язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қурилиш ва архитектура/ Туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бўлим (бошқарма)лари тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 01.08.2017 й. 571-сон қарорига 7-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 1 августдаги

571-сон қарорига

7-ИЛОВА



Туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш

бўлим (бошқарма)лари тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси тизимига кирувчи туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бўлими (бошқармаси)нинг (кейинги ўринларда Архитектура бўлими деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқларини ҳамда фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.


2. Архитектура бўлими ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг буйруқлари ва қарорларига ҳамда ушбу Низомга, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Архитектура ва қурилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаларининг буйруқларига амал қилади.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Архитектура ва қурилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармалари (кейинги ўринларда Бош бошқарма деб аталади) таркибида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Архитектура бўлимлари бўлади, улар ўз фаолиятида бевосита тегишлилиги бўйича Бош бошқармаларга бўйсунадилар.



2-БОБ. АРХИТЕКТУРА БЎЛИМИНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


4. Қуйидагилар Архитектура бўлимининг асосий вазифалари ҳисобланади:

шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилишини назорат қилиш;

туман ҳудудини режалаштириш схемаларини, аҳоли пунктларининг бош режаларини ҳамда бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларининг ишлаб чиқилишини ва тасдиқланишини ташкил этиш;

ўз ваколати доирасида шаҳарсозлик ҳужжатларини амалиётга татбиқ этиш мониторингини олиб бориш;

шаҳарсозлик, шаҳарсозлик фаолияти йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг тармоқ ва ҳудудий дастурларини ишлаб чиқишда қатнашиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларига шаҳарсозлик фаолияти объектларини жойлаштириш ҳамда тегишли ҳудудда муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш юзасидан таклифлар киритиш;

шаҳарсозлик, шаҳарсозлик фаолияти соҳасида юқори самарали ва энергияни тежайдиган лойиҳа ечимлари ва қурилиш материалларини, замонавий қурилиш технологиялари ва инновация лойиҳаларини татбиқ этиш;

лойиҳалаштириш ва пудрат ишлари, қурилиш материаллари бозорларида рақобат муҳитини шакллантириш бўйича таклифлар киритиш.


5. Архитектура бўлими ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилиши юзасидан назорат олиб бориш соҳасида:

бош режалар асосида аҳоли пунктларини комплекс қуриш, лойиҳа ва қурилиш-монтаж ишларини бажаришда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ва давлат стандартларига риоя этилишини назорат қилади;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда шаҳарсозлик фаолияти соҳасида ҳуқуқбузарлик тўғрисида далолатномалар тузади;

йўл қўйилган қонунчилик ва қоида бузилиши ҳолатларида айбдор бўлган шахсларга нисбатан чора кўриш учун маҳаллий давлат органларига ва Бош бошқармага материалларни киритади;

қонунчилик ва қоида бузилиши ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида шаҳарсозлик фаолияти субъектлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар беради;


б) туман ҳудудини режалаштириш схемаларини, аҳоли пунктларининг бош режаларини ҳамда бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларининг ишлаб чиқилишини ва тасдиқланишини ташкил этиш соҳасида:

аҳоли пунктларини шаҳарсозлик ҳужжатлари билан таъминлаш юзасидан таклифлар киритади;

аҳоли пунктларининг бош режаларини, батафсил режалаштириш лойиҳалари ҳамда бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини амалга ошириш чораларини кўради;

тегишли ҳудудда шаҳарсозлик фаолияти объектларини жойлаштириш ҳамда муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси архитектура ва қурилиш қўмитасига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига таклифлар киритади;


в) ўз ваколати доирасида шаҳарсозлик ҳужжатларини амалиётга татбиқ этиш мониторингини олиб боради;

шаҳарсозлик ҳужжатларининг амалга оширилиши юзасидан мониторингини олиб боради;

давлат шаҳарсозлик кадастри маълумотларини Бош бошқармага киритади;

ер ажратиш ва шаҳарсозлик объектлари қурилишига оид, шунингдек ер ости муҳандислик коммуникациялари жойлашиши навбатчи режаларини юритади;


г) шаҳарсозлик, шаҳарсозлик фаолияти йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг тармоқ ва ҳудудий дастурларини ишлаб чиқишда қатнашиш соҳасида:

шаҳарсозлик, шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат сиёсатини амалиётга татбиқ этиш юзасидан таклифлар тайёрланишида қатнашади;

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тармоқ ва ҳудудий дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича ҳудудий дастурларни, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозларининг шаҳарсозлик бўлимларини ишлаб чиқишда ва амалга оширишда қатнашади;

тегишли ҳудудни ривожлантириш бўйича шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун бошланғич маълумотларни жамлашда кўмаклашади ва бевосита иштирок этади;

аҳолини шаҳарсозлик фаолияти тўғрисида мунтазам равишда хабардор қилиб боради;


д) маҳаллий давлат ҳокимияти органларига шаҳарсозлик фаолияти объектларини жойлаштириш ҳамда тегишли ҳудудда муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш юзасидан таклифлар киритиш соҳасида:

тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида туман (шаҳар) ҳудудида ерлардан самарали фойдаланиш юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органига таклифлар киритади;

барча турдаги қурилиш объектлари учун ер танлаш ва ажратиш тўғрисида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари асосида ажратилган ер майдонларини натурада белгилаш ва чегаралаш ишларини ташкил этади;


е) шаҳарсозлик, шаҳарсозлик фаолияти соҳасида юқори самарали ва энергияни тежайдиган лойиҳа ечимлари ва қурилиш материалларини, замонавий қурилиш технологиялари ва инновация лойиҳаларини татбиқ этиш соҳасида:

юқори самарали ва энергияни тежайдиган лойиҳа ечимлари ва қурилиш материалларини, замонавий қурилиш технологиялари ва инновация лойиҳаларини татбиқ этишда иштирок этади;

тегишли ҳудуддаги шаҳарсозлик фаолияти объектлари бўйича лойиҳалаштириш ишларини ва комплекс муҳандислик қидирувларини ҳамда шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчиларнинг муаллифлик назоратини мувофиқлаштириб боради;


ж) лойиҳалаштириш ва пудрат ишлари, қурилиш материаллари бозорларида рақобат муҳитини шакллантириш бўйича таклифлар киритиш соҳасида:

лойиҳалаштириш ва қурилиш ташкилотларининг рейтинг баҳоларини акс эттирувчи кўрсаткичлар тизимини жорий этишда иштирок этади;

лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолияти самарадорлигини оширишда кўмаклашади;

қурилиш индустрияси корхоналари ва инвестиция фаолиятининг бошқа қатнашчилари тўғрисидаги маълумотлар базасини, шунингдек қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмлари тўғрисидаги маълумотларнинг ахборот базасини шакллантиришда қатнашади;

қурилиш соҳасида янги техника, технология ва механизмларни жорий этиш ҳисобига меҳнат унумдорлигини оширади.

Архитектура бўлими қонунчиликка мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.



3-БОБ. АРХИТЕКТУРА БЎЛИМИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


6. Архитектура бўлими ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

туман (шаҳар) ҳокимининг шаҳарсозлик масалалари бўйича қарорлари лойиҳаларини белгиланган тартибда келишиш;

шаҳарсозлик фаолияти субъектларидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилишини талаб қилиш;

ўзбошимчалик билан иморат қуришда, шаҳарсозлик интизомини, қурилиш ва архитектура соҳасидаги амалда бўлган қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган шахсларни ҳамда ҳудудларида мазкур ҳуқуқ бузилишларини содир этган ташкилотлар ва корхоналар раҳбарларини белгиланган тартибда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли давлат органларига таклифлар киритиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Ўзбекистон Республикаси Архитекторлар уюшмаси ташкилотлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда, белгиланган тартибда лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун танловлар ўтказиш.

Архитектура бўлими қонунчиликда белгиланган бошқа ҳуқуқларга эга бўлади.


7. Архитектура бўлими ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. АРХИТЕКТУРА БЎЛИМИНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Архитектура бўлими бошлиғи туман (шаҳар) бош архитектори ҳисобланади ҳамда бўлимга раҳбарлик қилади.

Архитектура бўлими бошлиғини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг буйруғи билан, тегишли равишда Бош бошқармалари бошлиқларининг тақдимномасига биноан амалга оширилади.

Эгаллаб турган лавозимига кўра Архитектура бўлими бошлиғи Бош бошқармалари ҳузуридаги ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгаши аъзоси ҳисобланади.


9. Архитектура бўлимининг ходимларини ишга қабул қилиш ва улар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш Бош бошқарма бошлиғи томонидан амалга оширилади.


10. Архитектура бўлими бошлиғи:

мазкур Низомга мувофиқ бўлимга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

бўлим ходимларини ишга қабул қилиш ва ишдан озод этиш юзасидан Бош бошқарма раҳбарига таклиф киритади;

фаолият ва алоҳида йўналишлар бўйича бўлим ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди ва уларнинг жавобгарлик даражасини белгилайди;

барча ташкилотларда бўлим фаолияти билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича бўлим номидан вакиллик қилади;

шаҳарсозлик ҳужжатларини, шу жумладан алоҳида бинолар ва иншоотлар қурилиши учун лойиҳаларни ишлаб чиқишда муаллиф сифатида иштирок этади;

қурилиши (қайта қурилиши) тугалланган шаҳарсозлик объектларини фойдаланишга қабул қилишда белгиланган тартибда қатнашади.


11. Архитектура бўлими ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


12. Архитектура бўлимининг фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан Бош бошқарма томонидан амалга оширилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


13. Архитектура бўлимини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 7 август, 31-сон, 781-модда