ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ўсимлик дунёси тўғрисидаги қонунчилик / Ўрмон хўжалигини ташкиллаштириш /

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.07.2017 й. 530-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 19 июлдаги

530-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги

давлат қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади) мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, шунингдек фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Қўмита ўрмонларни барпо этиш, кўпайтириш, қайта тиклаш, муҳофаза қилиш ва қўриқлаш, улардан оқилона фойдаланиш, шунингдек ўрмон-ов, ов хўжалигини юритиш миллий табиат боғлар ва тизимдаги бошқа муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ишларини ташкил этиш ва юритишда ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

3. Қўмита Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва ҳисобот беради.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси, вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармалари (кейинги ўринларда - ҳудудий бошқармалар), Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти, Миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлари бошқармаси, "Ўрмонлойиҳа" лойиҳалаш институти, Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий-ишлаб чиқариш маркази, "Ўрмонқурилиш" давлат унитар корхонаси, "Ўрмонтехносервис" давлат унитар корхонаси, Ўрмон хўжалиги техникуми, шунингдек, қўмита тизимига кирувчи бошқа ташкилотлар (кейинги ўринларда - Қўмита тизимига кирувчи ташкилотлар) Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ягона тизимини ташкил этади.

5. Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


6. Қўмита ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, хорижий ва халқаро ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширади.


7. Қўмитанинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган ва норматив-ҳуқуқий тусга эга бўлган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.


8. Қўмита юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири ва ўз номи туширилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида ҳисоб рақамларига, банк, шу жумладан чет эл валютасидаги ҳисоб рақамларига эга бўлади.


9. Қўмитанинг жойлашган ери (почта манзили): Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Университет кўчаси, 2-уй, 100140.



2-БОБ. ҚЎМИТАНИНГ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


10. Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўрмон бойликларини ҳар томонлама кенгайтириш ва улардан оқилона фойдаланишга қаратилган ўрмон хўжалиги соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш;

ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларга риоя этилишини амалий назорат қилиш;

ўрмон фонди ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни самарали бошқаришни ташкил этиш, ўрмон барпо этиш, уларни қайта тиклаш, қўриқлаш, муҳофаза қилиш, ўрмонлардан оқилона ва тежамли фойдаланиш;

республикамизда ўрмонларни тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, тоғ ёнбағирлари, жарликлар ва ташландиқ ерларда эрозияга қарши дарахтзорлар барпо этиш ишлари бажарилишини ташкил қилиш;

ўрмон фондини, фауна ва флорасини ўрганиш ҳамда уларнинг қатъий ҳисобини юритиш, ўрмон хўжалигини юритиш амалиётига фан ютуқлари ва илғор тажрибани жорий этиш;

ўрмонларни ёнғинлардан, зараркунанда ва касалликлардан, ноқонуний дарахт кесишдан ва бошқа ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишларидан муҳофаза қилиш;

манзарали ўсимликлар кўчатлари ва уруғларини сертификатлаш ва стандартлаштиришнинг ягона тизимини ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилишни ташкил этиш;

ўрмон хўжаликларида бир-бирига боғлиқ бўлган хўжалик фаолиятини кенгайтириш ва ривожлантириш, кўчат етиштириш, доривор ўсимликларни тўплаш, асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ҳамда уларни чуқур қайта ишлаш, халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш;

тармоққа халқаро молия институтлари грантларини жалб этиш ва экологик туризмни кенг кўламда ривожлантириш;

ўрмон хўжалиги соҳасида ўрта махсус ва олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш.


11. Қўмита ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) ўрмон бойликларини ҳар томонлама кенгайтириш ва улардан оқилона фойдаланишга қаратилган ўрмон хўжалиги соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш соҳасида:

ўрмон барпо этиш орқали уларнинг майдонларини кенгайтириш, қайта тиклаш, муҳофаза қилиш, улардан фойдаланиш фаолиятини ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш соҳасида давлат бошқарувини амалга ошириш;

Қўмита тизимига кирувчи хўжаликлар ва бошқа муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг келгусида режалаштириладиган ишларини прогнозлаштириш, манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда соҳани ривожлантиришнинг давлат ва маҳаллий дастурларини ҳамда бош режа (схема)ларини ишлаб чиқиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Қўмита марказий аппаратининг бошқарма ва бўлимлари, ҳудудий бошқармалар ҳамда Қўмита тизимига кирувчи республика ташкилотларининг низомларини тасдиқлаш;

Қўмита тизимига кирувчи ташкилотларда ҳисоб ва ҳисобот юритилишини ҳамда мол-мулк сақланишини, ҳисобга олинишини ва ҳисобдан чиқарилишини таъминлаш, етказилган моддий зарарни ундириш чораларини кўриш;

Қўмита тизимига кирувчи ташкилотларнинг бухгалтерия ҳисоботларини, балансларини кўриб чиқиш, умумлаштириш, йиғма баланслар тузиш ва уларни тегишли органларга тақдим этиш;

қўмита ўзига бўйсунувчи тузилмалари орқали ўрмон муҳофазаси назоратининг чегара минтақалари дахлсизлигини таъминлаш мақсадида ҳарбийлаштирилган тузилмалар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва қўшма тадбирларни амалга ошириш;

ўзига бўйсунувчи хўжаликларнинг чегарадош ҳудудлари хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш, ҳудудни ишончли қўриқлаш ва ҳимоя қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

чегара режим-қўриқлаш тадбирларини ўтказиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси таклифи бўйича профилактика ва чегара олди ҳудудларидаги ўрмон дарахтлари ва чангалзорларни тозалаш ишларини амалга ошириш ва назорат қилиш;

ўрмон фонди ҳудудида ҳарбийлаштирилган тузилмалар бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорликда жиноятчилик намоён бўлиши белгилари ва фактлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, ички ишлар органларини хабардор қилиш, режимга боғлиқ нохуш ҳолатларни бартараф этиш бўйича самарали тезкор-қидирув фаолияти ўтказилишига кўмаклашиш;

фуқароларни қабул қилишни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилишини таъминлаш;

қўмита тизими фаолиятига оид газета ва журналлар чиқарилишини, тегишли рухсатномалар, бланкалар, соҳага тегишли китоб, бюллетень ва қўлланмалар чоп этилишини ҳамда веб-сайт юритилишини ташкил этиш;


б) ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларга риоя этилишини амалий назорат қилиш соҳасида:

ўрмонларни, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, ундан оқилона фойдаланиш, ўрмон хўжаликлари ва бошқа муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар фаолиятини тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

ўрмонлар тоифаларини белгилаш, уларни бир тоифадан бошқасига ўтказиш ҳақидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

ўрмон фондида дарахт ва буталарни парваришлаш ёки мақсадли фойдаланиш учун кесиш ҳажмларини белгилаш ва тасдиқлаш;

Қўмита тизимига кирувчи ўрмон фонди ерларида ўрнатилган режимга риоя қилиниши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда ов қилиш қоидалари ижроси юзасидан идоравий назоратни амалга ошириш;

ўрмон фонди яйловларида чорва молларини ўтлатиш, уларни яйловларда жойлаштириш ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланишнинг бошқа турлари учун тўланадиган ҳақ миқдорини белгилаш ҳақида таклифлар ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;


в) ўрмон фонди ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни самарали бошқаришни ташкил этиш, ўрмон барпо этиш, уларни қайта тиклаш, қўриқлаш, муҳофаза қилиш, ўрмонлардан оқилона ва тежамли фойдаланиш соҳасида:

Қўмита тизимига кирувчи хўжаликлар ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни юритишда жорий ва истиқболга мўлжалланган тадбирлар тизимини қамраб олган лойиҳа қидирув тадбирларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш;

г) республикамизда ўрмонларни тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, тоғ ёнбағирлари, жарликлар ва ташландиқ ерларда эрозияга қарши дарахтзорлар барпо этиш ишларини ташкил қилиш соҳасида:

ўрмон фонди ҳудудидаги чўл, тоғ ва тоғ олди яйловларининг ҳолатини яхшилаш, бойитиш, маҳсулдорлигини ошириш, қум кўчишини олдини олиш ва уларни мустаҳкамлаш, ҳудудларда чўлланишга қарши дарахт ва буталар экиш тадбирларини амалга ошириш;

сувни асровчи ўрмонларни, дарахтзор ерларни, аҳоли яшаш жойлари атрофидаги кўкаламзорлашган ҳудудларни ҳамда иқлимни тартибга солиш, санитария-гигиена, соғломлаштириш ва бошқа ҳимоя функцияларини бажарувчи бошқа дарахтзорларни сақлаш ва уларнинг ҳолатини яхшилаш тадбирларини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш;

қишлоқ хўжалиги корхоналари ва бошқа ердан фойдаланувчилар ҳудудида, шунингдек тоғ ёнбағирларида (терраса), жарликларда, қияликларда, яроқсиз ҳолдаги қазилмалар бўлган жойларда, ташландиқ ерларда шартнома асосида иҳота дарахтзорлари барпо этиш ҳамда марказлашган манбалар ҳисобидан янги қурилаётган, реконструкция қилинаётган йўллар, бино ва иншоотлар атрофларини кўкаламзорлаштириш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва мазкур ишларни амалга оширишни ташкил этиш;

республикада чўлланишнинг олдини олиш, ўрмонларни қайта тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича халқаро мажбуриятларини бажариш;

чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш масалалари бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан самарали ўзаро ҳамкорликни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этадиган вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ишларини мувофиқлаштириш;

Қаттиқ қурғоқчиликни бошдан кечираётган ва (ёки) чўлга айланиб бораётган мамлакатларда, айниқса, Африкада чўлга айланиб боришга қарши кураш бўйича БМТ Конвенцияси талабларини бажариш доирасида Ўзбекистон Республикасининг миллий ваколатли органи вазифасини амалга ошириш;

д) ўрмон фондини, фауна ва флорасини ўрганиш ҳамда уларнинг қатъий ҳисобини юритиш, ўрмон хўжалигини юритиш амалиётига фан ютуқлари ва илғор тажрибани жорий этиш соҳасида:

ўрмон фондида манзарали, мевали ва ёнғоқ мевали ўсимликлар кўчатчилигини ривожлантириш, кўчатлар ўстиришнинг илмий асосларини ҳамда истиқболли технологиялари ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини ташкил қилиш;

ўрмон фонди ҳудудида ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларининг қатъий ҳисобини ҳамда давлат ўрмон кадастрини юритиш;

тизим хўжаликларида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини қайта тиклаш, кўпайтириш ва улардан фойдаланиш мақсадида плантация ва питомниклар ташкил этиш;

минтақаларнинг тупроққлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда ўрмон фондида манзарали, доривор, техник ва озуқабоп ўсимликларни районлаштириш бўйича илмий тавсиялар ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

манзарали ўсимликларни ўстириш мақсадида турли хўжалик юритувчи субъектларга илмий-методик ва ишлаб чиқариш ёрдамини кўрсатиш;

ўрмон фонди ҳудудида техник, доривор ва озуқабоп ўсимликлар деҳқончилигини ва уларни йиғиш, тайёрлаш борасидаги илмий ва амалий ишларни мувофиқлаштириш, илмий-тадқиқот муассасалари билан биргаликда ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ва озуқабоп ўсимликларнинг тарқалиш ҳудудини ва мавжуд ресурсларини ўрганиш, уларни йиғиш ва тайёрлашнинг мақбул миқдорини тавсия этиш;

ўрмон хўжаликларида ишлаб чиқаришни комплекс механизациялаш ва автоматлаштириш тадбирларини амалга ошириш, соҳага юқори самарали ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш;

ўрмон фонди ерларида чет эл жисмоний ва юридик шахслари учун ов қилишни ташкиллаштириш, мазкур соҳага оид чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрида районлаштирилган манзарали, доривор, техник ва озуқабоп ўсимликларнинг рўйхати юритилишини таъминлаш;

е) ўрмонларни ёнғинлардан, зараркунанда ва касалликлардан, ноқонуний дарахт кесишдан ва бошқа ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишларидан муҳофаза қилиш соҳасида:

ўрмонларни ёнғиндан, дарахтларни ўзбошимчалик билан кесишдан ва ўрмонга зарар етказадиган бошқа хатти-ҳаракатлардан муҳофаза қилишни ҳамда ўрмонлар патологиясини ўрганиш натижаларига кўра ўрмон зараркунандалари, касалликларини ҳисобга олиш, уларга қарши курашишни ташкил этиш;


ж) манзарали ўсимликлар кўчатлари ва уруғларини сертификатлаш ва стандартлаштиришнинг ягона тизимини ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилишни ташкил этиш соҳасида:

манзарали ўсимликлар кўчатларини сертификатлаш ва стандартлаштиришнинг ягона тизимини ташкил этиш, четдан олиб келинадиган кўчатларга сертификатлар бериш механизми ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини таъминлаш;


з) ўрмон хўжаликларида бир-бирига боғлиқ бўлган хўжалик фаолиятини кенгайтириш ва ривожлантириш, кўчат етиштириш, доривор ўсимликлар тўплаш, асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ҳамда уларни чуқур қайта ишлаш, халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш соҳасида:

селекцион ўрмон уруғчилиги базаларини ташкил этиш, доривор, озуқабоп ва техник ўсимликлар уруғларини тайёрлаш, шунингдек ўз эҳтиёжлари ва бошқа истеъмолчиларнинг талабларини қондириш учун юқори навли кўчат ва уруғлар етиштирилишини таъминлаш;

ёғоч-тахта тайёрлашни, шунингдек хўжаликларда ёғочга ишлов бериш, миницехлар ташкил этиш, ёғоч чиқиндиларидан халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни, ўрмонларда қўшимча равишда фойдаланиладиган маҳсулотлар тайёрлашни ташкил этиш;

ўрмондан қўшимча фойдаланишдан олинадиган маҳсулотларни қайта ишлаш учун кичик ишлаб чиқариш цехларини ташкил этиш, ушбу соҳани ривожлантириш мақсадида қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда тижорат ташкилотлари ташкил этиш;

ўрмон фонди ерларида қишлоқ хўжалиги ва доривор экинлар, мевали ва ёнғоқ мевали дарахтларнинг ҳосилдорлиги оширилишини, маҳсулотлар етиштириш бўйича тузилган шартномаларнинг бажарилишини назорат қилиш;


и) тармоққа халқаро молия институтлари грантларини жалб этиш ва экологик туризмни кенг кўламда ривожлантириш соҳасида:

ўрмон фонди ҳудудида экотуризмни ривожлантириш чора-тадбирлари дастури (экотуризм йўналиш (маршрут)ларини, экотуристик хизматлар кўрсатиш бўйича нархлар)ни ишлаб чиқиш ва унинг ижросини таъминлаш;

ўрмон хўжалиги соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, экспорт-импорт ишларини ташкил этишга кўмаклашиш, соҳага халқаро ва бошқа молия институтларининг грант маблағлари ҳамда инвестицияларини жалб қилиш, фан ютуқлари ва илғор тажрибаларни ўрмон хўжалигини юритиш амалиётига жорий этиш;


к) ўрмон хўжалиги соҳасида ўрта махсус ва олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш соҳасида:

ўрмон хўжалиги соҳасида кадрларни тайёрлашга кўмаклашиш, захирасини яратиш, раҳбар ходимлар ва муайян малака талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг ишлаб чиқариш амалиётига боғлиқ ҳолда малакасини оширишни ташкил этиш.

Қўмита қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин.



3-БОБ. ҚЎМИТАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


12. Қўмита ўзига юкланган вазифа ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва бошқа ташкилотлардан ўрмон хўжалигини юритиш, ўрмонларни муҳофаза ва ҳимоя қилиш ҳамда ўрмон ресурсларидан фойдаланиш соҳасига оид масалалар бўйича маълумотларни белгиланган тартибда сўраб олиш;

тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан келишган ҳолда соҳа мутахассисларини овчилик, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш ва фаолият кўрсатиши юзасидан ўрмон хўжаликлари билан боғлиқ бўлган алоҳида масалаларни ишлаб чиқишга ва экспертизалар ўтказишга шартнома асосида жалб этиш;

давлат ўрмон фонди ерларида ўрмонларнинг давлат мониторингини, давлат ўрмон кадастрини, ўрмонларнинг давлат ҳисобини юритишни ҳамда ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларининг қатъий ҳисобини белгиланган тартибда олиб борилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Қизил китобини юритишда иштирок этиш;

жисмоний ва юридик шахсларга давлат ўрмон фонди ерларида ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун рухсатнома бериш;

жисмоний шахсларга табиатни муҳофаза қилиш органлари томонидан бериладиган ёввойи ҳайвонларни тутиш рухсатномаси доирасида ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланишга рухсатнома (йўлланма, ҳайвонларни тутиш варақаси) бериш;

давлат ўрмон фондидан жисмоний ва юридик шахсларга пичан ўриш, чорва молларини ўтлатиш (боқиш) ҳамда участкалар ажратишга рухсатномалар бериш;

давлат ўрмон фондидан жисмоний ва юридик шахсларга асалари уялари ва қутиларини жойлаштиришга участкалар ажратиш;

давлат ўрмон фонди ерларида ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини муҳофаза қилиш, қайта тиклаш мақсадларида биотехник тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш;

давлат ўрмон фонди ерларида ўрмонни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида идоравий назоратни амалга ошириш;

ўрмон фонди ҳудудларида содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома ёки далолатномалар тузиш, ҳуқуқбузарларга нисбатан жарималар қўллаш;

ўрмон, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқбузарлардан табиатга етказилган зарар суммаларини ундириш ва ҳуқуқбузарларга нисбатан судда ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ишнинг кўриб чиқилишида қатнашиш;

жисмоний ва юридик шахсларга ўрмон хўжалигини юритишга доир қонун ҳужжатлари бузилишини, ўрмонларни муҳофаза қилиш ва ҳимоя қилиш, ўрмон ресурсларидан фойдаланишдаги нуқсонларни бартараф этиш тўғрисида ёзма кўрсатмалар бериш;

олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига соҳага оид кадрлар захирасини тайёрлаш учун буюртма ва йўлланмалар бериш;

белгиланган тартибда марказий аппарат ва унинг тизимига кирувчи ташкилотларнинг даромадлар ва харажатлар сметаси, штат жадвалларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармасини шакллантириш ва ундан фойдаланишни ташкил этиш;

қўмита ходимларини меҳнатига ҳақ тўлаш, рағбатлантириш, мукофотлаш ва бошқа рағбатлантиришларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга ошириш;

Қўмита тизими фаолиятига оид ноширлик фаолиятини амалга ошириш.

Қўмита қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


13. Қўмита ўз ваколатлари доирасида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга ҳақли.

Қўмита, зарур ҳолларда, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ва бошқа турдаги ҳужжатларни чиқаришга ҳақли.


14. Қўмита ва унинг мансабдор шахслари ўзларига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб берадилар.



4-БОБ. ҚЎМИТА ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


15. Қўмитага Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган ва лавозимидан озод этиладиган раис раҳбарлик қилади.

Қўмита раисининг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари бўлади.

Қўмита раиси мақоми бўйича вазирга, раиснинг биринчи ўринбосари вазирнинг биринчи ўринбосарига, раис ўринбосарлари эса вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.


16. Қўмита раиси:

Қўмита фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ҳамда Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

давлат органларида ва бошқа ташкилотларда Қўмита номидан вакиллик қилади ёхуд Қўмита номидан ишончнома ва (ёки) ваколатлар беради;

белгиланган умумий штатлар сони доирасида Қўмитанинг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармаларининг штат жадвалини, шунингдек Қўмитанинг марказий аппарати, унинг ҳудудий бошқармалари ва Қўмита тизимига кирувчи ташкилотларнинг харажатлар сметасини тасдиқлайди;

Қўмитага ажратилган молиявий ва моддий маблағларни белгиланган тартибда тасарруф этади;

белгиланган тартибда марказий аппарат, Қўмита тизимига кирувчи республика ташкилотлари ва ҳудудий бошқармалар тузилмаси ва низомларини, шунингдек тизимга кирувчи ташкилотлар уставларини тасдиқлайди;

белгиланган тартибда Қўмита марказий аппарати ходимларини, ҳудудий бошқармалар, Қўмита тизимига кирувчи ташкилотлар раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади;

Қўмита ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади, раис ўринбосарларининг, Қўмитанинг, Қўмита ҳудудий бошқармалари ва Қўмита тизимига кирувчи ташкилотларнинг бошқа мансабдор шахсларининг ваколатлари, мажбуриятлари ва жавобгарлик даражасини белгилайди;

зарур бўлганда марказий аппаратнинг, ҳудудий бошқармалар ва ўрмон хўжаликларининг тузилмасига ходимларнинг чекланган умумий штатлар сонига мувофиқ ўзгартиришлар киритади;

Қўмита, ҳудудий бошқармалар ва Қўмита тизимига кирувчи ташкилотлар ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

қўмита тизимида фаолият юритаётган ходимларни рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этади, алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларни фахрий унвонлар беришга ва Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан тақдирлашга тавсия этади.

Раис қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлади.


17. Қўмита раисининг ўринбосарлари:

Қўмита назоратидаги бўлинмаларга бевосита раҳбарлик қиладилар ва Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар;

Қўмита раиси томонидан ўзларига юкланган бошқа функцияларни амалга оширадилар.


18. Қуйидагиларни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш:

Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси раисини - Қўмита раиси билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан;

Вилоятлар бошқармалари бошлиқлари ва давлат ўрмон хўжаликлари директорларини - тегишли вилоятлар ҳокимлари билан келишган ҳолда Қўмита раиси томонидан амалга оширилади.

Ҳудудий бошқармалар Қўмитага, шунингдек тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига ҳисобот беради.


19. Қўмитада унинг асосий фаолият йўналишларини мувофиқлаштирадиган, Қўмита раиси (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари, шунингдек Қўмита марказий аппарати бўлинмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси раиси, вилоятлар ўрмон хўжаликлари бошқармалари, тизимга кирувчи ташкилотларнинг раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъат аъзоларининг сони ва шахсий таркиби Қўмита раисининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


20. Ҳайъат томонидан қуйидагилар билан боғлиқ бўлган масалалар кўриб чиқилади:

Қўмитанинг мазкур Низомда назарда тутилган фаолиятининг асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

кадрларни Қўмита номенклатурасига кирувчи лавозимларга танлаш, жой-жойига қўйиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва Қўмита тизимига кирувчи ташкилотлар раҳбарларининг ҳар чорак якунлари бўйича ҳисоботларини эшитиш;

Қўмита раҳбарлари ва ходимларининг қонун ҳужжатларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши таъминланиши учун шахсий масъулиятини ошириш.

Ҳайъат Қўмита ваколатига кирувчи бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиши мумкин.


21. Ҳайъат мажлисларига бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Қўмита ваколатларига кирувчи масалаларга алоқадор бошқа ташкилотлар раҳбарлари таклиф қилиниши мумкин.

Мажлисда Ҳайъат таркибининг ярмидан кўпи ҳозир бўлганда Ҳайъат мажлиси ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.


22. Ҳайъат томонидан қабул қилинган қарорлар Қўмита қарорлари ва раиснинг буйруқлари билан амалга оширилади. Қўмита раиси ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлган тақдирда раис мустақил равишда қарор қабул қилади, бунда юзага келган келишмовчиликлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекси раҳбарига хабар қилинади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикрларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекси раҳбарига маълум қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби ҳайъат томонидан тасдиқланадиган регламент билан белгиланади.

Ҳайъат мажлислари, қоида тариқасида, ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.


23. Қўмита ҳузурида илмий-техник Кенгаш тузилади. Илмий-техник Кенгаш тўғрисида низом ва унинг шахсий таркиби қўмита Ҳайъати томонидан тасдиқланади.



5-БОБ. ҚЎМИТА ТИЗИМИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА ХОДИМЛАРИНИ МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


24. Қўмита тизими қуйидаги манбалар ҳисобидан:

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси марказий аппарати - Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ва Жамғарма маблағлари;

Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси, вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармалари - Жамғарма маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар;

Миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлари бошқармаси, Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий-ишлаб чиқариш маркази, Ўрмон хўжалиги техникуми - Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари, Жамғарма маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар;

Миллий табиат боғлари, давлат ўрмон хўжаликлари, давлат ўрмон ишлаб чиқариш корхоналари, доривор ўсимликларни етиштириш бўйича ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжаликлари, давлат ўрмон-овчилик хўжаликлари, илмий-тажриба станциялари - Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар маҳаллий бюджетлари, Жамғарма маблағлари, бюджетдан ташқари маблағлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар;

Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг Андижон филиали, Чўл ҳудудларида ўрмончиликни ривожлантириш илмий маркази, Ўрмон хўжалигини ривожлантириш инновация маркази - Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари, Жамғарма маблағлари, грантлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар;

"Ўрмонлойиҳа" лойиҳалаш институти, "Ўрмонқурилиш" давлат унитар корхонаси, "Ўрмонтехносервис" давлат унитар корхонаси - хўжалик фаолиятидан олинадиган даромадлар ҳисобидан молиялаштирилади.

25. Қўмита ходимлари Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан, Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи ходимлари Тошкент вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан қонун ҳужжатларида белгиланган намунадаги кийим-бош билан таъминланадилар.


26. Ўрмон инспекторлари, егерлар, миллий табиат боғлари инспекторлари хизматни ўташ даврида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хизмат қуроли, унинг ўқ-дорилари ва махсус воситалар, рақамли жетон, дурбин, авто-мото ёки от-улов, қонунчилик ҳужжатлари тўплами, баённома бланкалари ва уни рўйхатга олиш китоби ва хизматга зарур бошқа инвентарлар билан таъминланадилар.

27. Қўмита қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда соҳа ходимларининг ҳаётини суғурталаш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда ижтимоий муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширади.


28. Ходимларнинг иш ҳақи қонун ҳужжатларида назарда тутилган лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақлар ва устамалар, рағбатлантириш тўловлари, шунингдек қўшимча моддий рағбатлантириш тўловларидан иборат бўлади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


29. Қўмитани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 31 июль, 30-сон, 734-модда



















































Время: 0.1694
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск