ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Маълумотларни тармоқлар орқали узатишни ташкиллаштириш. Интернет /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.08.2017 й. 625-сон "Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

14.08.2017 й.

N 625



ИНТЕРНЕТ ЖАҲОН АХБОРОТ

ТАРМОҒИДА МИЛЛИЙ КОНТЕНТНИ

ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ахборотга бўлган ва интеллектуал талабларини қондириш, вояга етмаганлар ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ўсиб келаётган авлодда ахборот-мафкуравий соҳадаги даъват ва таҳдидларга нисбатан иммунитетни шакллантириш, жамиятда бой миллий тарихий-маданий мерос ва маънавий қадриятлар ҳақидаги билимларни оширишга қаратилган замонавий веб-ресурслар яратишни рағбатлантириш, шунингдек контентни монетизация қилишнинг самарали механизмларини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. 2017-2019 йилларда Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни ривожлантириш бўйича комплекс дастур (кейинги ўринларда Комплекс дастур деб аталади) иловага* мувофиқ тасдиқлансин, Дастур қуйидагиларни назарда тутади:

миллий контент ва веб-ресурсларни ривожлантиришни рағбатлантириш ва оммалаштириш, уларни ташкилий, моддий-техник ва молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш;

Интернет жаҳон ахборот тармоғининг миллий сегментини ғоявий-мазмунан тўлдириш, фойдаланувчиларнинг, энг аввало ёшларнинг замонавий талабларига жавоб берадиган оммабоп ахборот ресурслари, медиа-маҳсулотлари, бадиий, мультипликацион ва ҳужжатли фильмларни яратиш ва ривожлантириш, шунингдек интернет-журналистикани ривожлантириш;

маҳаллий ижтимоий тармоқларда миллий контентни ривожлантириш ва хорижий Интернет жаҳон ахборот тармоғи ахборот ресурсларида унинг улушини ошириш, Ўзбекистон мессенжерлари ва ижтимоий тармоқлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг жозибадорлигини ошириш ҳисобига аудиториясини кенгайтириш;

таълим контентини янада такомиллаштириш, "ZiyoNET" таълим ахборот тармоғи имкониятларини кенгайтириш, таълим муассасалари ўқув дастурлари билан интеграцияланган замонавий веб-ресурсларни яратиш;

Интернет жаҳон ахборот тармоғида яратиладиган миллий ахборот ресурсларини янада тарғиб қилиш ва оммалаштириш;

Интернет жаҳон ахборот тармоғининг глобал ва миллий сегменти ривожланиш тенденцияларини доимий ўрганиб бориш, Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни ривожлантириш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифларни шакллантириш, давлат-хусусий шерикликни жорий этиш ва тегишли норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш.


2. Комплекс дастурни сифатли амалга ошириш учун вазирликлар ва идоралар, шунингдек хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг шахсан масъул эканликлари белгилаб қўйилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қуйидагиларни таъминласин:

Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги миллий контентни янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида Интернет жаҳон ахборот тармоғи миллий сегментининг ва глобал ахборот макони ривожланишининг асосий йўналишлари ва тенденцияларини доимий равишда тизимли таҳлил қилишни ташкиллаштириш;

ўсиб келаётган авлоднинг маънавий-ахлоқий ва маданий-таълимий даражасини юксалтириш бўйича мақсадли вазифаларга жавоб берадиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги миллий контентни яратиш ва ривожлантириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги миллий контентни ривожлантириш билан боғлиқ бўлган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш;

веб-ресурслар ва миллий контентни ривожлантиришни таъминлаш учун қулай шарт-шароит ва иқтисодий рағбатлар яратиш;

ахборот-маърифий, шунингдек аҳоли билан қайта алоқани ташкиллаштиришга қаратилган тадбирларни ўтказиш жараёнида давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар, нодавлат нотижорат ташкилотларига Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контент ва веб-ресурсларни шакллантириш, ривожлантириш ҳамда тарғиб қилишда ташкилий-техник, ахборот ва методик ёрдам кўрсатиш;

Интернет жаҳон ахборот тармоғи миллий сегментида рақобат муҳитини шакллантиришда, миллий контентни ривожлантириш учун хорижий инвестициялар, ҳомийлик маблағлари ва грантларни жалб этишда, шунингдек ушбу йўналишда ва давлат-хусусий шерикликни ташкил этишда кўмаклашиш.


4. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари иттифоқи ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси билан биргаликда Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги миллий контентни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни, эришилган натижаларни кенг ёритишни, шунингдек долзарб ва ижтимоий-аҳамиятга эга бўлган ахборот маҳсулотларини оммалаштиришни таъминласин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Ш.Х. Шерматов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                          А. Арипов



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 21 август, 33-сон, 858-модда



























































Время: 0.1354
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск