Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Харид қилишдаги ҳисоб-китоблар /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 27.06.2017 й. ПҚ-3096-сонли қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 27 июндаги

ПҚ-3096-сонли қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг

давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника

билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш

жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш жамғармасининг (кейинги ўринларда - Жамғарма) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини, шунингдек фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


3. Жамғарма ўз фаолиятини давлат бошқаруви бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширади.


4. Жамғарма ривожланаётган ва ривожланган давлатларнинг аграр соҳасини молиялаштириш бўйича тажрибасини ўрганиш ва кейинчалик унинг ижобий томонини республикада татбиқ этишда тегишли халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар билан ҳамкорлик қилади.


5. Қуйидагилар Жамғармани шакллантиришнинг асосий манбалари ҳисобланади:

пахта толасини экспорт ва ички истеъмолчиларга сотишдан тушадиган бўнак, шунингдек улар юзасидан якуний ҳисоб-китоб қилишдан тушадиган маблағлар;

тасдиқланган прейскурантдаги улгуржи нархлардан юқори бўлган маблағлар, тегишли йил ҳосили пахта толасини сотиш якунлари бўйича - ижобий тафовутнинг тўлиқ миқдордаги якуний суммаси;

дон, ун ва ун маҳсулотларини сотиш ва қайта баҳолашдан, шунингдек маҳсулотлар экспортидан тушган валюта маблағларини эркин биржа савдолари орқали сотишдан тушадиган маблағлар;

мақсадли ажратилган маблағларни қайтаришдан тушадиган тушумлар ва уларга ҳисобланган фоизлар;

бюджет тизимининг бюджетлари маблағлари;

жалб этиладиган кредитлар;

халқаро молия институтлари грантлари ва донор ташкилотлар маблағлари;

Жамғарманинг бўш қолдиқ маблағларини жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


6. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

давлат хариди учун етиштириладиган пахта ва ғалла ҳосилини ўз вақтида молиялаштириш;

давлат хариди учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда иштирок этадиган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларига замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб беришни молиялаштириш;

пахта толаси, дон ва дон маҳсулотларининг тасдиқланган прейскурантдаги улгуржи нархлардан паст бўлган жаҳон нархлари амалда бўлган даврлардаги салбий тафовутни қоплаш;

уруғлик пахта етиштирувчи хўжаликлар, нав оригинаторлари бўлган илмий муассасаларга, шунингдек уруғлик чигитни тайёрлашда иштирок этган бошқа субъектларга тўланадиган устама маблағлари харажатларини қоплаш;

пахта хом ашёсини етиштиришда фермер хўжаликлари фойдаланиши зарур бўлган моддий-техника ресурслари хариди учун тайёрлов ташкилотларининг харажатларини қоплаш;

жалб этилган кредит ва унга ҳисобланган фоизларни қайтариш;

ривожланаётган ва ривожланган давлатларнинг аграр соҳасини молиялаштириш бўйича тажрибасини кейинчалик унинг ижобий натижаларини республикада жорий этиш мақсадида ўрганиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш Жамғармасини бошқариш департаменти (кейинги ўринларда - Департамент) фаолиятини таъминлаш харажатларини молиялаштириш.



2-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат хариди учун етиштириладиган пахта ва ғалла ҳосили ҳисоб-китобини ўз вақтида молиялаштириш;

давлат хариди учун қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини етиштиришда иштирок этадиган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларига замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб беришни рағбатлантириш учун қайтариб бериш асосида қарз маблағлари ажратиш;

мақсадли ажратиладиган маблағлардан аниқ ва самарали фойдаланилишини тизимли назорат қилишни таъминлаш;

харид қилинадиган маҳсулот учун ҳисоб-китобларни таъминлайдиган барча бўғинлар - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, банклар, тайёрлов, таъминотчи, хизмат кўрсатувчи, етказиб берувчи ва лизинг ташкилотлари, таъминотчилар, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчилари фаолиятини мувофиқлаштириш;

замонавий ахборот ва компьютер технологияларидан фойдаланиш асосида ҳисоб-китоб тизимини янада такомиллаштириш ва жорий этишни молиялаштириш;

ривожланаётган ва ривожланган давлатларнинг аграр соҳани молиялаштириш бўйича тажрибасини кейинчалик унинг ижобий натижаларини республикада жорий этиш мақсадида ўрганиш;


8. Жамғарма ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг ҳар йилги баланслари лойиҳаларини ишлаб чиқади, белгиланган тартибда ва муддатларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади;

Жамғарма маблағлари тушишини таҳлил қилади ва ўз вақтида тушишини таъминлайди;

Департаментни сақлаш харажатлари сметасини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Жамғарма кенгашига киритади;

Жамғарма даромадлари ва харажатлари ҳисобини юритади ва унинг ижроси юзасидан ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этади;

давлат эҳтиёжи учун харид қилинадиган пахтанинг умумий ҳажми бўйича - "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти билан, ғалла харид қилиш умумий ҳажми бўйича - "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси билан, замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб бериш бўйича - "Ўзагролизинг" акциядорлик жамияти билан бош битим тузади;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ҳар йилги ҳосил учун агротехнологик хариталардан келиб чиққан ҳолда пахта хом ашёси ва ғалла ҳосилини етиштириш харажатларининг ҳар бир турини молиялаштириш учун ажратиладиган кредитларнинг энг кўп миқдори юзасидан тавсияларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

давлат хариди учун етиштириладиган пахта хом ашёси ва ғалла ҳосили учун якуний ҳисоб-китобларни ўз вақтида, шунингдек Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан белгиланган тартибда назоратни амалга оширади;

Жамғарма кенгашига жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланишни текширишлар жараёнида аниқланган қонун бузилишлар ва камчиликлар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек уларни бартараф этиш, Жамғарма агентларига бош келишув ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган молиявий санкцияларни (жарималар ва пенялар) қўллаш бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритади;

Жамғарма даромадлари ва харажатлари тўғрисида Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.



3-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


9. Жамғарма ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бажариш доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат хариди учун етиштириладиган пахта ва ғалла ҳосили ва замонавий юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб беришни молиялаштиришга ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланиш бўйича тафтиш ва текширишларни ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш Бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармаларини жалб этиш;

хизмат кўрсатувчи тижорат банкларидан Жамғарма маблағларининг ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни олиш;

жамғарманинг молия ("Агробанк" акциядорлик тижорат банки) ва тижорат ("Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти, "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси) агентларидан - Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича йиллик бухгалтерия ва статистика ҳисоботларини олиш;

"Ўзагролизинг" акциядорлик жамиятидан ҳар йилги бухгалтерия ва статистика ҳисоботларини, давлат хариди учун қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришда иштирок этадиган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларига замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб бериш учун қайтариш асосида ажратилган қарз маблағларидан мақсадли фойдаланилиши тўғрисидаги маълумотларни олиш;

Жамғарма маблағларидан мақсадсиз фойдаланилганлиги аниқланганда ва илгари ажратилган маблағлар ва уларга ҳисобланган фоизлар ўз вақтида қайтарилмаганда молиялаштиришни тўхтатиш;

молия ва тижорат агентлари мақсадли маблағларни қайтариш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганда, Жамғармага қарздорларнинг барча ҳисобварақларидаги маблағ қолдиқларини кўчириб олиш ҳисобига ўз талабларини тўла қондиради.

Жамғарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


10. Жамғарма қуйидагиларга мажбур:

Давлат хариди учун етиштириладиган пахта ва ғалла ҳосили харажатлари ва якуний ҳисоб-китобларни ўз вақтида молиялаштиришни таъминлаш;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини доимий назорат қилиш;

Жамғарма даромадларининг истиқболдаги кўрсаткичлари бажарилишини таҳлил қилиш ва маблағларнинг келиб тушишига салбий таъсир қилган аниқланган омиллар асосида уларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўриш.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА КЕНГАШИ


11. Жамғарма кенгаши Жамғарманинг юқори органи ҳисобланади. Жамғарма кенгашининг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланади.


12. Жамғарма Кенгаши:

Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди;

Департамент томонидан тақдим этилган Жамғарма балансини кўриб чиқади, қарор қабул қилади ва уларни тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

Департаментнинг, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти, "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси ва "Ўзагролизинг" акциядорлик жамиятининг давлат хариди учун пахта ва ғалла ҳосили етиштириш, замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникаларини имтиёзли лизинг шартларида етказиб бериш бўйича амалга оширилаётган ишлари, ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Жамғарманинг даромадлари ва харажатларини шакллантириш тартибини такомиллаштиришга доир таклифлар киритади;

меҳнатга ҳақ тўлаш фондини шакллантириш, ходимларни тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва Департаментнинг кўзда тутилмаган бошқа харажатларини молиялаштириш тартибини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш Бош бошқармасига аниқланган ҳолатлар бўйича текшириш ва тафтишлар ўтказиш бўйича кўрсатма беради, уларнинг натижасини кўриб чиқади, кўриб чиқиш якуни бўйича тегишли қарор қабул қилади ва Департаментга бажариш учун юборади.



5-БОБ. ДЕПАРТАМЕНТ


13. Департамент Жамғарманинг ижро этувчи органи, Жамғармани бошқариш бўйича функциясини бажарувчи ҳисобланади.


14. Департаментнинг тузилмаси ва штатдаги ходимлари сони Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланади.


15. Департаментни сақлаш харажатлари Жамғарма маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Департамент давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тошкент шаҳар Бош бошқармаси Ҳисоб-китоб касса марказида миллий ва чет эл валютасида тегишли махсус ҳисобварақларга, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкаларга эга бўлади.


16. Департамент Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисидаги бухгалтерия ҳисоботини тузади ва уни белгиланган тартибда Жамғарма кенгашига тақдим этади.


17. Департаментга Жамғарма кенгаши томонидан сайланадиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тасдиқланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор бошчилик қилади. Департамент директори мақомига, моддий таъминот, ижтимоий ва транспорт хизмати кўрсатиш бўйича шарт-шароитларига кўра вазир ўринбосарига тенглаштирилади.


18. Департамент директори:

Департамент фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва Жамғармага юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради.

Давлат хариди учун етиштириладиган пахта ва ғалла ҳосили ҳисоб-китобини молиялаштиришга ажратилган, Жамғарманинг маблағларидан фойдаланишда, шунингдек, замонавий, юқори ишлаб чиқариш қувватига эга қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб беришни рағбатлантириш учун қайтариб бериш асосида ажратилган қарз маблағларидан фойдаланилишда ваколатлари бўлмаган мансабдор шахсларнинг аралашуви йўлидаги уринишлари тўғрисида тегишли ахборотни қонун ҳужжатларига мувофиқ Жамғарма кенгашига киритади;

ўтказилган текшириш ва тафтишда аниқланган ҳолатлар бўйича Жамғарма кенгаши қарорини ижросини таъминлайди;

Департамент тузилмасига ходимларнинг чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритади;

Департаментнинг харажатлар сметаси ва штатлар жадвалини тасдиқлайди;

Департамент ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади, шунингдек Департамент ходимларини рағбатлантириш бўйича қарорлар қабул қилади;

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва сарфлаш масалаларига оид тушунтиришлар беради;

Ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


19. Департамент ходимларининг иш ҳақи қонун ҳужжатларида белгиланган лавозим маоши, мукофот, қушимча ва устамалардан иборат.

Департамент ходимларига ҳар йили бир маротаба рағбатлантириш йўли билан кўп йиллик хизмат учун устамалар тўланади. Кўп йиллик хизмат учун устамалар лавозим маошига коэффициентларда, рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда ҳисобланади.

Иш стажи Жамғарма кенгаши томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ рағбатлантириладиган кўп йиллик хизмат учун устамалар белгилаш ҳуқуқини беради.



6-БОБ. МИНТАҚАВИЙ ИНСПЕКТОРЛАР


20. Жамғарманинг минтақавий инспекторлари "Ўзпахтасаноат" АЖнинг минтақавий пахта терминалларига бириктириб қўйилади ва бевосита Департамент штатларида туради.

21. "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамиятининг минтақавий пахта терминаллари минтақавий инспекторларни алоҳида хона, офис жиҳозлари, "Агромарказ" мониторинг ахборот базасига уланган компьютер ва ахборот-коммуникация техникалари билан таъминлайди.

22. Минтақавий инспекторларга Жамғарма маблағларидан белгиланган мақсадда фойдаланилиши, тўловларнинг ўз вақтида ўтиши, ҳисоб-китобларнинг тўлиқ амалга оширилиши юзасидан давлат молиявий назоратини таъминлаш вазифаси юкланади.


23. Минтақавий инспекторлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

молия ва тижорат агентларидан тегишли маълумот ва ахборотларни олиш;

молия ва тижорат агентларининг мансабдор ва масъул шахсларидан назорат давомида пайдо бўладиган масалалар бўйича тушунтиришлар беришни, шунингдек назорат натижалари бўйича расмийлаштириладиган ҳужжатларни имзолашни талаб қилиш;

молия ва тижорат агентлари мансабдор ва масъул шахсларининг тушунтиришлар бериш ва назорат натижалари бўйича расмийлаштириладиган ҳужжатларни имзолашдан бош тортганликлари тўғрисида далолатнома тузиш ва тегишли ахборотни Департаментга тақдим этиш.



7-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ МОЛИЯ

ВА ТИЖОРАТ АГЕНТЛАРИ


24. "Агробанк" акциядорлик тижорат банки пахта ва ғалла етиштириш, харид қилиш, шунингдек замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб беришни молиялаштириш бўйича Жамғарманинг молия агенти ҳисобланади.

Жамғарманинг молия агентига махсус очиладиган мақсадли ҳисобварақлар орқали давлат хариди учун етказиб бериладиган маҳсулотларга, шу жумладан замонавий, юқори ишлаб чиқариш қувватига эга қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг шартларида етказиб беришга ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши ва ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши, шунингдек Жамғарманинг тегишли маблағларини ва тегишли комиссия тўловларининг белгиланган муддатларда қайтарилиши юзасидан назорат ўрнатиш вазифаси юкланади.


25. "Агробанк" акциядорлик тижорат банки ва унинг филиалларида давлат хариди учун етиштириладиган пахта ва ғалла ҳосилига, замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб беришга Жамғармадан ажратилган маблағлардан мақсадли, самарали фойдаланишини, тўловларнинг ўз вақтида ўтишини таъминлайдиган ва доимий назоратини олиб борадиган бўлимлар ташкил этилади.

Ушбу бўлимларга "Агробанк" акциядорлик тижорат банки вилоят бошқармалари бошлиқ ўринбосарлари, филиалларда бошқарувчи ўринбосарлари бевосита раҳбарлик қилади, улар тўловларнинг ўз вақтида ўтиши, маблағларнинг аниқ мақсадли сарфланиши учун шахсан жавоб беради.

26. Қуйидагилар Жамғарманинг тижорат агентлари ҳисобланади:

"Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти - пахта хомашёсини харид қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва пахта маҳсулотларини сотиш бўйича;

"Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси - ғаллани харид қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича;

"Ўзагролизинг" акциядорлик жамияти - замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб бериш бўйича.

Жамғарма давлат хариди учун пахтанинг умумий ҳажми бўйича - "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти билан, ғалланинг умумий ҳажми бўйича эса - "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси билан, замонавий юқори унумли қишлоқ хўжалик техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб бериш бўйича - "Ўзагролизинг" акциядорлик жамияти билан Бош битим тузади.

Тижорат агентлари Жамғарма номидан ҳамда у билан келишилган ҳолда маҳсулот харид қилиш, контрактация шартномаларининг ўз вақтида тузилиши, харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисоб-китобини қилиш, уларни харид қилиш, сақлаш ва қайта ишлашнинг белгиланган стандартларига риоя этилиши, шунингдек замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб бериш юзасидан назоратни таъминлайдилар.

Тижорат агентлари тузилган Бош битимга асосан Жамғарма номидан "Агробанк" акциядорлик тижорат банки иштирокида ўзининг тайёрлов ташкилотлари орқали қишлоқ хўжалиги ташкилотлари билан маҳсулотни сотиб олиш юзасидан ўз вақтида ва асосланган конфактация шартномалари тузилишини, мақсадли маблағлар ва уларга ҳисобланган фоизларни ўз вақтида қайтарилишини таъминлайдилар, сотиб олинаётган маҳсулот учун тўлиқ ҳисоб-китоб қиладилар, маҳсулотни сотиб олишда, сақлаш ва қайта ишлашда белгиланган стандартларга риоя этилиши юзасидан назоратни таъминлайдилар.

Давлат хариди учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда иштирок этадиган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларига замонавий, юқори ишлаб чиқариш қувватига эга қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб бериш учун Жамғарманинг қайтариб бериш асосида ажратилган қарз маблағлари ва уларга ҳисобланган фоизларни ўз вақтида қайтарилишини таъминлайди.



8-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ АЖРАТИШ

ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


27. Жамғарма маблағлари Жамғарма молия агентига Жамғарма билан молия ва тижорат агентлари ўртасида тузилган Бош битимга асосан махсус очилган мақсадли ҳисобварақлар орқали ажратилади.


28. Тузилган Бош битимга мувофиқ ва махсус очиладиган мақсадли ҳисобварақларни кўллаш орқали қилинган ҳисоб-китобларга асосан:

тижорат агентлари молия агенти орқали олинган Жамғарманинг мақсадли маблағларини хизмат кўрсатувчи банклар орқали тайёрлов ташкилотларига юборадилар;

тайёрлов ташкилотлари тушган маблағларни қишлоқ хўжалиги ташкилотларидан давлат эҳтиёжлари учун харид қилинаётган маҳсулотлар учун ҳисоб-китоб қилишга ишлатадилар.

"Ўзагролизинг" акциядорлик жамияти тушган маблағларни замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга ишлатади.


29. Тайёрлов ташкилотлари қишлоқ хўжалиги ташкилотлари билан тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ, суғурта ташкилотлари билан суғурталаш шартномаларини тузган ҳолда маблағларни қуйидаги мақсадларга сарфланишини таъминлайдилар:

амалда етказиб берилган ғалла қийматининг 100 фоизи миқдорида ҳисоб-китоб қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорларида белгиланган миқдорларда пахта хом ашёси учун ҳисоб-китоб қилиш;

давлат хариди учун етиштириладиган маҳсулотларнинг қўшимча ҳажми учун ҳисоб-китоб қилиш.



9-БОБ. БАНК ҲИСОБВАРАҚЛАРИ, ЖАМҒАРМА

ҲИСОБВАРАҚЛАРИГА МАБЛАҒЛАРНИ

КИРИТИШ ВА ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ


30. Етказиб бериладиган маҳсулот ва қишлоқ хўжалиги техникаси ҳисоб- китоби учун Жамғарма маблағларини ҳисобга киритиш ва ҳисоби Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тошкент шаҳар Бош бошқармасида очиладиган махсус ҳисобварақларда қуйидагиларни молиялаштириш учун юритилади:

шартномаларда кўрсатилган ҳажмда пахта хом ашёси ва ғалла етиштириш;

замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб бериш.


31. Кредитларни қайтариш учун Жамғарма маблағларини жамлаш ва уларнинг ҳисоби маҳсулотлар ва қишлоқ хўжалиги техникаларининг турлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тошкент шаҳар Бош бошқармасида очиладиган махсус ҳисобварақларда юритилади.


32. Халқаро молиявий институтлар грантлари ва донор ташкилотлар маблағлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тошкент шаҳар Бош бошқармасида очиладиган махсус валюта ҳисобварақларида юритилади.


33. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш бўйича тузилган контрактация шартномаларидаги ҳажмларни харид қилишни молиялаштириш учун Жамғарманинг махсус ҳисобварақларига қуйидаги маблағлар кирим қилинади:

а) пахта толаси бўйича:

пахта толасини экспорт ва ички истеъмолчиларга сотишдан тушадиган бўнак ва якуний ҳисоб-китоб маблағлари "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамиятининг махсус ҳисобварақларига;

"Ўзпахтасаноат" АЖ томонидан олинган кредит маблағлари бўйича қарзларини қоплаш ҳисобига, қарздорлик мавжуд бўлмаганда - Жамғарманинг айланма маблағларини тўлдиришга йўналтириладиган, тасдиқланган улгуржи прейскурант нархлардан ортиқ бўлган маблағлар, тегишли йил ҳосили пахта толасини сотиш якунлари бўйича - ижобий тафовутнинг тўлиқ миқдордаги якуний суммаси;

мақсадли маблағларни қайтариш учун махсус ҳисобварақда жамланган вақтинча бўш маблағлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар;

б) ғалла бўйича:

дон, ун ва ун маҳсулотларини сотиш ва қайта баҳолашдан, шунингдек ушбу маҳсулотлар экспортидан тушган валюта маблағларини эркин биржа савдолари орқали сотишдан тушадиган маблағлар;

мақсадли маблағларни қайтариш учун махсус ҳисобварақда жамланган вақтинча бўш маблағлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар кирим қилинади.


34. "Ўзагролизинг" акциядорлик жамияти томонидан давлат хариди учун етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда иштирок этадиган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларига замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалик техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб беришни молиялаштиришга ажратилган қарз маблағлари ва унга ҳисобланган фоизларни жамлаш Жамғарманинг махсус ҳисобварақларида юритилади.



10-БОБ. МАҚСАДЛИ МАБЛАҒЛАРНИ ҚАЙТАРИШ


35. Жамғарманинг мақсадли маблағларини қайтариш Жамғарманинг мақсадли маблағларни қайтариш ҳисобварақларига молия агентидан давлат хариди учун тижорат агентлари томонидан харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳисоб-китоб қилишдан ва етказиб берилган замонавий, юқори ишлаб чиқариш қувватига эга қишлоқ хўжалиги техникаси учун тушадиган маблағлар ҳисобидан Жамғарманинг махсус ҳисобига туширилади.


36. Молия агенти ва унинг филиаллари томонидан Жамғарманинг мақсадли маблағларини қайтариш "Ўздонмахсулот" акциядорлик компаниясининг дон, ун ва ун маҳсулотларни сотишдан тушган маблағлари, шунингдек, "Ўзагролизинг" акциядорлик жамиятининг замонавий юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб беришдан олган даромадлари (асосий қарз ва фоизлари билан) ҳисобига амалга оширилади.

"Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти Жамғарманинг маблағларини пахта толасини сотишдан тушган маблағлар ҳисобидан тижорат банклари орқали қайтаради.

"Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамиятининг тайёрлов ташкилотларининг, "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компаниясининг пахта толаси, дон, ун ва ун маҳсулотларини сотишдан, "Ўзагролизинг" акциядорлик жамиятининг эса лизинг хизматидан тушган маблағларини жамлаш мақсадида "Жамғарма билан мақсадли ҳисоб-китоб қилиш учун махсус ҳисобварақлар" ҳисобварақлари очилади.

Пахта толаси, дон ва ун сотишдан, шунингдек, замонавий юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб беришдан ва унга ҳисобланган фоизлардан тушган барча пул тушумлари ушбу ҳисобварақларига кирим қилинади ҳамда Жамғарма маблағларидан аввал ажратилган мақсадли маблағларни молия агентига қайтариш ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаш учун ишлатилади.

37. Молия ва тижорат агентлари белгиланган жадвалларга мувофиқ Жамғарманинг мақсадли маблағларини қайтариш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаса ёки тўла бажармаса, Жамғармага қарздорларнинг барча ҳисобварақларидаги маблағ қолдиқларини кўчириб олиш ҳисобига ўз талабларини тўла қондириш ҳуқуқи берилади.



11-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШИНИ

ВА СОТИБ ОЛИНАЁТГАН МАҲСУЛОТ СИФАТИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


38. Жамғармадан ажратиладиган маблағларни мақсадга мувофиқ ишлатиш, қишлоқ хўжалиги ташкилотлари томонидан етказиб берилган маҳсулотларга, етказиб берилган моддий-техника ресурслари ва кўрсатилган хизматлар, бажарилган ишлар учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишни ўз вақтида амалга ошириш жавобгарлиги контрактация шартномаларини бажаришда иштирок этаётган тижорат банклари ва қишлоқ хўжалиги ташкилотлари раҳбарларига юкланади.


39. Тижорат банклари, "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти, "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси, "Ўзагролизинг" акциядорлик жамияти ва уларнинг ҳудудий филиаллари ва ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек, қишлоқ хўжалик ташкилотларининг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари Жамғарма маблағларини мақсадга мувофиқ ишлатмаганлиги, ҳисоб-китоб қилиш тартибини бузганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.


40. Жамғарма маблағларининг мақсадли сарфланиши, тўловлар ва ҳисобларни тўлиқ ҳамда ўз вақтида амалга ошириш устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.


41. Давлат хариди учун етиштириладиган маҳсулотларни сотиб олиш, сақлаш ва қайта ишлаш, шунингдек қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб бериш сифатини назорат қилиш:

пахта хомашёси ва пахта толаси бўйича - "Ўзстандарт" агентлигининг Ўзбекистон пахта маҳсулотларини сертификатлаш "Сифат" маркази давлат корхонаси томонидан;

ғалла бўйича - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси томонидан;

қишлоқ хўжалиги техникаси бўйича - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини сертификатлаш ва синаш давлат маркази томонидан амалга оширилади.



12-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


42. Жамғармани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 10 июль, 27-сон, 609-модда













































Время: 0.1386
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск