язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қурилиш ва архитектура/ Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳузуридаги Архитектура-қурилиш назорати давлат инспекцияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.08.2017 й. 571-сон қарорига 4-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 1 августдаги

571-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш

қўмитаси ҳузуридаги Архитектура-қурилиш назорати

давлат инспекцияси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳузуридаги Архитектура-қурилиш назорати давлат инспекциясининг (кейинги ўринларда Инспекция деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ҳамда фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.


2. Инспекция Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси марказий аппаратининг юридик шахс мақомига эга бўлмаган таркибий бўлинмаси ҳисобланади.



2-БОБ. ИНСПЕКЦИЯНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


3. Инспекциянинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

аҳоли пунктларининг белгиланган тартибда тасдиқланган бош режаларига қатъий мувофиқ равишда комплекс қурилишини, юридик ва жисмоний шахслар томонидан аҳоли пунктларини режалаштириш ва қуришда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка, шаҳарсозлик норма ва қоидаларига, давлат стандартларга сўзсиз риоя этиш, қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиши, қурилиш материаллари ва буюмлар ишлаб чиқарилиши ва қўлланилиши юзасидан назоратни амалга ошириш;

буюртмачининг техник назорати ва лойиҳа ташкилотларининг муаллифлик назоратини олиб борилиши юзасидан мониторинг ўтказади.


4. Инспекция ўзига юкланган асосий вазифаларига мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

аҳоли пунктларининг белгиланган тартибда тасдиқланган бош режаларига қатъий мувофиқ равишда комплекс қурилиши юзасидан давлат назоратини амалга оширади;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан аҳоли пунктларини режалаштириш ва қуришда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик норма ва қоидаларига, давлат стандартларига риоя этишлари юзасидан давлат назоратини амалга оширади;

лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиши, қурилиш материаллари ва буюмлар ишлаб чиқарилиши ва қўлланилиши юзасидан назоратни амалга оширади;

буюртмачининг техник назорати ва лойиҳа ташкилотларининг муаллифлик назоратини олиб борилиши юзасидан мониторинг ўтказади;

Архитектура-қурилиш назорати ҳудудий давлат инспекциялари томонидан ҳар чоракда бажарилган ишлар юзасидан ҳисоботларни умумлаштиради ва мониторингини олиб боради;

Архитектура-қурилиш назорати ҳудудий давлат инспекцияларининг инспекторларини қонунчиликда белгиланган тартибда аттестациядан ўтказади ва уларнинг натижаларига кўра сертификатлар беради;

қонун ҳужжатларига мувофиқ қурилиш объектларининг мураккаблик (хавфлилик) даражасига кўра, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш жараёнида текширишлар ўтказади;

Қурилиш-пудрат ташкилотлари реестрини шакллантиради ва ҳар йили янгиланадиган ягона электрон маълумотлар базасини юритади.



3-БОБ. ИНСПЕКЦИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


5. Инспекция ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, барча қурилишларда, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жой қурилиш объектларида рухсат берилган ҳужжатлар мавжудлиги ва шаҳарсозлик норма ҳамда қоида талабларига риоя этилаётганлиги борасида, назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ҳудудий комиссия билан келишмаган ҳолда, ҳеч бир тўсиқларсиз қисқа муддатли (субъектнинг молия-хўжалик фаолиятига аралашмасдан) инспекторлик текширувлари ўтказиш;

текширувни амалга ошириш жараёнида аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш бўйича, зарурият бўлса, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажариши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш;

лойиҳа-пудрат ташкилотлари ва буюртмачи ташкилотлардан қўлланадиган қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмлари ҳамда бажариладиган қурилиш-монтаж ишлари сифатини назорат қилиш учун зарур бўлган лойиҳа, технологик, ижро ҳужжатларини ва бошқа материалларни олиш;

давлат стандартлари ва техник шартлар бузилганлиги аниқланган тақдирда, қурилиш материаллари ҳамда буюмлари ишлаб чиқарилиши, реализация қилиниши ва қўлланилишини, норматив талаблар ҳамда тасдиқланган лойиҳа ечимлари чидамлилик, пухталик хусусиятлари пасайишига сабаб бўлган даражада бузилганда, шунингдек бинолар ва иншоотларнинг авария хавфи бўлган, объектлар ўзбошимчалик билан қурилган тақдирда қурилиш-монтаж ишларини давом эттиришни тўхтатиб туради. Тадбиркорлик субъектининг фаолиятини тўхтатиб қўйишга олиб келадиган қурилиш материаллари ва буюмлари ишлаб чиқариш, уларни реализация қилиш ва қўллаш, қурилиш-монтаж ишларини давом эттиришни тўхтатиб қўйиш суд тартибида амалга оширилади, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва саломатлиги учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш ҳоллари мустасно;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомалар тузади ва йўл қўйилган қоида бузилишларида айбдор бўлган шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун материалларни судга беради;

қурилиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатлари инсон соғлиғи ва ҳаётига зиён етказилишига ёки бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлганда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тегишли материалларни илова қилган ҳолда хабар беради;

буюртмачилар, пудратчилар ва лойиҳа ташкилотига шаҳарсозлик соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузаётган (уларнинг буйруқлари билан тайинланган) мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тақдимномалар киритади;


6. Инспекция ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши юзасидан қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



4-БОБ. ИНСПЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


7. Инспекцияни Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг ўринбосари - Архитектура-қурилиш назорати давлат инспекцияси бошлиғи бошқаради.

Архитектура-қурилиш назорати давлат инспекцияси бошлиғи белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


8. Инспекция бошлиғининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


9. Инспекция бошлиғи:

Инспекция зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан шахсан жавоб беради;

қурилиш ишлари сифати юзасидан тизимли мониторинг ва назоратни, шунингдек ўз ваколати доирасидаги масалалар бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини ташкил этади;

Архитектура-қурилиш назорати ҳудудий давлат инспекцияларининг фаолиятини ташкил этади, шу жумладан:

Архитектура-қурилиш назорати ҳудудий давлат инспекциялари раҳбарларининг лавозим йўриқномаларини ва функционал вазифаларини тасдиқлайди;

Архитектура-қурилиш назорати ҳудудий давлат инспекцияларининг штат жадваллари ва харажатлар сметаларини тасдиқлайди;

Инспекция бошлиғи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


10. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 7 август, 31-сон, 781-модда