ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ўсимлик дунёси тўғрисидаги қонунчилик / Ўрмон хўжалигини ташкиллаштириш /

Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси ва вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармалари тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 19.07.2017 й. 530-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 19 июлдаги

530-сон қарорига

2-ИЛОВА



Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон

хўжалиги қўмитаси ва вилоятлар ўрмон

хўжалиги бошқармалари тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси ва вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармаларининг (кейинги ўринларда ҳудудий бошқармалар деб аталади) мақоми, вазифалари ва функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Ҳудудий бошқармалар тегишли ҳудудда ўрмонларни барпо этиш, кўпайтириш, қайта тиклаш, муҳофаза қилиш ва қўриқлаш, улардан оқилона фойдаланиш, шунингдек ўрмон-ов, ов хўжалигини юритиш, миллий табиат боғлар ва тизимдаги бошқа муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ишларини ташкил этиш ва юритиш ҳамда ушбу соҳадаги назоратни амалга оширувчи ҳудудий бошқарув органлари ҳисобланади.

3. Ҳудудий бошқармалар Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади), шунингдек тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига бўйсунади ва ҳисобот беради.


4. Ҳудудий бошқармалар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


5. Ҳудудий бошқармалар ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширади.


6. Ҳудудий бошқармаларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.


7. Ҳудудий бошқармалар юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири ва ўз номи туширилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансига, банк ҳисоб рақамларига эга бўлади.


8. Ҳудудий бошқарманинг жойлашган ери (почта манзили).



2-БОБ. ҲУДУДИЙ БОШҚАРМАЛАРНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


9. Ҳудудий бошқармалар Қўмитанинг асосий вазифаларига мувофиқ қуйидаги вазифаларни бажаради:

ҳудудда ўрмон барпо этиш, ўрмон фондини ҳар томонлама кенгайтириш, уларни муҳофаза қилиш ва ўрмон бойликларидан оқилона фойдаланишга қаратилган ўрмон хўжалиги соҳасида ягона давлат сиёсатини юритишга кўмаклашиш;

ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича Қўмитага таклифлар киритиш, ўз ваколати доирасида қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан ҳудудий назоратни амалга ошириш;

тегишли ҳудудларда ўрмонларни тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, тоғ ёнбағирлари, жарликлар ва ташландиқ ерларда эрозияга қарши дарахтзорлар барпо этиш ишларини ташкил қилиш;

ўрмон фондини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини қатъий ҳисобини юритиш ва ўрганиш, фан ютуқлари ва илғор тажрибани ўрмон хўжалигини юритиш амалиётига жорий этишга кўмаклашиш;

ўрмонни ёнғинлардан, зараркунанда ва касалликлардан, ноқонуний дарахт кесишдан ва ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бошқа бузилишларидан муҳофаза қилишни ташкил этиш ва назоратини олиб бориш;

манзарали ўсимликлар кўчатларини ва экиш материалларини сертификатлаш ва стандартлаштиришни жорий қилишга кўмаклашиш;

ўрмон хўжаликларида хўжалик фаолиятларини кенгайтириш ва ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва чорва маҳсулотларини етиштириш, чуқур қайта ишлаш ҳамда халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва уларга кўмаклашиш;

тармоққа халқаро молия институтлари грантларини жалб этиш, экотуризмни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

ўрмон хўжалиги соҳаси мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини ташкил этиш.


10. Ҳудудий бошқармалар ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) ҳудудда ўрмон барпо этиш, ўрмон фондини ҳар томонлама кенгайтириш, уларни муҳофаза қилиш ва ўрмон бойликларидан оқилона фойдаланишга қаратилган ўрмон хўжалиги соҳасида ягона давлат сиёсатини юритишга кўмаклашиш соҳасида:

ҳудуддаги хўжалик ва ташкилотларни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилашда иштирок этиш;

ҳудудларда ўрмон фондини бошқариш, ўрмондан фойдаланиш, уларни тиклаш, қўриқлаш ва муҳофаза қилишни ташкил этиш, ов хўжалиги ва бошқа муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ишини юритишни ташкил этиш;

ҳудуддаги хўжалик ва ташкилотларнинг истиқболдаги кўрсаткичларини прогнозлаштириш ишларини умумлаштириб, тегишли ҳокимликлар иштирокида уларни ривожлантиришнинг маҳаллий дастурларини ҳамда бош режа (схема)ларини ишлаб чиқиш;

ўрмон фонди ҳудудида ўрмон ва ҳудуд муҳофазаси ишини ташкил этиш, режим-қўриқлаш тадбирларини ўтказиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси таклифлари бўйича профилактика ва чегара олди ҳудудларини ўрмон дарахтлари ва чангалзорлардан тозалашни назорат қилиш;

ўрмон фонди ҳудудида ҳарбийлаштирилган тузилмалар бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорликда жиноятчилик намоён бўлиши белгилари ва фактлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитасини, ички ишлар органларини тезкор хабардор қилиш, жиноий гуруҳларни ушлаш (йўқ қилиш) бўйича тезкор-қидирув ҳаракатларини ўтказишга кўмаклашиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳудуддаги Қўмита тизимига кирувчи ташкилотларнинг низомларини, тизимдаги ходимларнинг мансаб йўриқномалари ва ўз ваколатига оид бошқа ҳужжатларни тасдиқлаш;

ҳудуддаги хўжалик ва ташкилотлар ҳамда ўрмон фондига эга бўлган бошқа ташкилотлар томонидан ўрмон хўжалигининг тўғри юритилишини, ўрмон ресурсларидан оқилона фойдаланилишини назорат қилиш;

жисмоний ва юридик шахсларга ўрмон хўжалигини юритишга доир қонун ҳужжатлари бузилишини, ўрмонларни муҳофаза қилиш, ўрмон ресурсларидан фойдаланишдаги нуқсонларни бартараф этиш тўғрисида ёзма кўрсатмалар бериш;

белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш;


б) ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича Қўмитага таклифлар киритиш, ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан ҳудудий назоратни юритиш соҳасида:

ўрмон, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан идоравий назоратни амалга ошириш;

ўрмон бойликларидан самарали фойдаланиш, ўрмонларни тоифаларга киритиш, бир тоифадан бошқасига ўтказиш юзасидан Қўмитага таклифлар киритиш;

яйловларда чорва молларини ўтлатиш, уларни жойлаштириш ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланишнинг бошқа турлари ҳақида белгиланган тартибда таклифлар ишлаб чиқиш;


в) республикамизда ўрмонларни тиклаш, иҳота ўрмонларини кўпайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, тоғ ёнбағирлари, жарликлар ва ташландиқ ерларда эрозияга қарши дарахтзорлар барпо этиш ишларини ташкил қилиш соҳасида:

сувни асровчи ўрмонларни, дарахтзор ерларни, аҳоли яшаш жойлари атрофидаги кўкаламзорлашган ҳудудларни ҳамда иқлимни тартибга солиш, санитария-гигиена, соғломлаштириш ва бошқа ҳимоя функцияларини бажарувчи бошқа дарахтзорларни сақлаш ва уларнинг ҳолатини яхшилаш чора-тадбирларини кўриш, ўрмон фонди ерларида жойлашган давлат табиат ёдгорликларини муҳофаза қилишни ташкиллаштириш;

чўл, тоғ ва тоғ олди яйловларининг ҳолатини яхшилаш, бойитиш, маҳсулдорлигини ошириш, кўчма қумларни мустаҳкамлаш ва уларга дарахтлар экиш тадбирларини амалга оширишни ташкиллаштириш, унинг ижросини назорат қилиш;

ҳудудда ўрмон хўжалигини тўғри юритишни, ўрмон ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ўрмонларни қайта тиклаш, парвариш қилиш ва уларнинг самарадорлигини ошириш, иҳота ҳамда эрозияга қарши дарахтзорлар барпо этишни ташкил этиш;


г) ўрмон фондини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини қатъий ҳисобини юритиш ва ўрганиш, фан ютуқлари ва илғор тажрибани ўрмон хўжалигини юритиш амалиётига жорий этишга кўмаклашиш соҳасида:

манзарали ўсимликлар кўчатларини ўстиришнинг илмий асосланган ҳамда истиқболли технологиялар воситасида ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини ташкил этиш;

ўрмон фонди ҳудудида шифобахш, техник ва озуқабоп ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш борасидаги барча ишларни мувофиқлаштириш, илмий-тадқиқот институтлари билан биргаликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг тарқалиш ҳудудини ва мавжуд ресурсларини ўрганишга кўмаклашиш, уларни йиғиш ва тайёрлашнинг мақбул миқдорини тавсия этиш ва назоратини олиб бориш;

ўрмон фондининг давлат ҳисобини ва давлат ўрмон кадастрини юритиш ишларини назорат қилиш;

ўрмон хўжалиги ишлаб чиқаришини комплекс механизациялаш ва автоматлаштириш, юқори самарали технологияларни жорий этиш тадбирлари ўтказилишига кўмаклашиш;


д) ўрмонни ёнғинлардан, зараркунанда ва касалликлардан, ноқонуний дарахт кесишдан ва бошқа ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларидан муҳофаза қилишни ташкил этиш ва назоратини олиб бориш соҳасида:

ўрмонларни ёнғиндан ҳимоя қилиш мақсадида ҳудуддаги хўжалик ва ташкилотларнинг ўт ўчириш асбоб ва ускуналари билан таъминланишини, ўрмон ёнғинига қарши курашиш мақсадида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг бажарилишини ташкиллаштириш ва назоратини юритиш;

ўрмон касаллик ва зараркунандаларига қарши курашиш ишларини бажарилишини, шунингдек биолабораториялар иши юритилишини назорат қилиш, ўрмон фондига эга бўлган ташкилотларга ўрмон хўжалигини юритишда услубий ёрдам кўрсатиш;

ўрмоннинг касаллик ва зараркунандалар билан зарарланишни олдини олиш ва уларга қарши курашиш ишларини ташкил этиш мақсадида ўрмон фитопатологиясини ташкил этиш ва назоратини юритиш;

ноқонуний дарахт кесиш, чорва молларини ўтлатиш, пичан ўриш, ов қилиш, балиқ овлаш, доривор, манзарали ва бошқа турдаги табиий ўсимликларни ноқонуний терилишини олдини олиш тадбирларини амалга ошириш ҳамда уларнинг назоратини олиб бориш;

ўрмон фонди ҳудудларида содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома ёки далолатномалар тузиш, ҳуқуқбузарларга нисбатан жарималар қўллаш;

ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш ва уларга қарши курашиш мақсадида соҳага оид ваколатли органлар билан қўшма тадбирлар тузиш ва уни амалга ошириш;


е) манзарали ўсимликлар кўчатларини ва экиш материалларини сертификатлаш ва стандартлаштиришни жорий қилишга кўмаклашиш соҳасида:

минтақаларнинг тупроққлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда манзарали ўсимликларни районлаштириш бўйича ўз тавсияларини киритиш;

манзарали ўсимликлар кўчатларини ва экиш материалларини сертификатлаш ва стандартлаштиришни жойларда жорий қилишни ташкил этишга кўмаклашиш;


ж) ўрмон хўжаликларида хўжалик фаолиятларини кенгайтириш ва ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва чорва маҳсулотларини етиштириш, чуқур қайта ишлаш ҳамда халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва уларга кўмаклашиш соҳасида:

боғлар, токзорлар, қишлоқ хўжалиги экинлари, мевали ўсимликларнинг ҳосилдорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

ёғоч-тахта тайёрлашни, шунингдек ёғочдан, ёғоч чиқиндиларидан халқ истеъмол товарлари ва ишлаб чиқариш мақсадларидаги товарлар ишлаб чиқаришни, ўрмонларда қўшимча равишда фойдаланиладиган маҳсулотлар тайёрлашга кўмаклашиш ва унинг бажарилишини назорат қилиш;


з) тармоққа халқаро молия институтлари грантларини жалб этиш, экотуризмни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш соҳасида:

тармоққа халқаро ва бошқа молия институтлари грантлари ҳамда инвестицияларни жалб этиш;

экотуризмни ривожлантириш чора-тадбирлари дастурини ишлаб чиқиш, унинг ижросини таъминлашга, экотуризм инфратузилмасини шакллантиришга амалий ёрдам кўрсатиш;

ўрмон фонди ҳудудларида овчилик, балиқ овлаш ва чет эл жисмоний ва юридик шахслари учун ов уюштириш тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашиш;

экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш учун шарт-шароит яратиш ва экспортни амалга оширишга кўмаклашиш;


и) ўрмон хўжалиги соҳаси мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини ташкил этиш соҳасида:

кадрлар захирасини яратиш, ўрмон хўжалиги соҳасида раҳбар ходимлар ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш ишларига кўмаклашиш.

Ҳудудий бошқармалар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин.



3-БОБ. ҲУДУДИЙ БОШҚАРМАЛАРНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


11. Ҳудудий бошқармалар ўзига юкланган вазифалар ва функциялардан келиб чиқиб, қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўрмон барпо этиш, қайта тиклаш, муҳофаза қилиш, ундан фойдаланиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ҳамда овчилик хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш, уларни бошқарув самарадорлигини оширишга қаратилган ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ўрмон барпо этиш, қайта тиклаш, ўрмонни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги маҳаллий дастурларни ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш;

ўрмон барпо этиш, қайта тиклаш, ўрмонни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги қоидаларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

ўрмонни муҳофаза қилиш, қўриқлаш ва ундан фойдаланиш ишларини, шу жумладан дарахт ва буталарни кесиш режаларининг амалга оширилишини назорат қилиш;

ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини муҳофаза қилиш, қайта тиклаш мақсадларида биотехник тадбирларни амалга оширишни ташкил этиш;

жисмоний ва юридик шахсларга ўрмон хўжалигини юритишга доир қонун ҳужжатлари бузилишини, ўрмонларни муҳофаза қилиш ва ҳимоя қилишдаги, ўрмон ресурсларидан фойдаланишдаги камчиликларни бартараф этиш тўғрисида ёзма кўрсатмалар бериш;

ҳудуддаги ўрмон хўжалиги ва бошқа ташкилотларнинг ҳисоботларини қабул қилиш, ҳисобот ва маълумотларни умумлаштириб, таҳлил қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига тақдим этиш.

Ҳудудий бошқармалар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


12. Ҳудудий бошқармалар ва унинг мансабдор шахслари ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб берадилар.



4-БОБ. ҲУДУДИЙ БОШҚАРМАЛАРНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Қуйидагиларни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш:

Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси раисини - Қўмита раиси билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан;

Ҳудудий бошқармалар бошлиқлари ва давлат ўрмон хўжаликлари директорларини - тегишли вилоятлар ҳокимлари билан келишган ҳолда Қўмита раиси томонидан амалга оширилади.


14. Ҳудудий бошқармалар бошлиқлари мазкур намунавий низомга асосан иш кўради ҳамда ўзларига қарашли ўрмон хўжалиги ва бошқа ташкилотлар фаолиятига раҳбарлик қилади.

Ҳудудий бошқармалар бошлиқлари:

ўз зиммаларига юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун, шунингдек тизимга қарашли хўжалик ва ташкилотлар иши учун шахсан жавоб беради;

ўз ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

ҳудуддаги ўрмон хўжаликлари директорларини, ўрмон хўжаликлари директорларининг режим (чегара) бўйича ўринбосарларини, ўрмон хўжаликлари бош бухгалтерларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш бўйича Қўмитага тавсиялар киритади;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳудуддаги Қўмита тизимига кирувчи ташкилотларнинг низомларини, ходимларнинг мансаб йўриқномаларини, ҳудудий бошқармалар даромадлар ва харажатлар сметасини ва ўз ваколатига оид бошқа ҳужжатларни тасдиқлайди;

ҳудуддаги Қўмита тизимига кирувчи ташкилотларнинг ишини ташкил этиш ва уларни назорат қилиш, ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун айбдорларни жавобгарликка тортиш учун ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомаларни рўйхатдан ўтказиш, ҳуқуқбузарлик бўйича материалларни ва табиатга етказилган зарарни ундириш бўйича ҳужжатларни белгиланган тартибда ваколатли органларга тақдим этилишини таъминлайди;

ҳудудий бошқарма ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар қабул қилади ва кўрсатмалар беради;

ходимларни рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этиш, алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларни фахрий унвонлар ва давлат мукофотлари билан тақдирлашга тақдим этиш бўйича Қўмитага тавсия киритади;

ходимларни меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ишга қабул қилади ва улар билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилади;

ҳудудий бошқарма номидан соҳага тегишли фаолият амалга оширилишида зарур бўлган шартномалар тузишни ҳамда банк муассасаларида молиявий ва пул операцияларини амалга оширади;

давлат органлари, судлар ва бошқа ташкилотларда бошқарма, ўрмон хўжаликлари манфаатларини ифодалайди.


15. Ҳудудий бошқарма бошлиғи ўринбосари - бош ўрмонбеги (кейинги ўринларда бош ўрмонбеги деб аталади) ҳудудий бошқарма бошлиғининг тақдимномасига кўра Қўмита раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Бош ўрмонбеги:

ўрмонни муҳофаза қилиш ва қўриқлаш тадбирларини ўтказиш, ўрмон назорати, ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бажарилиши бўйича ўрмон назоратчилари, ўрмон муҳандислари ишини ташкил этиш ва назоратини олиб бориш;

ўрмон назоратчилари томонидан қурол-яроғ, ўқ-дорилар сақланишини ва уларнинг тўғри қўлланилишини, кийим-бош, алоқа воситалари, техник асбоб-ускуналар, махсус анжомлар ва бошқалар сақланиши, таъминланишини назорат қилади.



5-БОБ. ҲУДУДИЙ БОШҚАРМАЛАРНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


16. Ҳудудий бошқармалар Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.


17. Ҳудудий бошқармалар ҳамда уларга қарашли ўрмон хўжалиги ва ташкилотлар ходимларини меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


18. Ҳудудий бошқармалар ва унинг тизимидаги ходимлар хизмат бурчини бажариш вақтида шикастланган, жароҳат олган ёки майиб бўлган тақдирда - ходимга, шунингдек ўрмонларда ёнғинни ўчиришда ва хизматни бошқа турларини амалга оширишда қатнашиш жараёнида ҳалок бўлган ҳолларда - унинг оила аъзоларига қонун ҳужжатларига мувофиқ йиллик ўртача иш ҳақининг камида олти баравари миқдорида бир йўла бериладиган моддий ёрдам кўрсатилади.


19. Ҳудудий бошқармалар ходимлари Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган намунадаги кийим-бош билан таъминланадилар.


20. Ўрмон инспекцияси ходимлари, хўжалик егерлари, миллий табиат боғи инспекторлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хизматни ўташ даврида хизмат қуроли, унинг ўқ-дорилари ва махсус воситалар билан таъминланадилар.


6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


21. Ҳудудий бошқармалар фаолиятини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 31 июль, 30-сон, 734-модда



























































Время: 0.0044
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск