Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан давлат назорати /

Назорат қилувчи органлар томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятидаги текширишларни мувофиқлаштириш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 06.05.2017 й. 2879-сон билан рўйхатга олинган Назорат килувчи органлар фаолиятини мувофиклаштирувчи Республика кенгашининг 14.03.2017 й. 1-сон карорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2017 йил 6 майда 2879-сон

билан рўйхатга олинган

Назорат қилувчи органлар

фаолиятини мувофиқлаштирувчи

Республика кенгаши томонидан

2017 йил 14 мартдаги

1-сон қарорига

4-ИЛОВА



Назорат қилувчи органлар томонидан

якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятидаги

текширишларни мувофиқлаштириш

ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги ва "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 8 августдаги ПФ-1503-сон "Текширишларни тартибга солиш ва назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштиришни такомиллаштириш тўғрисида"ги, 2016 йил 5 октябрдаги ПФ-4848-сон "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонлари талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, назорат қилувчи органлар томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятидаги текширишларни мувофиқлаштириш ва ўтказиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади), Кенгашнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий комиссиялари (бундан буён матнда вилоят комиссиялари деб юритилади), туман ва шаҳар ҳудудий комиссиялари (бундан буён матнда туман комиссиялари деб юритилади), назорат қилувчи органлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари (бундан буён матнда назорат қилувчи органлар деб юритилади) якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятидаги текширишларни мувофиқлаштириш ва ўтказишда хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шунингдек мазкур Низомга амал қиладилар.


2. Назорат қилувчи органлар якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини Кенгаш қарорлари асосида текширадилар.

Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонуни ва қўзғатилган жиноят ишлари доирасида якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятидаги ўтказиладиган текширишларни мувофиқлаштиришга татбиқ этилмайди.


3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар ва уларнинг таърифлари қўлланилади:


якка тартибдаги тадбиркор - белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахс;


назорат қилувчи органлар - хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган вазирликлар ва идоралар;


текшириш - хўжалик юритувчи субъектлар томонидан қонунлар ҳамда улар фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатлари қандай бажарилаётганлигини назорат қилувчи органларнинг бир марта назорат қилиши;


қисқа муддатли текшириш - назорат қилувчи органлар жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида амалга оширадиган текшириш;


назорат тартибида текшириш - якка тартибдаги тадбиркорларнинг илгариги текширишда кўрсатилган қоидабузарликларни бартараф этиши устидан назорат қилувчи органлар амалга оширадиган текшириш.


4. Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини текшириш улар ўз фаолиятини амалга ошираётган жойда ўтказилади.


5. Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини текширишда қуйидаги масалалар кўрилади:

а) солиқ ва ташқи иқтисодий фаолият тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши;

б) савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилиши;

в) буюмларда Давлат асиллик тамғаси ўрни, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси асиллик тамға белгисининг мавжудлиги;

г) стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштиришга доир қонун ҳужжатларига риоя этилиши;

д) санитария, ветеринария, ёнғин хавфсизлиги, саноат хавфсизлиги назорати, энергетика ҳамда табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши.


6. Лицензияланадиган фаолият билан шуғулланаётган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши ҳам текширилади.


7. Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини текшириш фақатгина қуйидаги назорат қилувчи органлар томонидан уларнинг ваколатлари доирасида:

Давлат солиқ хизмати органлари - мазкур Низомнинг 5-банди "а" ва "б" кичик бандларида назарда тутилган масалалар бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлигининг Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси - мазкур Низомнинг 5-банди "в" кичик бандида назарда тутилган масалалар бўйича;

Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича давлат назорати органлари - мазкур Низомнинг 5-банди "б" ва "г" кичик бандида назарда тутилган масалалар бўйича;

Давлат санитария, ветеринария, ёнғин хавфсизлиги, энергетика назорати органлари, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ўз ваколатлари доирасида - мазкур Низомнинг 5-банди "д" кичик бандида назарда тутилган масалалар бўйича;

тегишли лицензияловчи органлар - мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилган масалалар бўйича амалга оширилади.


8. Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятида текшириш ўтказишга рухсат бериш, текшириш ўтказишни рад этиш ёки мурожаатда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ёки айрим масалаларга қўшимча аниқлик киритган ҳолда қайта мурожаат этиш, текширишлар ўтказиш муддатини кўчириш ҳамда текширишларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалалар юзасидан мурожаатлар бўйича қарорлар тегишлича Кенгаш раиси (унинг ўринбосарлари) ёки ушбу Низомда назарда тутилган ваколатлар доирасида вилоят комиссиялари раислари томонидан (текширишга рухсат беришдан ташқари) имзоланади.

Кенгаш ва унинг ҳудудий комиссиялари мажлисларида кўриб чиқилган масалалар юзасидан қабул қилинадиган ҳужжатлар тегишлича Кенгаш раиси ва унинг ҳудудий комиссиялари раислари томонидан имзоланадиган қарор шаклида, Кенгаш ва унинг ҳудудий комиссиялари мажлислари оралиғида тезкор кўриб чиқиладиган масалалар юзасидан ҳужжатлар хат шаклида расмийлаштирилади.


9. Кенгаш қарори билан рухсат берилган якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини текширишга тегишли назорат қилувчи орган юқори ташкилотининг мазкур масала бўйича буйруғи асосида ушбу назорат қилувчи орган марказий аппарати ёки таркибий бўлинмаларининг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга бўлган ходимлари юборилиши мумкин.

Назорат қилувчи органларнинг юқори ташкилотлари Кенгаш қарори билан рухсат берилган якка тартибдаги тадбиркорларда ўтказиладиган текширишларни амалга оширишни ўзларининг қуйи бўлинмаларига топширишга ҳақли.

Тегишли асослар мавжуд бўлганда (якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини вақтинча тўхтатганда, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари вақтинча фаолият юритмаганда, якка тартибдаги тадбиркор касаллиги ва бошқа сабаблар) текшириш муддати тегишлича Кенгаш ёки вилоят ҳудудий комиссияси қарори асосида кейинги муддатларга кўчирилади.


10. Ўтказилган текшириш натижаларига рози бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорлар низоли масалаларга аниқлик киритиш учун назорат қилувчи органларнинг юқори ташкилотларига, судга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга ёки бошқа идораларга ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Якка тартибдаги тадбиркорлар низоли масалаларга аниқлик киритиш учун назорат қилувчи органларнинг юқори ташкилотларига мурожаат этган тақдирда, назорат қилувчи органлар ўзларининг юқори ташкилотлари буйруқлари асосида Кенгаш ёки унинг ҳудудий комиссиялари билан қўшимча равишда келишмасдан, фақат якка тартибдаги тадбиркорларнинг мурожаатларида кўрсатилган низоли масалалар юзасидан аниқлик киритадилар.


11. Якка тартибдаги тадбиркорлар уларда ўтказилаётган қисқа муддатли текшириш ҳақидаги ва улар фаолиятини текширишни амалга оширишга рухсат олган назорат қилувчи органларнинг номи ва текшириш муддатлари тўғрисидаги ахборотни тегишлича Кенгаш, вилоят ёки туман комиссияси ишчи органидан бепул олишга ҳақлидир.



2-БОБ. ЯККА ТАРТИБДАГИ ТАДБИРКОРЛАР

ФАОЛИЯТИНИ ТЕКШИРИШЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан уларнинг қонунчиликда белгиланган ваколатлари доирасида режадан ташқари қисқа муддатли текшириш ёки назорат тартибида текшириш шаклида амалга оширилиши мумкин.

Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятида текширишлар бир кун давомида амалга оширилади.


13. Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини қисқа муддатли текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳолатлари бўйича берган мурожаатлари асосида Кенгаш қарорига мувофиқ ўтказилиши мумкин.


14. Назорат қилувчи органларга хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳолатлари тўғрисида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар ушбу назорат қилувчи органлар томонидан дастлаб ўрганиб чиқилади.

Бунда мурожаатнинг аноним эмаслиги, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлиги, қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқлиги, шунингдек унда баён этилган масалаларни ўрганиш ушбу назорат қилувчи орган ваколатига тегишли эканлиги, мурожаатда қайд этилган ҳолатларни текшириш давомида ўрганиш имкони мавжудлиги, мурожаатда кўрсатилган якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолият кўрсатаётганлиги ўрганиб чиқилади.

Агар мурожаатни кўриб чиқиш доирасида якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолиятини текшириш зарурати юзага келса, назорат қилувчи органнинг марказий аппарати Кенгашга қисқа муддатли текшириш ўтказишга рухсат бериш сўралаётган якка тартибдаги тадбиркорнинг номи ёки текширилиши лозим бўлган шохобчаси (шохобчалари), солиқ тўловчининг идентификация рақами, унинг манзили, фаолият тури, ушбу тадбиркорлик субъекти томонидан талаблари бузилган қонун ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотларни ва қисқа муддатли текшириш ўтказиш мўлжалланган муддатни кўрсатган ҳолда қисқа муддатли текширишга рухсат бериш тўғрисида хат юборади.

Назорат қилувчи органларнинг қуйи тузилмалари юқоридаги маълумотларни тўлиқ кўрсатган ҳолда хўжалик юритувчи субъектларда қисқа муддатли текшириш ўтказишга рухсат бериш тўғрисида ўзларининг марказий аппаратига мурожаат қилиши лозим.

Мурожаатга текширишда ўрганилиши лозим бўлган масалалар бўйича унификациялашган назорат саволномаси ишлаб чиқилиб, назорат қилувчи орган раҳбари тасдиқлаган текшириш дастури илова қилиниши шарт.


15. Назорат қилувчи органларнинг якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятида режадан ташқари қисқа муддатли текширишга рухсат бериш тўғрисидаги мурожаатининг асослилиги, текшириш дастурининг назорат қилувчи орган зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқлиги Кенгаш ва унинг вилоят ҳудудий комиссиялари ишчи органлари томонидан, заруратга қараб, назорат қилувчи органлар билан биргаликда ўрганиб чиқилади.

Ўрганиш натижаларига кўра қисқа муддатли текшириш ўтказиш тўғрисидаги мурожаатлар бўйича Кенгаш ишчи органи томонидан қисқа муддатли текшириш ўтказишга рухсат бериш, ўтказишни рад этиш, мурожаатда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ёки ундаги айрим масалаларга қўшимча аниқлик киритган ҳолда қайта мурожаат этиш тўғрисидаги таклифлар мурожаатлар келиб тушгандан кейин беш иш куни муддатда тайёрланади.

Қисқа муддатли текширишга рухсат бериш бўйича тайёрланган таклифлар Кенгаш раиси ўринбосари билан келишилган ҳолда Кенгаш раисига юборилади.

Назорат қилувчи органнинг хатини ўрганиш натижасида қисқа муддатли текширишга рухсат бериш учун асослар мавжуд эмаслиги аниқланган тақдирда, текшириш ўтказишни рад этиш тўғрисида Кенгаш раиси ўринбосарига таклиф киритилади.

Фавқулодда вазиятлар юзага келишининг олдини олиш, санитария-эпидемиология вазияти мураккаблашиши, шунингдек бошқа давлатлардан юқумли касалликлар кириб келиши ва тарқалиши эҳтимоли билан боғлиқ қисқа муддатли текширишларга рухсат бериш тўғрисидаги таклиф, назорат қилувчи органлар мурожаати асосли бўлган тақдирда мурожаат келиб тушган куни тайёрланиб, бир иш куни давомида Кенгаш раиси ўринбосари билан келишилган ҳолда Кенгаш раисига юборилади.

16. Қисқа муддатли текширишга рухсат бериш тўғрисидаги мурожаат ёки текшириш дастури белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган ёхуд қонун ҳужжатларида белгиланган асослар мурожаатда тўлиқ кўрсатилмаган ҳолларда Кенгаш ишчи органи уч иш кунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ёки айрим масалаларга қўшимча аниқлик киритган ҳолда қайта мурожаат этиш учун улар тегишли назорат қилувчи органга Кенгаш котиби имзоси билан қайтарилиши мумкин.


17. Кенгаш ишчи органи томонидан қисқа муддатли текширишга рухсат бериш тўғрисидаги қарор Кенгаш раиси томонидан имзолангандан кейин бир иш кунида тегишли назорат қилувчи органга юборилади.

Якка тартибдаги тадбиркор фаолиятида қисқа муддатли текширишга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, текшириш дастури Кенгаш ишчи органи томонидан келишилиб, унга Кенгаш қарори рақами, келишилган кун санаси қайд этилади ва Кенгаш котиби томонидан имзоланади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг якка тартибдаги тадбиркор томонидан қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳолатлари бўйича бевосита Кенгашга берилган мурожаатлари асосида қисқа муддатли текширишга рухсат берилмайди.

Бундай мурожаатлар ушбу Низомда белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун тегишли назорат қилувчи органга юборилади.


18. Юқори назорат қилувчи органлар ўзларининг ҳудудий бўлинмаларига якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини режадан ташқари қисқа муддатли текшириш ҳақидаги топшириқларни, бундай текширишни ўтказиш бўйича Кенгаш қарори мавжуд бўлган тақдирдагина, юборадилар.


19. Назорат тартибида текшириш назорат қилувчи орган томонидан ўзи илгари ўтказган текшириш натижалари бўйича фақат далолатномада (маълумотномада) белгиланган ҳолатлар бўйича ва муддатда ёки якка тартибдаги тадбиркор мурожаатига асосан ундан олдинроқ муддатда, бир иш куни давомида назорат қилувчи органнинг буйруғи асосида Кенгаш ёки унинг ҳудудий комиссиясининг қўшимча қарорисиз амалга оширилади.

Якка тартибдаги тадбиркор текшириш натижалари бўйича далолатномада (маълумотномада) белгиланган муддатда назорат тартибида текшириш ўтказишга рози бўлмаса, назорат тартибидаги текшириш муддати назорат қилувчи органнинг мурожаати асосида Кенгаш ёки вилоят ҳудудий комиссияси қарори билан белгиланади. Бунда ўтказилган текшириш натижалари бўйича далолатнома (маълумотнома) назорат тартибида текшириш ўтказишга асос бўлади.



3-БОБ. ТЕКШИРИШЛАРНИ ЎТКАЗИШ


20. Назорат қилувчи органлар текширишни Кенгашнинг қисқа муддатли текшириш ўтказиш тўғрисидаги қарори, назорат қилувчи орган раҳбарининг буйруғи ҳамда текшириш дастурига мувофиқ амалга оширади.

Текширишда назорат қилувчи органнинг ваколатлари ва текшириш дастурида белгиланган масалалар доирасидан четга чиқилмаслиги лозим.

Назорат қилувчи органнинг текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруғида текшириладиган якка тартибдаги тадбиркор номи, солиқ тўловчининг идентификация рақами, текшириш мақсади, текширувчи мансабдор шахс (шахслар), текшириш ўтказиш муддати ва текшириш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжат номи, рақами ва санаси кўрсатилади.


21. Текширувчи мансабдор шахс (шахслар) текшириш бошланишидан олдин якка тартибдаги тадбиркорни текшириш мақсади билан таништиради, унга ўз хизмат гувоҳномаси ва текшириш ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномасини кўрсатади, шунингдек мазкур Низомнинг 20-банди биринчи хатбошида кўрсатилган текширишни ўтказишга асос бўладиган ҳужжатлар нусхаларини тилхат олинган ҳолда топширади.


22. Текшириш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар нусхаси текширилаётган якка тартибдаги тадбиркорга тилхат олинган ҳолда топширилган пайт текширишни ўтказиш бошланган пайт ҳисобланади.

Текширилаётган якка тартибдаги тадбиркорнинг мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортганлиги текширишни бекор қилиш учун асос бўлмайди.

Текширилаётган якка тартибдаги тадбиркор мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортган тақдирда, текширувчи мансабдор шахс (шахслар) томонидан уларнинг ўзлари ва текширилаётган якка тартибдаги тадбиркор имзолайдиган далолатнома тузилади. Текширилаётган якка тартибдаги тадбиркор мазкур далолатномани имзолашдан бош тортганда, далолатномага текширувчи мансабдор шахс (шахслар) томонидан тегишли ёзув киритилади. Бу ҳолда далолатнома имзоланган пайт текширишни ўтказиш бошланган пайт ҳисобланади.


23. Текширувчи мансабдор шахс (шахслар) текшириш бошлангандан кейин якка тартибдаги тадбиркор томонидан тақдим этилган "Текширишларни рўйхатга олиш китоби"га тегишли ёзувларни белгиланган тартибда киритиши шарт.

Техник имконият мавжуд бўлганда мажбурий тартибда текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон шакли тўлдирилади. Бунда текширишларни рўйхатга олиш китобининг қоғоз шаклини тўлдириш талаб этилмайди.

Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномада "Текширишларни рўйхатга олиш китоби"нинг тўлдирилган шакли (қоғоз шакли тўлдирилганда - электрон шакли тўлдирилмаганлиги сабаби) ёки китоб тақдим этилмаганда - уни тақдим этилмаганлиги тўғрисида текширувчи мансабдор шахс (шахслар) томонидан тегишли ёзув киритилади.


24. Текшириш билан якка тартибдаги тадбиркорнинг бевосита текшириш ўтказиш йилидан олдинги беш календарь йилдан кўп бўлмаган фаолияти қамраб олиниши мумкин. Бунда:

текшириш ўтказилаётган календарь йил даврларини текширишга рухсат этилади;

текширишни ўтказаётган назорат қилувчи орган томонидан илгари текширилган масалалар бўйича қайта текшириш ўтказиш ман этилади.


25. Текширишлар натижалари далолатнома (маълумотнома) билан расмийлаштирилади. Текшириш далолатномаси (маълумотномаси) камида икки нусхада тузилади.

Текшириш далолатномасининг (маълумотномасининг) нусхалари назорат қилувчи органнинг текшириш ўтказаётган мансабдор шахси (шахслари) ва якка тартибдаги тадбиркор томонидан имзоланади ва бир нусхаси якка тартибдаги тадбиркорга уни олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйдириб топширилади ва шу пайтдан эътиборан текшириш тугаган ҳисобланади.

Текширилган якка тартибдаги тадбиркор ўтказилган текшириш натижаси бўйича ўз эътирозларини далолатномада (маълумотномада) ёзма равишда акс эттириши мумкин.

Текширилаётган якка тартибдаги тадбиркор текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномани (маълумотномани) олишдан ва (ёки) уни имзолашдан бош тортганда, текширувчи мансабдор шахс (шахслар) бу ҳақда текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномага (маълумотномага) тегишли ёзув киритади ва шу пайтдан эътиборан текшириш тугаган ҳисобланади.

Бу ҳолда текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг (маълумотноманинг) бир нусхаси бир иш куни давомида якка тартибдаги тадбиркорга почта орқали буюртма хат билан юборилади.

Текшириш натижалари тўғрисида далолатнома (маълумотнома) назорат қилувчи органнинг ички идоравий ҳужжати билан белгиланган тартибда рўйхатга олиб борилади.


26. Тадбиркорлик фаолияти субъектлари бирлашмаларининг аъзоси бўлган якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолиятини текширишлар якка тартибдаги тадбиркорлар сўровига кўра мазкур бирлашмалар вакиллари иштирокида амалга оширилиши, солиқ маслаҳатчилари ташкилоти томонидан ўзининг мижозига унда солиқ текширувлари ўтказиш вақтида солиқ маслаҳатлари бўйича хизматлар кўрсатилиши мумкин.

Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор текшириш ўтказиш вақтида адвокат хизматидан фойдаланиши мумкин.

Юқорида кўрсатилган бирлашмалар вакиллари, солиқ маслаҳатчиларини, адвокатларни текширишда иштирокини таъминлаш якка тартибдаги тадбиркорлар ташаббуси билан амалга оширилиши лозим.


27. Назорат тартибида текширишлар мазкур Низомнинг 20-банди учинчи хатбошида белгиланган тартибда расмийлаштирилган буйруқ асосида, 20 - 26-бандларида белгиланган тартибда ўтказилади ва натижалари 25-бандида белгиланган тартибда далолатнома билан расмийлаштирилади.



4-БОБ. НАЗОРАТ ҚИЛУВЧИ ОРГАНЛАРНИНГ

КЕНГАШ БИЛАН ҚЎШИМЧА РАВИШДА КЕЛИШУВСИЗ

АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН НАЗОРАТ ВАЗИФАЛАРИ


28. Назорат қилувчи органлар зиммаларига қонун ҳужжатлари билан юклатилган айрим назорат вазифаларини мазкур Низомнинг иловасида назарда тутилган ҳолларда Кенгаш билан қўшимча равишда келишувсиз амалга оширади.


29. Назорат қилувчи органлар томонидан Кенгаш билан қўшимча равишда келишувсиз амалга ошириладиган назорат тадбирлари назорат қилувчи орган раҳбари ёки ўринбосарининг буйруғи ҳамда тасдиқланган дастур асосида амалга оширилиб, натижаси бўйича икки нусхада далолатнома (маълумотнома) расмийлаштирилиб, унинг бир нусхаси санани кўрсатган ҳолда назорат тадбири ўтказилган якка тартибдаги тадбиркорга топширилади.


30. Назорат қилувчи органлар томонидан мазкур бобга мувофиқ ўтказилган назорат тадбирлари тўғрисидаги маълумотлар тегишлича йил якуни билан кейинги ойнинг 15-санасига қадар Кенгаш ишчи органига тақдим этилиб, улар текширишлар тўғрисидаги даврий маълумотларга киритилмайди.



5-БОБ. ТЕКШИРИШЛАРНИ ЎТКАЗИЛИШИ МОНИТОРИНГИ


31. Кенгаш, вилоят ва туман ҳудудий комиссиялари ишчи органлари Кенгаш вилоят ва туман ҳудудий комиссияларининг назорат қилувчи органлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари билан ўзаро алоқасини таъминлайди ҳамда назорат қилувчи органлар томонидан амалга оширилган текширишлар тўғрисидаги ахборотларни махсус компьютер дастури маълумотлар базасига киритган ҳолда ойма-ой таҳлил қилиб борадилар.


32. Назорат қилувчи органлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ўтказилган ҳар бир режадан ташқари қисқа муддатли текшириш бўйича назорат қилувчи орган ваколати доирасида чора кўриш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин 10 кунлик муддат ичида текширишнинг бошланган ва тугалланган санаси ҳамда унда аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишлича Кенгаш, вилоят ва туман комиссияларининг ишчи органларига тақдим этилади.


33. Кенгаш, вилоят ва туман ҳудудий комиссиялари томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар фаолияти ноқонуний текширилганлиги ҳолатлари аниқланган тақдирда тегишли чоралар кўриш учун бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар қилади.



6-БОБ. ЖАВОБГАРЛИК


34. Кенгаш ва ҳудудий комиссиялар ишчи органларининг ходимлари, шунингдек назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари мазкур Низом талабларига риоя этишлари, текшириш муносабати билан ўзига маълум бўлган тижорат сири, хизмат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлар, шунингдек ошкор этилмаган ахборотини учинчи шахсларга ошкор этмаслиги, ўз ваколатлари ва назорат соҳаси доирасидан ташқари масалалар бўйича ҳар қандай текширувлар ўтказмаслиги шарт.

Тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун тадбиркорлик субъектларига етказилган зарар бевосита айбдорлардан ундирилади.


35. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган Кенгаш ва ҳудудий комиссиялар ишчи органларининг ходимлари, шунингдек, назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.






Низомга

ИЛОВА



Назорат қилувчи органларнинг Кенгаш (ҳудудий

комиссиялари) билан қўшимча келишувсиз амалга

ошириладиган назорат функциялари

РЎЙХАТИ


Назорат қилувчи органлар томонидан якка тартибдаги тадбиркорга тақдим этиладиган назорат қилувчи орган раҳбарининг ёзма буйруғи асосида Кенгаш (вилоят комиссиялари) билан қўшимча келишувсиз назорат функциялари қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

давлат солиқ хизмати органлари томонидан ва бошқа ваколатли органлар томонидан якка тартибдаги тадбиркорларнинг тақиқланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва сотиш (хизмат) ҳолатларини бартараф этиш бўйича тезкор тадбирлар ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ёки ҳудудий давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари томонидан тегишли буйруқлар асосида сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлайдиган, оқава сувларни чиқариб ташлайдиган якка тартибдаги тадбиркорларда намуналар танлаб олиш йўли билан сут ва сут маҳсулотлари, оқова сувларни ҳар ойда лабораторияларда тадқиқ этишни амалга ошириш, шунингдек мавжуд қонунларга кўра тиббий кўрикдан ўтиши керак бўлган савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларида тиббий шаҳодатланиш дафтарчаларининг мавжудлигини олти ойда кўпи билан бир маротаба мониторингдан ўтказиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ уларга берилган ваколатлар доирасида якка тартибдаги тадбиркорларда:

давлат солиқ хизмати органлари томонидан - фаолият кўрсатиш ҳуқуқини берувчи рухсатномаларнинг, солиқ ва мажбурий тўловларнинг тўланганлиги тўғрисидаги квитанциялар ёки бошқа тўлов ҳужжатлари, товар чеклари китобчаси (якка тартибдаги тадбиркорлар чакана савдо фаолияти билан шуғулланган ҳолларда) мавжудлиги;

белгиланган тартибда расмий равишда ўз фаолиятини тўхтатган даврда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини давом эттираётган жисмоний шахслар фаолиятида текширишлар ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси ёки унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан гўшт ва сут маҳсулотларини белгиланмаган жойларда ҳамда келиб чиқиши ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатларсиз сотилиши устидан назорат ишларининг амалга оширилиши;

Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияси ва туманлар (шаҳарлар) бош архитекторлари томонидан молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, барча қурилишларда, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жой қурилиш объектларида рухсат берилган ҳужжатлар мавжудлиги ва шаҳарсозлик норма ҳамда қоида талабларига риоя этилаётганлиги борасида субъектнинг молия-хўжалик фаолиятига аралашмасдан қисқа муддатли текширишлар ўтказилганда;

якка тартибдаги тадбиркор фаолияти тугатилгандан кейинги даврда аниқланган, у фаолият кўрсатган вақтда йўл қўйилган қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотларни назорат қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан фуқаронинг якка тартибдаги тадбиркор томонидан иш ҳақи белгиланган муддатда тўланмаганлиги тўғрисидаги мурожаатини, назорат тадбири ўтказиладиган якка тартибдаги тадбиркор тўғрисида вазирлик томонидан Кенгаш ишчи органини олдиндан хабардор қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси меҳнат вазири буйруғи асосида ўрганиш;

давлат солиқ хизмати органлари томонидан нақд пул маблағлари ёки пластик карточка орқали амалга оширилган тўлов шаклидан келиб чиқиб нархларни сунъий равишда ошириш ёки камайтириш, назорат-касса машиналари, тўлов терминалларини қўллаш, шунингдек ўрнатилган тартибда талон ва чекларни берилиши, нақд пул тушумларининг тўлиқ ҳажмда инкассация қилиниши масалалари бўйича текширишлар ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан энергия ресурслари етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги ҳамда ҳаққонийлиги, ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан текширишлар ўтказиш;

Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти томонидан ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарлари, пахта шроти ва шелухасига бўлган нархларни ошириш, уларни харид қилиш, етказиб бериш ва сотишда суиистеъмол қилинишлар ва коррупция ҳолатларини аниқлаш бўйича тезкор-қидирув чора-тадбирлари олиб борилиши;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 сентябрдаги ПҚ-3286-сон "Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори талабларига мувофиқ амалга оширилиши устидан назорат ўрнатилганда.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 15 май, 19-сон, 348-модда



































Время: 0.0041
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск