язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига Шарҳ

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

"Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни

янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий

фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари

тўғрисида"ги қарорига

ШАРҲ



2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини татбиқ этиш доирасида тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини рағбатлантириш ва кенгайтириш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилди.

Фақатгина жорий йилнинг ўтган даврида 360 дан ортиқ янги корхоналар экспорт фаолиятига жалб қилинди, 120 дан ортиқ янги маҳсулотларнинг экспорти ўзлаштирилди, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, минерал ўғитлар, енгил автомобиллар ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган бошқа маҳсулотларнинг экспорт ҳажмлари сезиларли даражада ортди.

2016 йилда ташкил қилинган "Ўзагроэкспорт" ихтисослаштирилган ташқи савдо компаниясининг маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқиш ва янги бозорларни ўзлаштириш бўйича фаолияти сезиларли даражада фаоллашди, натижада жорий йилнинг бошидан 230 минг тоннадан ортиқ мева ва сабзавотлар экспортга етказиб берилди.

Шу билан бирга, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти соҳасидаги фаолият таҳлили фойдаланилмаётган катта салоҳият сақланиб қолинаётганлиги ва мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари экспорт фаолиятида кенг кўламда иштирок этишлари учун бюрократик тўсиқ мавжудлигини кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 21 июнида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган "Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор, аввало, барча мева-сабзавот маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларнинг ўз маҳсулотларини ташқи бозорларга мустақил етказиб беришини қўллаб-қувватлаш ва шу асосда "Ўзагроэкспорт" АЖ монополиясини бекор қилишга қаратилган. Шу мақсадда 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб барча тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот маҳсулотлари, узум ва полиз маҳсулотларини тўловни олдиндан 100 фоиз амалга ошириш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилиш ҳуқуқи берилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу чоралар мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини кенгайтириш билан биргаликда деҳқон ва фермер хўжаликларини ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, шу жумладан, такрорий экинлар экиш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигини оширишга рағбатлантиради. Бу эса, ўз навбатида, ишлаб чиқарилаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг нархи ва сифати бўйича ташқи бозорларда рақобатдошлигини ошириш имконини беради. Энг муҳими, деҳқон ва фермер хўжаликлари етиштирган маҳсулотларининг ҳақиқий эгаси сифатида улардан ўз ихтиёрига кўра фойдаланиш, мустақил экспорт қилиш, даромадларини ошириш, оиласининг моддий фаровонлигини кўтаришлари мумкин бўлади, қўшимча валюта тушумлари эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва уларни чуқур қайта ишлаш бўйича янги лойиҳаларни инвестициялаш учун имконият яратади.

Шу билан бирга, маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш учун чет элда қабул қилинган меъёр ва стандартларга маҳсулотларнинг мувофиқлигини таъминлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш талаб этилади. Шу мақсадда Президент қарори билан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига бир ой муддатда миллий қонунчилик ҳужжатларига халқаро карантин қоидаларини татбиқ этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.

Қабул қилинган қарорнинг муҳим жиҳатларидан бири, нафақат маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга, балки маҳсулотларни чет элга экспорт қилишда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга кўмаклашадиган ташқи савдо ташкилотларига ҳам экспорт фаолиятини амалга оширишда тенг шароитлар яратилди. Бундан ташқари, ишлаб чиқарувчи-экспорт қилувчилар учун қўлланиладиган амалдаги қонунчиликда кўзда тутилган имтиёз ва қулайликлар эндиликда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари экспорти билан шуғулланадиган барча тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилади. Бу экспорт билан тегишли тажриба ва зарур маблағларга эга, доимий равишда жаҳон бозори конъюнктурасини кузатиб борадиган ҳамда ташқи бозорларда ишончли ҳамкорлари бор ихтисослаштирилган компанияларнинг маҳсулотлар экспорти билан шуғулланиши халқаро амалиётга тўлиқ мос келади.

Бундан ташқари, ушбу меъёрнинг татбиқ этилиши замонавий маркетинг усулларидан, шунингдек, ташқи савдо компанияларининг имконият ва афзалликларидан максимал фойдаланиш имконини беради, бу, ўз навбатида, республикамиз экспорт салоҳиятини сезиларли даражада кучайтиришга, экспорт географияси ва маҳсулотлар экспорти номенклатурасини кенгайтиришга олиб келади.

Шунингдек, ҳужжатда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширадиган тадбиркорлик субъектларининг рухсат олиш тартибидан ўтишдаги, шу жумладан, маҳсулотларга мувофиқлик сертификатларини расмийлаштириш муддатларининг чўзилиб кетиши каби айрим қийинчиликлар юзасидан кўплаб давлат органларига мурожаатларнинг ечими ўз аксини топган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан бундан буён сертификатлаш идоралари томонидан ишлаб чиқариладиган ва четдан олиб кириладиган маҳсулотларга мувофиқлик сертификатлари 3 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда расмийлаштирилиши қатъий белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга, қарорда ташқи бозорлардаги ноқулай конъюнктура шароитида ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни таннархидан паст нархда экспорт қилишга мажбур бўлган корхоналар учун солиқ юкини камайтириш чораси назарда тутилган. Шундай қилиб, Махсус эксперт комиссиясининг хулосалари асосида таннархидан паст нархларда экспорт қилинган товарлардан (иш, хизмат) тушум уларнинг амалдаги сотув нархларидан келиб чиққан ҳолда солиққа тортилади, бу ишлаб чиқарувчига солиқдан озод бўлган маблағлар ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг таннархини янада пасайтириш бўйича чораларни амалга ошириш имконини беради.

Хулоса ўрнида айтганда, мазкур қарор меъёр ва тартибларининг амалга оширилиши республикамизнинг экспорт салоҳиятини кучайтириш, экспорт географиясини кенгайтириш ва диверсификация қилиш, ташқи бозорларга маҳаллий маҳсулотларни олиб чиқишда замонавий маркетинг усулларидан фаол фойдаланиш, шунингдек, маҳсулотлар экспорти билан шуғулланувчи корхоналар сонини кўпайтириш ҳамда уларнинг молиявий барқарорлигини оширишга йўналтирилган.



"Халқ сўзи", 2017 йил 22 июнь