ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Давлат мукофотлари. Фахрий унвонлар. Ном бериш / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича Комиссия фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 10.07.2017 й. ПҚ-3119-сонли қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 10 июлдаги

ПҚ-3119-сонли қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари

ва геральдика бўйича Комиссия фаолиятини

ташкил этиш тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича Комиссиянинг (кейинги ўринларда - Комиссия деб юритилади) асосий вазифалари, функциялари, ваколатлари, таркиби ва ишни ташкил этиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Комиссия Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида доимий ишлайдиган маслаҳат ва кенгаш органи ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари билан тақдирлаш ва Ўзбекистон Республикаси фахрий унвонларини (кейинги ўринларда - давлат мукофотлари деб юритилади) бериш масалалари бўйича конституциявий ваколатлари амалга оширилишини, шунингдек, геральдика соҳасида ягона давлат сиёсати юритилишини таъминлайди.


2. Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишларига, шунингдек, бошқа қонун ҳужжатларига ва мазкур Низомга амал қилади.


3. Комиссия тузилмасида унинг ишчи органи ҳисобланган Ижро аппарати фаолият юритади.



II. КОМИССИЯНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


4. Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат мукофотлари билан тақдирлаш масалалари бўйича конституциявий ваколатлари амалга оширилишига ва геральдика соҳасида ягона давлат сиёсати юритилишига кўмаклашиш;

давлат мукофотларига муносиб номзодларни танлашни таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мукофотлаш бўйича таклифларни тайёрлаш;

давлат мукофотлари тизимини такомиллаштиришга оид таклифларни тайёрлаш;

давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа идора ва ташкилотларда давлат мукофотлари бўйича иш амалиётини ўрганиш, умумлаштириш ва такомиллаштириш;

Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари комплектларини шакллантириш, янги давлат ва идоравий мукофотларнинг низомлари, эскизлари ва тавсифлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича таклифларни тайёрлаш;

расмий рамзлар ва фарқловчи белгиларни яратиш ҳамда улардан фойдаланиш ишларини геральдик жиҳатдан таъминлаш;

давлат ва идоравий мукофотлар, шунингдек, уларга тенглаштирилган бошқа мукофотларнинг геральдик тавсифларини такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлаш;

давлат мукофотлари ва геральдика масалаларига оид Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижросини назорат қилиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа идора ва ташкилотларнинг идоравий мукофотларни таъсис этиш масалаларига доир фаолиятларини мувофиқлаштириш ва йўналтириш.



III. КОМИССИЯНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ


5. Комиссия ўзига юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда қуйидаги функцияларни амалга оширади:

давлат мукофотлари билан тақдирлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига киритилган тақдимномаларни кўриб чиқиш;

давлат мукофотларига тавсия этилган номзодларни тавсифловчи маълумотларни ҳамда уларнинг фаолият кўрсатаётган соҳада эришган ютуқларини ўрганиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентига давлат мукофотлари билан тақдирлаш бўйича таклифларни тақдим этиш;

Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларини таъсис этиш ва бекор қилиш тўғрисидаги масалаларни ҳамда давлат мукофотлари ва геральдика соҳасига доир қонун лойиҳалари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикасининг янги давлат ва идоравий мукофотларининг низомлари, эскизлари ва тавсифлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа идора ва ташкилотларда давлат мукофотлари бўйича иш амалиётини ўрганиш ва умумлаштириш ишларини ташкил этиш, шунингдек, уларнинг мазкур йўналишдаги фаолиятини яхшилаш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентига давлат мукофотлари ва геральдикага оид масалалар юзасидан ахборот-таҳлилий маълумотларни тайёрлаш;

давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа идора ва ташкилотларнинг идоравий мукофотларини таъсис этиш тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқиш;

расмий рамзлар ва фарқловчи белгиларни таъсис этиш ҳамда улардан фойдаланишга оид геральдик экспертиза хулосаларини кўриб чиқиш;

геральдика масалалари бўйича хулосаларни тайёрлаш ва ваколат доирасида тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга изоҳ бериш;

давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа идора ва ташкилотлар учун расмий рамзлар ва фарқловчи белгиларни таъсис этиш ҳамда улардан фойдаланиш масалалари бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш;

геральдик рамзлар ва идоравий мукофотларни ишлаб чиқиш, таъсис этиш, тайёрлаш ва ҳисобга олишга оид назарий, амалий ва техник меъёрларни ўрганиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа идора ва ташкилотларга давлат ва идоравий мукофотлар, шунингдек, геральдикага оид масалалар юзасидан услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш;

давлат мукофотлари ва геральдика масалалари бўйича халқаро тажрибани ўрганиш, шунингдек, мукофотлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

геральдика назарияси ва тарихи бўйича илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат мукофотлари билан тақдирлаш ва геральдика масалаларига доир алоҳида топшириқларини бажариш.



IV. КОМИССИЯ ВАКОЛАТЛАРИ


6. Комиссия ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ваколатларга эга:

давлат мукофотларига муносиб номзодларни аниқлайди ва уларни мукофотлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифларни киритади;

Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари ва геральдика масалаларига оид қонунлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этади;

давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа идора ва ташкилотлардан давлат мукофотлари ва геральдика масалалари билан боғлиқ зарурий материал ва маълумотларни ўрнатилган тартибда олади;

давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа идора ва ташкилотлар раҳбарларига улар томонидан чиқарилган идоравий мукофотлар ва геральдика масалаларига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа қонуности ҳужжатларига зид келган ҳолларда уларни бекор қилиш тўғрисида расмий мурожаатномаларни киритади;

Комиссия ўзининг йиғилишларида ваколат доирасига кирувчи масалалар юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа идора ва ташкилотларнинг мансабдор шахсларини эшитади;

ўз ваколатлари доирасида давлат мукофотлари ва геральдикага оид Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижроси назоратини амалга оширади;

давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа идора ва ташкилотлар томонидан давлат мукофотлари ва геральдика масалалари бўйича камчилик ва нуқсонларга йўл қўйилганлиги аниқланган тақдирда уларни бартараф этиш чораларини кўради;

Комиссия ваколат доирасига кирувчи масалалар юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа идора ва ташкилотлар вакилларини, шунингдек, ижодий, илмий, таълим ва бошқа муассасаларнинг олим ва мутахассисларини жалб қилади.


7. Комиссия ўз ваколатлари доирасида фаолият йўналишлари бўйича эксперт кенгашлари ва ишчи гуруҳларни тузиши мумкин.



V. КОМИССИЯ ТАРКИБИ


8. Комиссия таркибига Комиссия раиси, унинг иккита ўринбосари, котиби ва Комиссия аъзолари киради.

Комиссия раиси, унинг иккита ўринбосари ва Комиссия аъзолари Комиссия фаолиятини амалга оширишда жамоатчилик асосида иштирок этадилар.

Комиссия котиби Комиссия Ижро аппаратининг раҳбари ҳисобланади ва ўз фаолиятини доимий асосда олиб боради.


9. Комиссия аъзолари унинг йиғилишларида алмашув ҳуқуқисиз иштирок этадилар.

Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган шахслар киритилади.



VI. КОМИССИЯ ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


10. Комиссия ўз ишини йиғилиш шаклида ташкил этиб, унга раис раҳбарлик қилади.


11. Комиссия йиғилишлари навбатдаги ва навбатдан ташқари бўлиши мумкин.

Навбатдаги йиғилишлар тегишли материалларнинг тўпланишига қараб, ҳар чоракда камида бир марта чақирилади.

Навбатдан ташқари йиғилишлар алоҳида ҳолларда Комиссия ваколатлари доирасига кирадиган, зудлик билан ҳал қилиниши зарур бўлган масалалар юзасидан чақирилади.


12. Йиғилишларнинг кун тартиби, шунингдек, уларни ўтказиш жойи ва вақти Комиссия раиси томонидан белгиланади.


13. Йиғилишлар Комиссия аъзоларининг умумий сонидан камида учдан икки қисми қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади.


14. Комиссия йиғилишларини Комиссия раиси олиб боради, Комиссия раиси қатнашмаган ҳолларда - унинг топшириғига кўра йиғилишни раис ўринбосарларидан бири олиб боради.


15. Комиссия қарорлари йиғилишда қатнашаётган Комиссия аъзоларининг кўпчилик қисми овоз берган ҳолда қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган ҳолларда, йиғилишга раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.


16. Комиссия қарорлари баённома билан расмийлаштирилади, уни Комиссия раиси ёки йиғилишга раислик қилган унинг ўринбосари ва Комиссия котиби имзолайди.


17. Комиссия иши билан боғлиқ ахборотлар ошкор қилинмайдиган маълумот ҳисобланади ва эълон қилиниши тақиқланади.

Йиғилишларда иштирок этган Комиссия аъзолари Комиссия иши билан боғлиқ ахборотларни тарқатган ҳолатларда ўрнатилган тартибда жавоб беради.


18. Фойдаланиш ҳуқуқи чекланган ахборотларни ўзида мужассам этган материаллар Комиссиянинг ёпиқ йиғилишларида Комиссиянинг ваколатли аъзолари иштирокида кўриб чиқилади. Ушбу йиғилишларда қабул қилинган қарорлар ўрнатилган тартибда расмийлаштирилади.



VII. КОМИССИЯ ИЖРО АППАРАТИ


19. Ижро аппаратини раҳбар - Комиссия котиби бошқаради ва унинг мақоми Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг бош консультантига тенглаштирилади.

20. Ижро аппарати Комиссия фаолиятини ташкилий, моддий-техник ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш мақсадида ташкил этилади ва ўз фаолияти бўйича Комиссияга ҳисобдор бўлади.


21. Ижро аппарати таркибига давлат мукофотлари ва геральдика масалалари бўйича гуруҳлар киради.


22. Давлат мукофотлари масалалари бўйича гуруҳ таркибига гуруҳ раҳбари, мутахассис ва инспектор-иш юритувчи киради.


23. Давлат мукофотлари масалалари бўйича гуруҳ раҳбари ўз мақомига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг етакчи консультантига тенглаштирилади.

24. Давлат мукофотлари масалалари бўйича гуруҳ:

тақдим этилган материалларни йиғиш, умумлаштириш ва таҳлил қилишни амалга оширади, номзодларнинг тавсифловчи маълумотларини ва давлат мукофотига муносиблигини ўрганади;

статистик ва таҳлилий ҳужжатларни ҳамда номзодларни тавсифловчи маълумотларни тайёрлайди;

номзодлар ҳақида ягона маълумотлар банкини шакллантиради ва улар тўғрисидаги маълумотларни киритиб боради;

номзодлар ҳужжатлари бўйича статистик ҳисоб-китоб ва архив ишини юритади;

мукофотлаш бўйича келиб тушган материалларнинг тўлиқлиги ва тўғрилигини текширади ҳамда уларни кўриб чиқиш учун Комиссияга тақдим этади;

Комиссияни давлат мукофотлари масалалари бўйича зарурий ахборот-таҳлилий материаллар билан таъминлайди;

зарур ҳолларда, номзодларнинг фаолиятини жойларга чиқиб ўрганади;

давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа идора ва ташкилотлардан давлат мукофотларига тавсия этилган номзодлар тўғрисидаги материалларни таҳлил қилади;

давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа идора ва ташкилотларнинг мукофотлаш бўйича иш амалиётини жойларга чиқиб ўрганади ва умумлаштиради, уларнинг мазкур йўналишдаги фаолиятларини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар киритади;

давлат мукофотлари масалаларига оид Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг ижроси юзасидан ўз ваколати доирасида назоратни амалга оширади;

хорижий мамлакатларнинг давлат мукофотлари тизимидаги тажрибасини ўрганади, таҳлил қилади ва уларнинг илғор тажрибаларини амалиётга татбиқ этиш бўйича таклифларни киритади;

давлат мукофотлари масалалари бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотлари билан хизмат доирасида ёзишмаларни олиб боради;

мукофотлаш тизимини такомиллаштириш бўйича услубий ва бошқа материалларни тайёрлайди;

давлат мукофотлари бўйича Комиссия йиғилиши кун тартибига киритилган масалалар юзасидан зарур ҳужжатларни, материалларни ва таклифларни тайёрлайди;

Комиссия фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган бошқа топшириқларни бажаради.


25. Геральдика масалалари бўйича гуруҳ таркибига гуруҳ раҳбари, мутахассис ва инспектор-иш юритувчи киради.


26. Геральдика масалалари бўйича гуруҳ раҳбари ўз мақомига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг етакчи консультантига тенглаштирилади.

27. Геральдика масалалари бўйича гуруҳ:

геральдика масалаларига оид материалларни йиғиш, қайта ишлаш, умумлаштириш ва таҳлил қилишни амалга оширади, шунингдек, давлат рамзларини қўллаш амалиётини ўрганади;

давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа идора ва ташкилотларнинг амалдаги идоравий мукофотларини ўрганади ва кўриб чиқади, камчилик ва нуқсонлар аниқланган тақдирда уларни бартараф этиш чораларини кўради;

янги идоравий мукофотларни таъсис этишда давлат рамзлари ва фарқловчи белгилардан фойдаланишга оид масалаларни кўриб чиқади;

идоравий мукофотлар бўйича ягона маълумотлар банкини шакллантиради;

геральдика ва идоравий мукофотларга оид ҳужжатлар бўйича ҳисоб-китоб ва архив ишини юритади;

геральдика ва идоравий мукофотлар бўйича келиб тушган материалларнинг тўлиқлиги ва тўғрилигини текширади ҳамда уларни кўриб чиқиш учун Комиссияга тақдим этади;

Комиссияни геральдика масалалари бўйича зарурий ахборот-таҳлилий материаллар билан таъминлайди;

геральдика ва идоравий мукофотлар масалалари бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотлари билан хизмат доирасида ёзишмаларни олиб боради;

геральдика назарияси ва тарихи бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб боради;

геральдикага оид масалалар бўйича халқаро тажрибани ўрганади, таҳлил қилади ва умумлаштиради;

геральдика ва идоравий мукофотлар бўйича Комиссия йиғилишлари кун тартибига киритилган масалалар юзасидан зарурий ҳужжатларни, материалларни ва таклифларни тайёрлайди;

Комиссия фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган бошқа топшириқларни бажаради.


28. Комиссия Ижро аппарати раҳбари ва гуруҳлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши билан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.


29. Комиссия Ижро аппарати мутахассислари ва инспектор-иш юритувчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

30. Комиссия фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати ва кадрлар захираси масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари давлат мукофотлари ва геральдика шўъбаси томонидан мувофиқлаштирилади ва йўналтирилади.

31. Комиссия фаолиятини молиявий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Молия-хўжалик департаменти томонидан амалга оширилади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 17 июль, 28-сон, 639-модда







































Время: 0.2088
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск