ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Автомобиль транспорти /

Автомобиль транспортида йўловчилар ва юклар ташувчи автотранспорт воситаларида лицензия карточкалари мавжуд бўлишини, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро автомобилларда ташувларни амалга ошириш шартларига риоя этилишини, ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимига риоя этилишини назорат қилиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 28.07.2017 й. 2906-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бошлиғининг 12.07.2017 й. 61-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2017 йил 28 июлда 2906-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон автомобиль ва

дарё транспорти агентлиги

бошлиғининг

2017 йил 12 июлдаги

61-сон буйруғига

ИЛОВА



Автомобиль транспортида йўловчилар

ва юклар ташувчи автотранспорт воситаларида

лицензия карточкалари мавжуд бўлишини, Ўзбекистон

Республикаси ҳудудида халқаро автомобилларда ташувларни

амалга ошириш шартларига риоя этилишини, ҳайдовчиларнинг

меҳнат ва дам олиш режимига риоя этилишини назорат

қилиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида"ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 апрелдаги 238-сон "Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ автомобиль транспортида йўловчилар ва юклар ташувчи автотранспорт воситаларида лицензия карточкалари мавжуд бўлишини, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро автомобилларда ташувларни амалга ошириш шартларига риоя этилишини, ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимига риоя этилишини назорат қилиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Автомобиль транспортида йўловчилар ва юклар ташувчи автотранспорт воситаларида лицензия карточкалари мавжуд бўлишини, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро автомобилларда ташувларни амалга ошириш шартларига риоя этилишини, ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимига риоя этилишини назорат қилиш (бундан буён матнда назорат деб юритилади) йўловчилар тўпланадиган ва юклар ортиладиган ҳамда тушириладиган йирик пунктларда (темир йўл вокзаллари ва станцияларида, дарё портларида, бозорларда, метрополитеннинг охирги станцияларида, автовокзалларда (автостанцияларда), автобус йўналишларининг оралиқ ва охирги тўхташ бекатларида ва ҳ. к.) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг стационар постларида амалга оширилади.


2. Назорат Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ҳудудий бошқармаларининг инспекторлари (бундан буён матнда инспекторлар деб юритилади) томонидан амалга оширилади.


3. Мазкур Низом талаблари:

табиий офатларни (зилзила, тошқинлар, ёнғинлар, эпидемиялар ва ҳ. к.) ва уларнинг оқибатларини тугатишда ёки қутқарув операцияларида фойдаланилаётган;

ўқув-машқ жараёнида фойдаланилаётган;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлигига қарашли тузилмалар томонидан кузатиб борилаётган;

конструктив такомилига етказиш, таъмирлаш ёки уларга техник хизмат кўрсатиш доирасида йўл синовларидан ўтказилаётган фойдаланишга топширилмаган;

божхона органлари томонидан божхона назорати остида кузатиб борилаётган автотранспорт воситаларини назорат қилишга татбиқ этилмайди.


4. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


лицензия карточкаси - йўловчилар ва юклар ташиш учун фойдаланиладиган муайян автотранспорт воситасига белгиланган тартибда лицензияловчи орган томонидан бериладиган автотранспорт воситалари билан йўловчилар ва юклар ташишни амалга ошириш (ҳуқуқи) учун рухсатнома;


йўл варақаси - автотранспорт воситасининг ишини аниқлаш ва ҳисобга олиш учун белгиланган намунадаги юридик ҳужжат.



2-БОБ. НАЗОРАТНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


5. Назоратни амалга оширишда инспектор:

автотранспорт воситасининг олдига келиши, фамилиясини, лавозимини айтиб ҳайдовчига ўзини таништириши, ҳайдовчининг талабига кўра хизмат гувоҳномасини кўрсатиши;

ҳайдовчиларга уларнинг ҳуқуқларини тушунтириши;

шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига қатъий риоя қилиши, ўз хизмат вазифасини аниқ бажариши, ҳайдовчига нисбатан маданиятли муомалада бўлиши лозим.


6. Инспектор автотранспорт воситасининг лицензия карточкасини кўздан кечиради.


7. Назоратни амалга оширишда лицензия карточкаси мавжуд бўлмаган тақдирда, инспектор томонидан тегишли далолатнома тузилади.


8. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро автомобилларда ташувларни амалга ошириш шартларига риоя этилишини назорат қилишда инспектор томонидан қуйидагилар текширилади:

йўловчилар, багаж ва юкларни мунтазам ва номунтазам ташиш учун рухсат берувчи ҳужжатларни;

ҳаракат жадвалига риоя қилинишини;

номунтазам халқаро автомобилда йўловчилар ва багаж ташишларда йўловчилар рўйхати мавжудлигини;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларга тегишли бўлган автотранспорт воситаларида йўловчилар, багаж ёки юкларни ташиш, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик келтирилган хорижий давлатлар автотранспорт воситаларида ташишларни (каботаж ташишларни) амалга оширишда халқаро шартномалар шартларига риоя этилишини;

хорижий давлатларга тегишли бўлган автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига белгиланган ўтиш пунктлари орқали кириб келганлигини.


9. Хорижий давлатга тегишли бўлган автотранспорт воситаси назоратдан ўтказилганда ушбу автотранспорт воситасига берилган рухсатнома бланкасининг орқа томонига тегишли ёзув орқали назорат ўтказилганлиги қайд этилади ҳамда инспектор томонидан имзоланиб, махсус штамп билан тасдиқланади.

Назоратдан ўтказилган хорижий давлатларга тегишли бўлган автотранспорт воситалари тўғрисидаги ахборот, шу жумладан аниқланган камчиликлар билдирги кўринишида инспектор томонидан Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг ҳудудий бошқармасига, транспорт маълумотлар базаси ва ташишлар хавфсизлиги суръати мониторинги ахборот-таҳлил тизимига киритиш учун топширилади.


10. Автомобилда халқаро ташишларни амалга оширишда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режими Халқаро автомобилда ташишни амалга оширувчи транспорт воситалари экипажлари ишига дахлдор Европа Битимига (Женева, 1970 йил 1 июль) мувофиқ белгиланади.

Автомобилда халқаро ташишда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимини назорат қилиш Рақамли назорат қурилмаларидан фойдаланиш тўғрисидаги йўриқномага (рўйхат рақами 2346, 2012 йил 26 март) мувофиқ рақамли назорат қурилмаси хотирасида сақланиб қоладиган параметрлар орқали назорат қилиб борилади.


11. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ички ташувларни амалга оширишда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режими Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига мувофиқ белгиланади.

Бунда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимини назорат қилиш йўл варақаси орқали амалга оширилади.



3-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


12. Назоратни амалга ошириш давомида инспекторнинг хатти-ҳаракатларидан (қарорларидан) норози бўлган шахслар қонунда белгиланган тартибда юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки судга шикоят қилишга ҳақли.


13. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.


14. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 31 июль, 30-сон, 759-модда


















































Время: 0.1495
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск