язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.05.2017 й. ПҚ-3009-сон "Ўзтадбиркорэкспорт" акциядорлик жамияти фаолиятининг самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

26.05.2017 й.

N ПҚ-3009



"ЎЗТАДБИРКОРЭКСПОРТ"

АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ ФАОЛИЯТИНИНГ

САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШГА ОИД  ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


"Ўзтадбиркорэкспорт" акциядорлик жамияти фаолияти самарадорлигини янада ошириш, унинг барқарор молиявий ва иқтисодий ривожланишини рағбатлантириш, бунинг асосида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, деҳқон ва фермер хўжаликларига уларнинг маҳсулотларини экспорт қилишда самарали ёрдам кўрсатишни таъминлаш, республика ҳудудларида экспорт фаолиятига янги иштирокчиларни жалб этиш, шунингдек, маҳсулотларни экспортга етказиб беришни кенгайтириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг хорижда "Ўзтадбиркорэкспорт" АЖнинг кенг жойлашишини таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга ошириш, чет эл ҳамкорлари сонини кенгайтириш, "Ўзтадбиркорэкспорт" АЖ номини акциядорлик жамияти кўринишидаги "Ўзтрейд" ихтисослаштирилган ташқи савдо компаниясига (кейинги ўринларда "Ўзтрейд" АЖ) ўзгартириш йўли орқали ташқи бозорларда ишончли ва барқарор компания имиджини шакллантириш таклифига розилик берилсин.


2. "Ўзтрейд" АЖ фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга ташқи бозорлардаги талаб ва таклифни тизимли ўрганиш ва бунинг асосида тайёр рақобатдош маҳсулотни ишлаб чиқаришга буюртмаларни жойлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликларининг маҳсулотларини экспортга йўналтириш, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сотиш бўйича янги бозорларни излаш ва ўзлаштириш;

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликлари билан биргаликда замонавий ишлаб чиқаришлар, иссиқхоналар, музлатиш камералари, кейинчалик уларни экспорт қилиш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саралаш, қадоқлаш ва қайта ишлаш бўйича қувватларни ташкил этиш;

экспортга мўлжалланган маҳсулотларни сертификатлаш, реклама тадбирларини ўтказиш, уларнинг халқаро ярмаркалар ва кўргазмаларда иштирок этишини ташкиллаштириш, маҳсулотларни экспорт қилишда ахборот ва консультатив қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича деҳқон ва фермер хўжаликларига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ёрдам кўрсатилишини таъминлаш;

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликлари буюртмаларига кўра республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик ускуна, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, хом ашё ва материалларни белгиланган тартибда етказиб беришни амалга ошириш.


3. "Ўзтрейд" АЖнинг бошқарув ходимлари чекланган сони 39 нафардан иборат ижро этувчи аппарати тузилмаси 1-иловага* мувофиқ маъқуллансин.


4. "Ўзтрейд" АЖ ва мазкур қарорнинг 2-иловасига* мувофиқ унинг таркибига кирувчи ташкилотларга ўз маҳсулотларини экспортга етказиб беришни амалга ошираётган, ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспорт қилаётган корхоналар учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган солиқ имтиёзлари ва преференциялари жорий этилсин.


5. "Ўзтрейд" АЖга:

озиқ-овқат уни ва буғдойни консигнация шартларида, озиқ-овқат буғдойидан фойдаланишнинг тасдиқланган баланси ҳажмлари доирасида "Ўзтрейд" АЖнинг хориждаги савдо уйлари манзилига тушириш;

истисно тариқасида, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликлари маҳсулотларини (янги мева ва сабзавот маҳсулотларидан ташқари) банк кафолатлари ёки сиёсий ва тижорат хавфларидан экспорт шартномаларини суғурталаш полисларини тақдим этмасдан, республика ташкилотларининг умумлаштирилган улуши билан бир қаторда, савдо уйининг устав фондидаги "Ўзтрейд" АЖнинг 51 фоиздан кам бўлмаган улушини ҳисобга олган ҳолда консигнация шартларида экспорт қилинадиган маҳсулотларни савдо уйлари манзилларига туширишга рухсат этилсин.


6. "Ўзагроэкспортбанк" акциядорлик тижорат банки ва Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасига "Ўзтрейд" АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларга айланма маблағларни шакллантириш ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кичик тадбиркорлик субъектларининг экспортолди молиялаштирилишини амалга ошириш учун имтиёзли кредит линияларини ажратиш тавсия этилсин.


7. Муддати ўтган дебиторлик ва кредиторлик қарзларини қисқартириш ва бюджетга бўлган тўловлар интизомини мустаҳкамлаш республика комиссияси (Р.С. Азимов) қайта ташкил этилаётган "Ўзмарказимпекс" АЖ ва "Ўзинтеримпекс" АЖ ташқи савдо компанияларининг имконсиз дебиторлик ва кредиторлик қарзларини қисқартириш бўйича таклифларни бир ой муддатда кўриб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги зиммасига "Ўзтрейд" АЖ давлат акциялари пакети бўйича акциядорлик функциялари юклатилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги:

икки ой муддатда уларнинг активларини кейинчалик "Ўзтрейд" АЖнинг устав фондини шакллантириш учун ўтказган ҳолда "Ўзмарказимпекс" АЖ ва "Ўзинтеримпекс" АЖ ташқи савдо компанияларини қайта ташкил этиш жараёнларини белгиланган тартибда якунласин;

белгиланган тартибда "Ўзтадбиркорэкспорт" ИТСКни тугатиш бўйича зарур чора-тадбирларни кўрсин;

Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 3-иловага* мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.


12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                           Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 5 июнь, 22-сон, 422-модда