ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Давлат дастурлари, концепциялари ва уларни амалга ошириш / Умумий концептуал саволлар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.08.2017 й. Ф-5024-сон "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини келгусида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармойиши

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОЙИШИ

15.08.2017 й.

N Ф-5024



2017-2021 ЙИЛЛАРДА ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ

БЕШТА УСТУВОР ЙЎНАЛИШИ БЎЙИЧА ҲАРАКАТЛАР

СТРАТЕГИЯСИНИ КЕЛГУСИДА АМАЛГА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сон Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси (кейинги ўринларда - Ҳаракатлар стратегияси деб юритилади) мамлакатнинг давлат ва жамият ривожланиши истиқболини стратегик режалаштириш тизимига сифат жиҳатидан янги ёндашувларни бошлаб берди.

Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурининг (кейинги ўринларда - Давлат дастури деб юритилади) тасдиқланиши стратегик ривожланишнинг устувор йўналишларини амалий рўёбга чиқаришнинг бошланғич механизми бўлди.

Дастлабки сарҳисоблар давлат органлари, нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтларининг Давлат дастурини самарали амалга оширишга қаратилган кучлари, шу жумладан, хорижий мутахассислар ва халқаро экспертларни фаол жалб қилган ҳолда чинакам жипслашганлигини кўрсатди.

Ҳозирги кунда Ҳаракатлар стратегиясининг ижроси юзасидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришга қаратилган 15 та қонун ва 700 дан ортиқ бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Хусусан, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасида замонавий талаблар ҳамда устувор йўналишларни инобатга олган ҳолда 16 та вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларнинг тузилмаси, вазифа ва функциялари қайта кўриб чиқилди, 20 та давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар қайта ташкил этилди.

Суд-ҳуқуқ тизими тубдан қайта кўриб чиқилди. Суд ҳокимиятининг ягона олий органи - Ўзбекистон Республикаси Олий суди, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган маъмурий судлар ташкил этилди.

Ички ишлар органлари тизими ислоҳ қилиниб, уларнинг асосий фаолияти фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга - "Халқ манфаатларига хизмат қилиш"га йўналтирилди.

Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш соҳасида солиқ тизими ислоҳ қилинди, ҳалол солиқ тўловчилар - хўжалик юритувчи субъектларга солиқ таътиллари берилиши назарда тутилди.

Ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида 13 339 та лойиҳа амалга оширилди, 2,1 трлн. сўм кредит ўзлаштирилди, 10 та эркин иқтисодий зона, 5 та кичик саноат зонаси ташкил этилди, "Peugeot" ва "Citroёn" бренди билан енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича завод барпо этилмоқда.

Ижтимоий соҳада фақатгина жорий йилнинг биринчи ярмида 2,7 минг км. автомобиль йўллари қурилди ва таъмирланди, 84 300 та иш ўрни яратилди.

2017-2020 йилларда шаҳарларда энергия жиҳатдан самарадор арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастури амалга оширилмоқда, унинг доирасида 50 286 та хонадондан иборат 1 136 та кўп қаватли уйларни, бундан ташқари, намунавий лойиҳа асосида қишлоқ жойларида 75 минг тураржойларни қуриш мўлжалланган.

Миллатлараро тотувликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди.

Европа Иттифоқи ва 21 та хорижий мамлакат билан савдо-иқтисодий, инвестиция, технология ва молиявий-техник соҳаларда 22 та "йўл харита"си тасдиқланди.

"Тараққиёт стратегияси" маркази томонидан бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишнинг бориши ҳақида аҳоли, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро жамоатчиликни кенг хабардор қилиш ишлари амалга оширилди. Жойларда 6 мингга яқин учрашувлар, оммавий ахборот воситаларида телекўрсатув ва чиқишлар ташкил этилди.

Шу билан бирга, навбатдаги ислоҳотларни сифатли ва олдиндан режалаштириш учун 2017 йил якунлари бўйича эришилган натижаларни чуқур ўрганиш ва пухта таҳлил қилиш зарур.

Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш натижалари ҳақида аҳоли ва жамоатчиликни кенг хабардор қилиш, шунингдек, 2017 йилда мамлакатни ривожлантириш якунларини сарҳисоб қилиш ва 2018 йилда навбатдаги ислоҳотларни режалаштириш бўйича чора-тадбирларни ташкил этиш мақсадида:


1. Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия томонидан барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ижодий ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари, кекса авлод, аёллар ва ёшларнинг фаол иштирокида амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегиясининг дастлабки якунлари ўтказилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссиялар "Тараққиёт стратегияси" маркази билан биргаликда:

2017 йилнинг август-сентябрь ойлари давомида статистик ва бошқа маълумотларни йиғиш, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва барча даражадаги давлат органлари фаолиятининг натижаларини ўрганиш, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, илмий доира вакиллари ва хорижий мутахассисларни кенг жалб этган ҳолда учрашувлар, давра суҳбатлари, сўровлар, эксперт ва жамоатчилик муҳокамалари ўтказиш орқали Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш якунлари тизимли таҳлил қилинишини;

2017 йил 1 декабрга қадар муддатда мамлакатни ривожлантириш якунларини ҳисобга олган ҳолда "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижроси" ахборот-таҳлилий шарҳи нашр этилиши ва тарқатилишини;

Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йилда амалга ошириш бўйича ишлаб чиқиладиган Давлат дастури лойиҳасига киритиш учун тақдим этиладиган долзарб таклифларнинг тайёрланиши, йиғилиши ва умумлаштирилишини, уларнинг 2017 йил 10 ноябрга қадар муддатда Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Миллий комиссияга кўриб чиқиш учун киритилишини таъминласин.


3. Белгилансинки, Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йилда амалга ошириш бўйича ишлаб чиқиладиган Давлат дастури лойиҳасига киритиладиган таклифлар фақат кенг жамоатчилик билан дастлабки муҳокама қилингандан кейин кўриб чиқилади.


4. Вазирлар Маҳкамаси Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссиялар билан биргаликда ушбу фармойишнинг иккинчи бандида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштиришни таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қуйидагиларни назарда тутувчи чораларни кўрсин:

хорижий ва халқаро жамоатчилик ўртасида "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижроси" ахборот-таҳлилий шарҳини тарқатиш, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Миллий комиссияни хабардор қилиш учун уларнинг фикрларини кейинчалик йиғиш;

Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастури лойиҳасига киритиладиган таклифларни тайёрлаш жараёнида, зарурат бўлганда, халқаро, чет эл ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари вакилларини жалб қилган ҳолда, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссияларга илғор хорижий мамлакатларнинг тегишли тажрибасини ўрганишни ташкил этишда кўмаклашиш.


6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссияларнинг асослантирилган таклифлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан мазкур фармойиш ижроси билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш учун маблағлар ажратсин.


7. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси таркибий бўлинмалари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссиялар аъзолари мазкур фармойишда назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгардир.

8. Мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссиялар раҳбарлари зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                      Ш. Мирзиёев



"Халқ сўзи", 2017 йил 16 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 21 август, 33-сон, 847-модда





































Время: 0.2327
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск