Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг чет элда стипендиатларнинг малака ошириши, стажировка ўташи ва таълим олишини ташкил этиш "Истеъдод" жамғармаси тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 27.07.2017 й. ПФ-5121-сон Фармонига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 27 июлдаги

ПФ-5121-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

чет элда стипендиатларнинг малака ошириши,

стажировка ўташи ва таълим олишини ташкил

этиш "Истеъдод" жамғармаси тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг чет элда стипендиатлар малакасини ошириш, стажировка ўташи ва таълим олишини ташкиллаштириш "Истеъдод" жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма)нинг мақсадлари, асосий вазифалари ва фаолияти йўналишларини, шунингдек, Жамғармани бошқариш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма таълим, давлат ва жамоат тузилмалари тизими, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш даражаси ва сифатини юксалтириш учун зарур шароитларни яратиш, шунингдек, хориж тажрибаси, энг янги технологиялар ва фан ютуқларини ўрганиш асосида педагогик ва илмий-тадқиқот фаолиятининг устувор йўналишларини ривожлантириш мақсадида шакллантирилади.


3. Жамғарма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, мазкур Низомга мувофиқ амалга оширади.


4. Жамғарма давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс бўлиб, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги қошидаги Ғазначиликда шахсий ҳисобларига, республика тижорат банкларида ҳисобрақамларига (шунингдек, чет эл валютасидаги ҳисобрақамига), давлат тилида номи ёзилган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат герби туширилган муҳрига, бурчакли тамғасига ва бошқа рамзларга, шунингдек, фаолият учун зарур реквизитларга эга бўлади.


5. Жамғарма почта манзили (жойлашиши): Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Фурқат кўчаси, 171-уй.



2-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ МАҚСАДЛАРИ, АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФАОЛИЯТ ЙЎНАЛИШЛАРИ,

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


6. Жамғарма фаолиятининг мақсади юқори малакали, халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош етук мутахассисларни жаҳоннинг нуфузли таълим ва илмий муассасаларида магистратура ва PhD дастурлари асосида тайёрлаш орқали республика иқтисодиётининг устувор соҳаларини ривожлантиришга кўмаклашиш, давлат ва жамоат тузилмалари ходимларининг, педагог ва илмий кадрларнинг билим ва малакаларини ошириш даражасини юксалтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳамкорлик асосида ривожланган мамлакатларда малака ошириш, стажировка ўташ ва таълим олишларига кўмаклашишдан иборат.


7. Жамғарманинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари қуйидагилардан иборат:

иқтисодиётнинг турли тармоқларида, давлат ва жамоат тузилмаларида фаолият юритаётган истиқболли мутахассисларнинг ҳамда таълим муассасаларининг юксак интеллектуал-ижодий салоҳиятга эга бўлган педагог ва илмий кадрларнинг янги касбий, таълимий ва амалиётга йўналтирилган дастурларни ўзлаштиришларига, касбий билим, кўникма ва малакаларини замон талабларига ҳамоҳанг тарзда янгилаш, юқори технологиялар, инновациялар ва илғор илмий тадқиқотлар ютуқлари билан танишишларига шароит яратиш мақсадида ривожланган мамлакатлардаги етакчи таълим ва илмий муассасаларида малакасини ошириш ва стажировка ўташини ташкил этиш;

олий таълим муассасаларининг иқтидорли битирувчилари орасидан, шунингдек, республиканинг иқтисодиёт тармоқларидан танлов асосида саралаб олинган малакали кадрларни дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги етакчи таълим ва илмий муассасаларида магистратура ва PhD дастурлари бўйича иқтисодиёт тармоқлари, давлат ва жамоат тузилмаларига ҳозирги кунда ва келажакдаги эҳтиёжни инобатга олган ҳолда, юқори малакали мутахассислар тайёрлашни ташкил этиш;

чет эллардаги нуфузли таълим ва илмий марказлари, халқаро ҳамда хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва изчиллик билан ривожлантириш асосида олий таълим муассасалари, шунингдек, раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тармоқ марказларининг ўқув жараёнларига юқори малакали хорижий олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларни жалб қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

вазирликлар, идоралар ва муассасаларга улар томонидан чет элда малака ошириш, стажировка ўташ ҳамда магистратура ва PhD дастурлари бўйича таълим олишга тавсия қилинаётган номзодларни Жамғарма базасида дастлабки тайёрлашни ташкил қилишда кўмаклашиш;

иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги, давлат ва жамоат тузилмаларидаги истиқболли мутахассисларнинг, педагог ва илмий кадрларнинг, иқтидорли ёшларнинг илмий-педагогик ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, халқаро тажрибаларни эгаллашларига имкон яратиш учун уларнинг нуфузли халқаро симпозиумлар, анжуманлар, олимпиадалар ва танловларда иштирокини ташкил этиш;

чет элда малака оширган ва стажировка ўтаган мутахассислар, илмий педагог кадрлар, шунингдек, магистратура ва PhD дастурлари бўйича таълим олганлар (кейинги ўринларда - стипендиатлар) ҳамда чет эллик мутахассислар иштирокида анжуманлар, семинарлар, маҳорат дарслари, тренинг ва бошқа тадбирларни ташкил этиш орқали илғор хорижий тажрибалар ҳамда педагогик технологияларни кенг жорий этиш ва оммалаштиришни таъминлаш;

стипендиатларнинг келажакда иқтисодиётнинг асосий тармоқларида, шунингдек, янги, истиқболли фаолият соҳаларида, шу жумладан, сифатли кадрлар ва ресурслар захирасини яратиш ва тегишли йўналишлар бўйича илмий-таълим жараёнларини ҳар томонлама рағбатлантириш орқали замонавий материаллар ва илғор технологияларни ишлаб чиқиш соҳасида энг юқори даражада самарали фаолият олиб боришларини таъминлаш мақсадида улар тўғрисидаги ягона маълумотлар базасини шакллантириш;

иқтисодиётнинг турли тармоқлари, давлат ва жамоат тузилмаларидаги республиканинг истиқболли мутахассислари, педагог ва илмий кадрларининг хорижда малака ошириш, стажировка ўташ ва таълим олиш натижасида эгаллаган замонавий илғор билим ва кўникмаларини уларнинг меҳнат, педагогик ва илмий фаолиятларини тизимли мониторингини олиб бориш орқали амалиётга жорий этилишини таъминлаш;

стипендиатларни республика олий таълим муассасалари, раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказларининг ўқув жараёнларига изчиллик билан жалб этиш.


8. Жамғарма асосий вазифалари ва фаолияти йўналишларига мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва чет элларда ўз номидан юридик ва жисмоний шахслар билан ваколатлари доирасида шартнома ва бошқа юридик ҳужжатлар тузиш;

республика олий ўқув юртлари ва педагог кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тармоқ марказларининг таълим жараёнларига чет элнинг етук ўқитувчилари, олимлари ва мутахассисларини ўрнатилган тартибда таклиф этиш;

Ўзбекистон Республикаси ва чет элларда турли кўргазмалар, кўрик-танловлар, анжуман ва бошқа илмий ва таълимга оид тадбирлар ташкил этиш;

Жамғарма фаолиятига вазирлик, идора, таълим, илмий ва бошқа муассасаларнинг илмий ходимлари, мутахассисларини шартнома асосида жалб қилиш;

ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида ташкил этиладиган халқаро таълим ва илмий муассасаларнинг, турли нодавлат ташкилотларининг муассиси ва ҳаммуассиси бўлиш;

амалдаги қонунчилик доирасида журнал, илмий тўплам ва бошқаларни нашр қилиш, мамлакатимизда ва чет элда ўзбекистонлик мутахассисларнинг илмий ва ижодий ишлари тақдимотини ўтказиш;

шартнома асосида турли таълимга оид ва илмий хизматларни кўрсатиш;

чет элда малака оширган ва стажировка ўтаган, шунингдек, таълим олган стипендиатларни республика олий таълим муассасаларининг ўқув жараёнларига жалб қилиш;

вазирликлар ва идоралар мутахассисларини жалб этган ҳолда жойларда ўқув жараёни мониторинги бўйича гуруҳлар ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, амалдаги қонунчилиги билан тақиқланмаган ва мазкур Низомга зид бўлмаган бошқа фаолиятларни амалга ошириш ҳуқуқига эга.



3-БОБ. ЖАМҒАРМАНИ БОШҚАРИШ


9. Васийлик Кенгаши Жамғарманинг олий бошқарув органи ҳисобланади.

Жамғарма Васийлик кенгашининг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Жамғарма Васийлик кенгаши йиғилишлари раис ёки унинг топшириғига биноан раис ўринбосари раҳбарлигида ўтказилади.

Жамғарма Васийлик кенгаши йиғилишлари, заруратга кўра, лекин йилига камида бир марта ўтказилади. Жамғарма Васийлик кенгаши қарорлари баённома билан расмийлаштирилади.


10. Жамғарма Васийлик кенгаши вазифалари қуйидагилардан иборат:

Жамғарма фаолиятининг умумий стратегияси ва йўналишларини белгилаш, шунингдек, унинг фаолияти устидан умумий бошқарув ва назоратни амалга ошириш;

чет элнинг таълим ва илмий муассасаларида Жамғарма томонидан ташкил этиладиган малака ошириш, стажировка ўташ ҳамда магистратура ва PhD дастурлари бўйича таълим олишнинг асосий йўналишларини тасдиқлаш;

Жамғарма томонидан номзодларни чет элнинг таълим ва илмий муассасаларига магистратура ва PhD дастурлари бўйича таълим олиш, шунингдек, малака ошириш ва стажировка ўташга саралаш бўйича ўтказиладиган Танлов назоратини амалга ошириш;

Жамғарма фаолиятига тегишли ҳужжатларни ҳамда Жамғарманинг (стипендиатлар сони) чет элнинг етакчи таълим ва илмий муассасаларида олий таълим муассасаларининг педагог ва илмий ходимлар малакасини ошириш, стажировка ўташ, битирувчиларни магистратура ва PhD дастурлари бўйича ўқитишнинг йиллик мақсадли дастурини тасдиқлаш;

Жамғармага йил давомида келиб тушадиган маблағ ва сарф-харажатларнинг кўрсаткичларини, уларнинг ижроси бўйича йиллик ҳисоботларни, шунингдек, Жамғармага юклатилган вазифалар ижросининг ҳисоботларини тасдиқлаш;

чет элда магистратура ва PhD дастурлари бўйича таълим олган мутахассисларни ишга жойлаштириш масалаларини мувофиқлаштириш (талабгорларнинг ўқишга кетгунларига қадар иш жойлари аниқ бўлган ҳолда);

чет элда таълим олган, малака оширган, стажировка ўтаган педагоглар, илмий ходимлар ва мутахассисларнинг олган билим, кўникма, малакавий имкониятларининг юқори даражада татбиқ этилишини таъминлаш;

чет элда магистратура ва PhD дастурлари бўйича таълим олган, малака оширган, стажировка ўтаган мутахассислар, педагоглар ва илмий ходимлар иш фаолиятининг касбий ва мақсадли мувофиқлиги мониторинги амалга оширилишини назорат қилиш;

Жамғарма штатлар жадвалини тасдиқлаш, унга ўзгартиришлар киритиш ва Жамғарма таъминотининг сарф-харажатлари сметасини тасдиқлаш;

Жамғарма фаолиятига оид бошқа масалаларни кўриб чиқиш ва улар юзасидан қарор чиқариш.

Жамғарма Васийлик Кенгаши аъзолари жамғармани бошқариш бўйича ўз вазифаларини жамоатчилик асосида амалга оширади.


11. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган ижрочи директор Жамғарманинг жорий фаолиятини амалга оширади.

Жамғарма Васийлик кенгаши раиси ўринбосари - ижрочи директор мақоми бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси ўринбосарига тенглаштирилади, унга нисбатан тегишли меҳнат тўловлари, қўшимча тўловлар ва моддий рағбатлантириш каби имтиёзлар қўлланилади.


12. Жамғарма ижрочи директорининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

Жамғарманинг кундалик фаолиятини ташкил этиш ва юклатилган вазифаларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар қабул қилиш;

Жамғарма Васийлик кенгаши томонидан белгиланган йўналишларга мувофиқ Жамғарма фаолиятига раҳбарлик қилиш;

Жамғарма Васийлик кенгаши қарорларини бажариш;

чет элда магистратура ва PhD дастурлари бўйича таълим олиш, шунингдек, малака ошириш ҳамда стажировка ўташ учун муносиб номзодларни аниқлашда саралаш бўйича танловни эълон қилиш ва ташкил этиш, унинг якуний натижаларини холислигини таъминлаш;

чет элда малака оширган, стажировка ўтаган ва таълим олиб қайтган стипендиатлар билан доимий алоқа ўрнатилишини таъминлаш;

Жамғарма ходимларини ишга қабул қилиш ва вазифасидан озод қилиш;

давлат, хўжалик бошқаруви органларида, бошқа ташкилотларда, шунингдек, чет элларда ва халқаро ташкилотларда Жамғарма номидан иштирок этиш;

штатлар жадвали ҳамда Жамғарма таъминоти харажатлар сметасини тузиш ва тасдиқлаш учун Жамғарма Васийлик кенгашига тақдим этиш;

Жамғарманинг лавозим йўриқномалари ва бошқа ички ҳужжатларини тасдиқлаш;

зарурат бўлганда стипендиатларни муддатидан олдин чақириб олиш юзасидан таклифларни кўриб чиқиш учун Жамғарма васийлик кенгашига таклифлар киритиш;

Жамғарма ходимларини белгиланган тартибда моддий рағбатлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

Жамғарма номидан фаолият кўрсатиш, жумладан, унинг хўжалик ишларини юритиш, битимлар тузиш, Жамғарма ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқариш.



4-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ МОЛ-МУЛКИ

ВА МОЛИЯВИЙ МАБЛАҒЛАРИ,

ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТ


13. Жамғарманинг мол-мулки асосий фондлар, бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, айланма маблағлар ва маблағ билан таъминлашнинг барча манбалари ҳисобига сотиб олинган бошқа моддий бойликлардан иборатдир.


14. Жамғарма мол-мулкининг қиймати унинг мустақил балансида акс эттирилади.


15. Жамғарма фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланади:

стипендиатларнинг чет эл таълим ва илмий муассасаларида малака оширишлари, стажировка ўташлари ва таълим олишларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар - Жамғарманинг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ олий таълим муассасалари объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлашга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги таълим ва тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини ривожлантириш Жамғармаси ресурсларининг 10 фоиздан кам бўлмаган миқдоридаги маблағлар ҳисобидан, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик ёрдамлари, халқаро молиявий ва чет эл ташкилотлари грантлари;

Ходимлар иш ҳақи учун тўловларни ўз ичига олган Жамғарманинг жорий фаолияти ва унга юклатилган бошқа вазифаларни бажариш билан боғлиқ харажатлар - Жамғарма Васийлик Кенгаши томонидан тасдиқланган миқдорда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда республика олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари (тўлов-контракт) маблағларидан амалга ошириладиган ажратмалар, шунингдек, хўжалик фаолияти ва шартнома асосида кўрсатилган хизматлардан келган тушумлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик ёрдамлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.


16. Жамғарма Васийлик Кенгашининг республика олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари (тўлов-контракт асосидаги таълим хизматларини кўрсатишдан тушган) маблағларидан Жамғарма ҳисобрақамига йўналтирилиши белгиланган ажратмалари бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишиб қабул қилган қарори идоравий бўйсунишидан қатъи назар, барча олий таълим муассасалари учун мажбурийдир.


17. Жамғармага Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги таълим ва тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини ривожлантириш Жамғармасидан маблағ ажратиш тартиби Жамғарма ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.


18. Жисмоний ва юридик шахслар томонидан ҳомийлик ва беғараз ёрдам доирасида ўтказилган маблағлар ҳисобидан сотиб олинган мулклар Жамғарманинг шахсий мулки ҳисобланади.


19. Жамғарма ходимларига давлат бошқаруви органлари ходимларига белгиланган мукофотлаш, моддий ёрдам ва қўшимча ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.

Ходимларнинг лавозим маоши бажариладиган ишлар ҳажмидан, айрим участкаларга қўйиладиган малакавий талаблар ва шу кабилардан келиб чиқиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда Жамғарма Васийлик кенгаши қарори билан белгиланади.


20. Жамғарма ўзига тегишли мол-мулкка оид мажбуриятлари бўйича амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавоб беради.


21. Жамғарма ўрнатилган тартибда ўз фаолияти натижалари юзасидан бухгалтерия ҳисобини амалга оширади, молиявий ва статистик ҳисоботларни олиб боради.



5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


22. Жамғарма Низомига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан амалга оширилади.


23. Жамғармани қайта ташкил этиш ёки тугатиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони асосида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 31 июль, 30-сон, 723-модда









































Время: 0.0066
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск