ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Фавқулодда вазиятлар, уларнинг оқибатларини бартараф этиш /

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.07.2017 й. 525-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 19 июлдаги

525-сон қарорига

1-ИЛОВА



Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш

ва уларни бартараф этиш бўйича

Ҳукумат комиссияси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссиясининг (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди.


2. Комиссия шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан тасдиқланадиган коллегиал орган ҳисобланади.


3. Комиссия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.


4. Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


5. Комиссия ўз фаолиятида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва уларнинг таркибига кирувчи туманлар ва шаҳарларнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳудудий комиссияларининг фаолиятини назорат қилади ва мувофиқлаштиради.



2-БОБ. КОМИССИЯНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


6. Қуйидагилар Комиссиянинг вазифалари ҳисобланади:

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимини (кейинги ўринларда ФВДТ деб аталади) такомиллаштириш ва янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаш;

аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича энг муҳим масалаларни кўриб чиқиш, уларни ҳал этиш бўйича таклифлар тайёрлаш, вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шунингдек шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларининг вазифаларини белгилаш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш самарадорлигини оширишга қаратилган фуқаро муҳофазаси (баҳор мавсумида) ҳамда аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш (куз мавсумида) ойлигини ташкил этиш ва ҳар йили ўтказиш;

авариялар, ҳалокатлар, табиий ва бошқа офатлар оқибатида жабрланган фуқароларни, шунингдек фавқулодда вазиятларни бартараф этишда иштирок этган шахсларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий муҳофаза қилиш, тиббий реабилитация қилиш масалалари бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

молиявий ва моддий ресурслар давлат захиралари ташкил этилишини таъминлаш, шунингдек улардан фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш борасида халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаш.

Комиссия ва унинг аъзолари уларга юкланган вазифалар бажарилиши учун белгиланган тартибда жавоб берадилар.



3-БОБ. КОМИССИЯНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Комиссия юкланган вазифаларни бажариш мақсадида қуйидаги функцияларни амалга оширади:

ФВДТ фаолиятини янада такомиллаштириш борасида таклифларни ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади;

фавқулодда вазиятлар содир бўлиши прогнозларини кўриб чиқади, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш чоралари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил этади;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасидаги мақсадли ва илмий-техник дастурлар лойиҳаларини кўриб чиқади ва уларни амалга ошириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

фуқаро муҳофазаси, шунингдек аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза этиш бўйича ҳар йили ўтказиладиган ойлик тадбирлар доирасида аҳоли ва ҳудудларни табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга қаратилган комплекс тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ва ФВДТга киритилган бошқа ташкилотларнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасидаги асосий тадбирлар бажарилиши тўғрисида ҳисоботларини эшитади;

Республика фуқаро муҳофазаси бошлиғига белгиланган тартибда киритиш мақсадида аҳоли ва ҳудудларни табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлардан муҳофаза этиш борасида ФВДТнинг асосий тадбирлари режаси лойиҳаларини, таҳлилий материалларни кўриб чиқади;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш борасида тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ФВДТнинг куч ва воситаларини белгиланган тартибда жалб этиш масалаларини кўриб чиқади;

таклифларни кўриб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади, авариялар, ҳалокатлар, табиий ва бошқа офатлар оқибатида жабрланган фуқароларни, шунингдек фавқулодда вазиятларни бартараф этишда иштирок этган шахсларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий муҳофаза қилиш, тиббий реабилитация қилиш чоралари вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари ва ташкилотлар томонидан бажарилишини мувофиқлаштиради;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида молиявий ва моддий ресурсларнинг давлат захираларини ташкил этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва улардан мақсадли фойдаланилишини таъминлайди;

мурувват ёрдамини шакллантириш ва етказиб бериш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва уларни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ташкил этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади.



4-БОБ. КОМИССИЯНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


8. Комиссия:

белгиланган тартибда давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ва бошқа ташкилотларга фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш масалалари бўйича топшириқлар бериш, ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича зарур ахборотни сўраш;

Комиссия йиғилишларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида Комиссия томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши тўғрисида бажарувчиларнинг ҳисоботларини эшитиш;

Комиссия томонидан қабул қилинадиган қарорлар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан назорат қилиш ҳуқуқига эга.


9. Комиссия унга юкланган вазифаларни бажариш мақсадида:

ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиётининг тизимли мониторинги олиб борилишини таъминлашга;

аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишнинг энг муҳим масалаларини ҳал этиш чора-тадбирларини режалаштиришга ва уларнинг амалга оширилишини таъминлашга;

авариялар, ҳалокатлар, табиий ва бошқа офатлар оқибатида жабрланган фуқароларни, шунингдек фавқулодда вазиятларни бартараф этишда иштирок этган шахсларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий муҳофаза қилиш, тиббий реабилитация қилиш масалалари бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига методик ва амалий ёрдам беришга;

молиявий ва моддий ресурсларнинг давлат захираларини барпо этиш ишини ташкил этишга мажбурдир.



5-БОБ. КОМИССИЯ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


10. Комиссияга Раис бошчилик қилади, унинг ваколатига қуйидагилар киради:

Комиссия йиғилишлари кун тартибини белгилаш ва чақириш;

Комиссия томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш;

Комиссия аъзоларининг уларга юкланган вазифалар бажарилиши бўйича ишини мувофиқлаштириш;

Комиссиянинг самарали ишлаши самарадорлигини таъминлаш бўйича бошқа ҳаракатларни амалга ошириш.


11. Комиссия ўз фаолиятини доимий асосда Комиссия йиғилишида кўриб чиқилган ва Раис томонидан тасдиқланган йиллик режага мувофиқ амалга оширади.


12. Комиссия йиғилишлари заруратга кўра, бироқ бир йилда камида бир марта ўтказилади ва йиғилиш қарорлари баённома билан расмийлаштирилади.


13. Зарурат бўлганда Комиссиянинг сайёр йиғилишлари ташкил этилиши мумкин.


14. Комиссия ҳар йили бўлажак йилда Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза этиш бўйича асосий тадбирлар режаси ишлаб чиқилишини ташкил этади, ўз йиғилишида кўриб чиқади ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаро муҳофазаси бошлиғига киритади.


15. Фавқулодда вазиятлар содир бўлишининг реал хавфи туғилганда Комиссия Раиси томонидан навбатдан ташқари йиғилишлар чақирилиши мумкин.


16. Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза этиш соҳасидаги тадбирлар бажарилиши ҳолатини назорат қилиш учун зарурат бўлганда Комиссия томонидан ишчи гуруҳлар ташкил этилиши мумкин.


17. Комиссия йиғилишини Раис олиб боради, у йўқлигида йиғилишни унинг ўринбосари олиб боради. Комиссия йиғилиши, агар унда аъзоларнинг камида учдан икки қисми қатнашса ваколатли ҳисобланади.


18. Комиссия Раиси билан келишилган ҳолда йиғилишда холисона сабабларга кўра қатнаша олмайдиган аъзолар ўрнига уларнинг ваколатли вакиллари қатнашиши мумкин.



6-БОБ. КОМИССИЯНИНГ ИШЧИ ОРГАНИ ВА КОТИБИ


19. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.


20. Комиссиянинг ишчи органи:

келгуси йилга Комиссиянинг иш режаси лойиҳасини тайёрлайди;

Комиссиянинг навбатдаги йиғилишига барча ҳужжатлар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

Комиссиянинг қарорларига мувофиқ зарур ахборот, таҳлилий ва бошқа материалларни Комиссиянинг кўриб чиқиши учун тақдим этади;

жойларга чиқиб Комиссия қарорлари бажарилиши мониторингини олиб боради;

Комиссиянинг қарорларини ижро этиш ҳолати тўғрисида ахборот йиғади ва мунтазам равишда (бир ойда камида бир марта) Комиссия Раисига ахборот беради.


21. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳарбийлаштирилган тузилмалар фаолиятини молиявий ва моддий-техник таъминлаш бўлимининг бош мутахассиси Комиссия котиби ҳисобланади.

22. Комиссия котиби:

Комиссия йиғилишлари кун тартиби масалалари бўйича ўтказилишини ташкил этади;

барча зарур ҳужжатлар навбатдаги йиғилишга тўпланиши, умумлаштирилиши ва Комиссия Раисига тақдим этилишини таъминлайди;

Комиссия йиғилишига материалларни тайёрлаш юзасидан ишчи органга кўмаклашади;

Комиссия Раиси билан йиғилишнинг муддати ва жойини ҳамда таклиф этиладиган шахслар рўйхатини келишади;

Комиссия аъзолари ва таклиф этилган шахсларга йиғилиш ўтказиладиган сана, вақти, жойи тўғрисида хабар беради;

Комиссия қарорлари бажарилиши мониторингини олиб боради ва унинг натижаларини Комиссия йиғилишида кўриб чиқиш учун тақдим этади;

Комиссия баённомаларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённомаларни Комиссия аъзоларига, манфаатдор вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига юборади.



7-БОБ. КОМИССИЯ ЙИҒИЛИШИГА

МАТЕРИАЛЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ ТАРТИБИ


23. Кун тартиби масалалари бўйича Комиссия йиғилиши материаллари йиғилиш ўтказилишидан камида 20 кун олдин тайёрланади ҳамда кўриб чиқиладиган масалаларнинг моҳиятини, мавжуд муаммоларни очиб берувчи ахборот-таҳлилий материалларни ва бажаришнинг аниқ муддатлари, бажарувчилар, молиялаштириш манбалари ва моддий-техник таъминлаш, вазиятнинг салбий ривожланиши прогнози кўрсатилган ҳолда уларни ҳал этиш бўйича таклифларни; муаммонинг ҳолатини ва зарур моддий-техник ва молиявий ресурсларни ёрқин намойиш қилувчи тақдимотни; кун тартиби масалалари бўйича Комиссия қарорлари лойиҳасини ўз ичига олади.


24. Комиссия қарорларини бажариш бўйича тақдим этилган материаллар ишчи орган томонидан кўриб чиқилади, у уларни навбатдаги йиғилишда кўриб чиқиш учун расмийлаштиради, Комиссия йиғилиши кун тартибини тайёрлайди ва ҳужжатлар тўпламини Комиссия котибига тақдим этади.


25. Комиссия йиғилиши кун тартибининг ҳар бир масаласи бўйича ҳужжатлар тўпламида барча зарур ҳужжатлар ва Комиссия қарорининг лойиҳаси бўлиши лозим.


26. Комиссия котиби тақдим этилган материаллар ҳақида Комиссия Раисига ахборот беради, Комиссия раиси кун тартиби ва тақдим этилган материаллар маъқулланган тақдирда 7 кун олдин Комиссия йиғилиши ўтказиладиган санани, вақтини ҳамда йиғилишга таклиф этиладиган шахсларни белгилайди.


27. Комиссия котиби ишчи орган билан йиғилиш ҳужжатлари баённома лойиҳаси билан бирга Комиссия аъзоларига ҳамда, зарурат бўлганда, йиғилишга таклиф этилган бошқа шахсларга юборилишини таъминлайди.


28. Комиссиянинг навбатдан ташқари йиғилишлари Комиссия ёки ҳудудий комиссиялар ишчи органининг махсус хабарномаси асосида Комиссия Раиси томонидан чақирилади.

Навбатдан ташқари йиғилишларни ўтказиш муддатлари Комиссия Раиси томонидан белгиланади ва унинг аъзоларига Комиссия котиби томонидан шошилинч тартибда етказилади.

Навбатдан ташқари йиғилишларда йиғилишлар ўтказилаётган пайтда фавқулодда вазият хавфи ёки юзага келиши тўғрисидаги мавжуд тезкор маълумотлар, шунингдек олдин расмийлаштирилган тегишли ахборот-таҳлилий материаллар кўриб чиқилади.



8-БОБ. КОМИССИЯ ТОМОНИДАН ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ

ҚИЛИНИШИ ВА УЛАРНИНГ БАЖАРИЛИШИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


29. Комиссия қарори унинг аъзоларининг фикрлари ва қарорлари умумлаштирилиши йўли билан коллегиал қабул қилинади.

Комиссиянинг ҳар бир аъзоси қабул қилинадиган қарорлар бўйича ўзининг алоҳида фикри ва таклифини ёзма равишда ифодалашга ҳақлидир.

Комиссия аъзоларининг фикрлари ва таклифлари тенг бўлганда Раиснинг фикри ҳал қилувчи ҳисобланади.


30. Комиссия Раиси қарорларни тезкор қабул қилиш мақсадида айрим масалалар бўйича Комиссия аъзолари билан сўров йўли билан келишилган Комиссиянинг қарорларини тасдиқлаши мумкин.


31. Комиссиянинг қарорлари Комиссия йиғилишининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Комиссия йиғилиши баённомасига унинг барча аъзолари томонидан виза қўйилади, котиб томонидан имзоланади, Комиссия Раиси томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта муддатда Комиссия аъзоларига ва манфаатдор ташкилотларга юборилади.


32. Комиссия йиғилишлари баённомаларининг асл нусхалари ва унга материаллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳарбийлаштирилган тузилмалар фаолиятини молиявий ва моддий-техник таъминлаш бўлимида сақланади.

33. Комиссия қарорлари бажарилишини назорат қилиш ишчи орган томонидан амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 24 июль, 29-сон, 706-модда



















































Время: 0.2091
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск