Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим /

Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.07.2017 й. 528-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 19 июлдаги

528-сон қарорига

3-ИЛОВА



Жисмоний ёки психик ривожланишида

нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган

давлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган мактабгача ёшдаги болаларни соғломлаштиришга йўналтирилган ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим муассасаларининг (кейинги ўринларда ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси деб аталади) мақсади ва вазифаларини, унинг фаолиятини ташкил этиш, молиялаштириш ва ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасини бошқариш тартибини белгилайди.


2. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ҳамда ўз уставига амал қилади.


3. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ғазначилигида бюджет ва бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.


4. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси таълим-тарбия бериш, коррекцион-педагогик ва даволаш-соғломлаштириш фаолиятни олиб борувчи муассаса ҳисобланади.

Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болаларни уларнинг билиш имкониятларига мувофиқ тарбиялаш, нуқсонларни коррекциялаш, имкониятига мувофиқ мактаб таълимига тайёрлаш, жамиятга мослашувига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилади.


5. Қуйидагилар ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасининг вазифалари ҳисобланади:

мактабгача таълимга қўйиладиган давлат талаблари ҳамда улар асосида ишлаб чиқилган ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларида таълим-тарбия ва соғломлаштириш ишларига қўйиладиган талабларга мувофиқ болаларнинг таълим-тарбия олишларини ва коррекцион педагогик ишни таъминлаш;

коррекцион таълим-тарбия жараёнини шахсга йўналтирилган, индивидуал тарзда ташкил этиш;

боланинг ижтимоий-ҳиссий ривожланиши, ҳаётий қобилиятлари шаклланиши учун зарур коррекцион-ривожлантирувчи таълим-тарбия муҳитини яратиш;

боланинг жисмоний ёки психик ривожланишидаги нуқсонларни бартараф этиш учун зарурий коррекцион педагогик ишни ташкиллаштириш;

болаларни ижтимоий ҳаётга ва мактаб таълимига сифатли тайёрлаш.


6. Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ, ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси аккредитацияси аттестация асосида ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.



2-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБГАЧА

ТАЪЛИМ МУАССАСАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


7. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси муассис томонидан ташкил этилади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.


8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасининг муассислари бўлиши мумкин.


9. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси (кейинги ўринларда халқ таълими ҳамда соғлиқни сақлаш ҳудудий органлари деб юритилади) томонидан маълум ҳудуддаги ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасига эҳтиёжни биргаликда ўрганиб чиқиш якунлари асосида ташкил этилади.

Халқ таълими ҳамда соғлиқни сақлаш ҳудудий органлари томонидан ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш мўлжалланаётган ҳудуддаги охирги 5 йил давомида 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар орасида тегишли нуқсонларнинг кўпайганлигини кўрсатадиган расмий статистик маълумотлар, ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси ташкил этилиши учун муносиб бинонинг мавжудлиги, ихтисослаштирилган таълим муассасасини ташкил этишнинг мақсадга мувофиқлиги каби асосланган маълумотлар жамланади.

Халқ таълими ҳамда соғлиқни сақлаш ҳудудий органлари томонидан тегишли асослаш билан киритилган таклиф Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар молия бошқармалари ва Тошкент шаҳар молия бош бошқармаси томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилади.


10. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар молия бошқармалари ва Тошкент шаҳар молия бош бошқармасининг ижобий хулосалари мавжуд бўлган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан бир ҳафта муддатда қабул қилинади.


11. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасалари уларнинг ихтисослашувига (йўналишига) кўра қуйидаги турларга бўлинади:

I тур: Нутқида оғир нуқсонлар бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси;

II тур: Эшитишида оғир нуқсонлар бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси;

III тур: Кўришида оғир нуқсонлар бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси;

IV тур: Психик ривожланишида нуқсонлар бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси;

V тур: Ақлий ривожланишида нуқсонлар бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси;

VI тур: Таянч-ҳаракатланиш аъзоларида нуқсонлар бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси.


12. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларининг муайян тури бўйича болалар сони гуруҳ ташкил этиш учун етарли бўлмаган ҳолларда қуйидаги турларни бирлаштириш орқали кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси ташкил этилиши мумкин:

I ва II турлар, I ва IV турлар, I ва VI турлар;

II ва III турлар;

IV ва V турлар, IV ва VI турлар;

V ва VI турлар.

Кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишда уларнинг ҳар бир тури бўйича алоҳида гуруҳларда коррекцион таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш мажбурий шарт ҳисобланади.


13. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида 5 кунлик иш ҳафтаси учун, қоида тариқасида, қуйидаги иш тартиби жорий этилади:

24 соатли;

12 соатли;

10, 5 соатли.

Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида 6 кунлик иш ҳафтаси ҳам жорий этилиши мумкин.



3-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБГАЧА

ТАЪЛИМ МУАССАСАСИГА БОЛАЛАРНИ

ҚАБУЛ ҚИЛИШ


14. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан таркиби тасдиқланган халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари ҳузуридаги тиббий-психологик-педагогик комиссияларнинг (кейинги ўринларда тиббий-психологик-педагогик комиссия деб аталади) хулосаси асосида ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (кейинги ўринларда ота-оналар деб юритилади) розилиги билан амалга оширилади.


15. Тиббий-психологик-педагогик комиссия томонидан холислик, очиқлик, ошкоралик ва коллегиаллик тамойилларига асосланган ҳолда қарор қабул қилинади.


16. Тиббий-психологик-педагогик комиссия:

жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болаларни уларнинг ота-оналари иштирокида кўрикдан ўтказади;

кўрик давомида бола билан бевосита мулоқот қилиш орқали даволаш-профилактика муассасалари томонидан болага жисмоний ёки психик ривожланишидаги нуқсони бўйича қўйилган ташхиснинг ишончлилигини, улардаги нуқсонларни тасдиқловчи ҳужжатларни ўрганади;

боланинг жисмоний ёки психик ривожланишидаги нуқсони бўйича хулоса беради;

жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болаларнинг ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида бўлиш муддатини белгилайди;

соғлиқни сақлаш муассасалари билан ҳамкорликда жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар ҳақидаги маълумотларни аниқлайди ва ҳисобини юритади.


17. Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлими мудири тиббий-психологик-педагогик комиссия раиси, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимининг мактабгача таълим бўйича мутахассиси тиббий-психологик-педагогик комиссия котиби ҳисобланади.


18. Тиббий-психологик-педагогик комиссия таркибига олий махсус психологик-педагогик маълумотга ҳамда 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлган психоневролог, педиатр, дефектолог (логопед, сурдопедагог, тифлопедагог, олигофренопедагог), невролог, психолог ҳамда ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасининг турига кўра ортопед, офтальмолог, отоларинголог шифокорлар киритилади.


19. Тиббий-психологик-педагогик комиссия таркиби тоқ сондаги камида 7 нафар аъзодан иборат бўлади.


20. Тиббий-психологик-педагогик комиссия аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми қатнашган тақдирда, комиссия йиғилиши қарор қабул қилиш учун ваколатли ҳисобланади. Тиббий-психологик-педагогик комиссия йиғилиши раис томонидан тасдиқланган режага асосан, бир ойда камида бир марта ўтказилади.


21. Тиббий-психологик-педагогик комиссиянинг қарори унинг аъзолари томонидан овоз бериш йўли билан қабул қилинади.

Тиббий-психологик-педагогик комиссиянинг ҳар бир аъзоси бир овозга эга бўлади, уларнинг овозлари тенг бўлган тақдирда, комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


22. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасига жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган 3 - 7 ёшдаги болаларнинг қуйидаги тоифалари қабул қилинади:


1. Нутқида оғир нуқсонлар бўлган болалар:

а) алалия;

б) болалар афазияси;

в) ринолалия;

г) дизартрия ;

д) дудуқланиш;


2. Эшитишида оғир нуқсонлар бўлган болалар:

а) I - IV гуруҳ карлик;

б) заиф эшитувчи болалар;


3. Кўришида оғир нуқсонлар бўлган болалар:

а) кўзи ожизлар;

б) заиф кўрувчи болалар;


4. Психик ривожланишида нуқсонлар бўлган болалар:

а) психик ривожланишининг орқада қолиши;

б) психик-нутқий ривожланишининг орқада қолиши;

в) болалар аутизми;


5. Ақлий ривожланишида нуқсонлар бўлган болалар:

а) ақлий ривожланишда орқада қолишнинг енгил даражаси;

б) ақлий ривожланишда орқада қолишнинг ўрта даражаси;


6. Таянч-ҳаракатланиш аъзоларида нуқсонлар бўлган болалар:

а) ортопедик жароҳатларнинг асоратлари;

б) идиопатик ўзгаришлар (бўйин, кўкрак, умуртқа);

в) сколиоз, кифоз, лордоз, кифосколиоз;

г) кўкрак қафаси деформациясининг оғир шакллари - гирдобсимон кўкрак қафаси, ботиқ кўкрак қафаси, этикдўз кўкрак қафаси, кўкрак қафаси ортопедик жарроҳлигидан кейинги ҳолат (кўкрак қафаси ички органларидаги бошқа турдаги операциялар бундан мустасно);

д) оёқлар деформациясининг оғир шакллари - "Х" симон, "О" симон қийшайиши;

е) тос-чаноқ бўғимининг туғма нуқсонлари асоратлари (тос-чаноқ бўғими соҳасидаги ортопедик операциялардан кейинги ҳолат);

ж) туғма маймоқлик, туғма маймоқликнинг операциядан кейинги ҳолати (неврологик статус асосида);

з) таянч-ҳаракатланиш аъзолари ривожланиш аномалиялари (неврологик статус асосида);

и) бўғинлар рекурвацияси;

к) хондродистрофия;

л) ДЦП асоратларидан юзага келган ортопедик нуқсонлар;

м) гемиопарез, монопарез, плегиялар.


23. Тиббий-психологик-педагогик комиссияга боланинг ота-онаси томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

ота-оналарнинг аризаси;

ота ва онанинг паспорти нусхалари (икки нусха);

ота-онанинг иш жойидан маълумотнома (агар ишласа);

боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси (икки нусха);

бола умумий типдаги мактабгача таълим муассасасига қатнаган бўлса, унинг жисмоний ёки психик ривожланишига берилган, муассаса мудир(ас)ининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланган тавсифнома асли ва нусхаси;

боланинг яшаш жойидаги даволаш-профилактика муассасаси бош врачи томонидан имзоланган ва муассасанинг гербли муҳри билан тасдиқланган қуйидагиларни ўз ичига олган муфассал тиббий хулоса:

педиатрнинг боланинг умумий ривожланиши ҳолати тўғрисидаги хулосаси;

психоневрологнинг боланинг нутқий, психик ва ақлий ривожланишига тиббий хулосаси (шифр билан) ва тавсифи;

логопеднинг хулосаси ва логопатия бўйича тўлиқ тавсифи;

неврологнинг тўлиқ кўриги ва хулосаси;

отоларингологнинг қулоқ, томоқ, бурун аъзоларининг ҳолатига тиббий хулосаси ва тавсифи (эшитишида нуқсони бўлган болалар учун аудиограмма маълумотлари);

офтальмологнинг кўриш органи бўйича тиббий хулосаси ва тавсифи (кўришида нуқсони бўлган болалар учун батафсил тиббий хулоса);

ортопед врачнинг тиббий хулосаси (таянч-ҳаракатланиш аъзоларида нуқсони бўлган болалар учун батафсил тиббий хулоса);

яшаш жойидан маълумотнома.


24. Болаларни тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнида тор мутахассислар улардаги нуқсонларга хулоса беришлари учун қўшимча равишда рентген, УТТ, ЭЭГ, МСКТ, компьютер томографияси, лаборатория-биохимик синамалари ва аудиограмма хулосалари каби асосланган ҳужжатларга асосланишлари шарт.

Тиббий-психологик-педагогик комиссия кўригида болага берилган тиббий хулоса юзасидан тортишувлар вужудга келганда, бола қўшимча тиббий кўрикка юборилади.


25. Тиббий-психологик-педагогик комиссия кўригидан ўтаётган боланинг ота-онаси паспорти бўйича прописка қилинган манзилдан бошқа жойда яшаётган тақдирда, тиббий хулоса боланинг яшаш жойидаги даволаш-профилактика муассасасида расмийлаштирилади ва тасдиқланади.


26. Тиббий-психологик-педагогик комиссияга юборилаётган болага яшаш жойидаги шифокорлар (тор мутахассислар) томонидан қўйилган ташхис даволаш-профилактика муассасаси бош шифокорининг имзоси ва гербли муҳр билан тасдиқланган ва рўйхатга олинган бўлиши шарт.


27. Тиббий-психологик-педагогик комиссияга тақдим этилган ҳужжатлар ва тиббий хулосанинг ҳақиқийлигига уни имзолаган шифокор (тор мутахассис) ва бош шифокор шахсан жавобгар ҳисобланади.


28. Болалар тиббий-психологик-педагогик комиссия кўригидан тегишли ҳужжатлар қабул қилиб олинганидан бошлаб бир ой муддатда ўтказилади.


29. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида бўш ўрин бўлмаган ҳолларда тиббий-психологик-педагогик комиссия томонидан топширилган ҳужжатларни тегишли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйиш тўғрисида қарор қабул қилинади.


30. Болада аниқланган жисмоний ва психик нуқсонлар ва уларнинг патологик ҳолатларига мувофиқ тиббий-психологик-педагогик комиссия хулосаси (кейинги ўринларда хулоса деб юритилади) боладаги нуқсоннинг оғирлик даражасига кўра 6 ой, 1 йил ёки 2 йил муддатга берилади.

Шу муддат ичида тиббий-психологик-педагогик комиссия томонидан қайта тиббий кўрик ўтказилиб хулоса берилиши мумкин.


31. Болани қайта кўрикдан ўтказиш муддатлари тиббий хулосанинг тасдиқланиши, боладаги жисмоний ва психик нуқсонларнинг оғирлик даражаси, ўз-ўзига хизмат қила олиши, ижтимоий мослашув динамикаси, таълим-тарбия дастурларини ўзлаштириши, атрофдагиларга жисмоний ёки психологик таҳдид солмаслиги, коррекцион таълим-тарбия жараёни натижавийлик даврининг башорат қилинадиган динамикасига қараб белгиланади.


32. Хулосада боланинг даволаш-профилактика муассасаси томонидан диспансер назоратига олинганлиги бўйича қайд, тиббий хулоса берган даволаш-профилактика муассасаси маълумотлари асословчи ҳисобланади.

Шунингдек, хулосада боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ва ота-онасининг паспорти маълумотлари, болага қўйилган ташхис, ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида коррекция олиб бориш муддати, таълим тили ҳамда тўлов тури кўрсатилади.


33. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасига хулоса ота-оналарга бир ҳафта муддатда топширилади.


34. Хулоса берилган кундан бошлаб 7 кун муддат ичида тегишли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасига топширилиши лозим.


35. Тиббий-психологик-педагогик комиссияга топширилган ҳужжатлар икки нусхада: ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида ҳамда тиббий-психологик-педагогик комиссияда махсус сейфларда сақланиб, унинг ҳисоб-китоби ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси мудир(ас)и, тиббий-психологик-педагогик комиссия котиби томонидан олиб борилади.

Ҳужжатларнинг сақланиш муддати 5 йил.


36. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси мудир(ас)и болани муассасага хулоса асосида қабул қилиниши ҳамда ўз муддатида қайта кўрикка юборилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.


37. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасига қуйидаги нуқсонлари бўлган болалар қабул қилинмайди:

органик, эпилептик, шизофреник ақли заифлик;

шизофрения, ҳиссий ироданинг чуқур бузилишлари;

турли сабабли психопатия ва психопатсимон ҳолатларнинг чуқур шакллари;

систематик кузатув ва давога муҳтож талваса пароксизмлари;

энурез ва энкопресс касалликлар;

юрак-қон томир, нафас олиш, овқат ҳазм қилиш тизимининг сурункали касалликларининг қўзғалиш ва декомпенсация босқичи;

энцефолопатик жароҳатдан кейинги судорогалар;

сил касалликларига чалинган болалар.


Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида

коррекцион таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш


38. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларида коррекцион таълим-тарбия мазмуни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган ёки тавсия қилинган дастурлар билан белгиланади.


39. Таълим-тарбия жараёни мактабгача таълимга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ ҳолда белгиланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда, коррекцион педагогик дастурлар ва услублардан фойдаланилган ҳолда олиб борилади.


40. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси ўз (муаллифлик) дастурларидан фойдаланишга ҳақлидир. Бундай дастурларни тасдиқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади.


41. Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болаларнинг таълим-тарбия олиши қуйидаги тамойиллар асосида амалга оширилади:

Таълим-тарбия жараёнида ташхиснинг қўйилишига махсус ёндашув;

таълим-тарбиянинг нуқсонларни коррекция қилишга йўналтирилганлиги;

таълим-тарбия жараёнини ташкил этишда индивидуал ёндашувни амалга ошириш.


42. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида коррекцион таълим-тарбия бериш жараёни болаларнинг алоҳида хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади.


43. Нуқсонларни коррекция қилиш ва улар билан боғлиқ бола ривожланишининг ўзига хосликларини бартараф этиш кун тартиби ва таълим жараёнида амалга оширилади.


44. Гуруҳ ва коррекцион таълим хоналари зарур махсус жиҳозлар билан таъминланади.


45. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида болалар ривожланишдаги нуқсонларни бартараф этиш мақсадида машғулотлар бутун гуруҳ, кичик гуруҳларда ва якка тартибда олиб борилади.


46. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасалари гуруҳларининг тарбияланувчилар билан тўлдирилиши мазкур Низомга иловага мувофиқ меъёрларга кўра белгиланади.


47. Қўшимча гуруҳларни очиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарорларига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар молия бошқармалари ва Тошкент шаҳар молия бош бошқармасининг тақдимига кўра амалга оширилади.


48. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар соғлиғи ва интеллекти, жисмоний, психик ёки ақлий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда мактаб таълимига йўналтирилади.


49. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида таълим-тарбия жараёни коррекцион педагогика, шунингдек ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасининг фаолият соҳаси бўйича тегишли малака ошириш курсларидан ўтган педагоглар томонидан амалга оширилади.


50. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида таълим-тарбия жараёнини психологик жиҳатдан таъминлаш муассаса штатидаги психолог томонидан амалга оширилади.



4-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ

МУАССАСАСИДА ДАВОЛАШ-СОҒЛОМЛАШТИРИШ

ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


51. Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болаларни соғломлаштиришга йўналтирилган даволаш-соғломлаштириш, реабилитация қилиш, санитария-гигиена ва профилактика тадбирларини ўтказиш, тиббий хизмат кўрсатиш ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасалари штатидаги тиббиёт ходимлари ҳамда мазкур муассасаларга бириктирилган соғлиқни сақлаш муассасаларининг тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади.

Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларига бириктирилган соғлиқни сақлаш органларининг тиббиёт ходимлари ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси ходимлари билан биргаликда болаларни тегишли тиббий хулосалари асосида қабул қилиниши, уларнинг ҳаёти, соғлиғи ва жисмоний ривожланиши, даволаш-профилактика тадбирларининг ўтказилиши, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига, овқатланиш режими ва сифатига риоя қилиниши учун жавоб берадилар.


52. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасининг тиббиёт ходимлари томонидан болаларни даволаш-соғломлаштириш ва реабилитация қилиш, касаллик ва унга ҳамроҳ хасталиклар хуружининг олдини олишга ва саломатлигини яхшилашга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширилади.


53. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасининг тиббиёт ходимлари:

болаларнинг соғлиғи ва ривожланиш хусусиятларини эътиборга олган ҳолда ёндашишга педагогларга кўмаклашадилар;

болаларни тиббий-педагогик коррекциялаш бўйича керакли кўрсатмалар берадилар;

ота-оналарга касалликларнинг олдини олиш мақсадида уй шароитида ҳимояловчи (махсус) тартибга амал қилиш бўйича тавсиялар берадилар.


54. Тиббий соғломлаштириш муолажалари, муайян даволаш курслари ҳар бир бола учун машғулотлар жадвали билан мувофиқлаштирилган ҳолда индивидуал равишда тузилади.


55. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида ҳар бир болага ривожланишидаги нуқсони бўйича алоҳида тиббий карта юритилади, боланинг муассасада бўлиш муддати тугагач, ота-оналарга ундан кўчирма берилади.


56. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида физиотерапия ёрдамида даволаш, массаж, жисмоний машқлар ва чиниқтириш ишлари олиб борилади.


57. Даволаш-жисмоний тарбия машқлари даволаш-жисмоний тарбия инструктори ёки махсус тайёргарликка эга бўлган мутахассис томонидан ўтказилади.


58. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида барча соғломлаштириш ва реабилитация тадбирларининг тўғри ташкил этилиши ва олиб борилиши устидан назорат ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси жойлашган ҳудуддаги соғлиқни сақлаш органлари томонидан амалга оширилади.


59. Соғлиқни сақлаш органлари ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси тиббиёт ходимлари штатларини тўлдиришда, уларнинг малакасини оширишда ҳамда даволаш-соғломлаштириш ишларининг замонавий услубларини ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида кенг жорий қилишда, уларга маслаҳат ёрдами бериш учун малакали мутахассисларни жалб этишда масъул ҳисобланади.



5-БОБ. ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИНИНГ

ҚАТНАШЧИЛАРИ


60. Болалар, ота-оналар, педагоглар, тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимлар ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасининг таълим-тарбия жараёнининг қатнашчилари ҳисобланади.


61. Болаларнинг ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида бўлган даври учун бадал тўлови миқдори ва тўлаш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади. Тўлов белгиланган тартибда банкларда очилган ҳисоб рақамларига тўланади.


62. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси билан ота-оналар ўртасидаги ўзаро муносабатлар шартнома билан тартибга солинади. Шартномада болаларни муассасага қабул қилиш ва кун давомида пайдо бўладиган томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги белгилаб қўйилади.


63. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси педагог ходимлари ва тарбияланувчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ушбу муассасанинг уставида белгиланади.


64. Тегишли соҳа бўйича маълумотга, касб тайёргарлигига, юксак маънавий-ахлоқий сифатларга эга шахслар ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида педагогик ва тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлади.


65. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасининг педагог-тарбиячилари бола шахсини шакллантириш, ундаги нуқсонларни коррекциялаш, нуқсонлар билан боғлиқ бўлган билиш фаолиятидаги ўзига хосликларини меъёрга келтириш, бу тоифа болаларнинг билимга оид қизиқишлари ва қобилиятларини ривожлантириш соҳасида иш олиб борадилар.


66. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасининг педагоглари бола ривожланишидаги нуқсонларни коррекциялаш ишларида дефектолог ва тегишли шифокорларнинг ишларини давом эттиради, боланинг жисмоний ёки психик ривожланиш хусусиятларини эътиборга олган ҳолда индивидуал ёндашувни амалга оширади, ўз гуруҳидаги болаларнинг ҳаёти ва саломатлиги сақланиши учун жавоб беради.


67. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасининг тиббиёт ходимлари муассаса маъмурияти билан биргаликда болалар саломатлигини ҳимоя қилиш ва болаларнинг психофизиологик ҳолатини мустаҳкамлаш, диспансеризация, профилактика ва эпидемияларга қарши санитария-гигиена тадбирлари ўтказилиши, болаларни чиниқтириш, уларнинг соғлом овқатланишини назорат қилиш учун жавоб берадилар.


68. Ота-оналар ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасининг таълим-тарбия фаолияти, ўз болаларига берилаётган таълим ва кўрсатилаётган тиббий-коррекцион ёрдам билан танишиш ҳуқуқига эгадир.



6-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБГАЧА

ТАЪЛИМ МУАССАСАСИНИ БОШҚАРИШ


69. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасига Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан тайинланадиган мудир бевосита раҳбарлик қилади.

Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси мудири билан меҳнат шартномаси меҳнат қонунчилигига мувофиқ тузилади.

Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси мудири лавозимига қўйиладиган малака талаблари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади.


70. Мудир:

ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ва ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасига юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

бўйсунувидаги масъул ходимлар ўртасида вазифаларни тақсимлайди ва уларнинг жавобгарлик даражасини белгилайди;

ўз ваколатлари доирасида ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасининг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

моддий-техник базани мустаҳкамлаш, таълим-тарбия ва коррекцион ишларини такомиллаштириш, малакали педагог кадрлар билан таъминлаш ва ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси фаолиятининг бошқа масалалари билан боғлиқ алоҳида масалаларни ҳал этишга доир таклифларни ваколатли органларга кўриб чиқиш учун киритади;

педагоглар, тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимлар билан меҳнат шартномалари тузади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Мудир ҳар чоракда камида бир марта ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тегишли фуқаролар йиғинига тақдим этади.

71. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида педагогик, методик ва тиббий-психологик-педагогик кенгашлар ташкил этилади ва фаолият юритади. Уларнинг фаолияти тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади.



7-БОБ. ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБГАЧА

ТАЪЛИМ МУАССАСАНИНГ МОЛ-МУЛКИ

ВА МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


72. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси фаолиятини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

боланинг ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида бўлган даври учун бадал тўловлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган шартнома асосида пулли хизмат кўрсатиш, бино ва иншоотларни, жиҳоз ва анжомларни ижарага беришдан олинган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

маҳаллий, халқаро ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Бадал тўлови ундирилмайдиган болаларнинг жисмоний ёки психик ривожланишидаги нуқсонлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.


73. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасини молиялаштириш белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиладиган ва тасдиқланадиган харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.


74. Штат жадвали қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда намунавий штатларга мувофиқ тасдиқланади.


75. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси ходимларининг иш ҳақи қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


76. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари Ўзбекистон Республикасида тасдиқланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасалари учун озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишнинг ўртача суткалик рационал нормалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига озиқ-овқат билан таъминланади.


77. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органлари томонидан белгиланган молия ва статистика ҳисоботларини юритади.


78. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасининг молия-хўжалик фаолияти устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.



8-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


79. Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасини қайта ташкил этиш ёки тугатиш ўқув йили тугаганидан кейин қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасини қайта ташкил этиш ёки тугатиш жараёнида болаларни бошқа таълим муассасаларига кўчириш Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан ота-оналар билан келишилган ҳолда амалга оширилади.






Низомга

ИЛОВА



Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони

бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган

мактабгача таълим муассасалари гуруҳларининг

тарбияланувчилар билан тўлдирилиш

МЕЪЁРЛАРИ

Ихтисослаштирилган мактабгача

таълим муассасасининг тури ва

тарбияланувчиларнинг тоифаси

Гуруҳларнинг

тарбияланувчилар

билан тўлдирилиши


тарбияланув-

чиларнинг

минимал сони


тарбияланув-

чиларнинг

максимал сони


1-тур:




Нутқида оғир нуқсонлар бўлган болалар учун


15

18

2-тур:




Эшитишида оғир нуқсонлар бўлган болалар




I- IV гуруҳ карлик


8

10

Заиф эшитувчи болалар


10

12

3-тур:




Кўришида оғир нуқсонлар бўлган болалар




Кўзи ожизлар


8

10

Заиф кўрувчилар


10

12

4-тур:




Психик ривожланишида нуқсонлар бўлган болалар (психик ривожланиши орқада қолган, психик-нутқий ривожланиши орқада қолган, аутистлар)


10

12

5-тур




Ақлий ривожланишида нуқсонлар бўлган болалар




Енгил даражадаги ақли заиф болалар


8

12

Ўрта даражадаги ақли заифлар


6

10

6-тур:




Таянч-ҳаракатланиш аъзоларида нуқсонлар бўлган болалар учун




Ортопедик жароҳатларнинг асоратлари, идиопатик ўзгаришлар (бўйин, кўкрак, умуртқа), сколиоз, кифоз, лордоз, кифосколиоз, кўкрак қафасининг деформациясининг оғир шакллари - гирдобсимон кўкрак қафаси, ботиқ кўкрак қафаси, этикдўз кўкрак қафаси, кўкрак қафаси ортопедик жарроҳлигидан кейинги ҳолат (кўкрак қафаси ички органларидаги бошқа турдаги операциялар бундан мустасно), оёқлар деформациясининг оғир шакллари - "Х" симон, "О" симон қийшайиши, тос-чаноқ бўғимининг туғма нуқсонларининг асоратлари, тос-чаноқ бўғими соҳасидаги ортопедик операцияларидан кейинги ҳолат), туғма маймоқлик, туғма маймоқликнинг операциядан кейинги ҳолати (неврологик статус асосида), таянч-ҳаракатланиш аъзолари ривожланиш аномалиялари (неврологик статус асосида), бўғинлар рекурвацияси, хондродистрофия


15

18

ДЦП асоратларидан юзага келган ортопедик нуқсонлар


8

10

Гемиопарез, монопарез, плегиялар


10

12

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 31 июль, 30-сон, 732-модда






































Время: 0.0160
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск