Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар /

Ички ишлар органларида тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий ёрдам ва санаторий-курорт таъминоти тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.07.2017 й. 522-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 19 июлдаги

522-сон қарорига

ИЛОВА



Ички ишлар органларида

тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий ёрдам

ва санаторий-курорт таъминоти тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ ички ишлар органларида тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий ёрдам ва санаторий-курорт таъминотини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Ички ишлар органларида тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий ёрдам ва санаторий-курорт таъминотини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, шунингдек мазкур Низомга мувофиқ амалга оширилади.

Ички ишлар органларининг ходимларига, ҳарбий хизматчиларига, пенсионерларига, ишчи ва хизматчиларига ҳамда уларнинг оила аъзоларига, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг таълим муассасалари курсантлари ва тингловчиларига ички ишлар органларининг тиббиёт муассасалари, шунингдек фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширувчи бошқа даволаш-профилактика муассасалари томонидан бепул тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий таъминот берилади ҳамда тиббий-санитария ёрдами кўрсатилади.


3. Прокуратура органлари, адлия органлари, давлат божхона хизмати органлари, Миллий гвардия органлари, давлат фельдъегерлик хизмати ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига, шунингдек, прокуратура органларининг пенсионерлари ҳамда давлат божхона хизмати органларининг пенсионерлари, Миллий гвардия органларининг собиқ ходимлардан бўлган пенсионерлар ва давлат фельдъегерлик хизмати пенсионерларига ва уларнинг оила аъзоларига Ички ишлар вазирлигининг даволаш-профилактика муассасаларида тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳамда санаторий-курорт таъминоти тартиби тегишли вазирлик ва идоралар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


2-БОБ. ТИББИЙ-САНИТАРИЯ, ТИББИЙ-ИЖТИМОИЙ

ЁРДАМ ВА САНАТОРИЙ-КУРОРТ ТАЪМИНОТИ

КЎРСАТИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


4. Тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий ёрдам ва санаторий-курорт таъминотини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тиббиёт бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг тиббиёт бўлимлари томонидан амалга оширилади.


5. Ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларига бириктирилган таркиб мазкур муассасаларда амбулатория, стационар шароитларда бепул тиббий текширувлардан ўтказилади, даволанади ва соғломлаштирилади, шунингдек уларга тиббий кўрсатмалар бўйича турар жойларига бориб белгиланган тартибда тиббий ёрдам кўрсатилади.

Ички ишлар органлари тизимидаги ходимларни даволаш-профилактика муассасаларига бириктириш тартиби Ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

Ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларга, тиббий хизмат кўрсатиш учун бириктирилган таркиб манфаатларига зарар келтирилмайдиган шартларда пулли тиббий хизматлар кўрсатилиши мумкин. Пулли тиббий хизматлар кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.


6. Ички ишлар органлари ходимларига яшаш ҳудудидаги ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари томонидан белгиланган тартибда тиббий ёрдам кўрсатилади.

Ички ишлар органлари ходимлари, ҳарбий хизматчиларига бепул ортопедик стоматология ва ортодонтия ёрдами (қимматбаҳо металлар, керамик массалар ва махсус платмассалар қўллаб тайёрланган протезлар бундан мустасно) ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари томонидан кўрсатилади.


7. Ички ишлар органлари тиббий хизмат кўрсатиш масалалари комиссияси томонидан Ички ишлар органлари ходимлари, ҳарбий хизматчиларига ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотларига юборилади.


8. Алоҳида ҳолларда, бириктирилган таркибнинг тиббий кўрсатмалар бўйича тиббий ёрдам олиши учун уни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига юбориш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус комиссияси хулосаси асосида амалга оширилади. Бундай ҳолларда, бириктирилган таркибнинг тиббий ёрдам олиши учун харажатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг рухсати билан амалга оширилади.


9. Ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчиларининг касаллиги, шикастланганлиги, ҳомиладорлиги, туққанлиги, оиланинг бетоб аъзосини парваришлаганлиги, протез қўйдирганлиги, санаторий-курортда даволанганлиги, шунингдек соғлиғи ҳолатига кўра бошқа ишга ўтказиш учун ва карантин туфайли хизматга вақтинча яроқсиз деб топилганида, уларга вақтинчалик хизматдан озод қилиш варақаси ёки маълумотномаси берилади. Вақтинчалик хизматдан озод қилиш варақаси ёки маълумотномасини бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда белгиланади.

Ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчиларининг оила аъзолари ҳамда ишчи ва хизматчиларининг меҳнатга вақтинча лаёқатсизлик ҳолатида меҳнатга лаёқатсизлик варақасини бериш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.



3-БОБ. ТИББИЙ-САНИТАРИЯ, ТИББИЙ-ИЖТИМОИЙ

ЁРДАМ ВА САНАТОРИЙ-КУРОРТ ТАЪМИНОТИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


10. Ички ишлар органлари ходимлари ва шартнома асосида ҳарбий хизматни ўтаётганлар ҳар йили бир маротаба мажбурий диспансеризациядан ўтказилади.

Бир йилда икки маротаба ва чуқурлаштирилган профилактик тиббий кўрикдан ўтказиладиган хизматлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.


11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳарбий таълим муассасаларининг курсант ва тингловчилари белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтадилар.


12. Ички ишлар органлари ишчи ва хизматчилари тиббий кўрикдан турар жойи бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ҳудудий тиббиёт муассасаларида белгиланган тартибда ўтадилар.


13. Профилактик тиббий кўрик натижасида хизматни давом эттиришга тўсқинлик қилувчи касалликлари аниқланган ходимлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари тиббиёт бошқарма ва бўлимлари томонидан тегишли кадрлар бўлимларига юборилади.


14. Ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар билан касалланган бириктирилган таркиб ички ишлар органлари тиббиёт бошқарма ва бўлимлари мутахассислари назоратига олиниб, уларни даволаш ва соғломлаштириш ишлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


15. Диспансер назоратига олинган ички ишлар органлари ходимлари кузатувини олиб бориш, тиббий текширувлар ва кўриклар кўлами ҳамда даврийлиги, шунингдек даволаш ва соғломлаштириш тадбирларини ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда белгиланади.


16. Ички ишлар органларининг ходимлари, ҳарбий хизматчилари, пенсионерлари санаторий-курорт шароитида даволаниш учун йилига бир марта имтиёзли йўлланмалар билан таъминланади.


17. Ички ишлар органлари тизимидаги ва бошқа санаторий-курорт муассасаларига, шунингдек хорижий давлатлардаги санаторий-курорт муассасаларига йўлланмалар бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда белгиланади.


18. Бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан фаолият юритувчи ички ишлар органлари тизимидаги муассасаларда хизмат қилаётган ходимларга санаторий-курорт муассасаларига йўлланмалар бериш ушбу муассасаларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


19. Санаторий-курорт муассасаларига бериладиган йўлланмалар тақсимоти тиббиёт муассасалари талабномаларига мувофиқ, йиллик режа асосида Ички ишлар вазирлигининг тиббиёт бошқармаси томонидан амалга оширилади.


20. Ички ишлар органлари тизимидаги санаторий-курорт муассасаларига бериладиган йўлланмалар қиймати белгиланган тартибда белгиланади.


21. Ички ишлар органларининг санаторий-курорт муассасаларига бериладиган йўлланмалар реализациясидан тушган маблағлар ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларининг моддий-техника базасини ва таъминотини мустаҳкамлашга ҳамда бошқа санаторий-курорт муассасаларига йўлланмаларини харид қилишга сарфланади.


22. Санаторий-курорт муассасаларига йўлланмалар қуйидаги тартибда берилади:

а) бепул:

ҳарбий-тиббий комиссияларнинг асослантирилган хулосасига кўра, мазкур Низомнинг 27-банди "а", "б", "в", "д" кичик бандларида назарда тутилган шахслар учун;

мазкур Низомнинг 27-банди "г" ва "з" кичик бандларида назарда тутилган шахслар, шу жумладан кўзи ожиз 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни кузатиб борувчи шахс, ёлғиз кексалар учун;

б) санаторий-курорт муассасаларига бериладиган йўлланма қийматининг 25 фоизини тўлаш шарти билан мазкур Низом 27-бандининг "а", "б" ва "ж" кичик бандларида назарда тутилган шахслар учун;

в) санаторий-курорт муассасаларига бериладиган йўлланманинг қийматини тўлиқ тўлаш шарти билан мазкур Низомнинг 27-бандининг "а", "б", "г", "ж", "з" кичик бандларида назарда тутилган шахсларнинг оила аъзолари учун.


23. Ихтисослаштирилган санаторий муассасаларида даволаниш учун йўлланмалар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ҳудудий тиббиёт муассасалари томонидан берилади.


24. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритадиган ишчи ва хизматчиларни санаторий-курорт муассасаларида даволаш учун йўлланмалар билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси томонидан амалга оширилади.


25. Санаторий-курорт муассасаларида даволанишга муҳтож шахсларни танлаш, санаторий-курорт муассасаларига бериладиган йўлланмаларни тақсимлаш, тизимдаги санаторий-курорт муассасалари фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.


26. Тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида, ушбу ёрдамни олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларига тиббий хизмат олиш учун бириктирилади.


27. Қуйидаги шахслар бириктириш рўйхатлари асосида ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларига тиббий хизмат олиш учун бириктирилади ва уларнинг алоҳида ҳисоби юритилади:

а) ички ишлар органлари ходимлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ҳаракатдаги кадрлар захирасида қолдирилиб, бошқа ташкилотларга юборилган ходимлар;

б) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳарбий тузилмаларида ҳарбий хизматни шартнома асосида ўтаётган ҳарбий хизматчилар;

в) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳарбий тузилмалари муддатли ҳарбий хизматчилари;

г) хизмат муддатидан қатъи назар, хизмат (ҳарбий хизмат) вазифасини бажаришда жароҳат олиш, контузия, ярадор бўлиш, касалланиш ҳамда хизмат даврида орттирилган касаллик оқибатида I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

д) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасалари курсант ва тингловчилари;

е) ишчи ва хизматчилар (бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига таъминланадиган ишчи ва хизматчилардан ташқари);

ж) ички ишлар органларида 20 йил ва ундан ортиқ хизмат қилган ёки 25 йил меҳнат стажига эга бўлиб, шундан 12,5 йил ички ишлар органларида хизмат (ҳарбий хизмат) қилган пенсионерлар (ишчи ва хизматчилари бундан мустасно);

ж-1) ички ишлар органларининг терроризм ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ходимларининг вояга етмаган фарзандлари, болалигидан ногиронлиги бўлган фарзандлари, ота-онаси, турмуш ўртоғи, шунингдек, ушбу ҳолатларда олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ходимлар;

з) қонун ҳужжатларига мувофиқ ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари тиббий хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қоладиган 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭС фалокати оқибатларини тугатиш бўйича зарарланган зонада хизмат вазифасини ўтаган шахслар ва ядро полигонларида ҳамда бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар.


28. Мазкур Низом 27-бандининг "а", "б", "г", "ж" ва "з" кичик бандларида кўрсатиб ўтилган шахсларнинг оила аъзолари, тегишли даволаш-профилактика муассасалари томонидан бериладиган гувоҳномалар асосида ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларига тиббий хизмат кўрсатиш учун бириктирилади ва уларнинг алоҳида ҳисоби юритилади.


29. Шахснинг ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари тиббий хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган оила аъзолари деганда, унинг ички ишлар органлари тизимида хизматда бўлган даврида никоҳда бўлган хотини (эри), никоҳ бекор қилинган ҳоллар бундан мустасно, 18 ёшгача бўлган болалари, ёшидан қаъти назар болаликдан ногиронлиги бўлган болалари тушунилади.

Ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида стационар тиббий ёрдам 18 ёшдан бошлаб кўрсатилади.


30. Ички ишлар органларида хизмат мажбуриятини бажариш чоғида ҳалок бўлган, вафот этган ходимлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳарбий тузилмалари муддатли ҳарбий хизматчиларининг оила аъзоларидан ташқари) ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари тиббий хизматидан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қоладилар, шунингдек уларнинг пенсия ёшидаги ёки ногиронлиги бўлган ота-онаси тиббий хизмат кўрсатиш учун бириктирилади.

31. Мазкур Низом 27-бандининг "а", "б", "г", "ж" ва "з" кичик бандларида кўрсатиб ўтилган шахсларнинг боқувчисини йўқотганлик бўйича пенсия расмийлаштирган оила аъзолари ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари тиббий хизматидан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади.


32. Ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари хизматидан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолган шахсларнинг яшаш жойи ўзгарганда, улар шу ҳудуддаги тегишли ички ишлар органининг тиббиёт бошқарма ва бўлимларидаги махсус тиббий комиссиялар қарорлари асосида мазкур даволаш-профилактика муассасаларига тиббий хизматга бириктирилади.


33. Бириктириш рўйхатлари ва ички ишлар органларининг тегишли пенсия таъминоти бўлимлари йўлланмалари ҳамда пенсионерлик гувоҳномалари асосида тегишли ички ишлар органининг тиббиёт бошқарма ва бўлимлари томонидан тиббий хизмат кўрсатиш учун бириктирилган шахсларга ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари томонидан тиббий хизматдан фойдаланиш учун рухсатномалар берилади.


34. Ички ишлар органлари тизимидаги тезкор таъминот бошқарма ва бўлимларнинг ноошкора мақомга эга алоҳида тоифадаги ходимларига тиббий хизматлар белгиланган тартибда фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширувчи даволаш-профилактика муассасалари томонидан амалга оширилади.


35. Ички ишлар органларида чақирув бўйича муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ҳамда Ички ишлар вазирлиги таълим муассасалари курсант ва тингловчиларига тиббий ёрдам кўрсатиш, ички ишлар органларининг мазкур ҳарбий тузилмалари ва таълим муассасаларининг тиббиёт қисмлари, лазаретлари ва тиббий пунктларида амалга оширилади.

Ички ишлар органлари ҳарбий тузилмалари ва Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларининг тиббиёт қисмлари, лазаретлари ва тиббий пунктларида тегишли мутахассислар ва тиббий текширувлар ўтказиш учун тиббий асбоб-ускуналар бўлмаган ҳолларда, ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари томонидан тиббий ёрдам кўрсатилиши мумкин.


36. Ички ишлар органлари ҳарбий тузилмаларининг муддатли ҳарбий хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида, шартнома асосида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар Ички ишлар вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда белгиланган тартибда даволанади.

37. Фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширувчи даволаш-профилактика муассасаларида зарур тиббий хизмат турлари мавжуд бўлмаган ҳолларда, пулли даволаш-профилактика муассасалари хизматидан фойдаланганлик харажатлари Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг рухсати билан амалга оширилиши мумкин.


38. Пулли даволаш-профилактика муассасалари хизматидан фойдаланганлик харажатларини қоплаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.



4-БОБ. ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ТИЗИМИДАГИ

ДАВОЛАШ-ПРОФИЛАКТИКА МУАССАСАЛАРИНИ

ДОРИ ВОСИТАЛАРИ ВА ТИББИЙ БУЮМЛАР

БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ТАРТИБИ


39. Ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларини зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш тасдиқланган меъёрларга мувофиқ амалга оширилади.


40. Ички ишлар органлари тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида тиббий текширувлар ўтказиш, касалликларни даволаш ва олдини олиш учун сарфланадиган дори воситалари, тиббий буюмлар, вакциналар, тиббий материаллар билан бепул таъминлаш ушбу мақсадлар учун назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари доирасида амалга оширилади.

Ушбу мақсадлар учун харажатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳам қопланиши мумкин.


41. Бириктирилган таркиб амбулатория ва стационарда даволанишда дори воситалари ва тиббий буюмлар билан ўзлари даволанаётган даволаш-профилактика муассасалари орқали ёки рецепт асосида дорихоналар орқали белгиланган тартибда таъминланади.


42. Бириктирилган таркибга дори воситаларини тайинлаш, қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш, шунингдек дори воситаларини рецепт асосида бериш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


43. Бириктирилган таркиб айрим юқумли касалликларга қарши режали ва эпидемиологик кўрсатмалар бўйича бепул эмланади. Режали ва эпидемиологик кўрсатмалар бўйича эмланиши лозим бўлган шахслар тоифалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


44. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 24 июль, 29-сон, 703-модда






















































Время: 0.2100
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск