга юбориш;

меҳнатга лаёқати барқарор йўқотилган беморларни врачлик-маслаҳат комиссиясига (ВМКга) ва врачлик-меҳнат эксперт комиссиясига (ВМЭКга) белгиланган тартибда юбориш;

юқумли касалликлар, паразитар ва касб касалликлари, заҳарланишлар ва санитария-гигиена талабларининг аниқланган бузилишлари тўғрисида давлат санитария назоратини амалга оширувчи органларни белгиланган тартибда хабардор қилиш.



3-БОБ. ПОЛИКЛИНИКАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


7. Ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун поликлиника қуйидаги ҳуқуқларга эга:

соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олиб, юқори соғлиқни сақлаш органи билан келишган ҳолда ўзининг асосий фаолиятини режалаштириш;

поликлиникага берилган мол-мулкдан белгиланган тартибда фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;

оилавий поликлиника ходимларининг малакасини ошириш;

фаолиятнинг қонун ҳужжатларига, поликлиника фаолияти мақсадлари ва предметига зид бўлмаган бошқа турларини амалга ошириш.

Поликлиника қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


8. Поликлиника қуйидагиларга мажбур:

бириктирилган ҳудуд аҳолисини малакали тиббий ёрдам билан таъминлаш;

беморларни амбулаторияда қабул қилиш ва уларни уйига бориб кўриш;

беморлар ҳуқуқларига, шу жумладан уларнинг бемор тўғрисидаги тиббий маълумотларнинг махфийлиги ҳуқуқига риоя этиш;

поликлиника биноларида зарур санитария-гигиена режимини, асептика ва антисептика қоидаларини, асбобларни ва материалларнинг гемоконтакт ва бошқа инфекциялардан профилактикасини таъминловчи стерилизация қилиш шарт-шароитларини сақлаб туриш;

қонун ҳужжатлари, техника хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига риоя қилиш;

мавжуд тиббий асбоб-ускуналар, аппаратлар ва мол-мулкнинг сақланишини ва улардан самарали фойдаланилишини таъминлаш;

поликлиника фаолиятига оид ҳужжатларнинг сақланишини, шунингдек уларнинг давлат сақловига белгиланган тартибда берилишини таъминлаш.


9. Поликлиника ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни унинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. ПОЛИКЛИНИКА ИШИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА УНИ БОШҚАРИШ


10. Поликлиникага Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи билан келишилган ҳолда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бош шифокор раҳбарлик қилади.

11. Бош врач белгиланган тартибда:

поликлиника фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, унинг ишларини ташкил этади, поликлиника номидан ишончномасиз иш кўради, унинг манфаатларини барча ташкилотларда ифода этади, поликлиника ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади, мол-мулкни тасарруф этади, шартномалар тузади, ишончномалар беради, поликлиниканинг молиявий маблағларини тасарруф этади, буйруқлар чиқаради ҳамда поликлиника фаолиятининг натижалари учун шахсан жавоб беради;

туман марказий кўп тармоқли поликлиникасига ҳисоботлар тақдим этади;

мутахассислар билан биргаликда бириктирилган фукароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари аҳолиси олдида ҳисобот беради.


12. Поликлиниканинг асосий фаолиятини оилавий шифокор дипломига (сертификатига) эга бўлган махсус тайёрланган мутахассислар ва патронаж ҳамширалари олиб борадилар. Беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун поликлиника тор ихтисосли мутахассислар билан таъминланади.


5-БОБ. ПОЛИКЛИНИКАНИНГ МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


13. Поликлиниканинг молия-хўжалик фаолияти қонун хужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


14. Қуйидагилар поликлиникани молиялаштиришнинг асосий манбалари ҳисобланади:

поликлиниканинг жорий фаолиятини сақлаб туришга, унга юкланган вазифалар ва функцияларини бажариш бўйича тадбирларни амалга ошириш, шунингдек поликлиниканинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

хайрия эҳсонлари, халқаро ташкилотларнинг грантлари;

пулли тиббий хизматлар кўрсатишдан олинган маблағлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


15. Муайян поликлиникани молиялаштиришнинг йиллик ҳажми бир нафар яшовчига харажатларнинг базавий нормативи ҳисоб-китобидан ҳамда тузатиш коэффициентларидан (жинси ва ёши таркиби ҳамда аҳоли зичлигига кўра) фойдаланилган ҳолда бириктирилган аҳоли сонидан келиб чиқиб аниқланади.

Ҳисобот йили охирида муассасаларнинг ҳисоб рақамларида қолган маблағлар олиб қўйилмайди ҳамда улардан моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва ходимларни белгиланган тартибда моддий рағбатлантириш учун фойдаланилади.


16. Поликлиниканинг бош врачи маблағлардан мақсадли фойдаланилиши учун белгиланган тартибда жавоб беради.



6-БОБ. ҲИСОБ-КИТОБ ВА ПОЛИКЛИНИКАНИНГ ҲИСОБОТИ


17. Поликлиника белгиланган тартибда даврий асосда статистика ва бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини амалга оширади.


18. Поликлиника ўз фаолияти тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ҳисоботлар ва бошқа ахборотлар тақдим этади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


19. Поликлиникани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 12 июнь, 23-сон, 459-модда













































Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск