ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Фавқулодда вазиятлар, уларнинг оқибатларини бартараф этиш /

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳудудий комиссиялар тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.07.2017 й. 525-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 19 июлдаги

525-сон қарорига

2-ИЛОВА



Фавқулодда вазиятларнинг олдини

олиш ва уларни бартараф этиш бўйича

ҳудудий комиссиялар тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек уларнинг таркибига кирадиган шаҳарлар ва туманларнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳудудий комиссияларининг (кейинги ўринларда ҳудудий комиссиялар деб аталади) вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди.


2. Ҳудудий комиссиялар шахсий таркиби Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шунингдек уларнинг таркибига кирадиган шаҳарлар ва туманлар ҳокимларининг қарорлари билан тасдиқланадиган коллегиал органлар ҳисобланади.


3. Ҳудудий комиссиялар ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссиясининг қарорларига, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.


4. Ҳудудий комиссияларнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари тегишли маъмурий ҳудудда жойлашган давлат ва хўжалик бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


5. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳудудий комиссиялари уларнинг таркибига кирувчи шаҳарлар ва туманларнинг ҳудудий комиссиялари фаолиятини назорат қилади ва мувофиқлаштиради.



2-БОБ. ҲУДУДИЙ КОМИССИЯЛАРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


6. Қуйидагилар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий комиссияларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича ташкилий ва муҳандислик-техник тадбирлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишига, потенциал хавфли объектларнинг ишончлилигини оширишга, фавқулодда вазиятларда иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлашга раҳбарлик қилиш;

идоравий бошқарув органлари, кучлар ва воситалар фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлигини таъминлашда қатнашиш, объектларда фавқулодда вазиятларни бартараф этишда, шу жумладан объект ходимларини эвакуация қилишда ҳаракатларни мувофиқлаштириш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун идоравий молиявий ва моддий ресурслар захиралари барпо этилишига, улардан фойдаланишга раҳбарлик қилиш;

фавқулодда вазиятларда жабрланган аҳолини, шу жумладан фавқулодда вазиятларни бартараф этишда бевосита иштирок этган шахсларни ижтимоий муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича жойларда амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини назорат қилиш ва текшириш.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий комиссиялари ва уларнинг аъзолари уларга юкланган вазифалар бажарилиши учун белгиланган тартибда жавоб берадилар.


7. Шаҳарлар ва туманлар ҳудудий комиссияларининг асосий вазифалари:

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, авариялар, ҳалокатлар ва табиий офатларнинг зарари ва оқибатларини камайтириш тадбирларини амалга ошириш;

бошқарув органлари, кучлар ва воситаларнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлигини таъминлашда иштирок этиш;

олдини олиш тадбирларига, қутқарув тузилмаларини сақлаб туриш ва таъминлашга, фавқулодда вазиятларни бартараф этишга ва жабрланганларга ёрдам беришга харажатларни қоплаш учун фойдаланиладиган молиявий ва моддий-техник ресурсларнинг захира фондларини ташкил этиш.

Шаҳарлар ва туманлар ҳудудий комиссиялари ва уларнинг аъзолари уларга юкланган вазифалар бажарилиши учун белгиланган тартибда жавоб берадилар.



3-БОБ. ҲУДУДИЙ КОМИССИЯЛАРНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий комиссиялари уларга юкланган вазифалар бажарилиши мақсадида қуйидаги функцияларни амалга оширадилар:

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссиясининг қарорлари бажарилишини ташкил этадилар;

фавқулодда вазиятлар юзага келиши таҳдиди ва хавфи омиллари олдиндан аниқланишини, уларнинг ривожланиши кузатилишини, шунингдек аҳоли хавфсизлиги таъминланиши чораларини ташкил этадилар;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, улар юзага келишининг мавжуд хавфларини тўлиқ бартараф этиш бўйича ташкилий ва муҳандислик-техник тадбирлар комплексларини ишлаб чиқадилар ва амалга оширадилар;

иқтисодиётнинг потенциал хавфли ва бошқа объектлари барқарорлигини таъминлаш масалаларини кўриб чиқадилар ва уларнинг ишончлилигини ошириш юзасидан вазифаларни белгилайдилар;

аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш бўйича тадбирлар бажарилишининг ҳолати, бошқарув органлари, куч ва воситаларнинг фавқулодда вазиятлар юзага келганда ҳаракат қилишга тайёрлиги тўғрисидаги ҳисоботларни эшитадилар;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри фуқаро муҳофазаси бошлиқларининг қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқадилар ва объектларда фавқулодда вазиятларни бартараф этишда ҳаракатлар мувофиқлаштирилишини таъминлайдилар;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурсларнинг идоравий захиралари рўйхати ва ҳажмларини аниқлайдилар;

табиий офатлар оқибатида жабрланган шахсларга етказилган зарарни қоплаш бўйича белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига тақдимномалар киритадилар;

фавқулодда вазиятларда жабрланган аҳолини, шу жумладан фавқулодда вазиятларни бартараф этишда бевосита иштирок этган шахсларни ижтимоий муҳофаза қилиш тадбирлари режаларини ишлаб чиқадилар ва амалга оширадилар;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича жойларда ишларни ташкил этадилар ҳамда амалга ошириладиган ишларнинг самарадорлигини назорат қиладилар ва текширадилар;

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссияси қарорлари бажарилиши тўғрисидаги ахборотни, шунингдек унинг йиғилишини тайёрлаш учун ахборот-таҳлилий материалларни Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссиясининг ишчи органига белгиланган муддатларда тақдим этадилар;

ҳудудий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда юкланган вазифаларни бажариш бўйича бошқа функцияларни амалга оширадилар.


9. Шаҳарлар ва туманларнинг ҳудудий комиссиялари уларга юкланган вазифаларни бажариш мақсадида қуйидаги функцияларни амалга оширадилар:

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссиясининг, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри тегишли ҳудудий комиссияларининг қарорлари бажарилишини ташкил этадилар;

фавқулодда вазиятлар юзага келиши таҳдиди ва хавфи омилларини олдиндан аниқлайдилар, уларнинг ривожланишини кузатадилар, шунингдек фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, авариялар, ҳалокатлар ва табиий офатларнинг зарари ва оқибатларини камайтириш чора-тадбирларини амалга оширадилар;

шаҳарлар ва туманлар фуқаро муҳофазаси бошлиқларининг қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқадилар ҳамда объектларда фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, шу жумладан аҳолини ва объект ходимларини эвакуация қилишда ҳаракатлар мувофиқлаштирилишини таъминлайдилар;

бошқарув органлари, кучлар ва воситаларнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлигини таъминлашга амалий кўмаклашадилар;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадларида молиявий ва моддий-техник ресурсларнинг захира фондлари барпо этилиши чораларини кўрадилар;

табиий офатлар оқибатида жабрланган шахсларга етказилган зарарни қоплаш бўйича белгиланган тартибда тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдимномалар киритадилар;

Ҳукумат комиссияси, шунингдек тегишли ҳудудий комиссиялар қарорлари бажарилиши тўғрисидаги ахборотни ҳамда уларнинг йиғилишлари учун ахборот-таҳлилий материалларни бўйсунув бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри комиссияларининг ишчи органига белгиланган муддатларда тақдим этадилар;

ҳудудий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда юкланган вазифаларни бажариш бўйича бошқа функцияларни амалга оширадилар.



4-БОБ. ҲУДУДИЙ КОМИССИЯЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий комиссиялари:

белгиланган тартибда топшириқлар бериш, ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича зарур ахборотни сўраш;

йиғилишларда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш;

олдинга қўйилган вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан назорат қилиш, шунингдек топширилган тадбирлар ўз вақтида бажарилмаганлиги ва сифатсиз бажарилганлиги учун интизомий чораларни қўллаш ҳуқуқига эга.


11. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий комиссиялари уларга юкланган вазифаларни бажариш мақсадида:

аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишнинг энг муҳим ва муаммоли масалаларини аниқлашга, шунингдек уларни ҳал этиш бўйича тадбирларни таъминлашга;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича ташкилий ва муҳандислик-техник тадбирлар ишлаб чиқарилиши ва амалга оширилишига, потенциал хавфли объектларнинг ишончлилигини оширишга, иқтисодиёт тармоқларининг фавқулодда вазиятларда фаолият кўрсатиши барқарорлигини таъминлашга раҳбарлик қилишга;

фавқулодда вазиятларда жабрланган аҳолини, шу жумладан фавқулодда вазиятларни бартараф этишда бевосита иштирок этган шахсларни ижтимоий муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширишга;

идоравий бошқарув органлари, куч ва воситаларнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлигини таъминлаш, объектларда фавқулодда вазиятларни бартараф қилишда ҳаракатларни мувофиқлаштириш чораларини кўришга;

молиявий ва моддий ресурсларнинг давлат захираларини барпо этиш ишини ташкил этишга мажбурдир.


12. Шаҳарлар ва туманларнинг ҳудудий комиссиялари уларга юкланган вазифаларни бажариш мақсадида:

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш тадбирлари амалга оширилишини, авариялар, ҳалокатлар ва табиий офатларнинг зарари ва оқибатлари камайтирилишини таъминлашга;

бошқарув органлари, кучлар ва воситалар фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлигини оширишга амалий ёрдам беришга;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тадбирларини амалга ошириш ва жабрланганларга ёрдам бериш учун фойдаланиладиган молиявий ва моддий-техник ресурслар захираларини барпо этишга ва белгиланган нормаларда (турда ва миқдорда) сақлашга мажбурдир.



5-БОБ. ҲУДУДИЙ КОМИССИЯЛАР

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Ҳудудий комиссияларга раислар бошчилик қиладилар, уларнинг ваколатига қуйидагилар киради:

ҳудудий комиссиялар йиғилишлари кун тартибини белгилаш ва чақириш;

қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш;

ҳудудий комиссиялар аъзоларининг уларга юкланган вазифалар бажарилиши бўйича ишини мувофиқлаштириш;

ҳудудий комиссияларнинг самарали ишлаши самарадорлигини таъминлаш бўйича бошқа ҳаракатларни амалга ошириш.


14. Ҳудудий комиссиялар ўз фаолиятини доимий асосда ҳудудий комиссиялар йиғилишида кўриб чиқиладиган ва уларнинг раислари томонидан тасдиқланадиган йиллик режаларга мувофиқ амалга оширадилар.


15. Ҳудудий комиссиялар йиғилишлари заруратга кўра, бироқ бир йилда камида бир марта ўтказилади ва йиғилишлар қарорлари баённомалар билан расмийлаштирилади.


16. Зарурат бўлганда ҳудудий комиссияларнинг сайёр йиғилишлари ташкил этилиши мумкин.


17. Ҳудудий комиссиялар ҳар йили бўлажак йилда аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза этиш бўйича асосий тадбирлар режалари ишлаб чиқилишини ташкил этадилар, ўз йиғилишида кўриб чиқадилар ва тасдиқлаш учун тегишли маъмурий ҳудудлар фуқаро муҳофазаси бошлиқларига киритадилар.


18. Фавқулодда вазиятлар содир бўлишининг реал хавфи туғилганда ҳудудий комиссиялар раислари томонидан навбатдан ташқари йиғилишлар чақирилиши мумкин.


19. Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза этиш соҳасидаги тадбирлар бажарилиши ҳолатини назорат қилиш учун зарурат бўлганда ҳудудий комиссиялар томонидан ишчи гуруҳлар ташкил этилиши, шунингдек ушбу соҳада ҳудудий хизматлар фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар киритилиши мумкин.


20. Ҳудудий комиссиялар йиғилишини раислар олиб борадилар, улар йўқлигида йиғилишни уларнинг ўринбосарлари олиб борадилар. Ҳудудий комиссиялар йиғилиши, агар уларда улар аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашса ваколатли ҳисобланади.


21. Ҳудудий комиссиялар раислари билан келишилган ҳолда йиғилишда холисона сабабларга кўра қатнаша олмайдиган комиссиялар аъзолари ўрнига уларнинг ваколатли вакиллари қатнашиши мумкин.



6-БОБ. ҲУДУДИЙ КОМИССИЯЛАРНИНГ

ИШЧИ ОРГАНЛАРИ ВА КОТИБЛАРИ


22. Фавқулодда вазиятлар бўйича бошқармалар (шаҳар ва туман бўлимлари) ҳудудий комиссияларнинг ишчи органлари ҳисобланади.


23. Ҳудудий комиссияларнинг ишчи органлари:

келгуси йилга ҳудудий комиссияларнинг иш режаси лойиҳаларини тайёрлайдилар;

ҳудудий комиссияларнинг навбатдаги йиғилишига барча ҳужжатлар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайдилар;

ҳудудий комиссияларнинг қарорларига мувофиқ зарур ахборот, таҳлилий ва бошқа материалларни ҳудудий комиссияларнинг кўриб чиқиши учун тақдим этадилар;

жойларга чиқиб ҳудудий комиссиялар томонидан қабул қилинган қарорлар бажарилиши мониторингини олиб борадилар;

ҳудудий комиссияларнинг қарорларини ижро этиш ҳолати тўғрисида ахборот йиғадилар ва мунтазам равишда (бир ойда камида бир марта) ҳудудий комиссиялар раисларига ахборот берадилар.


24. Қуйидагилар тегишли равишда ҳудудий комиссияларнинг котиблари ҳисобланадилар:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг фавқулодда вазиятлар масалалари бўйича бош мутахассислари;

шаҳарлар ва туманлар ҳокимларининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари котибиятларининг бош мутахассислари.


25. Ҳудудий комиссиялар котиблари:

ҳудудий комиссиялар йиғилишлари кун тартиби масалалари бўйича ўтказилишини ташкил этадилар;

барча зарур ҳужжатлар навбатдаги йиғилишга тўпланиши, умумлаштирилиши ва ҳудудий комиссиялар раисларига тақдим этилишини таъминлайдилар;

ҳудудий комиссиялар йиғилишига материалларни тайёрлаш юзасидан ишчи органга кўмаклашадилар;

ҳудудий комиссиялар раислари билан йиғилишнинг муддати ва жойини ҳамда таклиф этиладиган шахслар рўйхатини келишадилар;

ҳудудий комиссиялар аъзолари ва таклиф этилган шахсларга йиғилиш ўтказиладиган сана, вақти, жойи тўғрисида хабар берадилар;

ҳудудий комиссиялар қарорлари бажарилиши мониторингини олиб борадилар ва унинг натижаларини ҳудудий комиссиялар йиғилишида кўриб чиқиш учун тақдим этадилар;

ҳудудий комиссиялар баённомаларини расмийлаштирадилар ва тасдиқланган баённомаларни ҳудудий комиссиялар аъзоларига, манфаатдор вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига юборадилар.



7-БОБ. ҲУДУДИЙ КОМИССИЯЛАР ЙИҒИЛИШИГА

МАТЕРИАЛЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ ТАРТИБИ


26. Кун тартиби масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар йиғилишлари материаллари йиғилишлар ўтказилишидан камида 20 кун олдин тайёрланади ҳамда кўриб чиқиладиган масалаларнинг моҳиятини, мавжуд муаммоларни очиб берувчи ахборот-таҳлилий материалларни ва бажаришнинг аниқ муддатлари, бажарувчилар, молиялаштириш манбалари ва моддий-техник таъминлаш, вазиятнинг салбий ривожланиши прогнози кўрсатилган ҳолда уларни ҳал этиш бўйича таклифларни; муаммонинг ҳолатини ва зарур моддий-техник ва молиявий ресурсларни ёрқин намойиш қилувчи тақдимотни; кун тартиби масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар қарорлари лойиҳасини ўз ичига олади.


27. Ҳудудий комиссиялар қарорларини бажариш бўйича тақдим этилган материаллар ишчи органлар томонидан кўриб чиқилади, ишчи органлар уларни навбатдаги йиғилишда кўриб чиқиш учун расмийлаштирадилар, ҳудудий комиссиялар йиғилиши кун тартибини тайёрлайдилар ва ҳужжатлар тўпламини ҳудудий комиссиялар котибларига тақдим этадилар.


28. Ҳудудий комиссиялар йиғилишлари кун тартибининг ҳар бир масаласи бўйича ҳужжатлар тўпламида барча зарур ҳужжатлар ва ҳудудий комиссиялар қарорларининг лойиҳалари бўлиши лозим.


29. Ҳудудий комиссиялар котиблари тақдим этилган материаллар ҳақида раисларга ахборот берадилар, раислар кун тартиби ва тақдим этилган материаллар маъқулланган тақдирда 7 кун олдин ҳудудий комиссиялар йиғилиши ўтказиладиган санани, вақтини ҳамда йиғилишга таклиф этиладиган шахсларни белгилайди.


30. Ҳудудий комиссиялар котиблари ишчи органлар билан йиғилиш ҳужжатлари баённома лойиҳаси билан бирга ҳудудий комиссиялар аъзоларига ҳамда, зарурат бўлганда, йиғилишга таклиф этилган бошқа шахсларга юборилишини таъминлайдилар.


31. Ҳудудий комиссияларнинг навбатдан ташқари йиғилишлари Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссияси ёки ҳудудий комиссиялар ишчи органларининг махсус хабарлари асосида раислар томонидан чақирилади.

Уларни ўтказиш муддатлари ҳудудий комиссиялар раислари томонидан белгиланади ва уларнинг аъзоларига ҳудудий комиссиялар котиблари томонидан шошилинч тартибда етказилади.

Навбатдан ташқари йиғилишларда улар ўтказилаётган пайтда фавқулодда вазият хавфи ёки юзага келиши тўғрисидаги тезкор маълумотлар, шунингдек олдин расмийлаштирилган тегишли ахборот-таҳлилий материаллар кўриб чиқилади.



8-БОБ. ҲУДУДИЙ КОМИССИЯЛАР ТОМОНИДАН

ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИНИШИ ВА УЛАРНИНГ

БАЖАРИЛИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


32. Ҳудудий комиссиялар қарорлари уларнинг аъзоларининг фикрлари ва қарорлари умумлаштирилиши йўли билан коллегиал қабул қилинади.

Ҳудудий комиссиянинг ҳар бир аъзоси қабул қилинадиган қарорлар бўйича ўзининг алоҳида фикри ва таклифини ёзма равишда ифодалашга ҳақлидир.

Ҳудудий комиссиялар аъзоларининг фикрлари ва таклифлари тенг бўлганда раисларнинг фикри ҳал қилувчи ҳисобланади.


33. Ҳудудий комиссиялар раислари қарорларни тезкор қабул қилиш мақсадида айрим масалалар бўйича ҳудудий комиссиялар аъзолари билан сўров йўли билан келишилган ҳудудий комиссияларнинг қарорларини тасдиқлаши мумкин.


34. Ҳудудий комиссияларнинг қарорлари ҳудудий комиссиялар йиғилишининг баённомалари билан расмийлаштирилади. Ҳудудий комиссиялар йиғилиши баённомаларига уларнинг барча аъзолари томонидан виза қўйилади, котиблар томонидан имзоланади, ҳудудий комиссиялар раислари томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта муддатда ҳудудий комиссиялар аъзоларига ва манфаатдор ташкилотларга юборилади.


35. Ҳудудий комиссиялар йиғилишлари баённомаларининг асл нусхалари ва уларга материаллар тегишли равишда:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг фавқулодда вазиятлар масалалари бўйича бош мутахассисларида;

шаҳарлар ва туманлар ҳокимларининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарларининг котибиятларида сақланади.


36. Ҳудудий комиссиялар қарорлари бажарилиши устидан назорат қилиш ишчи органлар томонидан амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 24 июль, 29-сон, 706-модда

















































Время: 0.0043
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск