Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.07.2017 й. 508-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 17 июлдаги

508-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Давлат тест маркази тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва жавобгарлигини, шунингдек фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Марказ давлат бошқарув органи ҳисобланади.


3. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва унга ҳисобот беради.


4. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


5. Марказ ўз фаолиятини давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


6. Марказ фаолияти қуйидаги манбалар ҳисобига молиялаштирилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

ҳомийлар - юридик ва жисмоний шахсларнинг, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларининг маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


7. Марказ юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ғазначилигида бюджет ва бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.



2-БОБ. МАРКАЗНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда тест синови орқали танлаб олишга оид давлат сиёсатини амалга ошириш;

таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда тест синови натижаларининг холисоналиги, ишончлилиги ва адолатлилигини таъминлаш;

тест материаллари банкини шакллантириш, педагогик ўлчов воситаларини такомиллаштириш;

тест синовларини ташкил этиш ва ўтказиш, ушбу жараёнларни мувофиқлаштириш, тест материалларини нашр қилиш, тест синови натижаларини таҳлил қилиш;

чет тилларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини ривожлантириш.


9. Марказ ўзига юкланган асосий вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда тест синови орқали танлаб олишга оид давлат сиёсатини амалга ошириш соҳасида:

юқори малакали мутахассислардан иборат умумтаълим ва махсус фанлар экспертлари банкини шакллантириш;

педагогик ўлчов воситаларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш талаблари бўйича услубий кўрсатмалар ишлаб чиқиш, экспертлар учун тестология асослари бўйича семинарлар ташкил этиш;

давлат таълим стандартларига мувофиқ бўлган фанлар бўйича турли хил мураккаблик даражасидаги тест материалларини ишлаб чиқиш;

тест синовлари натижалари асосида тест материаллари банкини махсус дастур асосида статистик таҳлил қилиш ва уни такомиллаштириш;

илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида тест материаллари банкини шакллантириш технологиясини такомиллаштириш;

умумтаълим фанлари бўйича республика олимпиадасининг якуний босқичи учун тест материаллари банкини шакллантириш;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган чақирилувчиларнинг билим савиясини баҳолаш учун тест материаллари банкини шакллантириш;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда муддатли ҳарбий хизматни тугатаётган ҳарбий хизматчиларининг жанговар тайёргарлиги ва ижтимоий-маънавий билимларини баҳолаш учун тест материаллари банкини шакллантириш;

таълим муассасалари магистратурасига қабул тест синовлари учун махсус фанлардан тест материаллари банкини шакллантириш;

тест материаллари махфийлигини сақлаш бўйича чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш;

тест материаллари банкини шакллантириш, тест синовларини ўтказиш масалалари соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;

б) таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда тест синови натижаларининг холисоналиги, ишончлилиги ва адолатлилигини таъминлаш соҳасида:

тест синови ўтказиладиган бино ва аудиторияларга қўйиладиган талабларни ишлаб чиқиш;

тест синови ўтказиладиган бино ва аудиториялар режа-чизмаларини таҳлил қилиш ва ҳолатини ўрганиш;

тест синовларини ташкил этиш ва ўтказишга оид масалалари бўйича ўқув-услубий қўлланмаларни ишлаб чиқиш;

тест синовларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тегишли вазирлик ва идораларга, таълим муассасаларига ишончли маслаҳат ёрдамини кўрсатиш;

Марказ вакиллари, аудитория раҳбарлари ва кузатувчилари банкини шакллантириш, тест синовини ўтказиш тартиби бўйича улар учун семинарлар ташкил қилиш;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳамда таълим муассасалари билан ҳамкорликда тест топширувчилар ҳақида маълумотлар банкини шакллантириш, уларнинг йўналишлар ва гуруҳлар бўйича тақсимотини амалга ошириш;

тест топширувчилар учун тест синови тартиби бўйича кўрсатмалар ишлаб чиқиш, таълим муассасалари битирувчилари учун тест технологияларини оммавий ахборот воситаларида ёритиш;

буюртмачиларнинг буюртманомаларига биноан тест синовларини ўтказиш учун тўлов нормативларини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш;

в) тест материаллари банкини шакллантириш, педагогик ўлчов воситаларини такомиллаштириш соҳасида:

манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳамда таълим муассасалари билан ҳамкорликда тест материаллари банкини шакллантириш;

саволлар китоби, жавоблар варақаси ва бошқа тест материалларини тайёрлашда жаҳон илғор тажрибасини жорий қилинишини таъминлаш;

педагогик ўлчов воситаларини такомиллаштириш бўйича мутахассислар учун ўқувлар ташкил этиш;

г) тест синовларини ташкил этиш ва ўтказиш, ушбу жараёнларни мувофиқлаштириш, тест материалларини нашр қилиш, тест синови натижаларини таҳлил қилиш соҳасида:

тест материаллари генерацияси ва кўп вариантлилик асосида тест саволлари китобларини шакллантириш, махфийликни таъминлаган ҳолда уларни нашр қилиш;

компьютер графикаси дастурий воситалари асосида тест синовларида ишлатиладиган жавоблар варақасининг эскизини тайёрлаш;

махсус компьютер дастурлари ёрдамида тест синовларида ишлатиладиган жавоблар варақаларига ишлов бериш, оптик-электрон қурилмаларида текшириш;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тест синовлари натижаларини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

тест синови натижаларини махсус компьютер дастурий таъминоти ёрдамида оптик-электрон қурилмада ўқиш, натижаларни соҳа, таълим йўналиши, таълим муассасалари кесимида таҳлил қилиш.

д) чет тилларни билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини ривожлантириш соҳасида:

халқаро эътироф этилган баҳолаш стандартлари асосида чет тиллари бўйича тест топшириқлари тузилмасини ишлаб чиқиш ва апробациядан ўтказиш;

чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини аниқлаш бўйича тўлов асосида халқаро эътироф этилган баҳолаш стандартлари талабларига мувофиқ тест синовларини ўтказиш;

илғор хорижий тажрибага таянган ҳолда тил кўникмаларини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ва апробациядан ўтказиш;

чет тиллари ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақига устама белгилаш учун кўп компонентли тест синовларини ўтказиш;

чет тилини билиш даражасига давлат намунасидаги тегишли малака сертификатини бериш;

чет тилидан тест синовларидан ўтувчи шахслар учун ўқув-услубий қўлланмаларни ишлаб чиқиш ва нашр қилиш;

жаҳон тажрибасини ўрганиш асосида тест синовлари технологиясини такомиллаштириш;

тест материалларини ишлаб чиқишда ҳамда улардан фойдаланишда таълим муассасаларига ва бошқа муассасаларга методик ёрдам кўрсатиш.



3-БОБ. МАРКАЗНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. Марказ ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун вазирликлар, идоралар, таълим муассасаларидан зарур маълумотлар ва материалларни олиш;

таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда тест синовларини ўтказиш жараёнида таълим муассасалари раҳбарлари томонидан таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолда қабул қилинган буйруқлар, фармойишлар ва бошқа қарорларнинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш;

Давлат бюджети ҳисобидан харажатлар сметасида назарда тутилган ва Марказнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан унга юкланган вазифаларни бажариш учун Марказга тўлов асосида мустақил экспертларни ва имтиҳон олувчиларни жалб этиш;

шартнома асосида илмий-методик ва ахборот консалтинг хизматларини кўрсатиш;

ўзига юкланган вазифаларни ҳал этиш учун олимлар, етакчи педагог-мутахассислар ва хорижий экспертларни жалб этиш, шунингдек ихтисослаштирилган, мақсадли ва вақтинчалик илмий-тадқиқот гуруҳлари ва ижодий гуруҳлар ташкил этиш;

ўз ваколатлари доирасида вазирликлар ва идоралар, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан алоқалар ўрнатиш;

таълим ва кадрлар тайёрлаш сифати муаммолари бўйича халқаро конференциялар, конгресслар, симпозиумлар ва йиғилишлар ишида иштирок этиш, шунингдек давлатлараро ва ҳукуматлараро ҳамкорлик масалалари бўйича музокараларда қатнашиш.

Марказ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Марказ ўз ваколатлари доирасида вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳақлидир.

Марказ зарур ҳолларда, давлат бошқарувининг бошқа органлари билан биргаликда белгиланган тартибда қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар чиқариш ҳуқуқига эга.


12. Марказ ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



4-БОБ. МАРКАЗ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Марказни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор бошқаради.

Директорнинг белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бир нафар ўринбосари бўлади.

Директор мақомига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига, директорнинг ўринбосари эса вазирнинг ўринбосарига тенглаштирилади.


14. Марказ директори:

Марказ фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади;

Марказ ходимлари ва унинг ҳудудий вакиллари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

Марказнинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

Марказ ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ҳамда Марказга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради.

Директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


15. Ҳудудий вакилларни ишга қабул қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг тавсиялари асосида Марказ директори буйруғи билан амалга оширилади.

Ҳудудий вакиллар Марказ директори томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги доимий вакиллари тўғрисида низом асосида фаолият юритади.


16. Марказда унинг директори, директор ўринбосари, бошқарма ва бўлим раҳбарлари ҳамда юқори малакали ходимларидан иборат таркибда илмий-методик кенгаш ташкил этилади. Илмий-методик кенгашнинг шахсий таркиби директор буйруғи билан тасдиқланади.

Илмий-методик кенгаш мазкур Низомга мувофиқ Марказга юкланган вазифаларни илмий ва норматив-ҳуқуқий таъминлашнинг асосий масалаларини кўриб чиқади.

Илмий-методик кенгаш қарорлари директор буйруғи билан амалга оширилади.

Марказ фаолиятини очиқ ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида унинг ҳузурида жамоатчилик кенгаши тузилади.


17. Марказнинг харажатлар сметаси, даромадлар ва харажатлар сметаси белгиланган тартибда Марказнинг раҳбари томонидан тасдиқланади ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.


18. Марказ ўзининг касаба уюшмасининг таклифига мувофиқ Марказ раҳбарлари ва ходимларига устамалар белгилаши ҳамда ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдоригача мукофотлаши мумкин.



5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


19. Марказни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 24 июль, 29-сон, 697-модда











































Время: 0.2051
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск