Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Қишлоқ ва сув хўжалиги /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.08.2017 й. ПФ-5134-сон "Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

04.08.2017 й.

N ПФ-5134



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИ

ФАОЛИЯТИНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қайд этиб ўтилсинки, сўнгги йилларда республикада қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари манфаатларини ишончли таъминлаш учун зарур иқтисодий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди, тайёрлов, қайта ишлаш корхоналари, моддий-техника ресурслари етказиб берувчилар, молия-банк муассасалари ва қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи бошқа ташкилотларнинг масъулияти оширилди. Тармоқда таркибий ўзгартиришлар амалга оширилди ва қишлоқда мутлақо янги иқтисодий муносабатлар жорий қилинди, фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи асосий субъектлар сифатида шаклланди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан етарли иш олиб борилмаганлиги оқибатида қишлоқ ва сув хўжалигини бошқариш соҳасида ҳал этилмаган бир қатор муаммолар сақланиб қолмоқда, бу эса тармоқни ривожлантиришнинг барқарор суръатлари ва самарадорлигини таъминлашга салбий таъсир ўтказмоқда:

биринчидан, қишлоқ хўжалигини бошқаришнинг таркиб топган тизимини аграр соҳада амалга оширилаётган бозор муносабатларини жорий этишга ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши самарадорлигини оширишга қаратилган таркибий ўзгартиришларнинг ҳозирги талабларига жавоб бермаяпти;

иккинчидан, замонавий ресурслар ва сувни тежовчи агротехнологиялар ҳамда илғор тажрибани жорий этишга, тармоқни модернизация қилиш ва техник жиҳозлашга етарлича эътибор берилмаяпти, таълим, фан ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини интеграциялаш, аграр секторда инновацион илмий ишланмаларни татбиқ этиш даражаси пастлигича қолмоқда;

учинчидан, сув хўжалигини бошқариш тизимида камчиликлар мавжуд, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги ва рационаллиги тегишли даражада таъминланмаяпти;

тўртинчидан, аграр секторнинг инфратузилма тизими етарлича ривожланмаган, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан фермер хўжаликларининг ҳамкорлик механизми самарадорлиги пастлиги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишига, кўрсатилаётган хизматлар сифати пасайишига ва уларнинг тарифлари ошиб кетишига олиб келмоқда.

Қишлоқ хўжалигини комплекс модернизация қилиш ва барқарор ривожлантиришни таъминлаш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини бошқаришнинг замонавий талабларга мос ташкилий тузилмасини жорий этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида:


1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:

тармоқни комплекс модернизация қилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқларида фан ва техника ютуқларини, замонавий ресурслар ва сувни тежовчи агротехнологияларни, илғор маҳаллий ва хорижий тажрибани жорий қилишга йўналтирилган ягона агротехника ва сув хўжалиги сиёсатини амалга ошириш;

қишлоқ хўжалигини жадал ҳамда мутаносиб равишда ривожлантиришни, мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва даромадларини оширишга, ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарор даражасини сақлаб қолишга йўналтирилган комплекс мақсадли, тармоқ ва ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш;

қишлоқ хўжалиги тармоғига хорижий инвестицияларни ва техник кўмаклашиш маблағлари (грантлар)ни жалб этиш, лойиҳани бошқариш тамойилларига мувофиқ улардан самарали фойдаланилишини таъминлаш;

сув ресурсларини бошқариш тамойиллари ва тизимини такомиллаштириш, улардан тежаб-тергаб ва оқилона фойдаланишни таъминлаш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув хўжалиги объектлари, гидротехника иншоотларини реконструкциялаш ва модернизация қилиш;

қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига хизмат кўрсатувчи инфратузилма объектларининг фаолиятини бозор тамойиллари ва механизмлари асосида тубдан такомиллаштириш;

таълим, фан ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини тизимли асосда чамбарчас интеграциялаш, қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқларининг юқори малакали соҳа мутахассисларига бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлаш.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т. Мирзаев зиммасига вазирликка юклатилган вазифалар ҳамда фаолият йўналишлари сифатли ҳамда тўлиқ ҳажмда амалга оширилиши юзасидан шахсий масъулият юклансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг марказий аппарати таркибида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги тармоқлари муаммоларини ҳал этиш бўйича тегишли кенгашларни тугатиш;

қарзга оид битимларда ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорларида назарда тутилган ходимлар сонини ҳисобга олган ҳолда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг тегишли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳлари негизида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида Қишлоқ ва сув хўжалигида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш марказини (кейинги ўринларда - Марказ деб аталади) ташкил этиш;

Қуйисирдарё, Қуйиамударё ва Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларини қайта ташкил этиш ва уларнинг негизида Қуйисирдарё, Сирдарё - Зарафшон, Қуйиамударё, Амударёчапқирғоқ, Зарафшон ва Қуйизарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларини ташкил этиш;

ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузурида туман ирригация бўлимларини ташкил этиш, уларга ирригация тизимлари бошқармаларининг тегишли штат бирликлари билан бирга туман аҳамиятидаги ирригация объектларининг бир қисмини бериш;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг сув хўжалиги фойдаланиш ташкилотлари ишлаб чиқариш ходимларининг 1324 штат бирлигини, шу жумладан 756 штат бирлигини амалдаги бошқарув ходимлари сонини кўпайтириш учун, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, қишлоқ ва сув хўжалиги вилоят бошқармалари, қишлоқ ва сув хўжалиги туман бўлимлари ёрдамчи ходимларининг 244 штат бирлиги, шунингдек, 324 штат бирлигини - ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузуридаги туман ирригация бўлимлари бошқарув аппаратини шакллантириш учун бериш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.


3. Қуйидагилар Қишлоқ ва сув хўжалигида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш марказининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

хорижий инвестициялар, имтиёзли кредитлар ва техник кўмаклашиш маблағлари (грантлар)ни жалб қилишда иштирок этиш, лойиҳани бошқариш тамойилларига мувофиқ инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлаш;

тендер (танлов) савдоларининг белгиланган тартибда ўз вақтида ўтказилишини, контрактлар тузилишини, уларнинг ваколатли органларда экспертизадан ўтказилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, тегишли халқаро молиявий институтлар ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг халқаро қоида ва таомилларига мувофиқ тузилган контрактлар бўйича асбоб-ускуналар ва материаллар етказиб берилиши, ишлар бажарилиши ва хизматлар кўрсатилиши мониторингини амалга ошириш.


4. Белгилансинки:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ҳисобланади, вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари бошлиқлари ҳисобланади, туманлар (Қувасой шаҳри) қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари бошлиқлари лавозими бўйича туманлар (Қувасой шаҳри) ҳокимларининг ўринбосарлари ҳисобланади;

Қуйиамударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи лавозими бўйича Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари ҳисобланади;

ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари бошлиқлари лавозими бўйича вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари ҳисобланади;

ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузуридаги туман ирригация бўлимлари бошлиқлари лавозими бўйича туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари бошлиқларининг ўринбосарлари ҳисобланади.


5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Ижтимоий ривожлантириш ва рағбатлантириш жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг моддий-техника базасини ривожлантириш, инновация технологияларини жорий қилиш ва ходимларни рағбатлантириш жамғармаси этиб (кейинги ўринларда - Жамғарма деб аталади) қайта ташкил этилсин.

Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари этиб белгилансин:

вазирлик таркибига кирувчи ташкилотларнинг тузилган шартномалар асосидаги ажратмалари;

қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида фан, техника ютуқлари ва илмий асосланган ресурсларни тежовчи технологияларни тарғиб қилиш ва жорий этиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг тузилган шартномалар асосидаги ихтиёрий ажратмалари;

уруғчилик субъектларига ажратиладиган махсус устамалар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари;

халқаро грантлар, техник кўмаклашиш маблағлари, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.


6. Бюджет маблағлари ва Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.


7. Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига хизмат кўрсатувчи инфратузилма объектлари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича иловага* мувофиқ таркибда Комиссия (кейинги ўринларда - Комиссия деб аталади) ташкил этилсин.

Комиссия (З.Т. Мирзаев):

икки ой муддатда қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига хизмат кўрсатувчи мавжуд инфратузилма объектлари, шунингдек қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари билан тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий базанинг хатловдан ўтказилишини ташкил қилсин;

2018 йил 1 январгача қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига хизмат кўрсатувчи инфратузилма объектлари фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантириш ҳамда уларнинг дислокациясини назарда тутувчи тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрласин ва киритсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини белгиланган тартибда киритсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим йўналишлари тўғрисида" 2003 йил 24 мартдаги ПФ-3226-сон Фармонининг 6 ва 7-бандлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


10. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси В.А. Голышев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш. Мирзиёев



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 14 август, 32-сон, 793-модда



























































Время: 0.1883
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск