ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Олий таълим (бакалавриат, магистратура) /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 09.08.2017 й. ПҚ-3183-сон "Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

09.08.2017 й.

N ПҚ-3183



ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА

ПЕДАГОГИКА ЙЎНАЛИШИДА МАХСУС

СИРТҚИ БЎЛИМЛАРНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА*


Бугунги кунда халқ таълими тизимида жами 15359 та таълим муассасаси, жумладан 4893 та мактабгача таълим муассасаси, 9680 та умумий ўрта таълим мактаби, 23 та Меҳрибонлик уйи, 304 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 211 та "Баркамол авлод" маркази, 227 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолият кўрсатмоқда. Уларда ўрта махсус, касб-ҳунар коллежларини ва билим юртларини битирган 97 564 нафар педагог кадрлар фаолият юритмоқдалар.

Мазкур таълим муассасаларининг мактабгача, бошланғич, мусиқа, тасвирий санъат, чет тиллари, меҳнат таълими, жисмоний тарбия йўналишлари ва бошқа фанлар бўйича олий маълумотли педагог кадрларга бўлган эҳтиёжларини қондириш, туманлар ва қишлоқ жойлардаги таълим муассасаларини юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш ҳамда уларни тайёрлаш тизимини жойларда ташкил этишни янада такомиллаштириш орқали таълим сифатини яхшилаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


2. Педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этиладиган олий таълим муассасалари рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига ушбу рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.


3. Белгилаб қўйилсинки:

олий таълим муассасалари таркибида ташкил этилган махсус сиртқи бўлимларнинг бакалавриат таълим йўналишларига қабул ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ҳамда камида уч йил педагогик амалий иш стажига эга бўлган, мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасалари эҳтиёжлари асосида тасарруфида ушбу таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирликлар ва идоралар томонидан бериладиган тавсияномага эга педагог кадрлар ҳисобидан амалга оширилади;

махсус сиртқи бўлимда ўқиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Таълим йўналишлари бўйича битта талабани бир йиллик ўқитиш қийматини аниқлаш белгиланган тартибда амалга оширилади;

махсус сиртқи бўлимда ўқиётган талабаларга имтиҳонлар, синовлар топшириш, диплом, курс, лаборатория ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтида уларнинг ойлик маошлари асосий иш жойида сақланган ҳолда бир ўқув йилида икки марта бир ойдан ўқув таътиллари берилади. Бунда, ўқув таътиллари қоида тариқасида умумтаълим муассасаларидаги қишки ва ёзги таътил вақтига тўғри келган даврда берилади ва уларга белгиланган тартибдаги йиллик меҳнат таътилларини бериш тартиби ҳам сақланиб қолади;

талабаларнинг олий таълим муассасасида ўқишда бўлган даврига тўғри келадиган дарс соатлари ўқишга юборган таълим муассасасининг ўқитувчилари (ходимлари) томонидан меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартлари асосида ўтилади;

махсус сиртқи бўлим талабалари ўқишга киришда тавсиянома берувчи вазирлик ёки идора, олий таълим муассасаси ва талаба ўртасида ўқишни якунлагандан кейин тавсиянома берган ташкилот йўлланмасида кўрсатилган иш жойида (таълим муассасасида) беш йилдан кам бўлмаган муддатда ишлаб бериш мажбурияти билан уч томонлама шартнома тузилади;

махсус сиртқи бўлимларда таълим йўналишлари хусусиятига қараб бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбати қонун ҳужжатларида белгиланган нормативлар асосида белгиланади;

олий таълим муассасасида махсус сиртқи бўлим ўқув жараёнини ташкил этишга факультет декани мақомидаги бўлим бошлиғи раҳбарлик қилади.


4. Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига 2017/2018 ўқув йили учун:

олий таълим муассасалари махсус сиртқи бўлимларида ўқиш учун тавсиянома берувчи вазирликлар ва идоралар рўйхатини;

мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасалари эҳтиёжлари асосида вазирликлар ва идоралар томонидан берилган таклифларни инобатга олган ҳолда махсус сиртқи бўлимларга қабул квоталарини;

махсус сиртқи бўлимларга қабул қилиш тартиби ва мезонлари ҳамда уч томонлама шартнома шаклини тасдиқлаш ҳуқуқи берилсин.

Келгуси ўқув йилларига қабул квоталари олий таълим муассасалари учун белгиланган тартибда белгиланади.


5. Педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этиладиган олий таълим муассасаларида иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот бериш сиртқи таълим шаклида ташкил этилсин, бунда иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот олиш бакалавриат таълим йўналишининг 2-курсидан (ўқув режалардаги фанлар фарқидан қатъи назар) камида 3 йил муддат этиб белгилансин.

2017/2018 ўқув йили учун махсус сиртқи ва сиртқи таълимларда ўқув жараёни истисно тариқасида жорий йилнинг 1 октябридан бошланиши белгилаб қўйилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2017 йил 30 сентябргача:

2017/2018 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг махсус сиртқи бўлимига 1-курсга талабаларни қабул қилиш юқори савияда ва адолатли ўтказилишини таъминласин;

олий таълим муассасаларининг махсус сиртқи бўлимлари ташкил этилган таълим йўналишларининг ўқув режаси ва фан дастурларини тасдиқласин, шунингдек уларга мувофиқ фанларни ўқув адабиётлари билан таъминлаш чораларини кўрсин;

педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимларда дарс беришга юқори салоҳиятга эга профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантирсин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда олий таълим муассасалари томонидан тасдиқланган штатлар жадвали, даромадлар ва харажатлар сметасига тегишли ўзгартиришлар киритишни ва улар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилишини таъминласин.


7. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети махсус сиртқи бўлим таълим йўналишлари бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва дастурлари ҳамда ўқув ва ўқув-методик адабиётларни яратиш бўйича таянч олий таълим муассасаси этиб белгилансин ва унинг ҳузурида педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилган олий таълим муассасаларининг ўқув-методик фаолиятини Мувофиқлаштирувчи Кенгаш ташкил қилинсин.

Қуйидагилар Мувофиқлаштирувчи Кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

махсус сиртқи бўлимлар орқали умумтаълим мактаблари, мактабгача ва мактабдан ташқари таълим муассасалари учун педагог кадрлар тайёрлаш таълим мазмуни замонавий талабларга уйғун ривожлантирилишини таъминлаш ҳамда мазкур жараёнларга илмий-методик раҳбарликни амалга ошириш;

махсус сиртқи бўлимлар ўқув жараёнларига илғор хорижий тажриба, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишни ҳисобга олган ҳолда малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларини тизимли равишда такомиллаштириб бориш;

махсус сиртқи бўлимлар ўқув жараёнларига педагогика соҳаси олимлари ва мамлакатимизнинг етук мутахассислари жалб этилишини ташкил этиш;

педагогика соҳасининг долзарб илмий муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган илмий изланишлар, жумладан фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб борилишини мувофиқлаштириш;

педагоглик касбининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, жумладан ёшларни ўқитувчилик касбига йўналтиришга қаратилган тадбирларни ташкил этиш;

махсус сиртқи бўлимлар фаолият олиб бораётган олий таълим муассасаларининг илмий-педагогик салоҳиятини ошириш, жумладан олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни мақсадли тайёрлаш, ҳудудлардаги олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш.


8. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Молия вазирлиги 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети томонидан педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилган олий таълим муассасаларини зарур ўқув ва ўқув-методик адабиётлар билан таъминланишини молиялаштиришнинг аниқ чораларини кўрсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бир ой муддатда махсус сиртқи бўлимларга қабул қилиш тартиби, мезонлари ҳамда тузиладиган уч томонлама шартнома шаклини ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсинлар;

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н. Юнусходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                          Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 9 августдаги

ПҚ-3183-сон қарорига

ИЛОВА



Педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимлар

ташкил этиладиган олий таълим муассасалари

РЎЙХАТИ


1. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети


2. Андижон давлат университети


3. Бухоро давлат университети


4. Гулистон давлат университети


5. Қарши давлат университети


6. Наманган давлат университети


7. Самарқанд давлат университети


8. Термиз давлат университети


9. Урганч давлат университети


10. Фарғона давлат университети


11. Жиззах давлат педагогика институти


12. Навоий давлат педагогика институти


13. Нукус давлат педагогика институти


14. Қўқон давлат педагогика институти


15. Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти.



"Халқ сўзи", 2017 йил 10 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 14 август, 32-сон, 803-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси",

2017 йил, 8-сон, 465-модда











































Время: 0.1983
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск