Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш /

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 11.07.2017 й. ПҚ-3127-сонли қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 11 июлдаги

ПҚ-3127-сонли қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар

вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги

бош бошқармаси тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (кейинчалик - Бош бошқарма) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (кейинчалик - ИИВ) марказий аппаратининг тузилмавий бўлинмаси ҳисобланиб, йўлларда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва уларнинг профилактикаси, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишлар ташкил этилишини таъминлайди.


2. Бош бошқарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг "Ички ишлар органлари тўғрисида", "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида"ги қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси бошқа қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, ички ишлар вазирининг буйруқлари ва фармойишлари, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


3. Бош бошқарма ўз фаолиятига оид масалалар бўйича белгиланган тартибда ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари, ташкилотлар, шунингдек оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади.


4. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси ИИВ Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тизимини ташкил этувчи ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлигининг бўлинмалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси;

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари;

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг йўл-патруль хизмати бригадаси;

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари йўл-патруль хизмати батальонлари (отрядлари);

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари туман (шаҳар) бошқармалари (бўлимлари)нинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимлари (бўлинмалари, гуруҳлари);


5. Бош бошқарма ўзининг мустақил балансига, банк ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ва ўзининг тўлиқ номи кўрсатилган иш қоғозлари ва муҳрига эга, шунингдек Бош бошқарма фаолиятининг хусусиятлари акс этилган Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан таъсис этиладиган белги-рамзларига эга бўлиши мумкин.



2-БОБ. БОШ БОШҚАРМАНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Бош бошқарманинг асосий вазифлари ҳисобланади:

йўл-транспорт инфратузилмасининг ҳолати, йўл-транспорт ҳодисалари динамикаси, йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши, йўлларнинг тирбандлиги, транспорт воситаларининг техник ҳолатини ҳисобга олган ҳолда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги маълумотларни комплекс ва тизимли таҳлил қилиш, шунингдек мазкур соҳада вужудга келадиган муаммолар ва камчиликларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш;

ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларининг йўл-транспорт ҳодисалари ва йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишлари билан курашиш борасидаги фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланишини, шу жумладан йўл ҳаракати қоидалари бузилиши профилактикаси ва уларга чек қўйишни, йўл-транспорт ҳодисалари ва йўллар тирбандлигини олдини олишни, ҳуқуқбузарликлар содир этилишига алоқадор бўлган шахсларни излаб топиш ва шахслари аниқланишини ташкил этиш;

ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш, шунингдек аҳоли билан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича очиқ мулоқотлар олиб бориш;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид қонун ҳужжатларини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини, шунингдек унинг шакллари ва услубларини янада такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.


7. Бош бошқарма ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги маълумотларни комплекс ва тизимли таҳлил қилиш, шунингдек мазкур соҳада вужудга келадиган муаммолар ва камчиликларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш соҳасида:


йўл-транспорт инфратузилмасининг ҳолати, йўл-транспорт ҳодисалари динамикаси, йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши, йўлларнинг тирбандлиги, транспорт воситаларининг техник ҳолатини ҳисобга олган ҳолда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги маълумотларни талаб этиш, баҳолаш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш, шунингдек мазкур соҳада вужудга келадиган муаммолар ва камчиликларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича таклифларни тайёрлаш;

йўллар ва автомагистраллардаги ҳуқуқбузарликлар билан профилактик фаолият ҳамда улар билан курашиш натижалари тўғрисидаги маълумотларни тизимлаштириш ва таҳлил қилиш, хизмат-жанговар фаолиятни такомиллаштириш борасида маълумотлардан самарали фойдаланиш бўйича чоралар кўриш;

йўллар ва темир йўлни кесиб ўтадиган жойдан фойдаланиш, аниқланган авариявий ўчоқларни йўқ қилиш, ҳаракат тезлигини чеклаш бўйича чораларни кўриш;

йўлларда транспорт воситалари иштирокидаги авариявий ҳолатларни таҳлил қилиш ва уларга баҳо бериш асосида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўрта ва узоқ муддатли комплекс чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқиш, режалаштирилган тадбирларнинг амалга оширилиши устидан назоратни амалга ошириш;

йўл-транспорт ҳодисаларининг профилактикаси ҳамда йўл ҳаракатини ташкил қилишга оид ижобий, шу жумладан хорижий тажрибани жорий этиш бўйича тавсияларни ўрганиш, умумлаштириш ва ишлаб чиқиш;


б) ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларининг йўл-транспорт ҳодисалари ва йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишлари билан курашиш борасидаги фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш соҳасида:


ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини режалаштириш ва прогноз қилишни ташкил этиш;

транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳақидаги суд қарорини ижро этиш;

йўл-транспорт ҳодисалари ва йўл ҳаракати қоидалари бузилишларини, уларни содир этган шахслар, жабрланувчилар ҳисобини юритиш ҳамда профилактика тадбирларини режалаштириш ва олиб бориш мақсадида ушбу маълумотларни таҳлил қилиш;

жиноятлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этиш изларининг сақланиши ва ҳолатлари қайд этилишини таъминлаш;

йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларига амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш, уларнинг ишини текшириш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш устидан назорат қилиш;


в) йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланишини ташкил этиш соҳасида:


ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги, шу жумладан йўл-транспорт ҳодисалари ва йўл ҳаракати қоидалари бузилишларининг профилактикаси, шунингдек улар билан курашишни таъминлаш, қоидабузарликлар содир этилишига алоқадор бўлган шахсларни излаб топиш ва уларнинг шахсини аниқлаш борасидаги фаолиятини ўрганиш;

автомототранспорт воситаларини ҳисобга олиш, уларни техник кўрикдан ўтказиш ва уларнинг техник ҳолати, улардан фойдаланиш меъёрлари ва қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

олиб қочиб кетилган автотранспорт воситалари қидирувини амалга ошириш, тезкор-қидирув тадбирлари ва тергов ҳаракатларини олиб боришда кўмаклашиш;

йўл ҳаракати соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги иш ҳужжатларининг кўриб чиқилиши устидан назоратни амалга ошириш;

йўловчиларни, оғир юкларни, йирик габаритли, хавфли ва махсус юкларни ташувчи транспорт воситаларининг ҳаракат йўналишларини аниқлаш;

ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича таълим муассасаларининг фаолияти, имтиҳонларни қабул қилиш устидан назоратни таъминлаш;

техник ҳолати белгиланган хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишга тақиқ қўйиш;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид талабларга риоя этилмаса, кўчалар ва йўлларда таъмирлаш-қурилиш ва бошқа ишлар олиб борилишига нисбатан чекловлар ёки тақиқни қўллаш;

фавқулодда вазиятларда зарур бўлган йўл участкаларини ёпиш (тўсиш), транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш ёки тўхтатиш бўйича шошилинч чораларни кўриш;

кўчалар, майдонлар, транспорт магистралларида, шунингдек оммавий тадбирлар ўтказилишида фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш;

ўта хавфли ва махсус юкларни қўриқлаш ва кузатиб бориш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;


г) ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш, шунингдек аҳоли билан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича очиқ мулоқотлар олиб бориш соҳасида:


ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда аҳоли билан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича ахборот алмашиш ва чора-тадбирлар ўтказилишини амалга ошириш;

ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларининг фаолияти ҳақида жамоатчилик фикри ўрганилишини ташкил этиш;

йўл ҳаракати соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишлар кўриб чиқилиши билан боғлиқ бўлган жиноятлар, бошқа ҳуқуқбузарликлар ва ҳодисалар ҳақидаги аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотларни, шу жумладан электрон шаклда қабул қилиш ва рўйхатдан ўтказиш, улар бўйича ўз вақтида чоралар кўриб, кейинчалик мурожаат этган шахсни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хабардор қилиш;

йўл ҳаракати қоидаларини аҳоли орасида, шу жумладан таълим муассасаларида ва автотранспорт хўжаликларида тарғиб қилиш;

йўл ҳаракати хавфсизлиги ойликлари ўтказилишини таъминлаш;


д) йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид қонун ҳужжатларини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини, шунингдек унинг шакллари ва услубларини янада такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш соҳасида:


йўл ҳаракати хавфсизлигини такомиллаштириш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва уларнинг ишлаб чиқилишида иштирок этиш;

замонавий компьютер воситалари ва технологияларидан фойдаланган ҳолда йўл ҳаракати хавфсизлигини бошқаришга оид диспетчерлик хизмати ва ахборот-коммуникация тизимини яратиш ва уни такомиллаштириш;

йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари, қоидалари ва нормаларини ишлаб чиқиш;

йўл ҳаракатини тартибга солиш ҳамда йўллар ва темир йўлни кесиб ўтадиган жойдан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаш жараёнларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва улардан фойдаланиш, уларни йўл ҳаракатини тартибга солиш воситалари билан жиҳозлаш, шунингдек Бош бошқарма фаолиятининг бошқа соҳаларида улардан фойдаланиш;

йўл ҳаракати хавфсизлиги муаммоларига доир илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва давра суҳбатларини ташкил қилиш ва ўтказиш, ахборот материалларини тайёрлаш.

Бош бошқарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. БОШ БОШҚАРМА ҲУҚУҚЛАРИ,

МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


8. Бош бошқарма ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалаларига доир ахборот, статистик, таҳлилий материалларни, шу жумладан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари ва бошқа ташкилотларнинг электрон базаларидан талаб этиш ва олиш;

ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларининг ҳужжатлари ва материаллари билан танишиш;

йўл ҳаракати соҳасидаги қоидабузарликларни, шунингдек уларнинг содир этилишига имконият яратувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахсларга киритиш;

йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларига юклатилган тадбирларни амалга оширишда ички ишлар органларининг бошқа бўлинмаларидан кўмаклашишни талаб қилиш;

ўз ваколатлари доирасида ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари томонидан ижро этилиши мажбурий бўлган ёзма ва оғзаки кўрсатмаларни бериш;

ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари ходимлари томонидан хизмат интизомига, ишчи ва хизматчилари томонидан эса меҳнат интизомига риоя этилишини текшириш;

ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларининг моддий-техник таъминотини яхшилаш, ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича таклифларни киритиш.

Бош бошқарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


9. Бош бошқарма қуйидаги мажбуриятларга эга:

ўз ваколатлари доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини муҳофаза қилиш бўйича зарур чораларни кўриш;

Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбариятига ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларининг иш юритиши тўғрисидаги маълумотларни тайёрлаш ва тақдим этиш.

Бош бошқарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.


10. Бош бошқарма унга юклатилган вазифа ва функциялар самарали бажарилиши учун жавобгар бўлади.



4-БОБ. БОШ БОШҚАРМА ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва ундан озод этиладиган бошлиқ Бош бошқармага раҳбарлик қилади.

Бош бошқарма бошлиғи белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва ундан озод этиладиган иккита ўринбосарига, шу жумладан битта биринчи ўринбосарига эга бўлади.


12. Бош бошқарма бошлиғи:

Бош бошқарманинг ишини ташкил этади ва унинг фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, унга юклатилган вазифалар бажарилиши учун шахсан жавобгар бўлади, ўз ўринбосарлари ва Бош бошқарма тузилмавий бўлинмалари бошлиқларининг функционал мажбуриятларини белгилайди;

Бош бошқарманинг иш режаларини тасдиқлайди;

ўз ваколатлари доирасида кўрсатмаларни чиқаради ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбариятига ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларининг бутун шахсий таркиби томонидан бажарилиши мажбурий бўлган фармойишлар лойиҳаларини киритади;

Бош бошқарма кадрларини танлаш ва уларни жойлаштириш бўйича ишлар, уларнинг касбий малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича тадбирлар ташкил этилиши, улар томонидан хизмат ва меҳнат интизомига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади;

Бош бошқарманинг шахсий таркиби билан профилактика ва тарбиявий ишларни олиб боради;

Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбариятининг топшириғига биноан давлат, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг расмий тадбирларида иштирок этади;

Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбарияти учун ўз ўринбосарлари, тузилмавий бўлинмалар бошлиқлари ва шахсий таркибини тайинлаш, бошқа ишга кўчириш, эгаллаб турган лавозимларидан озод этиш ва ички ишлар органларидан бўшатиш ҳақида таклифларни тайёрлайди, шунингдек Бош бошқарма ишчи ва хизматчиларини тайинлайди, бошқа ишга ўтказади, эгаллаб турган лавозимларидан озод этади ва бўшатади;

Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбариятига Бош бошқарма ходимларига махсус унвонларни бериш, уларни рағбатлантириш ёки интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида тақдимномалар киритади;

Бош бошқарма фаолиятига доир ҳужжатларни тасдиқлайди, пул маблағларини тасарруф этади, фуқаролик-ҳуқуқий ва меҳнат шартномаларини тузади;

Бош бошқарма ходимларини белгиланган тартибда хизмат сафарларига юборади;

ўз ваколатлари доирасида Бош бошқарма ходимларига таътиллар беради;

йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


13. Бош бошқарма бошлиғи бўлмаган ҳолларда унинг мажбуриятларини биринчи ўринбосари бажаради.


14. Бош бошқарма ходимлари Бош бошқарма бошлиғининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади.


15. Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари бошлиқлари Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг тақдимномасига кўра Бош бошқарма бошлиғи билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимларга тайинланади ва улардан озод этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари бошлиқларининг тақдимномасига кўра Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари томонидан лавозимларга тайинланади ва улардан озод этилади, бунда йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари бўлимлари (бўлинмалар) бошлиқлари Бош бошқарма бошлиғи билан келишилади.


16. Туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари)нинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимлари (бўлинмалари) бошлиқлари Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, вилоятлар ички ишлар бошқармалари йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари бошлиқларининг тақдимномасига кўра Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари томонидан лавозимларга тайинланади ва улардан озод этилади.

Туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари)нинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимлари (бўлинмалари, гуруҳлари) ходимлари туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиқларининг тақдимномасига кўра йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари бошлиқлари билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари томонидан лавозимларга тайинланади ва улардан озод этилади.



5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


17. Иш юритув ва махфийлик режимини ташкил этиш ва таъминлаш бўйича чора-тадбирлар Бош бошқарма томонидан белгиланган тартибда мустақил равишда амалга оширилади.


18. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларини қурол-яроғ, махсус техника ва бошқа моддий-техник воситалар ҳамда бошқа мол-мулк билан таъминлаш белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 17 июль, 28-сон, 645-модда













































Время: 0.1832
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск