ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Саноат хавфсизлиги /

Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисидаги Умумий техник регламент (ЎзР ВМ 12.07.2017 й. 490-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 12 июлдаги

490-сон қарорига

ИЛОВА



Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш

юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисидаги

УМУМИЙ ТЕХНИК РЕГЛАМЕНТ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-§. Мақсадлари ва қўлланиш соҳаси


1. Ушбу Умумий техник регламент (кейинги ўринларда Техник регламент деб аталади) истеъмолчиларнинг озиқ-овқат маҳсулоти тўғрисида ишончли маълумотга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотига уни тамғалаш юзасидан қўйиладиган талабларни белгилайди.


2. Техник регламент умумий овқатланиш ташкилотлари томонидан ишлаб чиқариладиган жойда истеъмол қилиш учун ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотига, шунингдек жисмоний шахслар томонидан кейинчалик реализация қилмасдан шахсан истеъмол қилиш учун ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотига татбиқ этилмайди.


3. Агар бошқа техник регламентларда озиқ-овқат маҳсулотларининг айрим турларини тамғалашга нисбатан талаблар белгиланган бўлса, у ҳолда озиқ-овқат маҳсулотларининг ушбу турларини тамғалаш амал қилиши уларга жорий этиладиган барча техник регламентларнинг талабларига мувофиқ бўлиши керак.



2-§. Терминлар ва таърифлар


4. Техник регламентда қуйидаги терминлар ва таърифлардан фойдаланилади:


озиқ-овқат маҳсулоти тайёрланган сана - озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқаришнинг технологик жараёни тамом бўлган сана;


тайёрловчи (ишлаб чиқарувчи) - ўз номидан озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқарувчи ва унинг Техник регламент талабларига мувофиқлиги учун масъул бўлган юридик ёки жисмоний шахс;


озиқ-овқат маҳсулотининг фарқланувчи белгилари тўғрисидаги маълумот - озиқ-овқат маҳсулотининг хоссалари мавжудлигидан далолат берувчи, уни бошқа озиқ-овқат маҳсулотидан фарқлаш (шу жумладан озиқлик қиммати, келиб чиқиш жойи, таркиби, бошқа хоссалари) имконини берувчи озиқ-овқат маҳсулоти тўғрисидаги маълумотлар;


суқма варақ - тамға қўйиладиган ва истеъмол ўрамига ва (ёки) транспорт ўрамига жойлаштириладиган ёхуд истеъмол ўрамига ва (ёки) транспорт ўрамига илова қилинадиган ахборот манбаи;


тамға - истеъмол ўрамига, транспорт ўрамига, суқма вараққа, этикеткага ёки ёрлиққа тушириладиган ёзувлар, расмлар, белгилар, рамзлар, бошқа белгилар ва (ёки) уларнинг комбинациялари тарзидаги озиқ-овқат маҳсулоти тўғрисидаги маълумот;


озиқ-овқат маҳсулоти - озиқ-овқат хом ашёси, озиқ-овқатлар ва уларнинг таркибига кирган нарсалар;


озиқ-овқатлар - озиқ-овқат хом ашёсидан тайёрланадиган ва табиий ёки қайта ишланган ҳолда овқат учун ишлатиладиган маҳсулотлар;


истеъмолчи - тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган фақат шахсий, оилавий, уй эҳтиёжлари ва бошқа эҳтиёжлар учун буюртма бериш ёки сотиб олиш ниятидаги ёхуд озиқ-овқат маҳсулотига буюртма берувчи, сотиб олувчи ёки ундан фойдаланувчи жисмоний шахс;


истеъмол ўрами - маҳсулотни бирламчи ўраш ва пировард истеъмолчига сотиш учун мўлжалланган ўрам;


сотиб олувчи - озиқ-овқат маҳсулотини исталган мақсадларда фойдаланиш учун сотиб олувчи юридик ёки жисмоний шахс, шу жумладан истеъмолчи;


озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилик муддати - тамғалашда қайд қилинган вақт даври, ушбу вақт мобайнида озиқ-овқат маҳсулоти техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланган унга қўйиладиган хавфсизлик талабларига тўлиқ мувофиқ бўлиши, шунингдек тайёрловчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан белгиланган сақлаш шартларига риоя қилинганда ўз истеъмол хоссаларини сақлаб қолиши керак ва ушбу муддат тамом бўлгандан кейин озиқ-овқат маҳсулоти сотилмаслиги ва белгиланган мақсадда фойдаланилмаслиги керак;


товар белгиси - турли юридик ва жисмоний шахслар томонидан яратилган озиқ-овқат маҳсулотини фарқлаш учун хизмат қиладиган белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган белги;


транспорт ўрами - озиқ-овқат маҳсулотини сақлаш ва ташиш, шунингдек жойини ўзгартиришда уни шикастланишдан ҳимоя қилишни таъминлаш учун мўлжалланган ва мустақил транспорт бирлигини ҳосил қиладиган ўрам;


ўралган озиқ-овқат маҳсулоти - истеъмол ўрамига жойлаштирилган озиқ-овқат маҳсулоти;


ўрам - озиқ-овқат маҳсулотини жойлаштириш, ҳимоя қилиш, ташиш, сақлаш, ташиш ва намойиш қилиш учун мўлжалланган буюм;


этикетка - тамға босиладиган ва истеъмол ўрамига ва (ёки) транспорт ўрамига, шу жумладан елимлаш йўли билан маҳкамланадиган ахборот манбаи;


ёрлиқ - ўрамга маҳкамланадиган тамғалашни тушириш учун мўлжалланган ахборот манбаи.



2-БОБ. ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТИНИ

ТАМҒАЛАШГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Умумий талаблар


5. Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш тушунарли, осон ўқиладиган, ишончли бўлиши ва сотиб олувчиларни чалғитмаслиги керак, ёзувлар, белгилар, рамзлар тамға босиладиган фондан кескин фарқ қилиши керак. Тамға босиш усули тайёрловчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан белгиланган сақлаш шартларига риоя қилинганда озиқ-овқат маҳсулоти яроқлилигининг бутун муддати мобайнида унинг сақланишини таъминлаши керак.


6. Озиқ-овқат маҳсулоти давлат тилидаги ёзувлар тарзида тамғаланади, маълумотларни бошқа тилларда такрорлашга йўл қўйилади.

Экспортга юклаб жўнатиладиган озиқ-овқат маҳсулоти импорт қилувчи мамлакат тилида ёзилиши мумкин.


7. Озиқ-овқат маҳсулотларининг айрим турларига техник регламентларда озиқ-овқат маҳсулотини тамғалашга, шу жумладан номини, тайёрланган санасини, яроқлилик муддатини, озиқ-овқат маҳсулотининг озиқлик қимматини кўрсатиш юзасидан Техник регламент талабларига зид бўлмаган қўшимча талаблар белгиланишига йўл қўйилади.



2-§. Ўралган озиқ-овқат маҳсулотини

тамғалашга қўйиладиган талаблар


8. Ўралган озиқ-овқат маҳсулотини тамғалашда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

а) озиқ-овқат маҳсулотининг номи;

б) озиқ-овқат маҳсулотининг таркиби;

в) озиқ-овқат маҳсулотининг миқдори;

г) озиқ-овқат маҳсулоти тайёрланган сана;

д) озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилик муддати. Яроқлилик муддати ўраш хусусиятига боғлиқ бўлган озиқ-овқат маҳсулоти учун ўрам очилгандан кейин сақлаш муддати ҳам кўрсатилади;

е) тайёрловчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан белгиланган ёки озиқ-овқат маҳсулотларининг айрим турларига техник регламентларда назарда тутилган озиқ-овқат маҳсулотини сақлаш шартлари. Сақлаш шартлари ўрашнинг хусусиятига боғлиқ бўлган озиқ-овқат маҳсулоти учун ўрам очилгандан кейин сақлаш шартлари ҳам кўрсатилади;

ж) ишлаб чиқарилган мамлакат (озиқ-овқат маҳсулоти келиб чиққан жойнинг номи), тайёрловчи (ишлаб чиқарувчи)нинг номи ва жойлашган жойи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида импорт қилувчи ташкилотнинг номи ва жойлашган жойи, шунингдек, мавжуд бўлганда, тайёрловчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан вакил қилинган шахснинг номи ва жойлашган жойи;

з) фойдаланиш, шу жумладан, агар ушбу тавсиялар ёки чеклашлардан фойдаланмасдан уни тайёрлаш қийинчилик туғдирган, ёхуд истеъмолчининг соғлиғига, унинг мол-мулкига зарар етказиши, озиқ-овқат маҳсулотининг истеъмол хоссалари пасайишига ёки йўқолишига олиб келиши мумкин бўлган ҳолатда озиқ-овқат маҳсулотини тайёрлаш бўйича тавсиялар ва (ёки) чеклашлар;

и) озиқ-овқат маҳсулотининг озиқлик қиммати кўрсаткичлари;

к) озиқ-овқат маҳсулотининг мўлжалланганлиги (болаларбоп овқат ва парҳез озиқ-овқатга мўлжалланган ихтисослаштирилган маҳсулотлар учун);

л) ёғли-мойли маҳсулотлар учун - транс-ёғ кислоталари, ичимликлар учун - шакар мавжудлиги, нон-булка маҳсулотлари, гўшт, консерва ва сут маҳсулотлари учун рецептура бўйича туз мавжудлиги.


9. Ўралган озиқ-овқат маҳсулотини тамғалашда қўшимча маълумотлар, шу жумладан озиқ-овқат маҳсулоти унга мувофиқ ишлаб чиқарилган ҳужжат тўғрисидаги маълумотлар, товар белгиси ва мувофиқлик белгилари кўрсатилиши мумкин.


10. Таркибида 150 мг/литрдан ортиқ бўлмаган миқдорда кофеин мавжуд бўлган алкоголсиз ичимликлар ва (ёки) инсон организмига қувват берувчи самарани таъминлаш учун етарлича миқдордаги дори воситалари ва уларнинг экстрактлари "18 ёшгача бўлган болаларнинг, ҳомиладорликда ва кўкракдан эмизишда, ҳаддан ортиқ асабийликдан, уйқусизликдан, артериал кон босимидан азоб чекувчи шахсларнинг истеъмол қилиши тавсия этилмайди" деган ёзув билан тамғаланиши керак.



3-§. Транспорт ўрамига жойлаштирилган озиқ-овқат

маҳсулотини тамғалашга қўйиладиган талаблар


11. Озиқ-овқат маҳсулоти жойлаштирилган транспорт ўрами тамғасида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

а) озиқ-овқат маҳсулотининг номи;

б) озиқ-овқат маҳсулотининг миқдори ва массаси;

в) озиқ-овқат маҳсулоти тайёрланган сана;

г) озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилик муддати;

д) озиқ-овқат маҳсулотини сақлаш шартлари;

е) озиқ-овқат маҳсулоти туркумини (масалан, туркум рақамини) таққослаш имконини берувчи маълумотлар;

ж) озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқарилган мамлакат (озиқ-овқат маҳсулоти келиб чиққан жойнинг номи), тайёрловчи (ишлаб чиқарувчи)нинг номи ва жойлашган жойи.

Агар транспорт ўрамига тайёрловчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан кейинчалик қадоқлаш (конфетлар, шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари) учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулоти истеъмол ўрамисиз жойлаштирилган тақдирда, бундай озиқ-овқат маҳсулоти жойлаштирилган транспорт ўрамини тамғалаш Техник регламентнинг 8-банди талабларига мувофиқ бўлиши керак.


12. Агар транспорт ўрамига жойлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотининг истеъмол ўрамига босилган тамға транспорт ўрами яхлитлиги бузилмаган ҳолда истеъмолчилар эътиборига етказилиши керак бўлган тақдирда транспорт ўрамини тамғаламасликка йўл қўйилади.


13. Транспорт ўрамига жойлаштирилган озиқ-овқат тамғасида қўшимча маълумотлар, шу жумладан озиқ-овқат маҳсулоти унга мувофиқ ишлаб чиқилган ҳужжат тўғрисидаги маълумотлар, товар белгиси ва мувофиқлик белгилари кўрсатилиши мумкин.



4-§. Озиқ-овқат маҳсулотининг номини шакллантиришга

қўйиладиган умумий талаблар


14. Тамғалашда кўрсатилган озиқ-овқат маҳсулотининг номи уни озиқ-овқат маҳсулоти сифатида етарлича тавсифлаши ва уни бошқа озиқ-овқат маҳсулотидан фарқлаш имконини бериши керак.


15. Озиқ-овқат маҳсулотининг физик хоссалари ва (ёки) уни қайта ишлашнинг махсус усуллари тўғрисидаги маълумот (қайта тикланган, дудланган, маринадланган, майдаланган, ионлаштирувчи нур билан қайта ишланган, сублимация қилинган озиқ-овқат маҳсулоти ва у тўғрисидаги шунга ўхшаш маълумот), агар бундай маълумотнинг мавжуд эмаслиги сотиб олувчини чалғитиши мумкин бўлса, озиқ-овқат маҳсулотининг номига киритилади ёки номнинг бевосита яқинида жойлаштирилади. Озиқ-овқат маҳсулотларининг айрим турларига нисбатан бундай маълумотга қўйиладиган талаб озиқ-овқат маҳсулотларининг айрим турларига техник регламентлар билан белгиланади.


16. Озиқ-овқат маҳсулотининг номида, агар улар ёки уларни қайта ишлаш маҳсулотлари озиқ-овқат маҳсулоти таркибига кирмаса, компонентлар кўрсатилишига йўл қўйилмайди.


17. Агар озиқ-овқат маҳсулотининг таркибида хушбўй ҳид берувчидан фойдаланилган тақдирда, ушбу ҳид берувчи билан алмаштирилган ва озиқ-овқат маҳсулоти таркибига кирмайдиган компонентнинг номини мазали ва (ёки) хушбўй ҳидли сўзларидан фойдаланган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотининг номига киритишга йўл қўйилади.


18. Тамғалашда ўралган озиқ-овқат маҳсулотининг номида "парҳезли, диабетик, болаларбоп овқат" таърифлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда кўрсатилади.


19. Озиқ-овқат маҳсулотининг номида фақат озиқ-овқат маҳсулотининг экологик хавфсизлик талабларига мувофиқлиги расман тасдиқланган тақдирда "эко" сўзи кўрсатилишига йўл қўйилади.



5-§. Тамғалашда озиқ-овқат маҳсулотининг таркибини

кўрсатишга қўйиладиган умумий талаблар


20. Озиқ-овқат маҳсулоти таркибига кирадиган компонентлар, агар озиқ-овқат маҳсулотларининг айрим турларига техник регламентлар талабларига кўра ўзгача ҳол белгиланмаган бўлса, озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш пайтида уларнинг масса улуши камайиш тартибида кўрсатилади. Ушбу компонентлар кўрсатилишидан бевосита олдин "Таркиби" ёзуви жойлаштирилиши керак.


21. Озиқ-овқат маҳсулотида таркибли компонент (2 ва ундан ортиқ компонентлардан иборат) мавжуд бўлганда озиқ-овқат маҳсулоти таркибидан Техник регламентнинг 20-банди талабларига риоя қилинган ҳолда бундай таркибли компонент таркибига кирадиган барча компонентлар рўйхати ёки таркибли компонентга қавсларда камайиб бориш тартибида уларнинг масса улуши қўшимча қилинган ҳолда таркибли компонент кўрсатилади.

Агар таркибли компонентнинг масса улуши 2 ва ундан кам фоизни ташкил этган тақдирда, унга кирадиган компонентларни кўрсатмасликка йўл қўйилади, озиқ-овқат қўшимчалари, хушбўй ҳид берувчилар ва уларнинг таркибига кирадиган озиқ-овқат қўшимчалари, биологик фаол моддалар ва доривор ўсимликлар, шунингдек Техник регламентнинг 32-бандида кўрсатилган компонентлар бундан мустасно.


22. Озиқ-овқат маҳсулотида масса улуши 2 ва ундан кам фоизни ташкил этадиган компонентлар мавжуд бўлган тақдирда уларни, агар озиқ-овқат маҳсулотларининг айрим турларига техник регламентлар билан ўзгача ҳол белгиланмаган бўлса, масса улуши 2 фоиздан ортиқни ташкил этадиган компонентлардан кейин исталган изчилликда кўрсатишга йўл қўйилади.


23. Ўзида озиқ-овқат маҳсулотини ифодалайдиган компонентнинг номи Техник регламентнинг 4-параграфи талабларига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулоти таркибида кўрсатилади.

Техник регламентга 1-иловада* назарда тутилган компонентларнинг номлари озиқ-овқат маҳсулоти таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари тегишли турларининг номи остида кўрсатилиши мумкин, агар бундай компонентлар номи озиқ-овқат маҳсулотининг номида фойдаланилган ҳоллар бундан мустасно.


24. Озиқ-овқат маҳсулотида хушбўй ҳид берувчи мавжуд бўлган тақдирда таркиб тамғасида "хушбўй ҳид берувчи(лар)" сўзи бўлиши керак. Масалан, "хушбўй ҳид берувчи "Шафтоли".


25. Озиқ-овқат маҳсулоти таркибида озиқ-овқат қўшимчаси мавжуд бўлган тақдирда озиқ-овқат қўшимчасининг функционал (технологик) вазифаси (кислоталик регулятори, стабилизатор, эмульгатор, бошқа функционал (технологик) вазифаси) ва номи кўрсатилиши керак, улар Халқаро рақамли тизимга (INS) ва Европа (Е) рақамли тизимига мувофиқ озиқ-овқат қўшимчаси индекси билан алмаштирилиши мумкин.

Агар озиқ-овқат қўшимчаси ҳар хил функционал мақсадга эга бўлса, ундан фойдаланиш мақсадларига мувофиқ бўлган функционал вазифа кўрсатилади. Озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқаришда компонент сифатида фойдаланиладиган углерод икки оксиди озиқ-овқат маҳсулотини тамғалашда "Газлаштирилган" ёзуви киритилган тақдирда озиқ-овқат маҳсулоти таркибида кўрсатилиши талаб этилмайди.


26. Қуйидагиларга нисбатан озиқ-овқат маҳсулотининг таркибини кўрсатиш талаб этилмайди:

а) янги узилган мевалар (шу жумладан олма) ва пўсти олиб ташланмаган, кесилмаган ёки бундай усулда қайта ишланмаган сабзавотлар (шу жумладан картошка);

б) озиқ-овқат хом ашёсининг бир туридан олинган сирка (бошқа компонентлар қўшилмаган ҳолда);

в) озиқ-овқат маҳсулотининг номи бундай компонент мавжудлигини аниқлаш имконини бериши шарти билан битта компонентдан иборат озиқ-овқат маҳсулоти.


27. Техник регламентнинг 32-бандида кўрсатилган ҳолатлардан ташқари қуйидагилар компонентларга тегишли бўлмайди ва озиқ-овқат маҳсулотининг таркибида кўрсатилмайди:

а) озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш жараёнида озиқ-овқат маҳсулотининг таркибида кўрсатилган компонентлардан чиқариб ташланадиган ва ишлаб чиқариш технологик жараёнининг кейинги босқичида ушбу бирламчи моддаларнинг миқдоридан ортиқ бўлмаган миқдорда озиқ-овқат маҳсулотига қўшиладиган моддалар;

б) бир ёки бир неча компонентлар таркибига кирадиган ва бундай компонентлар мавжуд бўлган озиқ-овқат маҳсулотининг хоссаларини ўзгартирмайдиган моддалар;

в) аниқ бир озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган технологик ёрдамчи воситалар;

г) эритувчилар, хушбўй ҳид берувчиларнинг таъмини берувчилар ёки хушбўй ҳид берувчи озиқ-овқат қўшимчалари таркибига кирадиган моддалар.


28. Озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш жараёнида концентрациялашган қуюқлаштирилган ёки қуруқ озиқ-овқат маҳсулотидан қайта тикланган компонентларни улар қайта тиклангандан кейин уларнинг масса улушига мувофиқ кўрсатишга йўл қўйилади.


29. Мевалар (шу жумладан резавор мевалар), сабзавотлар (шу жумладан картошка), ёнғоқлар, ўтлар, қўзиқоринлар, тегишли аралашмалар таркибига кирадиган ва масса улуши бўйича жиддий фарқ қилмайдиган ширинликлар, зираворлар "ўзгарадиган нисбатларда" ёзуви кўрсатилган ҳолда исталган изчилликда озиқ-овқат маҳсулоти таркибида кўрсатилиши мумкин.


30. Таркибига ширинлаштирувчилар, шакар-спиртлар кирувчи озиқ-овқат маҳсулотларини тамғалашга бевосита озиқ-овқат маҳсулотининг таркиби кўрсатилганидан кейин "Таркибида ширинлаштирувчи (ширинлаштирувчилар) мавжуд. Кўп истеъмол қилганда бўшаштирувчи ҳолатга олиб келиши мумкин" деган ёзув қўшимча қилиниши керак.


31. Истеъмол қилиниши аллергик реакцияга олиб келиши мумкин бўлган ёки Техник регламентнинг 32-бандида кўрсатилган касалликларнинг айрим турларида истеъмол қилиш ножоиз бўлган компонентлар (шу жумладан озиқ-овқат қўшимчалари, хушбўй ҳид берувчилар), биологик фаол қўшимчалар уларнинг миқдоридан қатъи назар, озиқ-овқат маҳсулоти таркибида кўрсатилади.


32. Қуйидагилар истеъмол қилиниши аллергик реакция келтириб чиқариши мумкин бўлган ёки касалликларнинг айрим турларида истеъмол қилиш ножоиз бўлган энг кўп тарқалган компонентларга тегишлидир:

а) ерёнғоқ ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари;

б) аспартам, аспартам-ацесульфам тузи;

в) хантал ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари;

г) агар уларнинг умумий ҳажми олтингугурт диоксидига қайта ҳисоблаб чиқишда бир килограммга 10 миллиграммдан ортиқни ёки 1 литрга 10 миллиграммдан ортиқни ташкил этса олтингугурт диоксиди ва сульфитлар;

д) таркибида глютен бўлган ўтлар ва уларни қайта ишлаш маҳсулотлари;

е) кунжут ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари;

ж) люпин (бўрилуккак) ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари;

з) моллюскалар ва уларни қайта ишлаш маҳсулотлари;

и) сут ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари (шу жумладан лактоза);

к) ёнғоқ ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари;

л) қисқичбақасимонлар ва уларни қайта ишлаш маҳсулотлари;

м) балиқ ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари (таркибида витаминлар ва каротиноидлар мавжуд бўлган препаратларда асос сифатида фойдаланиладиган балиқ желатинидан ташқари);

н) сельдерей ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари;

о) соя ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари;

п) тухум ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари.


33. Компонентларнинг аллерген хоссалари тўғрисидаги маълумотларни озиқ-овқат маҳсулотини тамғалашда кўрсатиш талаб этилмайди, озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқаришда улардан фойдаланилган тақдирда унинг таркиби кўрсатилгандан кейин "Фенилаланин манбаи мавжуд" ёзуви жойлаштирилиши керак бўлган тузнинг аспартами ва аспартам-ацесульфами тўғрисидаги маълумотлар бундан мустасно.


34. Таркибида донли компонентлар мавжуд бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари учун маҳсулот таркиби кўрсатилгандан кейин, агар таркибида глютен мавжуд бўлган донли компонентлардан фойдаланилмаган ёки глютен олиб ташланган тақдирда "Таркибида глютен мавжуд эмас" деган ёзувни жойлаштиришга йўл қўйилади.


35. Агар Техник регламентнинг 32-бандида белгиланган компонентлардан озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фойдаланилмаган, бироқ уларнинг озиқ-овқат маҳсулотида мавжудлиги тўлиқ истисно этилмаган ҳолларда бундай компонентлар мавжуд бўлиши тўғрисидаги маълумот бевосита озиқ-овқат маҳсулотининг таркиби кўрсатилгандан кейин жойлаштирилади.


36. Таркибида ранг берувчилар (Е122 азорубин, Е104 сариқ хинолин, FCF E110 сариқ "қуёш ботиши", АС Е129 қизил мафтункор, 4R Е124 понсо ва Е102 тартразин) озиқ-овқат маҳсулотлари учун "Таркибида ранг берувчи (ранг берувчилар) мавжуд, улар болаларнинг фаоллигига ва диққатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин" деган огоҳлантирувчи ёзув ёзилиши керак.

Алкоголли ичимликлар ва тамғалаш учун кўрсатиб ўтилган ранг берувчилардан фойдаланиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари (сўйилган мол гўшти, гўшт маҳсулотлари, тухум) бундан мустасно.



6-§. Тамғалашда ўралган озиқ-овқат маҳсулотлари

миқдори кўрсатилишига қўйиладиган умумий талаблар


37. Ўралган озиқ-овқат маҳсулотлари миқдори ушбу маҳсулотни тамғалашда ҳажм (миллилитр ёки литрларда), масса (граммлар ёки килограммларда) ёки саноқ (доналарда) бирликларида кўрсатилади. Бунда ушбу бирликларнинг қисқартирилган номидан фойдаланишга йўл қўйилади. Доналаб сотиладиган тухум, мева, сабзавотларнинг массаси ёки ҳажми кўрсатилмаслигига йўл қўйилади.


38. Ўралган озиқ-овқат маҳсулотларининг миқдорини кўрсатиш учун миқдорни танлаш, доналаб сотиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари бундан мустасно, агар озиқ-овқат маҳсулотларининг айрим турларига техник регламентларда ўзгача ҳол белгиланмаган бўлса, қуйидаги қоидалар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади:

а) агар озиқ-овқат маҳсулоти суюқ бўлса, у ҳолда унинг ҳажми кўрсатилади;

б) агар озиқ-овқат маҳсулоти кукунсимон, қайишқоқ ёки қайишқоқ-пластик консистенцияли бўлса, у ҳолда ёхуд унинг ҳажми ёхуд массаси кўрсатилади;

в) агар озиқ-овқат маҳсулоти қаттиқ, сочилувчи бўлса, қаттиқ ва суюқ модданинг аралашмасидан иборат бўлса, у ҳолда унинг массаси кўрсатилади.

Озиқ-овқат маҳсулотининг сонини кўрсатиш учун иккита миқдордан айни бир вақтда фойдаланишга йўл қўйилади, масалан, донанинг массаси ва сони, масса ва ҳажм.


39. Гуруҳ қилиб ўрашда озиқ-овқат маҳсулоти сонини кўрсатиш қуйидаги тарзда амалга оширилиши зарур:

а) агар бир номдаги озиқ-овқат маҳсулоти бир нечта истеъмол ўрамларига жойлаштирилган бўлса, озиқ-овқат маҳсулотини гуруҳ қилиб ўрашда маҳсулотнинг умумий сони ва истеъмол ўрамлари сони кўрсатилади;

б) агар ўралган озиқ-овқат маҳсулоти учун гуруҳли ўрамнинг хоссаси озиқ-овқат маҳсулотининг сони тўғрисидаги маълумотларни яхши кўриш ва истеъмол ўрамлари сонини ҳисоблаш осон бўлса, у ҳолда гуруҳли ўрамда уларнинг кўрсатмасликка йўл қўйилади;

в) агар ўралган озиқ-овқат маҳсулоти ҳар хил турдаги ва номдаги ва (ёки) турли номдаги алоҳида буюмлардан иборат бўлган бир нечта истеъмол ўрамларидан иборат бўлса, у ҳолда ўралган озиқ-овқат маҳсулотини гуруҳли ўрашда ҳар бир истеъмол ўрамининг номи ва маҳсулотлар сони ва (ёки) донанинг номи, сони, ёхуд ҳар бир буюмнинг массаси кўрсатилади.


40. Транспорт ўрамига жойлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотининг сони ҳар бир ўрам бирлигига жойлаштирилган озиқ-овқат маҳсулоти сони кўрсатилган ҳолда ҳажм (миллилитрлар ёки литрларда) ёки масса (граммлар ёки килограммларда) бирликларида ёхуд транспорт ўрамидаги ўраш бирликлари сонида (доналарда) кўрсатилади. Бунда ушбу бирликларнинг қисқартирилган номларидан фойдаланишга йўл қўйилади.


41. Агар озиқ-овқат маҳсулоти суюқ муҳитга, масалан сувга, шакарнинг сувли эритмасига, озиқ-овқат кислоталарининг сувли эритмаларига, тузнинг сувли эритмаларига, намакобларга, сиркага, мевали ёки сабзавотли шарбатларга жойлаштирилган тақдирда озиқ-овқат маҳсулотининг ҳажми ёки массаси суюқ муҳит билан бирга кўрсатилиши билан биргаликда суюқ муҳитга жойлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотининг қўшимча ҳажми ёки массаси кўрсатилиши керак. Ушбу талаб кейинчалик музлатилган ҳолда суюқ муҳитга жойлаштириладиган озиқ-овқат маҳсулотига ҳам жорий этилади.


42. Ўралган озиқ-овқат маҳсулоти сони ноаниқ кўрсатилишига ва ўралган озиқ-овқат маҳсулоти сони қиймати диапазони кўрсатилишига йўл қўйилмайди.



7-§. Тамғалашда озиқ-овқат маҳсулоти тайёрланган

санани кўрсатишга қўйиладиган умумий талаблар


43. Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалашда унинг яроқлилик муддатига қараб у тайёрланган санани кўрсатиш қуйидаги сўзлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади:

а) 72 соатгача яроқли бўлган тақдирда соат, кун, ой кўрсатилган ҳолда "тайёрланган санаси";

б) 72 соатдан уч ойгача яроқли бўлганда кун, ой, йил кўрсатилган ҳолда "тайёрланган санаси";

в) уч ойдан ва ундан ортиқ яроқлилик муддатида ой, йил ёки кун, ой, йил кўрсатилган ҳолда "яроқлилик санаси".


44. "Тайёрланган санаси" сўзларидан кейин озиқ-овқат маҳсулоти тайёрланган сана ёки ушбу санани истеъмол ўрамига босиш жойи кўрсатилади.


45. Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалашда "тайёрланган санаси" сўзлари "ишлаб чиқарилган сана" сўзлари ёки сўзнинг мазмуни бўйича шундай сўз билан алмаштирилиши мумкин.


46. Озиқ-овқат маҳсулотларининг айрим турларига техник регламентларга "тайёрланган санаси" сўзлари ўрнига озиқ-овқат маҳсулотларининг айрим турларини ишлаб чиқаришнинг технологик жараёни тамом бўлиши санасини белгиловчи бошқа тушунчалар ўрнатилиши мумкин, масалан, ичимликларни қуйиш санаси, тухумларни саралаш санаси, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили йили, ёввойи ҳолда ўсувчи мевалар, ёнғоқлар, асаларичилик маҳсулотлари йиғилган йил кўрсатилиши мумкин.



8-§. Тамғалашда озиқ-овқат маҳсулотларининг яроқлилиги

муддатини кўрсатишга қўйиладиган умумий талаблар


47. Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалашда унинг яроқлилиги муддатини кўрсатиш қуйидаги сўзлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади:

а) унинг яроқлилик муддати 72 соатгача бўлганда соат, кун, ой кўрсатилган ҳолда "гача яроқли";

б) унинг яроқлилик муддати 72 соатдан уч ойгача бўлганда кун, ой кўрсатилган ҳолда "гача яроқли";

в) ой, йил кўрсатилган ҳолда "охиригача яроқли" ёки унинг яроқлилик муддати камида уч ой бўлганда кун, ой, йил кўрсатилган ҳолда "гача яроқли".


48. Озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилик муддатини кўрсатиш мақсадида суткалар, ойлар ёки йиллар сони кўрсатилган ҳолда "яроқли" ёхуд 72 соатгача яроқлилик муддатида соатлар сони кўрсатилган ҳолда "яроқли" сўзидан фойдаланиш мумкин.


49. "Гача яроқли", "яроқли", "охиригача яроқли" сўзларидан кейин ёки озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилик муддати ёки ушбу муддатини ўрамга босиш жойи кўрсатилади.


50. Тайёрловчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан унга нисбатан яроқлиликнинг чекланмаган муддати белгиланадиган озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш "Сақлаш шарт-шароитларига риоя қилинганда яроқлилик муддати чекланмаган" ёзуви қўшимча қилиниши керак.


51. Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалашда "гача яроқли", "яроқли", "охиригача яроқли" сўзлари "яроқлилик муддати", "гача истеъмол қилинсин" сўзлари ёки мазмуни ўхшаш сўзлар билан алмаштирилиши мумкин.



9-§. Тамғалашда озиқ-овқат маҳсулотини тайёрловчи

(ишлаб чиқарувчи)нинг, тайёрловчи (ишлаб чиқарувчи)

томонидан ваколат берилган шахснинг, импорт қилувчининг

номи ва жойлашган жойини кўрсатишга қўйиладиган

умумий талаблар


52. Озиқ-овқат маҳсулотини тайёрловчи (ишлаб чиқарувчи)нинг жойлашган жойи тадбиркорлик фаолияти субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган жой билан белгиланади.


53. Сотиб олувчига тақдим этиладиган маълумотда тайёрловчи (ишлаб чиқарувчи)нинг расман рўйхатдан ўтказилган номи ва жойлашган жойидан (манзили, шу жумладан мамлакат) фойдаланиш зарур. Тайёрловчи (ишлаб чиқарувчи)нинг манзили билан мос бўлмаганда ишлаб чиқариш(лар) манзили(лари) ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиб олувчилардан эътирозларни қабул қилишга тайёрловчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан ваколат берилган шахслар ҳам (мавжуд бўлганда) кўрсатилади.


54. Озиқ-овқат маҳсулотининг тайёрловчиси (ишлаб чиқарувчиси) жойлашган жойнинг номи тўғрисидаги маълумотни тайёрловчи мамлакатнинг номини давлат тилида кўрсатиш шарти билан озиқ-овқат маҳсулотини тайёрловчи (ишлаб чиқарувчи) жойлашган жой бўйича мамлакат тилида (тилларида) кўрсатишга йўл қўйилади.


55. Ишлаб чиқариш бир нечта тайёрловчилар (ишлаб чиқарувчилар) томонидан амалга ошириладиган озиқ-овқат маҳсулотини тамғалашда ҳар бир тайёрловчи (ишлаб чиқарувчи) тўғрисидаги маълумотни истеъмолчиларга етказиш усули, масалан, ҳарфлар, рақамлар, рамзлардан, бошқача чизилган ажратилган шрифтдан фойдаланиш аниқ бир озиқ-овқат маҳсулотини тайёрловчини (ишлаб чиқарувчини) айнан аниқлаш имконини бериш шарти билан ҳар бир тайёрловчининг (ишлаб чиқарувчининг) номи ва жойлашган жойи кўрсатилиши мумкин.


56. Тайёрланган жойида ўралмаган озиқ-овқат маҳсулотлари (чакана савдо ташкилотлари томонидан истеъмол ўрамига ўралган озиқ-овқат маҳсулотлари бундан мустасно) Техник регламентнинг 52-моддасида назарда тутилган тайёрловчи (ишлаб чиқарувчи) ва юридик шахс ёки озиқ-овқат маҳсулотларини ўрашни кейинчалик реализация қилиш ёки тадбиркорликнинг бошқа субъекти буюртмаси бўйича у тайёрланган жойдан бошқа жойда ўрашни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркор тўғрисидаги маълумот мавжуд бўлиши керак.


57. Агар тайёрловчида (ишлаб чиқарувчида) тайёрловчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан ваколат берилган шахс мавжуд бўлса, бундай тайёрловчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан ваколат берилган шахснинг номи ва жойлашган жойи озиқ-овқат маҳсулотини тамғалашда кўрсатилиши керак.


58. Бошқа мамлакатлардан етказиб бериладиган ўралган озиқ-овқат маҳсулотларини тамғалашда импорт қилувчининг номи ва жойлашган жойи кўрсатилади.



10-§. Тамғалашда озиқ-овқат маҳсулотининг озиқлик

қимматини кўрсатишга қўйиладиган умумий талаблар


59. Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалашда кўрсатиладиган унинг озиқлик қиммати қуйидаги кўрсаткичларни ўз ичига олади:

а) энергетика қиймати (калориялиги);

б) оқсиллар, ёғлар, углеводлар миқдори;

в) витаминлар ва минерал моддалар миқдори.


60. Хушбўй ҳид берувчилар, чайналанадиган сақич, кофе, минерал сув, шишага солинган ичимлик сув, озиқ-овқат қўшимчалари, хом озиқ-овқат маҳсулотлари (қўзиқоринлар, ҳайвонларнинг сўйилгандан кейинги маҳсулотлари, паррандалар, балиқлар, сабзавотлар (шу жумладан картошка), мевалар, шу жумладан резавор мева), ош тузи, хуштаъм берувчилар, зираворлар, сирка, чойнинг озиқлик қиммати, агар озиқ-овқат маҳсулотларининг ушбу турларига техник регламентларда ўзгача ҳол белгиланмаган бўлса кўрсатилмаслиги мумкин. Озиқ-овқат маҳсулотларининг айрим турларига техник регламентларда назарда тутилган ҳолларда озиқ-овқат маҳсулотлари бошқа турларининг озиқлик қиммати кўрсатилмаслиги мумкин.


61. Озиқ-овқат маҳсулотининг озиқлик қиммати озиқ-овқат маҳсулотининг 100 грамми ёки 100 миллилитри ва (ёки) бир порцияси ҳисобидан (уни тамғалашда бундай порциянинг сони албатта кўрсатилган ҳолда бир порция сифатида кўрсатилган озиқ-овқат маҳсулотининг белгиланган сони) келтирилиши керак.


62. Озиқ-овқат маҳсулотининг энергетик қиймати (калориялилиги) жоуларда ва калорияларда ёки кўрсатиб ўтилган миқдорларнинг карра ёки улушли бирликларида кўрсатилиши керак.


63. Озиқ моддалар, шу жумладан озиқ-овқат маҳсулотидаги оқсиллар, ёғлар, углеводлар миқдори граммларда ёки кўрсатиб ўтилган миқдорларнинг карра ёки улушли бирликларида кўрсатилиши керак.


64. Озиқ-овқат маҳсулотидаги витаминлар ва минерал моддалар миқдори миллиграммлар ёки микрограммларда ёки ўлчовларнинг бирлигини таъминлаш соҳасида Ўзбекистон Республикасида қўллашга йўл қўйилган миқдорларнинг бошқа бирликларида кўрсатилиши керак.


65. Озиқ-овқат маҳсулотидаги оқсиллар, ёғлар, углеводлар миқдори ва унинг энергетик қиймати (калориялилиги) оқсиллар, ёғлар, углеводларга ва энергетик қимматга (калорияликка) нисбатан кўрсатилиши керак, улар учун бундай миқдор 100 грамм ёки 100 миллилитрда ёхуд озиқ-овқат маҳсулотининг бир порциясида (озиқлик қиммати 1 порция ҳисобидан келтирилган ҳолатда) катта ёшли кишининг оқсиллар, ёғлар, углеводлар ва энергияга бўлган ўртача суткалик эҳтиёжини акс эттирувчи миқдорларнинг 2 ва ундан ортиқ фоизини ташкил этади. Бошқа ҳолларда оқсиллар, ёғлар, углеводлар миқдори ва озиқ-овқат маҳсулотининг энергетик қиммати (калориялилиги) тайёрловчининг (ишлаб чиқарувчининг) хоҳиши бўйича кўрсатилиши мумкин.


66. Озиқ-овқат маҳсулотидаги витаминлар ва минерал моддалар миқдори, агар витаминлар ва минерал моддалар озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш жараёнида унга қўшилган бўлса, кўрсатилиши керак. Бошқа ҳолларда озиқ-овқат маҳсулотидаги витаминлар ва минерал моддалар миқдори улар учун бундай миқдор 100 грамм ёки 100 миллилитрда ёхуд озиқ-овқат маҳсулотининг бир порциясида (бир порция ҳисобига озиқлик қиммати келтирилган ҳолатда) катта ёшли кишининг витаминлар ва минерал моддаларга ўртача суткалик эҳтиёжини акс эттирувчи миқдорларнинг 5 ва ундан ортиқ фоизини ташкил этадиган витаминлар ва минерал моддаларга нисбатан кўрсатилиши мумкин.


67. Катта ёшли аҳоли учун энергияга ва озиқ моддага бўлган эҳтиёжнинг ўртача суткалик меъёри Техник регламентга 2-иловага* мувофиқ белгиланади.


68. Техник регламентнинг 65 - 67-бандларида кўрсатилган ва истеъмолчиларнинг айрим тоифалари учун мўлжалланган ўралган озиқ-овқат маҳсулотини тамғалашда озиқлик қиммати кўрсаткичларини кўрсатиш учун ҳисоб-китоб истеъмолчиларнинг ушбу тоифаси учун ўртача суткалик эҳтиёж бўйича юритилади.


69. Манбаи ушбу биологик фаол қўшимчалар ҳисобланган моддаларга нисбатан биологик фаол қўшимчалар учун бойитилган озиқ-овқат маҳсулотлари учун эса - бундай озиқ-овқат маҳсулотини бойитиш учун фойдаланилган моддаларга нисбатан Техник регламентга 2-иловада* белгиланган меъёрларга нисбатан фоизларда қўшимча равишда озиқлик қиммати кўрсатилиши керак.


70. Истеъмолчилар томонидан тайёрланиши керак бўлган озиқ-овқат маҳсулотининг озиқлик қиммати кўрсаткичлари қиймати уни кейинчалик тайёрлаш ҳисобга олинмасдан бундай озиқ-овқат маҳсулотини тамғалашда кўрсатилади.


71. Озиқ-овқат маҳсулотларининг озиқлик қиммати кўрсаткичлари озиқ-овқат маҳсулотини тайёрловчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан таҳлилий ёки ҳисоб-китоб йўли билан аниқланади.


72. Озиқ-овқат маҳсулотининг энергетик қимматини (калориялилигини) ва ундаги оқсиллар, ёғлар миқдорини кўрсатишда, агар озиқ-овқат маҳсулотларининг айрим турларига техник регламентларда ўзгача ҳол белгиланмаган бўлса, 1 ва 2-жадвалларга мувофиқ қийматларни йириклаштириш қоидалари қўлланилади.



1-жадвал

Озиқ-овқат маҳсулотларининг

энергетик қиймати (калориялилиги)

йириклаштириш қоидалари, кДж/ккал


Йириклаштирилган қиймат


Камида 1


"1" кўрсатилади


1 дан - 5 гача


Яқин яхлит сонгача


5 дан - 100 гача


Яқин яхлит сонгача, 5 карра


100 дан ортиқ


Яқин яхлит сонгача, 10 карра


2-жадвал


Озиқ-овқат маҳсулотидаги оқсиллар, ёғлар, углеводлар

миқдори қийматларини йириклаштириш

ҚОИДАЛАРИ

Оқсиллар, ёғлар,

углеводлар миқдори, г


Йириклаштирилган қиймат


Камида 0,5


Вергулдан кейин биринчи ўнлик рақамигача қиймат кўрсатилади


0,5 - 10


Яқин қийматгача, 0,5 карра


10 дан ортиқ


Яқин яхлит сонгача


      

73. Озиқ-овқат маҳсулотининг озиқлик қиммати кўрсаткичларига нисбатан тамғалашга "Ўртача қийматлар" ёзуви қўшимча қилиниши мумкин.

Қайд этилиши зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотининг энергетика қиймати (калориялилиги) 3-жадвалга мувофиқ асосий озиқ моддаларни озиқ-овқат маҳсулотининг энергетика қийматига (калориялилигига) қайта ҳисоблаб чиқиш коэффициентларидан фойдаланган ҳолда аниқланади.


74. Озиқ-овқат маҳсулотидаги углеводлар миқдорини аниқлашда озиқ-овқат маҳсулотидаги уларнинг сони (озиқ-овқат толалари бундан мустасно) ва инсон организмида моддалар алмашинишида иштирок этувчи, шунингдек ширин қилувчилар-шакар-спиртлар миқдори ҳисобга олинади.



3-жадвал


Асосий озиқ моддаларни озиқ-овқат маҳсулотининг энергетика

қийматига (калориялигига) қайта ҳисоблаб чиқиш

КОЭФФИЦИЕНТЛАРИ


Асосий озиқ моддалар


Қайта ҳисоблаб чиқиш

коэффициентлари


Оқсиллар


4 ккал/г - 17 кДж/г


Углеводлар, шу жумладан моно- ва дисахаридлар (шакар-спиртлардан ташқари)


4 ккал/г - 17 кДж/г


Шакар-спиртлар (эритритдан ташқари)


2,4 ккал/г - 10 кДж/г


Эритрит


0


Ёғлар, ёғли кислоталар


9 ккал/г - 37 кДж/г


Органик кислоталар


3 ккал/г - 13 кДж/г


Салатрим


6 ккал/г - 25 кДж/г


Этанол


7 ккал/г - 29 кДж/г


Озиқ толалар


2 ккал/г - 8 кДж/г


             

75. А витамин ва А провитамин миқдорини аниқлашда ретинолнинг бир микрограмми ёки ретинол эквивалент бета-коратиннинг 6 та микрограммига мослиги ҳисобидан келиб чиқиб ўтказма коэффициентдан фойдаланилади.



11-§. Тамғалашда озиқ-овқат маҳсулотининг фарқланувчи

белгилари тўғрисидаги ахборотни кўрсатишга

қўйиладиган умумий талаблар


76. Озиқ-овқат маҳсулотининг фарқланувчи белгилари тўғрисидаги маълумот Техник регламентга 3-иловага* мувофиқ тамғалашда ихтиёрийлик асосида кўрсатилади.


77. Озиқ-овқат маҳсулотининг фарқланувчи белгилари тўғрисидаги маълумот тамғалашда фақат, агар озиқ-овқат маҳсулотларининг техник регламентларида ўзгача ҳол белгиланмаган бўлса, ушбу белгилар Техник регламентга 3-иловада* келтирилган шартларга мувофиқ бўлганда кўрсатилиши мумкин.


78. Озиқ-овқат маҳсулотининг озиқлик қиммати юзасидан унинг фарқланувчи белгилари тўғрисидаги маълумотга озиқ-овқат маҳсулотларини тамғалашда озиқ-овқат маҳсулотининг озиқлик қимматини белгиловчи тегишли озиқ моддалар сони кўрсатилган ҳолда илова қилиниши керак.



12-§. Тамғалашни етказиш усулларига қўйиладиган талаблар


79. Техник регламентнинг 8-банди а) - е)-кичик бандларида ва 31-бандида назарда тутилган маълумотлар уларни истеъмол ўрамидан чиқариб ташлаш қийин бўлган истеъмол ўрамига ва (ёки) этикеткага босилиши керак.


80. Техник регламентнинг 8-банди ж), з), и), к), л)-кичик бандларида назарда тутилган маълумотлар истеъмол ўрамига ва (ёки) этикеткага, ва (ёки) суқма вараққа, ва (ёки) ҳар бир ўраш бирлигига жойлаштириладиган ёхуд ҳар бир ўраш бирлигига илова қилинадиган суқма вараққа босилиши керак.


81. Агар озиқ-овқат маҳсулоти истеъмол ўрамининг катта юзаси майдони 10 квадрат сантиметрдан ортиқ бўлмаса, Техник регламентнинг 8-бандида назарда тутилган маълумотлар истеъмол ўрамига ва (ёки) этикеткага, ва (ёки) ҳар бир истеъмол ўрамига, ёки ҳар бир транспорт ўрамига жойлаштириладиган, ёхуд ҳар бир истеъмол ўрамига ёки ҳар бир транспорт ўрамига илова қилинадиган суқма вараққа босилиши керак.


82. Озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлашда чакана савдо ташкилотлари томонидан истеъмолчи бўлмаганида истеъмол ўрамига ёки унга маҳкамланган этикеткада озиқ-овқат маҳсулотининг номи, у тайёрланган сана, унинг яроқлилик муддати, сақлаш шарт-шароитлари кўрсатилиши керак.

Техник регламентнинг 8 ва 31-бандларида назарда тутилган бошқа маълумотлар истеъмолчига ушбу озиқ-овқат маҳсулотини асосли танлаш имкониятини таъминлайдиган исталган усул билан (шу жумладан истеъмол ўрамига ва (ёки) этикеткага, ва (ёки) ҳар бир ўралган бирликка жойлаштириладиган ёки маҳсулотнинг ҳар бир ўрам бирлигига илова қилинадиган суқма вараққа босиш йўли билан) истеъмолчига етказилади.


83. Техник регламентнинг 8 ва 31-бандларида бевосита транспорт ўрамига жойлаштириладиган озиқ-овқат маҳсулотларига, шунингдек қадоқлаш истеъмолчи иштирокида чакана савдо ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан назарда тутилган маълумотлар истеъмолчига ушбу озиқ-овқат маҳсулотини асосли танлаш имкониятини таъминлайдиган исталган усул билан етказилади.


84. Техник регламентнинг 2-параграфида назарда тутилган бевосита транспорт ўрамига жойлаштириладиган озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш транспорт ўрамига ва (ёки) этикеткага, ва (ёки) ҳар бир транспорт ўрамига жойлаштириладиган ёки ҳар бир транспорт ўрамига илова қилинадиган суқма вараққа босилиши, ёхуд озиқ-овқат маҳсулотига илова қилинадиган ҳужжатларда мавжуд бўлиши керак.


85. Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалашда истеъмол ўрамида мавжуд бўлмаган ёки озиқ-овқат маҳсулотини ёки истеъмол ўрамидаги озиқ-овқат маҳсулотлари компонентларини тайёрлашда фойдаланилмаган ёки мазаси ва (ёки) ҳиди истеъмол ўрамидаги озиқ-овқат маҳсулотлари таркибига кирадиган компонентларга ўхшатилмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари тасвири бўлмаслиги керак, Техник регламентнинг 85-бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


86. Тайёрлашда ушбу озиқ-овқат маҳсулоти қўлланиладиган таомнинг тасвири туширилган озиқ-овқат маҳсулотини тамғалашга "тайёрланган таом варианти" сўзлари ёки мазмуни бир хил бўлган шундай сўзлар илова қилиниши керак.



3-БОБ. ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТИНИ ТАМҒАЛАШ

ЮЗАСИДАН УНГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАРНИНГ

МУВОФИҚЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ


87. Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалашнинг Техник регламент талабларига мувофиқлиги тамғалашга қўйиладиган унинг бевосита талабларини бажариш ва озиқ-овқат маҳсулотини тамғалашга қўйиладиган қўшимча талабларни белгиловчи озиқ-овқат маҳсулотлари айрим турларига техник регламентлар талаблари бажарилиши билан таъминланади.



4-БОБ. ЎТИШ ДАВРИ


88. Техник регламент амалга киритилган пайтдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган ва озиқ-овқат маҳсулотини тамғалашга талабларни белгилайдиган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар улар Техник регламентга мувофиқлаштирилгунига қадар Техник регламентга зид бўлмаган қисмлари юзасидан қўлланилади.



5-БОБ. ТЕХНИК РЕГЛАМЕНТ ТАЛАБЛАРИГА РИОЯ

ЭТИЛИШИ УСТИДАН ДАВЛАТ НАЗОРАТИ


89. Техник регламент талабларига риоя қилиш устидан давлат назоратини Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификациялаш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари, шунингдек бошқа махсус ваколатли давлат органлари ўз ваколатлари доирасида амалга оширади.


90. Назоратни амалга оширувчи давлат органлари Техник регламент талабларига мувофиқ бўлмаган тамғаланган озиқ-овқат маҳсулотлари муомалага чиқарилишининг олдини олиш, шунингдек бундай маҳсулотларни бозорда муомаладан олиб қўйиш учун барча чораларни кўриши шарт.



6-БОБ. ТЕХНИК РЕГЛАМЕНТ ТАЛАБЛАРИ

БУЗИЛГАНЛИГИ УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


91. Техник регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 17 июль, 28-сон, 661-модда




























































Время: 0.0051
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск