ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Ўрта таълим. Мактабдан ташқари таълим /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 23.06.2017 й. 418-сон "Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

23.06.2017 й.

N 418



ЖИЗЗАХ ШАҲРИДА ҲАМИД

ОЛИМЖОН ВА ЗУЛФИЯ НОМИДАГИ ОНА ТИЛИ ВА

АДАБИЁТИ ФАНИНИ ЧУҚУРЛАШТИРИБ ЎҚИТИШГА

ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБ-ИНТЕРНАТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбек халқининг атоқли фарзандлари - ватанпарвар шоир, драматург ва публицист, жамоат арбоби Ҳамид Олимжон ҳамда XX аср ўзбек шеъриятида ўз сўзи ва ўрнига эга бўлган халқимизнинг севимли шоираси, чин маънодаги садоқат рамзи Зулфия ижодини кенг тарғиб қилиш, уларнинг издошларини кашф этиш ва истеъдодларини намоён қилишларига шарт-шароит яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Жиззах вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини (кейинги ўринларда мактаб-интернат деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Белгилаб қўйилсинки, 2017-2018 ўқув йилида мактаб-интернатнинг 5-6-7-8-синфларига ҳамда 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб 5-синфига 30 нафардан ўқувчилар қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига мактаб-интернатнинг моддий-техника базаси, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


3. Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ва Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда:

Жиззах шаҳри Шароф Рашидов шоҳ кўчаси 1-уйда янгидан қурилаётган 540 ўринли Жиззах вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти (кейинги ўринларда малака ошириш институти деб аталади) биносини мактаб-интернатга;

Жиззах шаҳри Ислом Каримов кўчаси 6-уйда жойлашган Шароф Рашидов тумани ҳокимлигининг собиқ биносини малака ошириш институтига оператив бошқарув ҳуқуқи билан бепул берилишини таъминласин.


4. Жиззах вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан биргаликда:

мактаб интернат биносида амалга ошириладиган, иш ҳажмини аниқлаш ҳамда 150 ўринли ўқув биноси, 100 ўринли ётоқхона ва 75 ўринли ошхонага мослаштириш;

Шароф Рашидов тумани ҳокимлигининг собиқ биносини 720 ўринли малака ошириш институтига мослаштириш ва малака ошириш институтига бириктирилган мавжуд 150 ўринли ётоқхона биносини мукаммал таъмирлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

2017 йил 1 сентябрга қадар мактаб-интернат, 2018 йил 1 августга қадар малака ошириш институти биноларини фойдаланишга топшириш чораларини кўрсин.


5. Жиззах вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг мактаб-интернат ва малака ошириш институти биноларида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича;

буюртмачи этиб Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компаниясини;

бош лойиҳачи ташкилот этиб "Жиззах бунёдкор лойиҳа" масъулияти чекланган жамиятни;

бош пудрат ташкилоти этиб "Diamond" кўп тармоқли хусусий фирмасини белгилаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


6. Белгилаб қўйилсинки:

мактаб-интернат биноларида бажариладиган қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига;

малака ошириш институти биноларида бажариладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2018 йилги Инвестиция дастури маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


7. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларини давлат экспертизасидан ўтказсин ва қурилиш-таъмирлаш ишларининг сифатли бажарилиши устидан давлат архитектура-қурилиш назоратини тизимли равишда амалга оширсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб мактаб-интернатнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникалари, ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ҳамда бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб мактаб-интернатга иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш мақсадида она тили ва чет тили фанларидан тест синови ҳамда психологик-педагогик диагностика ўтказсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат бюджети параметрларида "Таълим" соҳасига ажратилган маблағлар доирасида 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб мактаб-интернатнинг таъминоти учун зарур маблағларни назарда тутсин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ва Жиззах вилоятининг ҳокими У.Й. Узаков зиммаларига юклатилсин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         А. Арипов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 3 июль, 26-сон, 587-модда


































Время: 0.0073
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск