ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Ёқилғи-энергетика комплекси /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Замонавий энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига Шарҳ

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

"Замонавий энергия самарадор ва энергия

тежайдиган технологияларни янада жорий

этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига

ШАРҲ



Мамлакатимизда энергетика соҳасини янада ислоҳ қилиш, электр ва иссиқлик энергияси, табиий газ, сувдан (кейинги ўринларда - энергия ресурслари деб юритилади) оқилона фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, тўлов интизомини мустаҳкамлаш чоралари кўрилмоқда.

Шу билан бирга, ўтказилган таҳлил энергия ресурсларидан самарасиз фойдаланишга олиб келаётган тизимли муаммоларни аниқлаш имконини берди, бу эса охир-оқибатда энергия ресурслари харажатларини мақбуллаштиришни ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг (кейинги ўринларда - давлат органлари ва ташкилотлари деб юритилади) энергия ресурсларидан қарздорлигини қисқартиришга эришишни таъминламаяпти. Хусусан:

энергия ресурслари истеъмолининг самарадорлигини мониторинг қилишнинг ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида замонавий энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш хизматларини кўрсатишнинг таъсирчан тизими, шу жумладан, мазкур функцияларни бажаришга масъул бўлган ихтисослаштирилган муассасанинг мавжуд эмаслиги, бунинг оқибатида фойдаланиладиган энергия ресурслари ҳажмини камайтиришга қаратилган техник, технологик, иқтисодий ва бошқа чоралар кутилган натижани бермаяпти. Бу эса давлат органлари ва ташкилотларининг энергия ресурсларига харажатларини кўпайтиради;

иссиқлик таъминоти объектларини модернизация қилишдаги тизимли камчиликлар, ишдан чиқиши 70 фоизга етган ҳамда иссиқлик таъминотининг самарасизлиги ва энергия сарфи ҳажмининг катталигига сабаб бўлган, маънан ва жисмонан эскирган қозонхона асбоб-ускуналарининг ишлатилиши;

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан 2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастурини бажариш бўйича ишлар лозим даражада ташкил қилинмаган. Бунинг оқибатида дастурда давлат органлари ва ташкилотларида энергия самарадор технологияларни жорий қилиш бўйича назарда тутилган лойиҳалар ижро этилмасдан қолган.

Қайд этилганларни инобатга олган ҳолда ҳамда давлат органлари, ташкилотларида замонавий энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий қилиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Замонавий энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Давлат раҳбарининг мазкур қарорига мувофиқ "Энергия тежаш миллий компанияси" акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда - "ЭТМК" АЖ деб юритилади) ташкил қилинди ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

давлат органлари ва ташкилотларида энергия ресурслари истеъмолининг самарадорлигини мониторинг қилиш;

давлат органлари ва ташкилотларида замонавий энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича таклифларни тайёрлаш;

давлат органлари ва ташкилотларида замонавий энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни жорий қилиш;

давлат органлари ва ташкилотларининг харажатларини мақбуллаштириш, товарлар (ишлар, хизматлар) таннархини пасайтириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш ва энергия ресурслари учун харажатларни қисқартириш ҳисобига бюджет ҳамда ўз маблағларини тежаш;

фойдаланиладиган энергия ресурслари ҳажмини камайтиришга қаратилган техник, технологик, иқтисодий ва бошқа чораларни амалга ошириш.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, "Асакабанк" АТБ ва "Туронбанк" АТБ "ЭТМК" АЖнинг таъсисчилари ҳисобланади.

Шу ўринда, "ЭТМК" АЖ давлат органлари ва ташкилотларида энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни энергия сервис шартномалари асосида жорий қилиш бўйича товарлар (ишлар, хизматлар)нинг ягона етказиб берувчиси этиб белгиланди. Унинг харажатларини қоплаш энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологиялар жорий қилингандан кейин олинган тежаш миқдорларидан келиб чиқиб амалга оширилади.

Энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) учун давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тўловларни таъминлаш мақсадида қарор билан давлат органлари ва ташкилотларининг мажбуриятлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси давлат кафолатини бериш механизми назарда тутилди. Тежаш даражаси тасдиқланганда бундай кафолат "ЭТМК" АЖга берилади.

Шу билан бир қаторда, энергия самарадорлиги юқори бўлган ўхшаш товарлар мавжуд бўлган тақдирда, давлат органлари ва ташкилотларига энергия самарадорлиги паст товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилиш тақиқланди.

Янги тузилган ташкилот ўз вазифаларини бажариш учун зарур бўлган кадрлар билан тўлдирилишини таъминлаш мақсадида "ЭТМК" АЖнинг директорига истисно тариқасида юқори малакали хорижий мутахассисларни ишга қабул қилишга ҳамда уларга иш ҳақи ва бошқа тўловларни эркин конвертация қилинадиган валютада белгилашга рухсат берилди.

Шунингдек, қарор билан уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни танқидий таҳлил қилиш ва уларни оптималлаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича комиссия ташкил этилди.

Комиссияга:

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида, шу жумладан, хорижий ва халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича танқидий таҳлил ўтказиш;

уй-жой коммунал хизматларнинг бюджет харажатлари ва ташкилий-штат тузилмасини, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурларини оптималлаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш вазифалари юклатилди.

Бундан ташқари, тегишли вазирлик ва идораларга:

давлат органлари ва ташкилотларида замонавий энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этишнинг шартлари ва аниқ мезонларини белгилайдиган таклифларни киритиш;

Қозонхона асбоб-ускуналарини модернизация қилиш бўйича давлат дастури лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.

Давлат раҳбарининг мазкур қарори қабул қилиниши, шубҳасиз, давлат органлари ва ташкилотларининг замонавий энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш борасидаги фаолиятини жадаллаштириш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга хизмат қилади.



"Халқ сўзи", 2017 йил 24 август






























Время: 0.2133
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск