ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Солиқлар. Мажбурий тўловлар / Солиққа тортишнинг умумий қоидалари / Солиқ органлари фаолиятини тартибга солиш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.07.2017 й. ПФ-5116-сон "Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

18.07.2017 й.

N ПФ-5116



СОЛИҚ МАЪМУРИЯТЧИЛИГИНИ ТУБДАН

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ, СОЛИҚЛАР ВА БОШҚА

МАЖБУРИЙ ТЎЛОВЛАРНИНГ ЙИҒИЛУВЧАНЛИГИНИ

ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА*


Мамлакатда тадбиркорликни ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун солиқ юкини изчиллик билан камайтириш ва қулай шарт-шароитларни яратишни таъминлайдиган солиқ тизими шакллантирилган.

Шу билан бирга, солиқ маъмуриятчилиги соҳасида, шу жумладан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни йиғиш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишда муайян муаммоларнинг мавжудлиги мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши дастурларини молиялаштиришнинг барқарор манбаларини таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда, хусусан:

биринчидан, солиқ органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ҳолати солиқ маъмуриятчилигининг шаффофлигини, солиқ солиш масалаларида манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик қилиш ҳамда назорат самарадорлигини, шунингдек давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини таъминламаяпти.

Солиқ тўловчиларнинг, энг аввало, тадбиркорлик субъектларининг уларга тўғридан-тўғри мулоқотсиз хизмат кўрсатишни таъминлайдиган "солиқ тўловчининг шахсий кабинети"дан фойдаланиш манфаатдорлигини ошириш бўйича фаол иш ташкил этилмаган;

иккинчидан, солиқ органларининг ташкилий-штат тузилмаси солиқ солиш объектларини тўлиқ қамраб олиш ва солиқ солинадиган базани кенгайтириш, шунингдек солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида йиғиш учун мавжуд ресурсларни сафарбар қилиш имконини бермаяпти;

учинчидан, солиққа оид ҳуқуқий муносабатларнинг аҳволи ва ривожланиш тенденцияларини таҳлил қилиш, солиқ сиёсатининг ўрта муддатли ва истиқболли йўналишларини ишлаб чиқиш, солиқ солишнинг долзарб муаммоларини тадқиқ этиш, шунингдек бюджетга солиқ тушумларини ишончли прогнозлаштириш фаолиятини такомиллаштиришни талаб қилмоқда;

тўртинчидан, солиқ назоратини ташкил қилиш механизмларининг мукаммал эмаслиги, шу жумладан солиқ текшируви объектларининг зарур таҳлилсиз белгиланиши солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларни барвақт профилактика қилиш самарадорлигини пасайтирмоқда;

бешинчидан, солиқ низоларини судгача ҳал этиш - солиқ апелляцияси институти имкониятларидан етарли даражада фойдаланилмаётганлиги солиқ тўловчиларнинг суд органларига мурожаатлари кўпайишига олиб келмоқда;

олтинчидан, солиқ солиш тизимининг мураккаблиги ва бир хил солиқ солиш базасига эга солиқларнинг етарли даражада унификация қилинмаганлиги, солиқ қонунчилигининг ўзгарувчанлиги солиқ тўловчилар томонидан ўз солиқ мажбуриятларини тўлиқ бажариш имконини бермаяпти;

еттинчидан, солиқ органларининг Давлат бюджетига тушумлар тўлиқлигини таъминлаш фаолияти устидан ташқи назорат механизмларининг мавжуд эмаслиги солиқ солинадиган базани кенгайтириш, солиқларнинг йиғилувчанлигини ошириш ва солиқ тўловчиларни ҳисобга олиш имконини бермаяпти;

саккизинчидан, солиқ тўловчиларнинг солиқларни тўлаш бўйича ўз конституциявий бурчини ихтиёрий бажаришини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий маданиятини ошириш юзасидан, айниқса, жойларда амалга оширилаётган ишларни такомиллаштириш талаб этилади;

тўққизинчидан, бозорлар ва савдо комплекслари фаолияти устидан самарали солиқ назорати ўрнатилмаганлиги маҳаллий бюджетларни тўлдириш учун мавжуд резервларни тўлиқ сафарбар қилиш, шунингдек нақд пул маблағларининг кафолатли қайтишини таъминламаяпти;

ўнинчидан, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни йиғиш кўрсаткичларини яхшилаш, коррупция кўринишларини профилактика қилиш, шунингдек солиқ органларида хизмат қилишга ҳалол ва юқори малакали кадрларни жалб этиш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари ходимларини моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш талаб этилади.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидаги солиқ солиш тизимини изчиллик билан соддалаштириш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш орқали солиқ юкини пасайтириш каби вазифалар ижроси юзасидан, шунингдек солиқ маъмуриятчилигининг замонавий услубларини жорий этиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш мақсадида:


1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати органлари тизимини ислоҳ этишнинг муҳим йўналишлари ҳисоблансин:

биринчидан, солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор автоматлаштирилган таҳлил услубларини кенг жорий этиш, солиқ тўловчиларга, энг аввало, тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишга тўлиқ ўтиш;

иккинчидан, солиқ солиш объектлари ва солиқ солинадиган базанинг ўз вақтида ҳамда ишончли ҳисобга олинишини таъминлаш, ваколатли органлар ва ташкилотлар мансабдор шахсларининг солиқ солиш масалалари билан боғлиқ бўлган ишончли ахборотни ўз муддатида тақдим этиш бўйича масъулиятини кучайтириш;

учинчидан, солиқ мажбуриятларини бажаришда солиқ тўловчиларга ҳар томонлама кўмаклашиш, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, солиқ назоратини амалга оширишнинг замонавий услубларини жорий этиш;

тўртинчидан, макроиқтисодий кўрсаткичлар динамикаси ва ҳудудларнинг солиқ салоҳиятини тизимли таҳлил қилиш орқали солиқ солиш объектларини тўлиқ қамраб олишни таъминлаш ва солиқ солинадиган базани кенгайтириш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга ошириш;

бешинчидан, фаолият кўрсатмаётган корхоналарнинг фаолиятини тиклашга ҳар томонлама кўмаклашиш, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарнинг молиявий аҳволини соғломлаштириш, ўзаро ҳисоб-китоблар механизмларини мустаҳкамлаш, солиқ қарзи ошишига йўл қўймаслик орқали солиқ солинадиган базани кенгайтириш;

олтинчидан, солиқ солиш масалаларида, шу жумладан республика ва маҳаллий бюджетлар даромадларини оширишнинг қўшимча захираларини аниқлаш орқали молия органлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш;

еттинчидан, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, солиқ органларини маънавий-ахлоқий жиҳатдан юқори малакали ходимлар билан тўлдириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш, шунингдек ходимлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш ва улар учун хизматни ўташнинг муносиб шарт-шароитларини яратиш.


2. Белгилансинки, 2018 йил 1 январдан:

солиқ органлари ва ҳалол солиқ тўловчилар ўртасида уларга жорий солиқ солиш масалаларини ҳал қилишда ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутувчи солиқ назоратининг замонавий шакли - солиқ мониторинги жорий этилади;

вақтинчалик молиявий қийинчиликларга тўқнаш келган ҳалол солиқ тўловчилар - хўжалик юритувчи субъектларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ таътиллари берилиши мумкин;

ўтказилган камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар юзасидан солиқ тўловчилар томонидан асослар тақдим этилмаган тақдирда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаларини суд тартибида ундириш жорий этилади;

ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қайтариш ёки ҳисобга олиш солиқ тўловчи ваколатли органларга мурожаат этган санадан бошлаб 15 иш куни ичида амалга оширилади;

давлат солиқ хизмати органларига кирим ҳужжатларини расмийлаштирмасдан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақлари бўйича операцияларини 5 банк кунигача бўлган муддатга вақтинчалик тўхтатиб туриш ваколати берилади;

Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида солиқ органларига ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотларнинг онлайн режимида берилишини таъминлайдиган назорат-касса машиналарини қўллаш орқали нақд пул тушуми устидан автоматлаштирилган назорат тизими жорий этилади, республиканинг қолган ҳудудларида мазкур тизим босқичма-босқич киритилади;

солиқ текшируви объектларини самарали танлаб олиш учун солиққа оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш хавфларини таҳлил қилиш, шунингдек солиқ органлари томонидан юқори ликвидли маҳсулотлар ҳақиқий ишлаб чиқариш ҳажмининг доимий ҳисоби ва назоратини амалга ошириш бўйича ихтисослаштирилган автоматлаштирилган тизим жорий этилади;

давлат солиқ хизмати органлари хўжалик юритувчи субъектлар ходимларининг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сони мувофиқлиги устидан тизимли мониторингни амалга оширади, натижаси бўйича солиқ солинадиган базани аниқлаштиради.


3. Давлат солиқ хизмати органларининг штатлар сонини қисқартириш ҳисобидан чекланган штат сони 41 нафардан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тузилмасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш инспекцияси ташкил этилсин, унга қуйидаги асосий вазифалар юклансин:

солиқ солиш тизими, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини таҳлил қилиш ва баҳолаш асосида бюджет даромадларини кўпайтириш захираларини аниқлаш ва уларнинг сафарбар этилишини таъминлаш;

солиқлар турлари ва ҳудудлар кесимида солиқ ва божхона тўловларининг йиғилувчанлик даражасини тизимли таҳлил қилиш, унинг тармоқ ва ҳудудлар кесимида пасайишига таъсир этувчи омиллар ва уларнинг оқибатларини аниқлаш;

ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари ва солиқ тўлаш салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда Давлат бюджети даромадлари прогноз кўрсаткичларининг холислиги ва асослилигини баҳолаш;

солиқ солиш объектлари ва солиқ солинадиган базани тўлиқ қамраб олиш устидан қатъий назорат ўрнатиш, манзилли йўналишлар ва назорат дастурларини, шу жумладан солиқ ва бошқа молия органларининг ахборот тизимлари маълумотларини таҳлил ва мониторинг қилиш асосида шакллантириш;

давлат органлари ва ташкилотларининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун фойдаланиладиган маълумотлар базаларининг ишончлилигини баҳолаш;

даромадлар прогнозини сифатли шакллантириш ва бажариш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш, солиқларнинг йиғилувчанлиги ва солиқ тўловчилар ҳисобининг тўлиқлигини таъминлашда молия ва солиқ органларининг масъулиятини ошириш ҳамда уларга ҳар томонлама кўмаклашиш чораларини кўриш.


4. Давлат солиқ хизмати органлари фаолияти ва солиқ маъмуриятчилигининг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда Дастур деб юритилади) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Дастурда кўрсатилган вазирлик ва идоралар раҳбарлари унда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши учун шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.

9. Солиқ қонунчилиги ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш бўйича Ишчи комиссия 2-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

Ишчи комиссия (Ж. Қўчқоров) Вазирлар Маҳкамасига қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Дастурда белгиланган муддатларда киритсин:

солиқ маъмуриятчилиги ва назоратини ташкил этиш тартиби ҳамда методологиясини тубдан такомиллаштиришни;

хўжалик юритувчи субъектлар ва жисмоний шахсларнинг солиқ юкини янада камайтиришни;

хўжалик юритувчи субъектларни "йирик солиқ тўловчилар" тоифасига киритиш мезонларини белгилашни;

бир хил солиқ солиш объектларига эга бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни бирлаштиришни;

солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш учун қўшимча мезон (оборотнинг чегаравий миқдори) жорий этишни ва ушбу миқдор ошган корхонага, кичик тадбиркорлик субъекти мақомини сақлаб қолган ҳолда, қўшимча солиқ мажбуриятларини белгилашни;

бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда фаолиятини амалга оширадиган, шунингдек деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қиладиган якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларини оптималлаштиришни;

алкоголли маҳсулотлар ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан тайёрланган буюмларни чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимнинг ҳудудлар бўйича табақалаштирилган ставкаларини;

ҳалол, шу жумладан иш ўринларини ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини легаллаштирадиган солиқ тўловчиларни рағбатлантириш чораларини жорий этишни;

Интернет тармоғида савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасида солиқ назоратини амалга ошириш механизмларини жорий этишни;

давлат солиқ хизмати органлари ходимларини моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштиришни;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Солиқ академияси фаолиятини янада такомиллаштиришни.


10. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2018 йилнинг 1 январига қадар:

солиқ тўловчиларга давлат солиқ хизмати органларининг барча давлат хизматларидан, шу жумладан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон фойдаланиш имкониятини таъминласин;

солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва солиқ назоратини такомиллаштириш мақсадида солиқ органларининг Ягона интеграциялаштирилган ахборот ресурс базасига тақдим этиладиган ахборотнинг мазмунини танқидий қайта кўриб чиқсин;

барча манфаатдор вазирлик ва идоралар, шу жумладан "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси, статистика, адлия, прокуратура органлари, судлар, "Ўзбекэнерго" АЖ ва "Ўзтрансгаз" АК корхоналарининг солиқ органларининг Ягона интеграциялаштирилган ахборот ресурс базасига интеграция қилинишини таъминласин;

тадбиркорлик субъектларини электрон рақамли имзо билан тўлиқ таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда давлат органларининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун фойдаланиладиган маълумотлар базаси ишончлилигини аудитдан ўтказсин.


12. 2018 йил 1 январдан бошлаб давлат солиқ хизмати органлари ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 31 октябрдаги 312-сон қарорининг амал қилиши татбиқ этилсин.


13. 2021 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ва Дастурни амалга ошириш доирасида белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб кириладиган ускуна, дастурий ва моддий-техник воситалар божхона тўловларини (божхона расмийлаштирувлари учун йиғимлардан ташқари) тўлашдан озод этилсин.


14. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Ҳисоб палатаси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати органлари ва Ҳисоб палатаси фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари лойиҳаларини;

бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.


15. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчилари В.А. Голишев ва О.Б. Муродов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                         Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 18 июлдаги

ПФ-5116-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Давлат солиқ хизмати органлари фаолияти ва солиқ

маъмуриятчилигининг самарадорлигини ошириш бўйича

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ

Т/р

Тадбирларнинг номланиши


Амалга ошириш

механизми


Ижро

муддатлари


Масъул ижрочилар

         

I. СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАР ВА СОЛИҚ СОЛИШ ОБЪЕКТЛАРИНИНГ

ЎЗ ВАҚТИДА ВА ТЎЛИҚ ҲИСОБГА ОЛИНИШИНИ ЯНАДА ТАЪМИНЛАШ,

ШУНИНГДЕК, СОЛИҚ МАЪМУРИЯТЧИЛИГИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

         

1.

Вақтинчалик молиявий қийинчиликларга тўқнаш келган ва ҳалол солиқ тўловчи ҳисобланган хўжалик юритувчи субъектларга солиқ таътиллари бериш тартибини белгилаш.


Қонун лойиҳаси

2017 йил

1 ноябрь

ДСҚ (Б. Парпиев),

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев), Иқтисодиёт вазирлиги (Г. Саидова), Марказий банк (М. Нурмуратов)


2.

Ўтказилган камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар юзасидан солиқ тўловчилар томонидан асослар тақдим этилмаган ҳолларда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундиришнинг суд тартибини жорий этиш.


Қонун лойиҳаси

2017 йил

1 ноябрь

ДСҚ (Б. Парпиев),

Олий суд (К. Камилов),

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев), Иқтисодиёт вазирлиги (Г. Саидова), Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов)


3.

Солиқ маслаҳатчилари институти фаолиятини такомиллаштириш.


Қонун лойиҳаси

2017 йил

1 ноябрь

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев), ДСҚ (Б. Парпиев), Адлия вазирлиги (М. Икрамов),

Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов)


4.

Давлат солиқ хизмати органларининг хўжалик юритувчи субъектларнинг талаб қилиб олинадиган асосий депозит ҳисоб-рақамига қўйилган инкассо топшириқномалари асосида хўжалик юритувчи субъектларнинг валюта маблағларидан солиқ қарзини ундириш тартибини жорий этиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг валюта ҳисоб-рақамларига тақдимномалар қўйилишини бекор қилиш.


Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2017 йил

1 октябрь

ДСҚ (Б. Парпиев),

Олий суд (К. Камилов),

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев), Марказий банк (М. Нурмуратов), Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов)


5.

Якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган ва муқаддам тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши натижасида юзага келган солиқ қарздорлиги мавжуд жисмоний шахсларга банкротликнинг қўлланишини назарда тутадиган банкротлик тартиб-таомилларини такомиллаштириш.


Қонун лойиҳаси

2017 йил

1 ноябрь

ДСҚ (Б. Парпиев),

Давлат рақобат қўмитаси (Р. Гулямов),

Олий суд (К. Камилов), Молия вазирлиги (Б. Ходжаев),

Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов)


7.

Хорижий тажрибани ўрганиш асосида солиқ ҳисоботи шаклларини унификация қилиш ва соддалаштириш.


Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат


2018 йил

1 февраль


Молия вазирлиги (Б. Ходжаев),

ДСҚ (Б. Парпиев),

Адлия вазирлиги (М. Икрамов)


          

II. ЗАМОНАВИЙ АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИ

ЯНАДА ЖОРИЙ ЭТИШ ВА СОЛИҚ НАЗОРАТИ ЖАРАЁНИНИ АВТОМАТЛАШТИРИШ

           

8.

Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида солиқ органларига ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотларнинг онлайн режимида узатилишини таъминлайдиган назорат-касса машиналарини қўллаш орқали нақд пул тушуми устидан автоматлаштирилган назорат тизимини жорий этиш, республиканинг қолган ҳудудларида мазкур тизимни босқичма-босқич киритиш.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2017 йил

1 сентябрь

ДСҚ (Б. Парпиев),

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Шерматов),

Марказий банк (М. Нурмуратов),

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев), Иқтисодиёт вазирлиги (Г. Саидова)


9.

Солиқ текшируви объектларини самарали танлаб олиш учун солиққа оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш хавфларини таҳлил қилиш бўйича ихтисослаштирилган автоматлаштирилган тизимни жорий этиш.


Комплекс чора-тадбирлар

2017 йил

1 ноябрь

ДСҚ (Б. Парпиев),

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Шерматов),

Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов),

Марказий банк (М. Нурмуратов),

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев), Иқтисодиёт вазирлиги (Г. Саидова)


10.

Солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва солиқ назоратини такомиллаштириш мақсадида солиқ органларининг Ягона интеграциялаштирилган ахборот ресурс базасига тақдим этиладиган ахборотларнинг мазмунини танқидий қайта кўриб чиқиш.


Ўрганиш ўтказиш

2018 йил

1 январь

ДСҚ (Б. Парпиев),

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Шерматов), Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


11.

Солиқ солишнинг янги объектлари ва солиқ солинадиган базани (кўчмас мол-мулк, унинг ҳуқуқий мақоми ўзгариши, солиқ тўловчилар сони, берилган ижро ҳужжатлари, энергия ресурсларининг қуввати ва ҳақиқий истеъмоли ҳамда бошқалар ҳақидаги маълумотлар) кенгайтириш бўйича ахборотларни тақдим этиш мақсадида "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси, статистика, адлия, прокуратура органлари, судлар, "Ўзбекэнерго" АЖ ва "Ўзтрансгаз" АК корхоналари ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларнинг солиқ органларининг Ягона интеграциялаштирилган ахборот ресурс базасига интеграция қилинишини таъминлаш.


Комплекс чора-тадбирлар

2018 йил

1 январь

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Шерматов),

ДСҚ (Б. Парпиев),

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси (А. Абдуллаев),

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), Адлия вазирлиги (М. Икрамов), Олий суд (К. Камилов), "Ўзбекнефтгаз" МХК (А. Султанов), "Ўзбекэнерго" АЖ (У. Мустафоев)


12.

Тадбиркорлик субъектларини электрон рақамли имзо билан тўлиқ таъминлаш бўйича комплекс тадбирларни амалга ошириш.

Ташкилий тадбирлар

2018 йил

1 январь

ДСҚ (Б. Парпиев),

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Шерматов), Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов), Молия вазирлиги (Б. Ходжаев), Иқтисодиёт вазирлиги (Г. Саидова)


13.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларга барча давлат хизматларини электрон шаклда, шу жумладан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиш тизимини жорий этиш.


Комплекс чора-тадбирлар

2018 йил

1 январь

ДСҚ (Б. Парпиев),

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Шерматов),

Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


14.

Солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2017 йил

15 август

ДСҚ (Б. Парпиев),

Иқтисодиёт вазирлиги (Г. Саидова), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Шерматов),

Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов)


15.

Автоматлаштирилган ҳисоб тизимини ("онлайн" режимида) жорий этиш йўли билан алкоголли ва тамаки маҳсулотлари, табиий газ, нефть маҳсулотлари ва ўсимлик ёғига солиқ солиш ҳисобининг тўлиқлигини таъминлаш учун уларни ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажмининг жисмоний кўрсаткичлари ҳақидаги маълумотларни Давлат солиқ қўмитасига тақдим этиш тартибини белгилаш.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси


2017 йил

1 ноябрь

ДСҚ (Б. Парпиев),

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев),

Иқтисодиёт вазирлиги (Г. Саидова), "Ўзбекнефтгаз" МХК (А. Султанов), "Ўзвиносаноат-холдинг" (Ш. Рахимов), "Ўзбекозиковқат-холдинг" ХК (Т. Жалилов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


         

III. СОЛИҚ НАЗОРАТИ ШАКЛЛАРИ ВА УСЛУБЛАРИНИНГ

САМАРАДОРЛИГИНИ ЯНАДА ОШИРИШ

          

16.

Солиқ органлари ва ҳалол солиқ тўловчилар ўртасида кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутувчи солиқ назоратининг янги шакли - солиқ мониторингини жорий этиш.


Қонун лойиҳаси

2017 йил

1 ноябрь

ДСҚ (Б. Парпиев),

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Шерматов), Иқтисодиёт вазирлиги (Г. Саидова), Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов)


17.

Солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажарадиган ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш чора-тадбирларини жорий этиш.


Қонун лойиҳаси

2017 йил

1 ноябрь

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев),

ДСҚ (Б. Парпиев), Иқтисодиёт вазирлиги (Г. Саидова), Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов)


18.

Интернет тармоғида савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасида солиқ назоратини амалга ошириш механизмларини жорий этиш.


Қонун лойиҳаси

2017 йил

1 ноябрь


ДСҚ (Б. Парпиев),

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Шерматов),

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев),

Иқтисодиёт вазирлиги (Г. Саидова), Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов)


19.

Солиқ назоратини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларида режали текширишлар ўтказиш учун солиқ тўловчиларни танлаб олиш асосларини аниқлаштириш.


Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси

2017 йил

1 декабрь

ДСҚ (Б. Парпиев),

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев),

Иқтисодиёт вазирлиги (Г. Саидова),

Бош прокуратура (И. Абдуллаев)

Адлия вазирлиги (М. Икрамов),

Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов)


20.

Хўжалик юритувчи субъектларни "йирик солиқ тўловчилар" тоифасига киритишнинг аниқ мезонларини белгилаш.


Қонун лойиҳаси

2017 йил

1 ноябрь

ДСҚ (Б. Парпиев),

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев),

Иқтисодиёт вазирлиги (Г. Саидова), Адлия вазирлиги (М. Икрамов),

Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов)


21.

Кирим ҳужжатларини расмийлаштирмасдан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақлари бўйича операцияларни давлат солиқ хизмати органлари томонидан 5 банк кунигача бўлган муддатга вақтинчалик тўхтатиб туриш ваколатини амалга ошириш механизмини белгилаш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2017 йил

1 декабрь


ДСҚ (Б. Парпиев),

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев), Иқтисодиёт вазирлиги (Г. Саидова), Марказий банк (М. Нурмуратов), Бош прокуратура (И. Абдуллаев),

Адлия вазирлиги (М. Икрамов)


22.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектлар ходимларининг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сони мувофиқлиги устидан тизимли мониторингни амалга ошириш, шунингдек, солиқ солинадиган базани аниқлаштириш тартибини белгилаш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2017 йил

1 ноябрь


ДСҚ (Б. Парпиев),

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Шерматов), Марказий банк (М. Нурмуратов),

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев),

Меҳнат вазирлиги (А. Абдухакимов), Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов)


       

IV. СОЛИҚЛАР ВА БОШҚА МАЖБУРИЙ ТЎЛОВЛАРНИ

УНИФИКАЦИЯ ҚИЛИШ ВА СОДДАЛАШТИРИШ

        

23.

Қуйидагилар орқали солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни унификация қилиш, шунингдек, солиқ солишни соддалаштириш: бир хил солиқ солиш объектларига эга бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни бирлаштириш;

товар айланмасидан келиб чиққан ҳолда, тайёрлов ташкилотлари учун ягона солиқ тўловини тўлаш тартибини белгилаш;

солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш учун қўшимча мезон (оборотнинг чегаравий миқдори) жорий этиш ва ушбу миқдор ошган корхонага, кичик тадбиркорлик субъекти мақомини сақлаб қолган ҳолда, қўшимча солиқ мажбуриятларини белгилаш.


Қонун лойиҳаси

2017 йил

1 ноябрь

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев),

ДСҚ (Б. Парпиев), Иқтисодиёт вазирлиги (Г. Саидова), Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


24.

Қуйидагиларни:

бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда фаолиятини амалга оширадиган, шунингдек, деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қиладиган якка тартибдаги тадбиркорлар учун оптималлаштирилган қатьий солиқ ставкаларини;

алкоголли маҳсулотлар ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан тайёрланган буюмларни чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимнинг ҳудудлар бўйича табақалаштирилган ставкаларини;

автомобиль транспортида юк ташиш хизматлари учун юридик шахслар томонидан тўланадиган ягона солиқ тўловини якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқдан кам бўлмаган миқдорда тўлаш тартибини белгилаш.


Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси

2017 йил

1 декабрь

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев),

ДСҚ (Б. Парпиев), Иқтисодиёт вазирлиги (Г. Саидова), Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


25.

Қуйидагилар бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва киритиш:

юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг кассасига келиб тушган нақд пуллар билан ҳисоб-китоб қилиш ва нақд пулларни харажат қилишнинг чекланган миқдорини белгилаш;

иш ўринларини ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини ихтиёрий легаллаштирадиган тадбиркорлик субъектлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаларини босқичма-босқич пасайтириш.


Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси

2017 йил

1 декабрь


ДСҚ (Б. Парпиев),

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев), Иқтисодиёт вазирлиги (Г. Саидова), Марказий банк (М. Нурмуратов),

Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


26.

Ташкилотларни тиббиёт муассасалари тоифасига киритишнинг аниқ мезонларини белгилаш, шунингдек, имтиёзларнинг фақат тиббий хизматлар қисмида тақдим этилишини аниқлаштириш.


Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси

2017 йил

1 октябрь


ДСҚ (Б. Парпиев),

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шадманов),

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев), Иқтисодиёт вазирлиги (Г. Саидова), Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов)


27.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали хўжалик юритувчи субъектларнинг қўшилган қиймат солиғи тўланган суммаларини қайтариш бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнини қисқартиришни назарда тутган ҳолда, экспорт қиладиган корхоналарга қўшилган қиймат солиғини қайтариш механизмини соддалаштириш.


Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2017 йил

1 ноябрь

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев),

ДСҚ (Б. Парпиев), ДБҚ (М.Тохирий),

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Шерматов), Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов)


28.

Ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни солиқ тўловчи ваколатли органларга мурожаат қилган санадан бошлаб 15 иш куни ичида қайтариш ёки ҳисобга олиш тартибини белгилаш.


Қонун лойиҳаси

2017 йил

1 ноябрь

ДСҚ (Б. Парпиев),

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев), Иқтисодиёт вазирлиги (Г. Саидова), Марказий банк (М. Нурмуратов),

Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов)


        

V. ДАВЛАТ СОЛИҚ ХИЗМАТИ ОРГАНЛАРИНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИКА

БАЗАСИНИ МУСТАҲКАМЛАШ ВА БОШҚА ТАШКИЛИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАР

     

29.

Қуйидагиларга қаратилган Давлат солиқ хизмати органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш:

ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш;

давлат солиқ хизмати органларининг биноларини капитал қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш;

чора-тадбирларни молиялаштиришнинг аниқ манбаларини, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармасига ажратмалар миқдорини ошириш ҳисобидан белгилаш.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2017 йил

1 сентябрь

ДСҚ (Б. Парпиев),

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев), Иқтисодиёт вазирлиги (Г. Саидова), Марказий банк (М. Нурмуратов)


30.

Йирик солиқ тўловчилар бўйича солиқ маъмуриятчилиги функциялари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаларига берилиши муносабати билан давлат солиқ хизмати органларининг вазифа ва функциялари, ташкилий тузилмасини қайта кўриб чиқиш.


Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари

2017 йил

1 декабрь


ДСҚ (Б. Парпиев),

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев), Иқтисодиёт вазирлиги (Г. Саидова), Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов)


31.

Давлат солиқ хизмати органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш ҳамда ривожланган хорижий мамлакатларнинг солиқ органлари ва ўқув юртлари билан тажриба алмашишни кенгайтириш.


Комплекс чора-тадбирлар

2017 йил

1 сентябрь

ДСҚ (Б. Парпиев),

ТИВ (А. Камилов),

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев),

Олий таълим вазирлиги (И. Мажидов)


32.

Давлат солиқ хизмати органларининг масъулияти, очиқлиги, шаффофлигини ошириш ва солиқ тўловчиларнинг ўзаро ҳамкорлик натижаларидан қаноатланганлигини назарда тутадиган фаолиятини баҳолаш, шунингдек, улар ходимларининг хизмат кўрсатиш тезкорлиги, ваколатлилиги ва хушмуомалалиги кўрсаткичларини баҳолаш механизмини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш.


Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2017 йил

15 октябрь


ДСҚ (Б. Парпиев),

Адлия вазирлиги (М. Икрамов),

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев), Иқтисодиёт вазирлиги (Г. Саидова), Савдо-саноат палатаси (А. Икрамов)


33.

Давлат солиқ хизмати органлари ходимларини моддий рағбатлантириш механизмларини, шу жумладан, ходимларни уларнинг иш натижаларини ҳисобга олган ҳолда якка тартибда рағбатлантириш тартибини жорий этиш орқали такомиллаштириш.


Давлат солиқ қўмитаси раиси буйруғи

2017 йил

15 сентябрь


ДСҚ (Б. Парпиев),

Адлия вазирлиги (М. Икрамов),

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев)


34.

Меҳнатнинг кўчиб юриш хусусияти билан боғлиқ бўлган хизмат вазифаларини бажарадиган давлат солиқ хизмати органлари ходимларига пул компенсацияси тўлаш ёки шаҳар йўловчи транспортидан (маршрут ва йўналишли таксилардан ташқари) фойдаланиш учун ойлик йўл карточкалари бериш тартиби ва миқдорини тасдиқлаш.


Давлат солиқ қўмитаси раиси буйруғи

2017 йил

15 сентябрь

ДСҚ (Б. Парпиев)


35.

Давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг формали (махсус) кийим-боши ва фарқловчи белгиларининг янги намуналарини тасдиқлаш.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси


2017 йил

1 сентябрь

ДСҚ (Б. Парпиев),

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев)


36.

Давлат солиқ хизмати органларида формали (махсус) кийим-бошни кийиб юриш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш.


Давлат солиқ қўмитаси раиси буйруғи

2017 йил

15 сентябрь

ДСҚ (Б. Парпиев)


37.

Жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича маблағлар йиғилишини амалга ошириш учун участка солиқ инспекторларини тўлов терминаллари билан таъминлаш.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фармойиши лойиҳаси


2017 йил

1 октябрь

ДСҚ (Б. Парпиев),

Марказий банк (М. Нурмуратов),

Молия вазирлиги (Б. Ходжаев),

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


           

Изоҳ: норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар турлари ўзгариши, шунингдек, тегишли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш предмети ва соҳасига қараб ягона ҳужжатга бирлаштирилиши мумкин.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 18 июлдаги

ПФ-5116-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Солиқ қонунчилиги ва солиқ маъмуриятчилигини

янада такомиллаштириш бўйича Ишчи комиссия

ТАРКИБИ

     

1.

Кучкаров Ж.А.

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ишчи комиссия раиси


2.

Голышев В.А.

-

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси


3.

Муродов О.Б.

-

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси


4.

Ходжаев Б.А.

-

Ўзбекистон Республикаси молия вазири


5.

Саидова Г.К.

-

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири


6.

Икрамов М.М.

-

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири


7.

Абдухакимов А.А.

-

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири


8.

Мавлонов Б.М.

-

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари


9.

Акмалов К.В.

-

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари


10.

Шерматов Ш.Х.

-

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи


11.

Парпиев Б.Р.

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси


12.

Тохирий М.В.

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси


13.

Ахмедходжаев А.И.

-

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси


14.

Гулямов Р.А.

-

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси


15.

Дусанов З.А.

-

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти бошлиғи


16.

Икрамов А.И.

-

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси


17.

Гадоев Э.Ф.

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари - Солиқ академияси ректори.


Изоҳ: Ишчи комиссиянинг аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган шахслар киритилади.



"Халқ сўзи", 2017 йил 19 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 24 июль, 29-сон, 684-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси",

2017 йил, 7-сон, 344-модда






























































Время: 0.1523
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск