Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Ёнғин хавфсизлиги. Ёнғинга қарши тадбирлар /

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.08.2017 й. 566-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 1 августдаги

566-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг

Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида" 2017 йил 23 майдаги ПҚ-2992-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг тизимини, асосий вазифаларини, функцияларини, ҳуқуқлари ва масъулиятини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат ёнғин хизмати бўлинмаларини ташкил этиш ва молиявий таъминлаш тартибини белгилайди.


2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати (кейинги ўринларда ёнғин хавфсизлиги хизмати деб аталади) одамларнинг ҳаёти ва соғлиғини, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини, атроф табиий муҳитни ёнғинлардан ҳимоя қилиш, аҳоли пунктларида, бошқа ҳудудлар ва объектларда ёнғин хавфсизлигини талаб даражасида сақлаш, шунингдек Ўзбекистон Республикасида давлат ёнғин назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш мақсадида белгиланган тартибда ташкил этилган бошқарув органлари, куч ва воситалари мажмуидир.


3. Ёнғин хавфсизлиги хизматининг фаолияти қонунийлик, бирдамлик, фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларига риоя этиш, ҳурмат ва ҳимоя қилиш, очиқлик ва шаффофлик, яккабошчилик, ёнғинларга қарши тезкор ва ўз вақтида чора кўриш тамойилларига мувофиқ амалга оширилади.


4. Ёнғин хавфсизлиги хизмати ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруқлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


5. Ёнғин хавфсизлиги хизмати тизими қуйидаги асосий бўлинмаларни ўз ичига олади:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси (кейинги ўринларда Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси деб аталади);

Ёнғин хавфсизлиги хизматининг тезкор-хизмат фаолиятини таъминловчи, бевосита Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасига бўйсунувчи бўлинмалар (ёнғинни ўчириш куч ва воситаларни бошқариш ва мувофиқлаштириш, ахборот-коммуникация технологияларини ва алоқа, ёнғин хавфсизлигини илмий-техник таъминлаш, бошланғич тайёргарлик ва малака ошириш марказлари, мураккаб ёнғинларни ўчириш бўйича республика ихтисослаштирилган отряди, Навоий КМК ёнғин хавфсизлиги бошқармаси, хўжалик таъминоти бўлими);

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари (кейинги ўринларда ҳудудий ёнғин хавфсизлиги бошқармалари деб аталади) ва алоҳида муҳим объектлардаги (кейинги ўринларда объектлардаги ёнғин хавфсизлиги бошқармалари);

ҳудудий бўлинмаларнинг тезкор-хизмат фаолиятини таъминловчи бевосита ҳудудий Ёнғин хавфсизлиги бошқармаларига бўйсунувчи бўлинмалар (ёнғинни ўчириш куч ва воситаларини бошқариш ва мувофиқлаштириш, ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа, ёнғин хавфсизлиги тарғибот марказлари, ёнғин-техник лабораториялари, техник-хизмат отряд (қисм)лари);

туман (шаҳар) ёнғин хавфсизлиги бўлим (бўлинма)лари (кейинги ўринларда ҳудудий ёнғин хавфсизлиги бўлим (бўлинма)лари деб аталади) ва алоҳида муҳим объектларидаги ёнғин хавфсизлиги бўлим (бўлинма)лар (кейинги ўринларда объектдаги ёнғин хавфсизлиги бўлим (бўлинма)лари деб аталади), ушбу бўлим (бўлинма)лар таркибига қуйидагилар:

ёнғинларнинг олдини олиш ва назорат қилиш бўлинма (гуруҳ)лари;

туман (шаҳар), аҳоли яшаш пунктларида ва алоҳида муҳим объектларда ёнғинни ўчиришни таъминловчи ҳарбийлаштирилган ва профессионал қисмлар киради.


6. Ёнғин хавфсизлиги хизмати Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан тасдиқланадиган ёнғин хавфсизлиги хизмати фаолияти ҳусусиятини акс эттирувчи рамзий белгига эга бўлиши мумкин.



2-БОБ. ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ХИЗМАТИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар ёнғин хавфсизлиги хизмати асосий вазифалари ҳисобланади:

ёнғинлар профилактикасини ташкил этиш ва ўтказиш;

ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назорат қилиш ҳамда аҳоли яшаш пунктларида ва бошқа ҳудуд ва объектларда ёнғин хавфсизлигини талаб даражасида сақлаш;

ёнғинларни ўчиришни ташкил этиш, ёнғин зонасида қолган одамларни ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини қутқариш, шунингдек атроф табиий муҳитни ёнғинлардан ҳимоя қилиш;

ёнғин хавфсизлиги хизмати булинмалари ходимлари малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш тартибини такомиллаштириш.


8. Ёнғин хавфсизлиги хизмати ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) ёнғинлар профилактикасини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасида:

ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлайди;

ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади ва уларнинг амалга оширилишини ташкил этади;

ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари ишлаб чиқилишида иштирок этади;

техник регламентлар, стандартлар, нормалар, қоида ва бошқа ёнғин хавфсизлиги талабларини ўз ичига олган норматив ҳужжатларнинг ишлаб чиқилишида иштирок этади;

ёнғин хавфсизлиги соҳасида ёнғинга қарши тарғиботни, ўқитишни ва ахборот билан таъминлашни амалга оширади;

ёнғинлар ва уларнинг оқибатлари ҳисобини юритади;

ёнғин хавфсизлигининг илмий-техник жиҳатдан таъминланишини мувофиқлаштиради;

белгиланган тартибда ёнғин хавфсизлиги соҳасида лицензиялашни амалга оширади ва сертификатлаштиришда иштирок этади;

модда, материаллар, буюм ва асбоб-ускуналарнинг ёнғин хавфсизлигини ҳамда ёнғин-техник маҳсулотларни тадқиқ қилиш ва синаш ишларини ташкил этади ва ўтказади;


б) ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши юзасидан назоратни амалга ошириш ҳамда аҳоли яшаш пунктларида, бошқа ҳудуд ва объектларда ёнғин хавфсизлигини талаб даражасида сақлаш соҳасида:

давлат ёнғин назоратини амалга оширади;

ёнғин хавфсизлиги талабларидан асосли равишда четга чиқилган ёки бундай талаблар мавжуд бўлмаган тақдирда бинолар, иншоотларни ва бошқа объектларни қуриш, мукаммал таъмирлаш, реконструкция қилиш, кенгайтириш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлашга доир лойиҳа ҳужжатларининг ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинишига тааллуқли қисмини кўриб чиқади;

қурилиш учун майдонлар (трассалар) танлаш (ажратиш) комиссиясининг, шунингдек қурилиши (реконструкцияси) тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиб олиш комиссиялари ишида иштирок этади;

объектларнинг қўриқланишини, шу жумладан алоҳида муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда (кейинги ўринларда алоҳида муҳим объектлар деб аталади) белгиланган тартибда таъминлайди;


в) ёнғинларни ўчиришни ташкил этиш, ёнғин зонасида қолган одамларни ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини қутқариш, шунингдек атроф табиий муҳитни ёнғинлардан ҳимоя қилиш соҳасида:

ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмаларини ёнғинни ўчириш техникаси ва бошқа техника воситалари билан жиҳозлаш соҳасида ягона техник сиёсатни амалга оширади;

ёнғинни ўчиришни ташкил этиш, ёнғин хавфсизлиги гарнизон ва смена хизматини олиб бориш меъёрий ҳужжатларини ҳамда ёнғинни ўчириш булинмалари фаолиятини белгиловчи ҳужжатларни ишлаб чиқади;

ёнғинни ўчириш куч ва воситаларини жалб этишнинг тезкор ва бошқа режалари ишлаб чиқилишини ва тасдиқланишини таъминлайди;

техноген хавф, портлаш ва ёнғин хавфи юқори бўлган зоналар (объектлар) бўйича давлат кадастри юритилишини амалга оширади;

барча турдаги ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмаларининг ёнғинларни ўчиришга шайлиги ҳолати ва ёнғинлар профилактикасига доир ишларнинг бажарилиши юзасидан давлат назоратини амалга оширади;

бошқа турдаги ёнғиндан сақлаш хизматлари, ваколатли органлар, авария-таъмирлаш ва бошқа шошилинч хизматлар билан ёнғинларнинг ўчирилишини ташкил этишни таъминлаш бўйича ҳамкорликни амалга оширади;

ёнғин хавфсизлиги хизматининг фуқаро муҳофазаси, ёнғиндан сақлаш хизматининг фуқаро муҳофазаси махсус тузилмаларининг жанговар ва сафарбарлик тайёргарлиги тадбирларини ташкил этади, шунингдек фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш тизимида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича функцияларни бажаради;

идоравий ва кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмалари ҳисоботини юритади;


г) ёнғин хавфсизлиги хизмати бўлинмалари ходимларининг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш тартибини такомиллаштириш соҳасида:

ёнғин хавфсизлиги хизматининг бошқарув органлари ва бўлинмалари тизимида кадрларни танлаш, жой-жойига қўйишни амалга оширади;

ёнғин хавфсизлиги ва ёнғиндан сақлаш хизмати бошқа турларининг шахсий таркибининг дастлабки касбий, психологик, жисмоний тайёргарлиги ва малакаси оширилишини ҳамда ёнғин амалий спорти ривожлантирилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Халқаро ҳамкорлик бошқармаси воситачилигида ёнғин хавфсизлиги соҳаси бўйича, шу жумладан ёнғин хавфсизлиги хизматининг офицерлар таркибини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масаласи бўйича хорижий давлатларнинг олий ёнғин-техник таълим муассасалари билан халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Ёнғин хавфсизлиги хизмати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажаради.



3-БОБ. ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ХИЗМАТИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


9. Ёнғин хавфсизлиги хизмати ўз зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат бошқаруви органлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролар томонидан ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинишини давлат ёнғин назорати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга ошириш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органларига муайян ҳудудларда ёнғинга қарши алоҳида режим ўрнатиш ҳақида таклифлар киритиш;

аҳоли яшаш пунктлари, ҳудудлар, бинолар, иншоотлар учун ёнғин хавфсизлигининг умумий талабларини белгилаш;

ёнғин хавфсизлиги талаблари мавжуд бўлган техник регламентлар, стандартлар, нормалар, қоидалар ва бошқа норматив ҳужжатларни келишиш;

барча турдаги ёнғиндан сақлаш бўлинмалари томонидан ёнғинларнинг ўчирилишини ташкил этиш тартибини белгилаш;

ёнғинни ўчиришда ёнғинлар тарқалган (тарқалиш эҳтимоли бўлган) ва хавф келтириб чиқарадиган жойларга қаршиликсиз кириб бориш, ёнғин кучайишининг (тарқалишининг) ҳамда ёнғин билан боғлиқ бўлган, одамларга, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига, атроф табиий муҳитга таҳдид солувчи хавфли омилларнинг олдини олиш мақсадида зарур ҳолатларда эшик, дераза, тўсиқ ва қурилмаларни очиш, шунингдек ёнғинни бартараф этишни таъминлайдиган шароитлар яратиш;

ташкилотлар ва фуқароларда мавжуд бўлган алоқа, транспорт воситаларидан, асбоб-ускуналардан, ёнғинни ўчириш воситалари ва оловни ўчириш моддаларидан кейинчалик ўрни белгиланган тартибда қопланиши шарти билан фойдаланиш;

ёнғин жойларида транспорт ва одамлар ҳаракатланишини чеклаш ёки тақиқлаш ҳамда ёнғинлар ўчирилаётган жойларни қўриқлаш учун тегишли хизматларни жалб этиш;

ёнғинни ўчириш ҳаракатлари амалга оширилаётган ҳудуд чегараларини, мазкур ҳаракатларни бажаришнинг тартибини ва ўзига хос жиҳатларини белгилаш, шунингдек ёнғин чоғида одамларни, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини қутқариш бўйича қарорлар қабул қилиш;

ўз ваколати доирасида барча ташкилотлар ва фуқароларнинг ижро этиши учун мажбурий бўлган, шу жумладан, ёнғинни ўчириш ҳаракатлари амалга оширилаётган ҳудуддаги юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини чеклайдиган қарорлар қабул қилиш;

фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ ёки қисман молиялаштириладиган оммавий ахборот воситаларидан ёнғин ҳақида аҳолини тезкорлик билан хабардор қилиш мақсадида бепул фойдаланиш;

ёнғинларни ўчириш, ёнғинлар ва аварияларнинг келиб чиқиши ҳамда кучайишининг (тарқалишининг) олдини олиш билан боғлиқ зарур ишларни амалга оширишда ёнғинни ўчириш мақсади учун табиий ва сунъий сув манбаларидан бепул фойдаланиш.

Ёнғин хавфсизлиги хизмати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


10. Ёнғин хавфсизлиги хизмати қуйидагиларга мажбур:

ёнғинни бартараф этиш ва ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилишларининг олдини олиш, аниқлаш ва чора кўриш бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ берилган ваколатларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш;

ёнғин келиб чиққанлиги тўғрисидаги хабарни олгач, ёнғин жойига дарҳол мажбурий равишда жўнаб кетиш;

ёнғинлар ўчирилишини белгиланган тартибда ташкил этиш;

ёнғин хавфсизлиги хизматининг давлат ёнғин назорати, профилактика, ёнғинни ўчириш, хизматни ўташни ташкил этиш, молиявий, иқтисодий ва моддий-техника таъминоти бўйича фаолиятни амалга ошириш ишларини такомиллаштириш.

Ёнғин хавфсизлиги хизмати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам амалга ошириши мумкин.


11. Ёнғин хавфсизлиги хизмати ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.

Ёнғин хавфсизлиги хизматининг мансабдор шахслари ўз мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки талаб даражасида бажарилмаганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



4-БОБ. ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ХИЗМАТИ

БЎЛИНМАЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Туман (шаҳар)лар ёнғин хавфсизлиги бўлим (бўлинма)лари бевосита ҳудудий ёнғин хавфсизлиги бошқармаларига бўйсунади.

Алоҳида муҳим объектлардаги ёнғин хавфсизлиги бўлим (бўлинма)лари бевосита ҳудудий ёки объектдаги ёнғин хавфсизлиги бошқармаларига бўйсунади.


13. Штатидаги лавозим сафдор, сержант ва офицерлар таркибидан иборат бўлган шахслар (ходимлар) билан тўлдириладиган бўлинмалар ёнғин хавфсизлигининг ҳарбийлаштирилган қисмлари ҳисобланади.


14. Штатидаги лавозимлар махсус унвонларга эга бўлмаган шахслар (хизматчилар) билан тўлдириладиган бўлинмалар ёнғин хавфсизлигининг профессионал қисмлари ҳисобланади.


15. Қуйидагилар ёнғин хавфсизлиги хизматининг бошқарув органлари ҳисобланади:

Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси;

ҳудудий ва объектдаги ёнғин хавфсизлиги бошқармалари;

ҳудудий ва объектдаги ёнғин хавфсизлиги бўлим (бўлинма)лари.

Қайд этилган бошқарув органлари юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, шунингдек белгиланган тартибда шахсий ғазначилик ҳисоб рақамларига эга бўлади.


16. Ёнғин хавфсизлиги хизмати бошқарув органлари бир вақтнинг ўзида давлат ёнғин назорати органлари ҳисобланади.


17. Бошланғич тайёргарлик ва малака ошириш маркази ёнғин хавфсизлиги хизматининг шахсий таркибини ва бошқа турдаги ёнғиндан сақлаш хизматининг шахсий таркиби бошланғич тайёргарлигини ва малакаси оширилишини амалга оширувчи ёнғин хавфсизлиги хизматининг ўқув бўлими ҳисобланади. Бошланғич тайёргарлик ва малака ошириш маркази юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга ҳамда шахсий ғазначилик ҳисоб рақамига эга бўлади.


18. Ёнғин хавфсизлигини илмий-техник таъминлаш маркази мустақил, илмий-техник, тезкор ва тадқиқот бўлими ҳисобланади, ёнғин хавфсизлиги соҳасида илмий-техник жиҳатдан таъминлашни мувофиқлаштириш функциясини амалга оширади.


19. Ёнғинни ўчириш куч ва воситаларини бошқариш ва мувофиқлаштириш марказлари ёнғин тўғрисидаги маълумотларни қабул қилишни, қайта ишлашни, ёнғин хавфсизлиги, шошилинч ва бошқа турдаги ёнғиндан сақлаш хизматларининг, шунингдек ёнғинни бартараф этишга жалб қилинадиган ваколатли органларнинг ёнғинни ўчириш куч ва воситалари ҳаракатини бошқаришни ва мувофиқлаштиришни амалга оширувчи тезкор бўлинмалар ҳисобланади.


20. Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа марказлари ёнғин хавфсизлиги хизмати фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ва автоматлаштирилган ахборот тизимларини жорий этувчи бўлинмалар ҳисобланади.


21. Мураккаб ёнғинларни ўчириш бўйича республика ихтисослаштирилган отряди республика ҳудудида мураккаб ва катта ёнғинларни ўчиришга мўлжалланган таркибий бўлинма ҳисобланади.


22. Ҳудудий ёнғин хавфсизлиги бошқармаларига бошлиқлар раҳбарлик қилади ва улар Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар Ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг тавсиясига асосан, Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Ҳудудий ёнғин хавфсизлиги бўлим (бўлинма)ларига бошлиқлар раҳбарлик қилади ва улар ҳудудий ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғининг тавсиясига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Ҳудудий ёнғин хавфсизлиги бошқармаларига бўйсунувчи объектдаги ёнғин хавфсизлиги бўлим (бўлинма)ларига бошлиқлар раҳбарлик қилади ва улар ҳудудий ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғининг тавсиясига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


23. Ёнғин хавфсизлиги хизматининг бошқарув органлари ва бўлинмалари тўғрисидаги низомлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан тасдиқланади.


24. Ёнғин хавфсизлиги хизмати бўлинмалари шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланган намунавий тузилмалар асосида ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилади.


25. Туман ва шаҳарларда (аҳоли яшаш пунктларида) ёнғин хавфсизлиги бўлим (бўлинма)лари аҳолининг умумий сонидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади.

Ёнғин хавфсизлиги бўлимлари туман ва шаҳарларда (аҳоли яшаш пунктларида) аҳолининг умумий сони 100 минг ва ундан кўп бўлган ҳолатларда ташкил этилади.

Ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари туман ва шаҳарларда (аҳоли пунктларида) аҳолининг умумий сони 100 мингдан кам бўлган ҳолатларда ташкил этилади.


26. Ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисмлари аҳоли яшаш пунктларида аҳолининг умумий сони 50 минг ва ундан кўп бўлган ҳолатларда ташкил этилади ва ёнғин хавфсизлиги профессионал қисмлари билан мустаҳкамланиши мумкин.

Ёнғин хавфсизлиги профессионал қисмлари аҳоли пунктларидаги аҳолининг умумий сони 50 мингдан кам бўлган ҳолатларда ташкил этилади.


27. Ёнғин хавфсизлиги бўлим (бўлинма)лари ҳамда ҳарбийлаштирилган ва профессионал қисмлари ташкил этилиши лозим бўлган шаҳарлар ва туманлар рўйхати ҳамда уларнинг штатлари сони Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан аниқланади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.


28. Алоҳида муҳим объектларда ёнғин хавфсизлиги хизмати бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг штатлар сонини белгилайдиган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ҳисобга олган ҳолда, манфаатдор вазирликлар, идоралар, ташкилотлар, Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, ҳудудий ва объектдаги ёнғин хавфсизлиги бошқармалари вакилларидан иборат таркибдаги идоралараро комиссияларнинг далолатномалари ҳамда ташкилотлар раҳбарлари томонидан ёнғин хавфсизлиги хизмати билан тузиладиган шартномалар асосида ташкил этилади.

Асосланган ҳолатларда айрим алоҳида муҳим объектларда объектдаги ёнғин хавфсизлиги бошқармалари ташкил этилиши мумкин.


29. Алоҳида муҳим объектларда ёнғин хавфсизлиги бўлимлари объектда иккита ва ундан зиёд қисм ва/ёки ёнғин назорати ва профилактика бўлинмалари мавжуд бўлган ҳолатларда ташкил этилади.

Ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари объектда битта ёнғин хавфсизлиги қисми ва/ёки ёнғин назорати ва профилактика гуруҳи мавжуд бўлган ҳолатларда ташкил этилади.


30. Ҳарбийлаштирилган ва профессионал ёнғин хавфсизлиги қисмларида хизмат экипаж таркибидаги навбатчи сменалар томонидан олиб борилади ва улар мустақил равишда одамларни қутқариш ва ёнғинни ўчириш масалаларини ҳал этувчи асосий тактик бўлинмалар ҳисобланади.


31. Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари ва хизматчиларининг хизматни ўташ тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан тасдиқланадиган тегишли низомлар билан белгиланади.


32. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

ёнғин хавфсизлиги хизмати бўлинмаларининг тузилмасига, тасдиқланган штатлар сони ҳамда уларни сақлаш учун ажратиладиган маблағлар доирасида ўзгартиришлар киритади;

шартнома асосида кўрсатилаётган хизматлар учун тушаётган маблағлар ҳисобига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари ходимларининг қўшимча штат бирликларини киритади;

шартнома асосида кўрсатилаётган хизматлар учун тушаётган маблағлар ҳисобига сақланиб туриладиган ёнғин хавфсизлиги бўлинмаларининг штатлар сонига ва тузилмасига ўзгартириш киритади.



5-БОБ. ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ХИЗМАТИ ФАОЛИЯТИНИНГ

МОЛИЯВИЙ ВА МОДДИЙ-ТЕХНИКА ТАЪМИНОТИ


33. Ёнғин хавфсизлиги хизматининг бошқарув органлари ҳамда бўлинмаларининг молиявий ва моддий-техника таъминоти, ташкилотлар билан тузиладиган шартномалар асосида ташкил этиладиган бўлинмалари бундан мустасно, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Ёнғин хавфсизлиги хизматининг ташкилотлар билан тузилган шартномалар асосида ташкил этилган бўлинмаларининг таъминоти мазкур ташкилотлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ёнғин хавфсизлиги хизматининг бўлинмалари фаолиятини молиялаштириш, ташкилотлар билан тузиладиган шартномалар асосида ташкил этиладиган бўлинмалар бундан мустасно, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ёнғин хавфсизлиги хизматининг харажатлар сметалари асосида амалга оширилади.


34. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланадиган ёнғин хавфсизлиги хизматининг шахсий таркиби сони Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.


35. Ёнғин хавфсизлиги хизматининг бўлинмалари учун бинолар ва иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш харажатлари, ташкилотлар билан тузиладиган шартномалар асосида ташкил этиладиган бўлинмалар бундан мустасно, тегишли йилга Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва бошқа дастурларида назарда тутилган марказлаштирилган капитал маблағлар лимитлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.

Ташкилотлар билан тузилган шартномалар асосида ташкил этилган ёнғин хавфсизлиги хизматининг бўлинмалари учун бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари ушбу ташкилотларнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


36. Ёнғин хавфсизлиги хизматининг бошқармалари ва бўлим (бўлинма)ларининг тасдиқланган штатларига давлат ёнғин назоратини амалга ошириш ҳамда ҳарбийлаштирилган ва профессионал қисмларига раҳбарлик қилиш учун қўшимча лавозимларни киритиш тегишли равишда, ҳарбийлаштирилган ва профессионал ёнғин хавфсизлиги қисмларининг белгиланган штатлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида, бироқ ушбу бўлинмалар штатларининг тасдиқланган умумий сонининг тўрт фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда амалга оширилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


37. Ёнғин хавфсизлиги хизматининг бошқарув органларини ва бўлинмаларини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


38. Объектлардаги ёнғин хавфсизлиги хизмати бўлинмаларини, ёнғиндан сақлаш хизмати ташкил этилиши зарур бўлган объектларда, идоравийларга алмаштирилмасдан тугатилиши тақиқланади.


39. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 7 август, 31-сон, 779-модда










































Время: 0.1423
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск