ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг Ўзбекистондан чет элга чиқиши ва кириши /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16.08.2017 й. ПФ-5156-сон "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

16.08.2017 й.

N ПФ-5156



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ФУҚАРОЛАРИНИНГ ХОРИЖГА ЧИҚИШ

ТАРТИБИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР

МУҲИМ ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА*


Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида замонавий инновация технологиялари қўлланилган ҳолда тайёрланган биометрик паспорт тизимини жорий қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Мазкур тизим Ўзбекистон Республикаси фуқароларини шундай ҳужжатларни тайёрлаш бўйича Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) тавсиялари ва бошқа халқаро стандартларга мос келадиган биометрик ҳужжат билан таъминлаш имконини берди.

2014 йилда Ўзбекистон Республикаси ИКАОнинг тегишли ахборот ресурсига қўшилди ва бу мамлакатимизнинг ваколатли органларига давлат чегарасидан ўтиш пунктларида хорижий давлатларнинг биометрик ҳужжатлари ҳақиқийлигини автоматик тарзда текшириш имкониятини яратди.

Ўзбекистон Республикасининг биометрик паспорт тизими мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятининг самарадорлиги ва тезкорлигини ошириб, давлат чегарасидан ўтишда фуқаролар шахсини идентификация қилиш тартиб-таомилларини соддалаштирди, "Электрон ҳукумат" тизими фаолияти доирасида интерфаол давлат хизматларини кўрсатишга хизмат қиладиган жисмоний шахсларнинг ягона маълумотлар базасини шакллантиришни таъминлади.

Шу билан бирга, айни пайтда фуқароларимиз Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо айрим мамлакатлардан ташқари, дунёнинг барча давлатларига чиқиши учун биометрик паспорт билан биргаликда рухсат ёзуви қайд этилган икки йиллик стикерни расмийлаштириши зарур. Ушбу стикер Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг эркин ҳаракат қилишига халақит бераётган муайян омил ҳисобланади.

Бу борадаги халқаро тажрибани ўрганиш шундан далолат берадики, бугунги кунда дунёнинг деярли барча давлатларида ички ва ташқи фойдаланиш учун мўлжалланган икки турдаги ҳужжат қўлланилмоқда. Бунда хорижга чиқиш учун асосан электрон ахборот манбаига эга китобча шаклидаги паспортдан фойдаланилмоқда ва рухсат берувчи бошқа миллий ҳужжатлар расмийлаштирилмайди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, хорижга чиқиш тартибини янада такомиллаштириш, аҳолига қулай шароитлар яратиш, хорижга чиқиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришда бюрократик тўсиқлар ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш, ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиш муддатини узайтириш, фуқароларнинг давлат чегарасидан ўтказиш пунктларида паспорт назоратидан ўтиш тартиб-таомилларини тубдан соддалаштириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматининг 2019 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. 2019 йилнинг 1 январидан хорижга чиқиш учун рухсат ёзуви стикерини расмийлаштириш тартиби бекор қилинсин.


3. Белгилаб қўйилсинки,

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг амалда қўлланилаётган 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти унинг эгасининг шахси ва фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилади;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари 2021 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ, кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган давлатлар ҳудудига Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг амалда қўлланилаётган 2011 йилги намунадаги биометрик паспортидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикасидан чиқиши мумкин;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ, кириш визаларини расмийлаштириш талаб этиладиган давлатлар ҳудудига Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг амалда қўлланилаётган 2011 йилги намунадаги биометрик паспортидан фойдаланган ҳолда, ундаги рухсат ёзуви стикерининг амал қилиш муддати тугагунга қадар Ўзбекистон Республикасидан чиқиши мумкин;

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ, кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган давлатларда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган давлатларда бўлиш ва ушбу давлатлар ўртасида ҳаракатланишда паспортнинг амал қилиш муддати тугагунича ҳақиқий ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ, кириш визаларини расмийлаштириш талаб этиладиган давлатларда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун кириш визаларини расмийлаштириш талаб этиладиган бошқа давлатларда бўлиш ва ҳаракатланиш учун паспортнинг амал қилиш муддати тугагунича ҳақиқий ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ, кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган давлатларда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ундаги рухсат ёзуви стикерининг амал қилиш муддати тугагандан сўнг Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ, кириш визаларини расмийлаштириш талаб этиладиган давлатларга кириш учун ҳақиқий ҳисобланмайди. Фуқароларнинг қайд этилган ушбу тоифаси Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ кириш визаларини расмийлаштириш талаб этиладиган давлатларга кириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортини расмийлаштиришни сўраб, ўрнатилган тартибда мурожаат қилиши керак;

фуқароларни қабул қилиш, маълумотлар тўплаш ва Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортини олиш бўйича электрон аризасини расмийлаштириш ва кейинчалик персоналлаштирилган ҳужжатни бериш ишларини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлинмалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасалари амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортини персоналлаштиришни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспортига доимий яшаш учун хорижга чиқиш рухсат ёзувининг ёпиштириладиган стикери паспорт амал қилиш муддати тугагунига қадар хорижга чиқиш ва у ерда бўлиш, шунингдек, хорижий давлатлар ўртасида ҳаракатланиш учун ҳақиқий ҳисобланади.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (А. Арипов) 2017 йилнинг 1 декабригача Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспорти Давлат стандартини тасдиқласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (А. Азизов) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази, Ташқи ишлар, Мудофаа, Халқ таълими вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати билан биргаликда 2018 йилнинг 1 январига қадар мазкур Фармон талабларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими ва Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисида янги таҳрирдаги низом лойиҳасини тасдиқлаш учун киритсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги "Давлат белгиси" давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси (С. Худойқулов) Ички ишлар ва Ташқи ишлар вазирликлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказининг буюртмалари бўйича Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспорти буклетини тасдиқланган Давлат стандартига мувофиқ ўз вақтида тайёрласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази (Н. Тўрахўжаев) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Ташқи ишлар, Мудофаа, Халқ таълими, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда:

амалдаги биометрик паспорт тизими базасида Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортини муомалага киритишга қаратилган ташкилий-техник тадбирлар комплекси ўз вақтида ўтказилишини таъминласин;

2018 йилнинг 1 декабригача замонавий ахборот-коммуникация технологиялари қўлланилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этилишини таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Б. Хўжаев) ва Иқтисодиёт вазирлиги (Г. Саидова) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази ва бошқа алоқадор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2017 йилнинг 1 октябрига қадар Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш тизимини жорий қилишга қаратилган ишларни молиялаштириш манбалари тўғрисидаги масалани ишлаб чиқсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш учун киритсин.


9. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (Б. Алихонов) ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А. Кўчимов) оммавий ахборот воситаларида мамлакатимиз аҳолиси ўртасида ушбу Фармон қоидаларини кенг ёритиш бўйича мақолалар эълон қилиниши ва мавзуга оид кўрсатувлар эфирга узатилишини таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги (А. Комилов) муомалага киритилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспорти ва Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспортининг амал қилиш муддати ҳақида Халқаро фуқаро авиацияси, Халқаро стандартлаштириш ташкилоти ва хорижий мамлакатлар ҳукуматларини ўрнатилган тартибда хабардор қилсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари 2019 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мазкур Фармон талабларига мувофиқ хорижга чиқишини ўрнатилган тартибда назорат қилишни таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (А. Азизов) Ташқи ишлар ва Адлия вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари ва тегишли халқаро шартномаларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.


13. Ушбу Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Маҳмудов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                          Ш. Мирзиёев



"Халқ сўзи", 2017 йил 17 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 21 август, 33-сон, 831-модда



































Время: 0.1806
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск