язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.06.2017 й. 346-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 2 июндаги

346-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Ташқи савдо вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) ваколатли давлат органи бўлиб, ташқи савдо соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш учун масъул ҳисобланади ҳамда ташқи савдо фаолиятини тартибга солиш соҳасида давлат бошқаруви органлари ишини мувофиқлаштиради.


2. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


3. Вазирлик тизимига марказий аппарат, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 13 апрелдаги ПҚ-2887-сон қарорининг 1-иловасида кўрсатилган ташкилотлар (кейинги ўринларда Вазирликка қарашли ташкилотлар деб аталади).

Вазирлик Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ваколатли вакилларига эга.


4. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилади.


5. Вазирлик ўз фаолиятини давлат бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан бевосита ва ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


6. Вазирликни ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ваколатли вакилларини моддий-техник таъминлаш, шунингдек Вазирлик тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


7. Вазирлик юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



2-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ташқи савдо фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

жаҳон бозорларининг комплекс маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш дастурларини амалга оширишда кўмаклашиш, ташқи бозорлардаги талаб-эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган юқори қўшилган қийматли маҳсулотларнинг рақобатдошлигини кучайтириш ва ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури ва хилларини тизимли асосда таҳлил қилиш, ташқи бозорларда уларнинг рақобатдошлиги даражасини аниқлаш, тегишли маълумотлар базасини шакллантириш;

товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар билан савдо ҳамкорлигини кенгайтириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашиш, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган товарлар, ишлар ва хизматларнинг ташқи бозорларга чиқиши учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш, сотиш бозорларини диверсификациялашга йўналтирилган тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ишончли хорижий савдо шерикларини излаш ва танлашда хўжалик юритувчи субъектларга, шунингдек, маҳаллий корхоналарнинг тендер савдоларида, халқаро савдо-саноат кўргазмалари, ярмаркаларида ва хорижий мамлакатларда ўтказиладиган бошқа шундай тадбирларда иштирок этишларига амалий ёрдам кўрсатиш;

импорт бўйича келтириладиган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг ҳажми ва таркибини чуқур таҳлил қилиш, маҳаллий хом ашё негизида импорт ўрнини босадиган тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқариш ҳамда уларни маҳаллийлаштириш масалалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини ошириш бўйича концепция ва дастурларни ишлаб чиқишда қатнашиш;

ташқи савдо асосий кўрсаткичлари параметрларини шакллантиришда ва Ўзбекистон Республикасининг божхона-тариф сиёсатини такомиллаштиришда иштирок этиш, ташқи савдони либераллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

товарлар (ишлар ва хизматлар), шу жумладан, ўзига хос товарлар ва саноат маҳсулотлари ташқи савдоси, шунингдек, ташқи савдода тариф ва нотариф бошқаруви чораларини қўллаш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш билан боғлиқ тадбирларни мувофиқлаштириш;

ташқи иқтисодий фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш чораларини амалга ошириш бўйича таклифлар киритиш;

Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо инфратузилмасини ривожлантириш, хусусан транзит салоҳиятини, логистика ва транспорт йўлакларини ривожлантириш масалалари бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.


9. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) ташқи савдо фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

давлат бошқаруви органларининг ташқи савдо фаолиятини тартибга солиш бўйича ишларни мувофиқлаштиради;

эркин ва тенг ҳуқуқли шерикчилик тамойилларига асосланган, ўзаро манфаатли ва дискриминация қилинмайдиган ташқи савдо фаолиятини амалга ошириш жараёнида қулай шарт-шароитларни яратишда қатнашади;

товарлар, хизматлар ва ишлар, шу жумладан стратегик товарлар ва саноат маҳсулотлари ташқи савдосида давлат сиёсати билан боғлиқ тадбирларни мувофиқлаштиради, тариф ва нотариф чораларини қўллашни тартибга солади;

экспортни назорат қилиш соҳасида ваколатли давлат органи функциясини бажаради;

ўз ваколати доирасида ташқи савдо соҳасидаги қонунчилик ҳамда вазирлик фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича тушунтиришлар беради;

ташқи иқтисодий фаолиятнинг электрон тижорат соҳасида ташқи савдо сиёсатини шакллантиришда иштирок этади;

минтақавий ва халқаро иқтисодий интеграцияни амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ташқи савдо ҳамкорлиги соҳасида Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари доирасида томонлар мажбуриятларининг бажарилишини мониторинг қилади;

савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасида халқаро муносабатларни ривожлантириш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг хорижий хизмат сафарлари ҳамда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, нодавлат тузилмалар ҳамда ишбилармон доиралар вакилларининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи натижалари бўйича эришилган келишувларнинг амалга оширилиши устидан тегишли мониторингни таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси делегацияларини хорижий мамлакатларга давлат ташрифлари ва сафарлари билан боғлиқ тадбирларни ташқи савдо жиҳатидан ахборот-таҳлилий, шартномавий-ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан таъминлашда иштирок этади;

ташқи савдо келишувлари ва халқаро битимлар шартлари асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида содир бўлган енгиб бўлмас кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлайди;

чет эл ҳамда республика ҳудудида ташқи савдо фаолиятига оид тадқиқот ва изланишлар, ўқув амалиётлари ва семинарлари, малака ошириш курслари ўтказишни ташкиллаштиради;

б) жаҳон бозорларининг комплекс маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш дастурларини амалга оширишда кўмаклашиш, ташқи бозорлардаги талаб- эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган юқори қўшилган қийматли маҳсулотларнинг рақобатдошлигини ошириш ва ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси хўжалик юритувчи субъектларининг хорижий шериклар билан узоқ муддатли, барқарор шериклик муносабатларини йўлга қўйиш мақсадида ташқи бозорларини тадқиқ этади;

халқаро савдо ҳолатини, хорижий давлатларидаги иқтисодий вазиятни таҳлил қилади, конъюнктурани ўрганади ва шу асосда ташқи бозорларнинг ривожланиш тенденциясини прогнозлаштиради;

ташқи бозорларнинг истиқболлари ва самарадорлигини инобатга олган ҳолда ташқи бозорларнинг ривожланиш ҳолати ва прогнозини чуқур таҳлил қилади;

асосий экспорт номенклатураси бўйича маркетинг ва таҳлилий маълумотлар тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикаси раҳбариятини ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасини ташқи савдо масалалари бўйича зарур ахборотлар билан таъминлашни амалга оширади;

республикамиз ташкилотларидаги маркетинг хизматларини ташкил этишда ва фаолиятида услубий ва амалий ёрдам беради;

Ўзбекистон Республикаси вазирлик, идора ва хўжалик субъектлари билан биргаликда ташқи савдо соҳасида халқаро саноат кўргазмалари, ярмаркалар, конференциялар ва бошқа тадбирларни мамлакатимизда ва хорижда ташкил қилади ва ўтказади;

тақдимотлар, реклама тадбирлари ва акциялар ўтказиш, махсус адабиётлар, буклетлар чоп этиш, Интернет халқаро ахборот тармоғида махсус веб-сайтлар яратиш орқали Ўзбекистон Республикасининг юқори халқаро мавқеини шакллантиради ва қўллаб-қувватлайди;

в) хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури ва хилларини тизимли асосда таҳлил қилиш, ташқи бозорларда уларнинг рақобатдошлиги даражасини аниқлаш, тегишли маълумотлар базасини шакллантириш соҳасида:

тадқиқотлар ўтказади ва улар асосида мамлакатнинг асосий экспорт товарларининг қисқа, ўрта ва узоқ муддатларда жаҳон бозоридаги вазиятларнинг ривожланишини ишлаб чиқади;

ташқи иқтисодий фаолият субъектларига экспорт қилаётган маҳсулотлари бўйича ҳуқуқий, нарх, молиявий хусусиятлари тўғрисида маълумотлар, консультациялар бериб боради;

Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасини юритади;

экспортбоп маҳсулотлар, шунингдек, соҳа корхоналарининг экспорт маҳсулотлари ва экспортчилар бўйича маълумотлар базасини яратади ва юритади;

г) товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар билан савдо ҳамкорлигини кенгайтириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашиш, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган товарлар, ишлар ва хизматларнинг ташқи бозорларга чиқиши учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш, сотиш бозорларини диверсификациялашга йўналтирилган тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

хорижий давлатлар бозорлари маркетингини тадқиқ этиш асосида, товарларнинг янги турларини, уларни кейинчалик экспорт қилиш учун ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқади;

экспорт салоҳиятни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқади, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, мамлакатнинг экспорт сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш билан боғлиқ тадбирларни мувофиқлаштиради;

ташқи сотиш бозорлари эҳтиёжлари ва талабларини ўрганади, экспорт стратегиясини, шунингдек экспорт номенклатурасини кенгайтириш ва ҳажмини кўпайтириш, экспортни молиялаштириш механизмини такомиллаштириш, миллий товар ишлаб чиқарувчиларнинг ҳам анъанавий экспорт номенклатураси билан савдо қилиш шарт-шароитларини мақбуллаштириш ва янги воситаларни жорий этиш ҳисобига, ҳам ноанъанавий экспорт маҳсулотлари (ишлар ва хизматлар)нинг бошқа турларини киритиш ва экспорт номенклатурасини диверсификациялаш ҳисобига халқаро бозорларга чиқиши бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Вазирликка қарашли ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради;

Вазирликка қарашли ташкилотлар томонидан миллий товар ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларининг экспорт прогнози ижроси бўйича мониторинг олиб боради;

ташқи савдо инфратузилмасининг жаҳон электрон савдо тизимига интеграцияси, Интернетнинг глобал тармоғида миллий ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчиларнинг мавжуд бўлишини кучайтириш, Ўзбекистон Республикасининг Ташқи иқтисодий фаолият ахборот марказини ташкил этиш бўйича дастурлар ва комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган товарларини сотиш бозорларини диверсификация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

республика хўжалик юритувчи субъектларининг ташқи бозорларга кириб бориши учун қулай шарт-шароитларни таъминлашга доир комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади, ташқи иқтисодий ҳамкорликнинг ҳар хил шакллари кенгайтирилишига кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган муассасаларнинг чет элда ташкил этилган ташкилотлари реестрини яратади ва юритади;

давлат бошқарув ва хўжалик органлари томонидан берилган маълумотлар асосида экспорт ва импорт прогнозлари бажарилиши таҳлилини ва мониторингини олиб боради, экспорт ва импорт суръатлари, улуши ва самарадорлиги прогнозини амалга оширади ва уларни мувофиқлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

асосий товарларни, шу жумладан рангли металлар ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспортга етказиб бериш балансини ишлаб чиқишда иштирок этади;

ўтказилган маркетинг тадқиқотлари ва ташқи бозорларни ўрганиш натижасида хўжалик юритувчи субъектларга ишлаб чиқариш қувватлари, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг стандартлари ва сифатларини оптималлаштириш бўйича ўз тавсияларини беради;

д) ишончли хорижий савдо шерикларни излаш ва танлашда хўжалик юритувчи субъектларга, шунингдек, маҳаллий корхоналарнинг тендер савдоларида, халқаро савдо-саноат кўргазмаларида, ярмаркаларида ва хорижий мамлакатларда ўтказиладиган бошқа шундай тадбирларда иштирок этишларига амалий ёрдам кўрсатиш соҳасида:

республика ташкилотлари томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни экспортга сотишни ташкил этишда қатнашади ва уларга хорижий бозорларнинг маркетинг тадқиқотларини амалга оширишда кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини чет элда белгиланган тартибда ифодалайди ва ҳимоя қилади, Ўзбекистон Республикаси вакилларининг халқаро ва хорижий ташкилотлар томонидан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этишига кўмаклашади;

е) импорт бўйича келтириладиган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг ҳажми ва таркибини чуқур таҳлил қилиш, маҳаллий хом ашё негизида импорт ўрнини босадиган тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқариш ҳамда уларни маҳаллийлаштириш масалалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини ошириш бўйича концепция ва дастурларни ишлаб чиқишда қатнашиш соҳасида;

миллий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар сифатини ошириш бўйича дастур ва концепция ишлаб чиқишда қатнашади, маҳаллий хом ашё асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босиш масалалари бўйича таклифларни белгиланган тартибда киритади;

маҳаллийлаштириш дастурини шакллантириш учун ташқи бозорлар коньюнктурасини тизимли ўрганиш ҳамда импорт қилинаётган маҳсулотлар номенклатураси, структураси ва ҳажмларини чуқур таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган таклифларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига киритади;

маҳаллийлаштирилган маҳсулотни ишлаб чиқариш технологик жараёнида ишлатиладиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган технологик жиҳозлар, эҳтиёт қисмлар, материаллар ва компонентлар тоифасига кирадиганларни олиб киришда хулосалар беради, ички ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун корхоналар томонидан маҳсулотларни олиб келиш сертификати, товарларни келиб чиқиш сертификати бўйича мустақил равишда амалга оширади ёки ўзининг ваколатларини ўз ташкилотларига беради;

ж) ташқи савдо асосий кўрсаткичлари параметрларини шакллантиришда ва Ўзбекистон Республикасининг божхона-тариф сиёсатини такомиллаштиришда иштирок этиш, ташқи савдони либераллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқади, ташқи савдо асосий кўрсаткичлари параметрларини шакллантиришда ва мамлакат божхона-тариф сиёсатини такомиллаштиришда қатнашади;

ташқи савдони либераллаштириш ва унга кўмаклашиш, республиканинг рейтинг кўрсаткичларини яхшилаш, Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ташқи савдода имтиёзли режимлар қўллаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

импортни оптималлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

з) товарлар (ишлар ва хизматлар), шу жумладан ўзига хос товарлар ва саноат маҳсулотлари ташқи савдоси, шунингдек, ташқи савдода тариф ва нотариф бошқаруви чораларини қўллаш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш билан боғлиқ тадбирларни мувофиқлаштириш соҳасида:

товарларни олиб кириш ва олиб чиқиш бўйича миқдорий чекловларни жорий этиш, алоҳида турдаги товарларни экспорт ва (ёки) импорт қилиш бўйича давлат монополиясини ўрнатади, шунингдек товарларни олиб кириш ва олиб чиқишга нисбатан ҳимоялаш, компенсация, антидемпинг ва бошқа чораларни қўллаш тартиби бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божларини татбиқ этиш борасида белгиланган тартибда ўрганишларни олиб боради;

Жаҳон савдо ташкилоти (кейинги ўринларда ТСББ/ЖСТ деб юритилади) билан ишлар бўйича идоралараро комиссияси котибияти вазифасини бажаради, мамлакатнинг ТСББ/ЖСТга аъзо бўлиб кириши учун чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида вазирлик ва идоралар ҳамкорлигини таъминлайди, шу жумладан, қонунчиликни ТСББ/ЖСТ норма ва қоидаларига мослаштиради;

ТСББ/ЖСТ тамойилларига мувофиқ олдиндан жўнатиш инспекцияси, сертификатлаштириш тизимини ривожлантириш ва жўнатишдан олдин текшириш инспекцияси ташкилот фаолиятини мувофиқлаштириш ишларида қатнашади;

ташқи савдода халқаро иқтисодий низоларни ҳал этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади, Ўзбекистон Республикаси тадбиркорлик субъектларига хорижий мамлакатларда иқтисодий низоларни судгача ҳал этишда белгиланган тартибда ёрдам кўрсатади;

экспорт учун муҳим товарларни, шу жумладан рангли металлар ва бошқа маҳсулотларни етказиб беришда иштирок этади;

ташқи савдода техник тўсиқларни қўллаш бўйича ишларда иштирок этади;

и) ташқи иқтисодий фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш чораларини амалга ошириш бўйича таклифлар киритиш соҳасида:

экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг сони ва сифатини эксперт баҳолаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифларни шакллантиради ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

экспорт фаолиятини рағбатлантиришда халқаро тажрибани ўрганиш ва қонунчилик таҳлили асосида экспорт салоҳиятини кенгайтириш соҳасида қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

экспорт билан шуғулланувчи ташкилотларни иқтисодий жиҳатдан рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ташқи савдо ҳамкорлигининг устувор йўналишларини шакллантиришга доир таклифлар ишлаб чиқади;

ташқи савдо масалалари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати топшириғига асосан хорижий давлатларнинг ташқи иқтисодий органлари ва компаниялари ҳамда халқаро ташкилотлар билан музокаралар олиб боради ва халқаро шартномаларни имзолайди;

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан савдо-иқтисодий ва транспорт коммуникацияси масалаларидаги ҳамкорлиги бўйича халқаро шартномалар лойиҳаларини келишади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

к) Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо инфратузилмасини ривожлантириш, хусусан, транзит салоҳиятини, логистика ва транспорт йўлакларини ривожлантириш масалалари бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда транспорт, транспорт алоқалари ва халқаро логистика соҳасида ташқи савдо сиёсати масалалари бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

республиканинг транзит салоҳиятини ошириш, транспорт-коммуникацион тизимларини халқаро транспорт коммуникациясига интеграция қилиш мақсадида Ўзбекистон ташқи савдо товарларини оптималлаштириш, янги транспорт йўналишларини (йўлакларини) кўпайтириш мақсадида чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида транзит орқали ўтадиган хавфли юклар, қурол-аслаҳалар, ҳарбий ускуналар, ҳарбий мулклар, портловчи моддалар ва маҳсулотларни ўтказиш чоғида белгиланган тартибда хулоса беради.

Вазирлик қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзига юкланган бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.



3-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. Вазирлик ўзига юкланган асосий вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

хорижий давлатларнинг органлари, чет элдаги халқаро ташкилотлар, ва компаниялар, хорижий давлатларнинг элчихоналари ва миссиялари, Ўзбекистон Республикасидаги халқаро ташкилотлар ва хорижий компаниялар билан тўғридан-тўғри алоқаларни амалга ошириш ва ўзаро хат ёзишмалари олиб бориш;

хорижий давлатлар билан белгиланган тартибда техник ва иқтисодий ахборотларни айирбошлашни амалга ошириш ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ вазирликлар, идоралар ва ташқи иқтисодий фаолият субъектларидан ахборотларни сўраб олиш;

Вазирлик ваколати доирасига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш учун зарур маълумотларни вазирлик, идора ва хўжалик субъектларидан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

тегишли вазирликлар, идоралар, давлат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимият ва бошқа давлат бошқаруви органлари масъул шахсларининг Вазирлик ваколати доирасига кирувчи масалалар бўйича ҳисоботларини эшитиш;

ташқи савдо фаолиятини амалга оширишнинг белгиланган тартибини бузаётган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва ҳолатларда чоралар кўриш бўйича таклифлар киритиш;

ташқи савдо масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи, илмий-техник ва бошқа кенгашлар, идоралараро эксперт комиссиялари тузиш, махсус кенгашлар чақириш, шунингдек маслаҳатлар олиш, ушбу масалаларни ўрганиш ва ҳал қилиш учун ҳам республикадан, ҳам хориждан олимлар, мутахассислар ва экспертларни шартнома асосида жалб этиш;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ Вазирликнинг ижтимоий инфратузилмасини шакллантириш ва такомиллаштириш, Вазирлик ходимлари меҳнатини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг ягона тизимини шакллантириш;

Вазирликнинг ва Вазирлик розилиги билан Вазирликка қарашли ташкилотларнинг расмий таклифига кўра Ўзбекистонга келган хорижий делегацияларнинг республика ҳудудида яшаши ва транспорт харажатларига зарур ҳолатларда ҳақ тўлаш;

Вазирлик тизимида бюджет маблағларидан оқилона фойдаланилишини мунтазам назорат қилиш;

Вазирлик ваколати доирасига кирувчи масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, расмий эълонларни чоп этиш ва бошқа материалларни жойлаштириш учун белгиланган тартибда босма ва электрон оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш.

Вазирлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Вазирлик ўз ваколатлари доирасида вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳақли.

Вазирлик, зарур ҳолларда, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар чиқаришга ҳақли.


12. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


13. Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланадиган ва лавозимдан озод этиладиган вазир бошчилик қилади.

Вазирнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бир нафар ўринбосари бўлади.


14. Вазир:

Вазирлик фаолиятига яккабошчилик асосида умумий раҳбарликни амалга оширади ҳамда Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Вазирлик марказий аппарати ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида марказий аппарат штатлар жадвалини, шунингдек харажатлар сметасини тасдиқлайди;

Вазирлик марказий аппарати ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига ваколатли вакилларни тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари билан келишган ҳолда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Вазирликнинг марказий аппарати ташкилий тузилмалари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ваколатли вакиллар тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

Вазир қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.


15. Вазирликда вазир (ҳайъат раиси), вазир ўринбосари, Вазирлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи бўлинмалар раҳбарларидан иборат ҳайъат тузилади.

Вазирнинг тақдимномасига асосан, ҳайъат аъзолари сони ва шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


16. Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

ушбу Низомда белгиланган, ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича Вазирлик фаолиятининг асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Вазирлик номенклатурасига кирувчи лавозимларга кадрларни танлаш, жойлаштириш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашда Вазирлик раҳбарияти ва ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш орқали ижро интизомини мустаҳкамлаш;

Ҳайъат Вазирлик ваколатига кирувчи бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқишга ҳақлидир.

Ҳайъат йиғилишларига юқори ташкилотлар вакиллари, давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий ҳокимият ва бошқа давлат бошқаруви органлари, жойлардаги ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари вазир буйруқлари билан амалга оширилади. Вазир ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, вазир ушбу келишмовчиликлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазалари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот беришлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби ҳайъат томонидан тасдиқланадиган регламент билан белгиланади.


17. Вазирлик тизимида ва Вазирликка қарашли ташкилотларда сафарбарлик тайёргарлиги бўйича чора-тадбирларни белгиланган тартибда амалга оширади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


18. Вазирликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 12 июнь, 23-сон, 471-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 6-сон, 90-модда