ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Умумий қоидалар /

"Яшнобод" инновация технопарки тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.07.2017 й. 468-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 5 июлдаги

468-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Яшнобод" инновация технопарки тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Яшнобод" инновация технопаркининг мақсади, фаолиятининг асосий йўналишлари, функцияларини, шунингдек "Яшнобод" инновация технопарки фаолиятини бошқариш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


"Яшнобод" инновация технопарки (кейинги ўринларда "Яшнобод" технопарки деб аталади) - ўзаро, давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик қилувчи, тадбиркорлик, инвестиция фаолиятини ва илмий фаолиятни юритиш мақсадида замонавий технологик ва ташкилий муҳитни шакллантирувчи илм-фан ва таълимнинг тижорат ва нотижорат ташкилотлари, молия институтлари ва тадбиркорларнинг интеграциялашуви шакли;


технопарк резиденти - технопарк ҳудудида технопаркнинг мол-мулкидан, номоддий активларидан, преференциялар ва кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланадиган ва белгиланган тартибда "Яшнобод" технопарки резидентлари реестрига (кейинги ўринларда Резидентлар реестри деб аталади) киритилган, илмий ишланмаларни, тадқиқотларни, тажриба лойиҳаларини (кейинги ўринларда инвестиция лойиҳаси деб аталади) саноатда, тижоратда жорий этишни амалга оширувчи юридик шахс;


технопарк ҳудуди - "Яшнобод" технопарки дирекциясининг оператив бошқарувидаги, шунингдек технопарк резидентлари томонидан, Тошкент шаҳри бўйича собиқ ҳудуд принципини ҳисобга олган ҳолда инновация лойиҳаларини амалга ошириш доирасида фойдаланиладиган ишлаб чиқариш майдонлари, бинолар, иншоотлар ва ер участкалари.

3. Технопаркнинг фаолият кўрсатиш муддати - узайтириш имконияти билан 30 йил.



2-БОБ. "ЯШНОБОД" ТЕХНОПАРКИНИНГ МАҚСАДИ,

ИХТИСОСЛАШУВИ, ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ

ЙЎНАЛИШЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


4. "Яшнобод" технопаркини ташкил этишнинг мақсади ҳисобланади:

Инновация маҳсулотлари яратишнинг барча босқичларида, шунингдек маҳаллий ва хорижий ишланмалар ва технологиялар асосида инновация, юқори технологияли ва илмталаб маҳсулотлар ишлаб чиқариш ташаббускорларига кўмаклашишни назарда тутадиган инновация тадбиркорлигини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

технопарк резидентлари технологияларини саноатнинг турли секторларига бериш, технопарк ҳудудида ишлаб чиқаришни ташкил этган ҳолда замонавий хорижий ва маҳаллий технологияларнинг трансферини таъминлаш;

кичик ва хорижий инновация тадбиркорлигини, олимлар ва ишланмалар яратувчилари жамоаларини халқаро кооперацияга киритиш масалаларини ҳал этиш, экспортга йўналтирилган инновация ишлаб чиқаришларини жадал ривожлантириш;

инновация тадбиркорлиги, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш, шу жумладан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш соҳасида самарали давлат-хусусий шерикчиликни йўлга қўйишга кўмаклашиш.


5. "Яшнобод" технопарки:

кимё технологиялари, биотехнологиялар, фармацевтика ва тиббиёт биотехнологиялари, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари;

материалшунослик, металларга ишлов бериш технологиялари, сейсмочидамлик, қурилиш материаллари;

озиқ-овқат саноати;

энергияни тежаш, энергиянинг муқобил ва қайта тикланадиган манбаларини яратиш;

электрон ўлчов асбоблари, робототехника, машинасозлик, электротехника соҳаларида илмий ишланмалар ва тадқиқотлар, саноат-тажриба синовлари ўтказишга ва инновация маҳсулотлари намуналарини ўзлаштириш учун беришга ихтисослашади.

"Яшнобод" технопаркининг ихтисослашув соҳаси Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қарорларига биноан кенгайтирилиши мумкин.

6. Қуйидагилар "Яшнобод" технопарки фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

патент тозалигини инобатга олган ҳолда инновация ишланмаларини, ички ва ташқи бозорларда талаб қилинган юқори технологияли, рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун саноат-тажриба ва кичик инновация корхоналарини ташкил этиш;

инновация ишланмаларининг саноат-тажриба синовларини ўтказиш ва улардан ишлаб чиқаришда интеллектуал мулк объектларидан фойдаланишда ҳуқуқий муҳофазани таъминлаш;

замонавий хорижий ва маҳаллий технологияларни, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида жорий этиш имкониятини инобатга олган ҳолда уларнинг трансферини таъминлаш;

юқори технологияли ва инновация ишлаб чиқаришларини ташкил этишдан манфаатдор бўлган, шунингдек ушбу мақсадлар учун салоҳият ва ресурсларга эга бўлган маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш;

илмий-тадқиқот ва инновация ишланмалари самарадорлигини ошириш, улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, юқори малакали мутахассисларни, шунингдек таълим муассасалари талабаларни жалб этиш мақсадида олий таълим муассасалари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва ишлаб чиқариш соҳаси субъектлари билан яқин ва амалий ўзаро ҳамкорликни таъминлаш;

инновация ишланмалари натижаларини тегишли тармоқларда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг амалий фаолиятига кенг жорий қилиш.


7. "Яшнобод" технопарки фаолиятининг асосий йўналишлари унинг ҳудудида қуйидаги функцияларини бажариш йўли билан амалга оширилади:

тадқиқотлар ва ишланмаларни тижоратлаштиришга мўлжалланган кичик инновация корхоналарини ташкил этиш ва ривожлантиришга, шунингдек бошловчи тадбиркорларга инновация лойиҳаларини амалга оширишда кўмаклашиш;

олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилар таркиби ва талабаларини, илмий ташкилотлар ходимларини, алоҳида олимлар ва мутахассисларни тадбиркорлик фаолиятига фаол жалб қилиш, уларнинг ғоя ва лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш;

технопарк резидентларига кенг кўламли хизматлар кўрсатиш, шунингдек технопарк резидентларига илмий-техник тадқиқотлар, ишланмалар ва ихтиролар натижаларини тижоратлаштиришда кўмаклашиш;

инновация менежменти ва инновациялар маркетинги соҳасида тадбиркорлар ва мутахассисларни ўқитишни ва тайёрлашни ташкил этиш, уларнинг касбий, ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқарув билимлари даражасини ошириш;

илмталаб технологиялар ва рақобатбардошли маҳсулотлар яратишга йўналтирилган илмий-техник лойиҳалар ва дастурлар ишлаб чиқилишига ва уларнинг амалга оширилишига кўмаклашиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ халқаро илмий-техник ҳамкорликни ташкил этиш ва амалга ошириш;

инновация лойиҳаларини молиялаштиришга ёки тижоратлаштиришга кўмаклашувчи хорижий ва маҳаллий молия институтлари, ташкилотлар ва йирик корхоналарнинг лойиҳаларини жалб этиш;

тижорат, экспорт, илмий салоҳиятга эга бўлган ҳамда илғор техника ва илмталаб технологиялар асосида янги маҳсулотлар ва хизматларни ишлаб чиқаришга йўналтирилган инновация таклифларини танлаб олишни ташкил этиш;

технопарк резидентлари ва қатнашчиларига илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ўтказишда, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини бажариш учун лаборатория, экспериментал-ишлаб чиқариш майдонларини, асбоб-ускуналарни, шунингдек офис, ишлаб чиқариш, омборхона, ўқув биноларини, конференц-заллар, аудиториялар ва бошқа биноларни шартнома асосида ижарага бериш йўли билан уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришда ўзлаштиришда кўмаклашиш.



3-БОБ. "ЯШНОБОД" ТЕХНОПАРКИ

ФАОЛИЯТИНИ БОШҚАРИШ


8. "Яшнобод" технопарки фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан амалга оширилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида инновация технопаркини ташкил этиш тўғрисида" 2017 йил 5 июндаги ПФ-5068-сон Фармонида белгиланган ташкилотлар "Яшнобод" технопаркининг қатнашчилари ҳисобланади.

Заруратга кўра, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг қарори асосида "Яшнобод" технопарки қатнашчилари таркиби янги инновацион, илмий-техник ва ишлаб чиқариш жараёнлари интеграциялашувидан ва қўшимча вазифалар белгиланишидан келиб чиқиб ўзгартирилиши мумкин.

Вазирликлар, идоралар ҳамда илм-фан соҳасида тегишли илмий бўлинмалар ва инфратузилмага ва технологияларга, шунингдек илгари суриладиган инновация ишланмаларини баҳолаш ва экспертизадан ўтказиш соҳасида тажрибага эга бўлган бошқа ташкилотлар "Яшнобод" технопарки қатнашчилари бўлиши мумкин.


10. Қуйидагилар "Яшнобод" технопарки қатнашчиларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

"Яшнобод" технопаркини ривожлантириш стратегияси бўйича таклифлар тайёрлаш;

"Яшнобод" технопарки фаолиятининг устувор йўналишларини ва соҳаларини, уларни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги муҳокамасига киритиш учун белгилаш;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда инновация маҳсулотларини яратишга буюртмаларни шакллантириш;

амалга ошириш тавсия этилаётган инновация лойиҳалари бўйича, кейинчалик уларни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги мажлисларида муҳокама қилиш учун танлаб олиш мезонларига мувофиқ хулосалар тақдим этиш.

"Яшнобод" технопарки дирекциясига "Яшнобод" технопарки фаолиятининг асосий йўналишлари ва функцияларига мувофиқ Дирекцияга юкланган вазифаларни амалга оширишда кўмаклашиш.


11. Технопарк фаолиятини оператив бошқариш Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги "Яшнобод инновация технопарки дирекцияси" давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) томонидан амалга оширилади.


12. Дирекцияга Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор бошчилик қилади.

"Яшнобод" технопарки дирекцияси директорининг ўринбосари ва ходимлари "Яшнобод" технопарки дирекциясининг директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


13. Қуйидагилар "Яшнобод" технопарки дирекциясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

технопарк резиденти мақомини олиш учун юридик ва жисмоний шахслардан буюртманомалар қабул қилинишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг қарорига асосан резидентларни рўйхатдан ўтказиш ва уларни Резидентлар реестрига киритиш, Технопарк резиденти мақоми берилганлиги тўғрисида гувоҳнома (кейинги ўринларда Гувоҳнома деб аталади) бериш;

технопарк резидентларини технопарк ҳудудида жойлаштириш, шунингдек "Яшнобод" технопарки дирекцияси томонидан белгиланган тартибда Резидентлар реестрини юритиш;

технопарк резидентларига инновация жараёни ва инновация маҳсулотларини тижоратлаштиришнинг барча босқичларида молиялаштиришни, шу жумладан давлатнинг, илмий ташкилотлар ва таълим муассасаларининг, тадбиркорлик субъектларининг, тижорат банкларининг, халқаро молия институтлари ва донор мамлакатларнинг, венчур фондларнинг, ижтимоий молиялаштиришнинг (краудфандинг) молиявий ресурсларини ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағларни жалб этишда кўмаклашиш;

технопарк резидентларининг инновация лойиҳаларини амалга ошириши давомида, шу жумладан уларни технопарк ҳудудида жойлаштиришда, ушбу мақсадлар учун зарур бўлган ҳужжатларни ишлаб чиқишда, экспертизадан ўтказиш ва келишишда, пудратчиларни танлашда ҳамда қурилиш пудрати шартномаларини тузишда, қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларини амалга оширишда, зарур меҳнат, энергетика, табиий ва бошқа ресурслар билан таъминлашда ташкилий ва бошқа масалаларни ҳал этишда кўмаклашиш;

Тошкент шаҳрида жойлашган ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимлиги ва Яшнобод тумани ҳокимлиги, шунингдек "Яшнобод" технопарки қатнашчилари томонидан белгиланган тартибда "Яшнобод" технопарки дирекциясига берилган бино ва иншоотларни берилган ваколатлар доирасида оператив бошқариш;

"Яшнобод" технопаркида ишлаш, "Яшнобод" технопарки ва унинг резидентлари муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва мулкий комплексларига хизмат кўрсатиш учун юқори малакали мутахассисларни жалб этиш;

инновация ишланмаларини лицензиялаш, патентлаш ва киритишда кўмаклашиш;

резидентлар маҳсулотларининг халқаро кўргазмаларда намойиш этишда кўмаклашиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қарорлари асосида таълим дастурлари ва тренинглар ташкил этиш;

технопарк резидентларига уларнинг муҳандислик-коммуникация тармоқларига белгиланган тартибда уланишида кўмаклашиш;

халқаро хамкорликни ва хорижий инновация технопарклари тажриба алмашишини амалга ошириш, "Яшнобод" технопаркини ривожлантириш учун хорижий экспертларни жалб этиш.

"Яшнобод" технопарки дирекцияси "Яшнобод" технопарки фаолиятининг асосий йўналишлари ва функцияларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қарорларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.

14. "Яшнобод" технопарки дирекцияси ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

"Яшнобод" технопарки ҳудудида инвестициялаш тўғрисида инвесторлар билан битимлар тузиш ҳамда "Яшнобод" технопарки резидентлари билан инновация лойиҳаларини амалга ошириш учун шартномалар тузиш;

имтиёзли кредитлар олиш мақсадида "Яшнобод" технопарки резидентлари учун кафил бўлиш;

шартнома асосида хизматлар кўрсатиш, шу жумладан консалтинг, муҳандислик, логистика, таълим, сервис, юридик, маркетинг, таъмирлаш, савдо-маиший, молиявий, фойдаланиш, воситачилик хизматлари ва хизматларнинг бошқа турларини, шунингдек ҳуқуқий муҳофаза, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида патент-лицензия кузатуви ва хизматларини, шу жумладан чет ташкилотларни жалб этган ҳолда кўрсатиш;

технопарк резидентлари ва қатнашчиларига, бошқа хўжалик субъектларига "Яшнобод" технопарки дирекциясига оператив бошқариш учун инновация маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, хорижий ва маҳаллий технологияларнинг трансфер қилинишини таъминлаган ҳолда юқори технологияли ишлаб чиқаришларни барпо этиш, рақобатбардошли, импортнинг ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун белгиланган тартибда берилган асбоб-ускуналарни, лаборатория, экспериментал-ишлаб чиқариш майдонларини, офис, ишлаб чиқариш, омборхона, ўқув биноларини, конференц-заллар, аудиториялар ва бошқа биноларни шартнома асосида ижарага бериш;

инновация лойиҳаларини, шу жумладан молиявий ресурсларни ва "Яшнобод" технопарки дирекциясининг ўз маблағларини жалб этиш ҳисобига тижоратлаштириш ташаббускори (шериги) бўлиш, шунингдек технопарк резидентлари инновация лойиҳаларини тижоратлаштириш мақсадида грантлар олиш учун буюртманомалар бериш;

инновация лойиҳалари амалга оширилиши мониторингини ва технопарк инвесторлари ва резидентлари томонидан қабул қилинган мажбуриятларнинг зарур тарзда бажарилишини назорат қилиш, кейинчалик ишлар натижаларини Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этиш;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қарорлари асосида инвесторлар ёки резидентлар томонидан қабул қилинган мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда "Яшнобод" технопарки ҳудудида инвестициялаш тўғрисида инвесторлар билан тузилган битимларни ҳамда "Яшнобод" технопарки резидентлари билан тузилган инновация лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида шартномаларни бекор қилиш юзасидан судга даъво аризалари билан мурожаат қилиш.

"Яшнобод" технопарки дирекцияси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ҳамда фаолиятнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турларини амалга ошириши мумкин.

Ушбу Низомда назарда тутилган тегишли фаолият қонун ҳужжатларида лицензияланиши белгилаб қўйилган тақдирда "Яшнобод" технопарки дирекцияси фаолиятнинг ушбу турини тегишли лицензияловчи орган билан тузилган лицензия битими асосида лицензия олмасдан амалга оширишга ҳақли.


15. "Яшнобод" технопарки дирекцияси таъминоти:

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қарорига кўра белгиланган ставкаларни қайта кўриб чиқиш ҳуқуқи берилган ҳолда "Яшнобод" технопарки ҳудудида тижорат фаолиятини амалга ошираётган "Яшнобод" технопарки резидентларининг соф тушумнинг 0,1 фоизи миқдоридаги ҳар чораклик ажратмалари;

"Яшнобод" технопарки резидентлари ва қатнашчиларига хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;

давлат мулки бўлган ҳамда оператив бошқариш учун белгиланган тартибда "Яшнобод" технопарки дирекциясига берилган бино ва иншоотларни ижарага беришдан олинган тушумларнинг бир қисми;

"Яшнобод" технопарки дирекциясининг ўз маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


16. "Яшнобод" технопарки дирекцияси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган "Яшнобод" технопаркини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Ушбу Низомнинг 15-бандида кўрсатиб ўтилган маблағлар "Яшнобод" технопаркини ривожлантириш жамғармасининг банк ҳисоб рақамида жамланади ҳамда "Яшнобод" технопарки инфратузилмасини ва ҳудудини, "Яшнобод" технопарки дирекциясини ва унинг биноларини сақлаш ва ривожлантиришга, "Яшнобод" технопарки дирекцияси ходимларини моддий рағбатлантиришга, шунингдек "Яшнобод" технопарки фаолиятининг асосий йўналишлари ва функцияларига мувофиқ бошқа мақсадларга йўналтирилади.


17. "Яшнобод" технопаркини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом, "Яшнобод" технопарки дирекциясининг штатлар жадвали ва харажатлари сметаси Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тасдиқланади.


4-БОБ. ТЕХНОПАРК РЕЗИДЕНТЛАРИ


18. Юридик ва жисмоний шахс (Ўзбекистон Республикаси резиденти) технопарк резиденти мақомини олиш учун талабгор бўлиши мумкин.

Жисмоний шахсга технопарк резиденти мақомини бериш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг хулосаси ижобий бўлган тақдирда ушбу жисмоний шахс белгиланган тартибда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида юридик шахсни рўйхатдан ўтказади (ташкил этади).

19. "Яшнобод" технопарки резиденти мақомини олиш учун талабгорларни танлаб олиш ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

Технопарк резидентлари сони чекланмаган.


20. Технопарк резиденти мақоми "Яшнобод" технопарки резиденти мақомини олиш учун талабгорларни танлаб олиш натижаларига кўра Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қарорига биноан 10 йилгача муддатга берилади.

"Яшнобод" технопарки дирекцияси Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қарори асосида технопарк резидентини рўйхатдан ўтказади, Резидентлар реестрига киритади ва Гувоҳнома беради.

Технопарк резидентларининг, шу жумладан технопарк резиденти мақоми собиқ ҳудуд принципини ҳисобга олган ҳолда берилган ҳолатларда ҳам статистик ҳисоби Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида амалга оширилади.


21. Технопарк резидентига инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида "Яшнобод" технопарки дирекцияси билан тузилган шартномада "Яшнобод" технопарки резидентлари зиммасига қўйилган мажбуриятлар белгиланган тартибда юкланади.

Технопарк резиденти ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини бошқа шахсга беришга ҳақли эмас.


22. Технопарк резиденти мақомидан маҳрум қилишга Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қарорига, шу жумладан технопарк резиденти томонидан инновация лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги шартномада белгиланган шартлар ва талаблар бажарилмаган тақдирда "Яшнобод" технопарки дирекциясининг хулосасига кўра, шунингдек ихтиёрий тарзда ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўл қўйилади.


5-БОБ. "ЯШНОБОД" ТЕХНОПАРКИНИНГ МАХСУС

СОЛИҚ РЕЖИМИ ВА БОЖХОНА ИМТИЁЗЛАРИ


23. Алоҳида солиқ режими ва божхона имтиёзларининг амал қилиши фақат технопарк ҳудудида амалга ошириладиган технопарк резидентлари фаолиятига, шунингдек технопарк резидентининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида "Яшнобод" технопарки резидентлари билан тузилган шартномада назарда тутилган фаолият турларига татбиқ этилади.


24. Қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ва преференцияларнинг амал қилиши Гувоҳнома берилган санадан бошлаб ҳисобланади.

"Яшнобод" технопарки дирекцияси технопарк резиденти мақоми берилганлиги факти тўғрисида солиқ, статистика органларини ва бошқа манфаатдор органларни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қарорини илова қилган ҳолда хабардор қилади.

25. Технопарк резидентлари бўлган юридик шахсларнинг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида "Яшнобод" технопарки резидентлари билан тузилган шартномада назарда тутилмаган бошқа соҳалардаги фаолиятини тартибга солиш умумий белгиланган тартибда амалга оширилади.



6-БОБ. ТЕХНОПАРК РЕЗИДЕНТЛАРИГА

ЕР УЧАСТКАЛАРИ БЕРИШ ТАРТИБИ


26. Тошкент шаҳри Яшнобод тумани ҳудудидаги ер участкалари технопарк резидентларига инновация ишлаб чиқариши ва "стартаплар" ташкил этиш учун белгиланган тартибда ижарага берилади.


7-БОБ. ТЕХНОПАРК ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИШ


35. Технопарк фаолияти у ташкил қилинган муддат тамом бўлгандан кейин тўхтатилиши мумкин.


36. Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлиги манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш зарур бўлганда, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолатларда технопарк фаолиятини муддатидан олдин тўхтатишга йўл қўйилади.


37. Технопарк фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинади.






Низомга

ИЛОВА



"Яшнобод" технопарки резиденти мақомини

олиш учун талабгорларни танлаш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш

муддатлари

1-босқич

Ариза берувчи


         

"Яшнобод" технопарки дирекциясига технопарк резиденти мақомини олиш учун зарур ҳужжатлар ва материалларни илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилади.

     


Ариза берувчининг хоҳишига кўра









2-босқич

"Яшнобод" технопарки дирекцияси


       

1. Талаб қилинаётган ҳужжатларнинг мавжудлигини ва танлаб олиш мезонларига мувофиқлигини текширади.


2. Ҳужжатларни Фанлар академиясига, Фан ва технологиялар агентлигига, Савдо-саноат палатасига ва тегишли тармоқ идорасига (зарур бўлганда) тақдим этилган ҳужжатларни улар бўйича эътирозлар бўлмаганда экспертизага юборади ёки пухта ишлаш учун ариза берувчига қайтаради.

          


2 иш кунида









3-босқич

Фанлар академияси, Фан ва технологиялар агентлиги, Савдо-саноат палатаси, тегишли тармоқ идораси


        

1. Инновация ишланмаларини танлаб олишнинг белгиланган тартиби талабларига мувофиқ тақдим этилган буюртманомани кўриб чиқади.


2. Хулоса (экспертиза натижаси) тайёрлайди ва уни "Яшнобод" технопарки дирекциясига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ишчи органига мажлис ўтказишни ташкил этиш учун юборади.


7 иш кунида









4-босқич

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги


        

1. Буюртманомани ариза берувчи иштирокида мажлисда кўриб чиқади ҳамда ариза берувчига технопарк резиденти мақомини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


2. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қарорини "Яшнобод" технопарки дирекциясига юборади.

      


Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги мажлисининг ўтказилишига кўра









5-босқич

"Яшнобод" технопарки дирекцияси


         

1. Ариза берувчини Резидентлар реестрига киритади, унга Гувоҳнома беради ёки Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қарори асосида уни реестрга киритишни рад этади.

2. Музокаралар олиб боради ва "Яшнобод" технопарки резиденти билан инновация лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида шартнома тузади.


3. Юкланган ваколатларга мувофиқ инновация лойиҳасини амалга оширишда кўмаклашади, лойиҳалар амалга оширилиши мониторингини олиб боради.


4. Давлат солиқ хизмати, статистика органларини ҳамда бошқа органларни (зарурият бўлганда) ариза берувчига технопарк резиденти мақоми берилганлиги тўғрисида хабардор қилади.

           


Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги мажлиси баёни келиб тушишига кўра



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 10 июль, 27-сон, 624-модда




































Время: 0.1879
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск