Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар / Вазирликлар /

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.08.2017 й. 606-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 9 августдаги

606-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар

вазирлиги ҳузуридаги Катта ва алоҳида муҳим сув

хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда

бехатар ишлашини назорат қилиш давлат

инспекцияси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекциясининг (кейинги ўринларда "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси деб аталади) мақомини, асосий вазифаларини, функцияларини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси гидротехника иншоотлари хавфсизлигини назорат қилиш бўйича махсус ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.


3. "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) бўйсунади ва ҳисобот беради.


4. "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси тизимига давлат ва хўжалик бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақил равишда давлат назоратини олиб борадиган ҳудудий инспекторлар киради.


5. "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар Вазирининг (кейинги ўринларда Вазир деб аталади) буйруқлари ва мазкур Низомга амал қилади.


6. "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси ўз фаолиятини Вазирлик раҳбарлигида, шунингдек бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


7. "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга.


8. "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Туркқўрғон кўчаси, 26-уй, 100200 манзилида (почта манзилида) жойлашган.



2-БОБ. "ДАВСУВХЎЖАЛИКНАЗОРАТ"

ДАВЛАТ ИНСПЕКЦИЯСИНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


9. Қуйидагилар юзасидан давлат назоратини амалга ошириш "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекциясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектлари техник ҳолатининг ишончлилиги ҳамда уларнинг бехатар ишлашини таъминлаш;

катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектлари лойиҳалаштирилиши, қурилиши, фойдаланишга қабул қилиниши, ишлатилиши, реконструкция қилиниши, таъмирланиши, консервацияланиши ва тугатилиши, шу жумладан лойиҳалар экспертизаси ташкил этилиши, қуриш, реконструкция қилиш, фойдаланишга қабул қилиш, консервациялаш ва тугатиш сифати юзасидан назоратни амалга ошириш;

катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг ишончли қўриқланишини ташкил этиш бўйича давлат назоратини амалга ошириш.


10. "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектлари техник ҳолатининг ишончлилиги ҳамда уларнинг бехатар ишлашини таъминлаш соҳасида:

тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда мукаммаллиги I, II, III класс бўлган гидротехника иншоотларининг техник ҳолати ҳамда бехатар ишлаши билан боғлиқ ҳодисаларнинг олдини олишга доир таклифларни ишлаб чиқади;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда гидротехника иншоотларининг техник ҳолати ишончлилигини ҳамда бехатар ишлашини экспертизадан ўтказади;

гидротехника иншоотларининг ҳолатини ва уларнинг хавфсизлик декларацияларига мувофиқлигини текширишни ташкил этади;

гидротехника иншоотларининг техник ҳолатини натурада кузатишни ва диагностикасини амалга оширади;

республиканинг тегишли вазирликлари ва идоралари билан биргаликда давлатлараро ва чегаравий сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш масалаларини чегарадош давлатлар билан тартибга солишда қатнашади;

гидротехника иншоотларининг техник жиҳатдан ишончлилиги ва хавфсизлиги билан боғлиқ бўлган идоралараро ва давлатлараро комиссиялар ишларида иштирок этади;

гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни амалга оширади;


б) катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектлари лойиҳалаштирилиши, қурилиши, фойдаланишга қабул қилиниши, ишлатилиши, реконструкция қилиниши, таъмирланиши, консервацияланиши ва тугатилиши, шу жумладан лойиҳалар экспертизаси ташкил этилиши, қуриш, реконструкция қилиш, фойдаланишга қабул қилиш, консервациялаш ва тугатиш сифати юзасидан назоратни амалга ошириш соҳасида:

гидротехника иншоотларини жойлаштиришда, гидротехника иншоотларини лойиҳалаш учун топшириқларни келишишда, уларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини келишишда, гидротехника иншоотларини қуриш сифатини назорат қилишда, уларни фойдаланишга қабул қилишда, шунингдек гидротехника иншоотларидан фойдаланиш қоидаларини келишишда қатнашади;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлик декларацияларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;

гидротехника иншоотлари кадастрини юритади;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлик қоидалари ва мезонлари ишлаб чиқилишини ташкил этади ва уларни тасдиқлайди;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда қатнашади;


в) катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг ишончли қўриқланишини ташкил этиш бўйича давлат назоратини амалга ошириш соҳасида:

хўжалик фаолиятини ёки бошқа фаолиятни амалга ошириш учун гидротехника иншоотлари ҳудудларидан, дарёлар ўзанлари ва уларга туташ тўғоннинг қуйи ва юқори ҳудудларидан (сув муҳофазаси зоналарида ер участкалари бериш бундан мустасно) фойдаланишни келишади;

ваколатли органларга сув муҳофазаси зоналарини, сув омборлари, дарёлар, каналлар ва коллекторларнинг қирғоқбўйи полосаларини белгилаш ишларини ташкил этишда кўмаклашади, ушбу зоналар ва полосаларга қўйиладиган талабларнинг бажарилиши юзасидан назоратни амалга оширади;

"Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси қонунчиликка асосан бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.


11. "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек ўзига бўйсунувчи ҳудудий инспекторлар орқали ҳал қилади.



3-БОБ. "ДАВСУВХЎЖАЛИКНАЗОРАТ" ДАВЛАТ

ИНСПЕКЦИЯСИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


12. "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

гидротехника иншоотларига белгиланган тартибда кириш, гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги ва техник назоратини ташкил этиш масалаларига доир материаллар билан танишиб чиқиш;

ўз ваколати доирасида, қонунчиликда белгиланган тартибда вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг гидротехника иншоотларидан фойдаланишнинг техник ва хавфсизлик ҳолати бўйича назорат ўрнатилганлигини текшириш;

гидротехника иншоотларининг ҳолати, улардан фойдаланиш ва хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан вазирликлар ва идораларнинг, шунингдек корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг ахбороти, маъруза ва маълумотларини эшитиш;

тегишли вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлардан гидротехника иншоотлари техник ҳолатининг ишончлилиги, улардан фойдаланиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар бўйича меъёрий ҳужжатлар, тадбирлар режалари, буйруқлар, йўриқномалар, ҳужжатлар, маълумотлар ва материалларни талаб қилиш ва олиш, зарурият бўлганда, республиканинг тегишли вазирликлари ва идоралари мутахассисларини жалб қилиш;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида ёзма кўрсатмалар бериш, шунингдек гидротехника иншоотлари хавфсизлиги нормалари ва қоидалари қўпол равишда бузилган ҳолатларда хавфлилиги юқори бўлган объектлар жумласига кирувчи гидротехника иншоотларини лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун берилган лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш тўғрисида таклифлар киритиш;

сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш ёхуд дарёлар ўзанлари ва уларга туташ тўғоннинг қуйи ва юқори ҳудудларида хўжалик фаолиятини ва бошқа фаолиятни амалга ошираётган ташкилотлар фаолиятини, агар мазкур фаолият гидротехника иншоотларининг хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, белгиланган тартибда тақиқлаш ёки чеклаш;

"Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


13. "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.


14. "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекциясининг мансабдор шахслари ва унинг ҳудудий инспекторлари ўз хизмат вазифаларини зарур даражада бажармаганликлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



4-БОБ. "ДАВСУВХЎЖАЛИКНАЗОРАТ" ДАВЛАТ

ИНСПЕКЦИЯСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


15. "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекциясини Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади.

"Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси бошлиғининг "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси бошлиғи томонидан Вазир билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ўринбосари бўлади.

"Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси ходимлари мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича:

бошлиқ - вазирнинг биринчи ўринбосарига;

бошлиқ ўринбосари - вазир ўринбосарига;

бошқарма аппарати катта мутахассислари - вазирликнинг бош бошқармаси бошлиғига;

мутахассислар - вазирликнинг бўлим бошлиғига;

ҳудудий инспекторлар - вилоятлар ҳокимликларининг тегишли мустақил бўлимлари раҳбарларига;

ҳудудий бўлинмаларнинг етакчи мутахассислари - мустақил бошқармалар ва вилоятлар ҳокимликларининг бўлимлари етакчи мутахассисларига тенглаштирилади.


16. "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси бошлиғи:

"Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади;

"Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси фаолиятига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ҳамда қўйилган вазифа ва хизматларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

"Давсувхўжаликназорат" давлат инспекциясида ижро интизомининг ҳолати юзасидан бевосита раҳбарликни амалга оширади;

"Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси бошлиғи ўринбосарининг ва бошқа мансабдор шахсларнинг ваколатларини, вазифаларини ва шахсий жавобгарлиги даражасини белгилайди;

"Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси марказий аппарати ходимларини, ҳудудий бўлинмаларнинг инспекторларини ва етакчи мутахассисларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Ўз ваколати доирасида "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси тизимидаги ходимларнинг бажариши мажбур бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

"Давсувхўжаликназорат" давлат инспекциясининг харажатларини сметасини ва штатлар жадвалини тасдиқлайди;

соҳага кўра ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича Вазирликнинг ҳайъат мажлисларида белгиланган тартибда қатнашади;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


17. "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекциясида йирик гидротехника ва бошқа муҳандислик иншоотларини лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш соҳаси бўйича етакчи мутахассислардан иборат бўлган Эксперт кенгаши тузилади.

"Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси бошлиғи лавозимига кўра Эксперт кенгаши раиси ҳисобланади.

Эксперт кенгашининг низоми ва таркиби Вазир билан келишилади.

Эксперт кенгаши гидротехника иншоотларидан бехатар фойдаланиш ва уларнинг ишончли ишлашининг энг муҳим масалаларини кўриб чиқади, гидротехника иншоотларининг барқарор ва бехатар ишлаши учун уларни реконструкция қилиш ва қайта жиҳозлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш юзасидан тавсияномалар беради ҳамда гидротехника иншоотларининг хавфсизлик декларацияси экспертизаси натижалари бўйича қарорлар қабул қилади.

Эксперт кенгашининг қарорлари "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси бошлиғининг буйруқлари билан амалга оширилади.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек ташкилотларнинг манфаатларига тааллуқли масалалар бўйича ўтказиладиган Эксперт кенгаши мажлисларига уларнинг вакиллари таклиф этилади.


18. Эксперт кенгаши ўзининг таркибида мустақил хўжалик ҳисобида фаолият юритувчи бўлинма - Диагностика марказига эга бўлади, у гидротехника иншоотларининг техник ҳолати ишончлилигини диагностика, кузатув, натурада кузатув ишларини амалга оширади ва кадастрларни юритиш ишларини, шунингдек хавфсизлик декларацияси экспертизасини амалга оширади.

Диагностика маркази юридик шахс ҳисобланади, ўзининг Низоми, ўз номи ёзилган муҳрга ва банкларда ҳисоб рақамларига эга бўлади.

Диагностика марказининг Устави ва штат жадвали Эксперт кенгаши томонидан тасдиқланади.

Диагностика маркази раҳбари Эксперт кенгаши томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Диагностика марказини молиялаштириш "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси томонидан сув хўжалиги объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар ва бошқа буюртмачилар билан тузилган шартномаларига мувофиқ бажарилган ишлар ҳамда кўрсатилган хизматлардан олинадиган даромадлар ҳисобига амалга оширилади.


19. "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси инспекторлари ўз фаолиятларини жойларда гидротехника иншоотларининг техник ҳолати ва хавфсизлигини назорат қилиш бўйича тасдиқланган тадбирлар асосида амалга оширадилар.



5-БОБ. МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ


20. "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг моддий-техник таъминоти, шунингдек "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекциясига ажратиладиган маблағлар доирасида Ўзбекистон Республикаси бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси марказий аппарати орқали амалга оширилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


21. "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекциясини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 14 август, 32-сон, 818-модда














































Время: 0.0088
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск