ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги ҳужжатлар / Шахснинг ҳуқуқий мақоми /

Ўзбекистон Республикасининг 29.08.2017 й. ЎРҚ-441-сон "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 18.08.2017 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 24.08.2017 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

29.08.2017 й.

N ЎРҚ-441



"ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ МАЖЛИСИНИНГ ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ

БЎЙИЧА ВАКИЛИ (ОМБУДСМАН) ТЎҒРИСИДА"ГИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА ЎЗГАРТИШ

ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 18 августда қабул қилинган

Сенат томонидан 2017 йил 24 августда маъқулланган



1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 24 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги 392-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 27 августда қабул қилинган 669-II-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 йил, N 9, 169-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 1-модданинг иккинчи қисмидаги "ижтимоий онгини" деган сўзлар "ҳуқуқий маданиятини" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


2) 7-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"7-модда. Вакилнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисобот


Вакилнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида ҳар йили эшитилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай, ўз мажлисида Вакилнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитади.

Вакилнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатида эшитиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Вакилнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракциялар ва депутатлар гуруҳлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилади.

Вакилнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари қарорлар қабул қилади, қарорлар Вакилга юборилади";


3) 10-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"10-модда. Вакил томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш


Вакил аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқади. Вакил шикоятларни ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда, аризалар ва таклифларни алоҳида қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқади.

Вакил Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузаётган ташкилотлар ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ва у ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга.

Вакил учинчи шахсларнинг, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилотларининг муайян бир кишининг ёки бир гуруҳ шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқиш учун, башарти уларнинг бунга розилиги бўлса, қабул қилади.

Шикоятлар оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда берилиши мумкин.

Вакил қабул жадвалларига мувофиқ жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг шахсий қабулини, шунингдек жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг сайёр шахсий қабулларини ташкил этади.

Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадваллари, қабулни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш тартиби Вакилнинг расмий веб-сайтида эълон қилиш, шунингдек унинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилади.

Вакил суднинг ваколат доирасига кирадиган масалаларни кўриб чиқмайди.

Аноним мурожаатлар Вакил томонидан кўриб чиқилмайди";


4) 11-модда:

биринчи қисмидаги "ҳуқуқлари ва эркинликларини" деган сўзлар "ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Шикоят беришнинг узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган муддати Вакил томонидан тикланиши мумкин";


5) 12-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"12-модда. Вакилга бериладиган шикоятларга

қўйиладиган талаблар


Вакилга берилган шикоятда арз қилувчининг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар, шикоят нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан берилган тақдирда эса, унинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

Шикоятда қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилинаётган ташкилотнинг номи, мансабдор шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми) кўрсатилади, арз қилувчининг фикрича, унинг ҳуқуқларини бузган қарорларнинг, ҳаракатларнинг ёки ҳаракатсизликнинг моҳияти баён этилади.

Шикоятлар давлат тилида ёки бошқа тилларда берилиши мумкин.

Ёзма шикоят арз қилувчининг имзоси ёки нодавлат нотижорат ташкилотининг ваколатли шахси имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак. Ёзма шикоятни арз қилувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, шикоят уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.

Электрон шаклда берилган шикоят қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Вояга етмаганлар, муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган шахсларнинг манфаатларини кўзлаб шикоятлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда уларнинг қонуний вакиллари томонидан берилиши мумкин.

Вакил инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида ахборот мавжуд бўлганда ёки ҳимоянинг ҳуқуқий воситаларидан мустақил равишда фойдаланишга лаёқатсиз шахсларни ҳимоя қилиш учун ўз ташаббуси билан фактлар текширувини ўтказишга ҳақлидир.

Шикоят бўйича илгари қабул қилинган мавжуд қарорлар ёки уларнинг кўчирма нусхалари, шунингдек уни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар шикоятга илова қилиниши мумкин бўлиб, мазкур ҳужжатлар қайтарилмайди, арз қилувчи уларни қайтариш ҳақида ёзма ариза берган ҳоллар бундан мустасно.

Арз қилувчилар ва уларнинг вакиллари шикоятни у кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган пайтда шикоят юзасидан қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёки электрон шаклда ариза бериш орқали қайтариб олиши мумкин. Шикоятни қайтариб олиш тўғрисидаги ариза қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича Вакил томонидан чоралар кўрилишини истисно этмайди.

Вакилга берилган шикоят учун давлат божи ундирилмайди";


6) 14-модда биринчи қисмининг ўнинчи хатбошиси қуйидаги мазмундаги ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи хатбошилар билан алмаштирилсин:

"инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

ҳаракатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимоснома билан кириш;

фуқаролар манфаатларини кўзлаб аризалар ва даъволар билан судларга давлат божи тўламасдан мурожаат этиш";


7) қуйидаги мазмундаги 14-1-модда билан тўлдирилсин:


"14-1-модда. Ушлаб турилган ва қамоққа олинган, маъмурий

қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм

қилинган шахсларнинг Вакилга мурожаат этиши


Ушлаб турилган ва қамоққа олинган, маъмурий қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар (бундан буён матнда қамоқда турган шахслар деб юритилади) ёзма шаклдаги мурожаатларни (хатлар ва телеграммаларни) уларнинг сони чекланмаган ҳолда Вакилнинг номига юбориш ҳуқуқига эга. Вакил номига юбориладиган мурожаатлар цензура қилинмайди.

Жазони ижро этиш муассасаларининг, қамоқда сақлаш жойларининг ва махсус қабулхоналарнинг маъмурияти қамоқда турган шахсларнинг мурожаатларини Вакилга муҳрланган тарзда йигирма тўрт соатдан кечиктирмай юборади, телеграммаларни эса дарҳол юборади. Вакилнинг жавоби кўздан кечирилиши мумкин эмас ва арз қилувчига дарҳол етказиб берилади.

Шикоятлар кўриб чиқилаётганда, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолларини ўз ташаббуси билан текшираётганда Вакил жазони ижро этиш муассасаларига, қамоқда сақлаш жойларига ва махсус қабулхоналарга монеликсиз кириш ҳуқуқига эга. Мазкур муассасаларнинг маъмурияти Вакилнинг хавфсизлигини таъминлайди.

Жазони ижро этиш муассасаларининг, қамоқда сақлаш жойларининг ва махсус қабулхоналарнинг маъмурияти Вакилга қамоқда турган шахслар билан монеликсиз ва холи учрашиш ҳамда суҳбатлашиш учун зарур шарт-шароитларни таъминлаши шарт, учрашув ва суҳбат ушбу муассасалар ходимлари уларни кўриб турадиган, лекин эшитмайдиган шароитларда холи ўтказилади";


8) 15-модданинг тўртинчи қисмидаги "вазифаларини бажаришга" деган сўзлар "фаолиятига" деган сўз билан алмаштирилсин;


9) 18-модданинг учинчи қисмидаги "ёки" деган сўз "ва" деган сўз билан алмаштирилсин;


10) 19-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Вакил томонидан шикоятлар кўриб чиқилаётганда жисмоний шахснинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига, шунингдек юридик шахсларнинг мулк шакли, жойлашган ери (почта манзили), ташкилий-ҳуқуқий шакллари ва бошқа ҳолатларга қараб камситилишига йўл қўйилмайди";


11) 20-модда:

биринчи қисмидаги "Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия" деган сўзлар "Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади)" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Комиссия таркиби нодавлат нотижорат ташкилотларининг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида касбий ва амалий билимларга эга бўлган олимлар жумласидан тузилади. Комиссия таркибига ижро этувчи ҳокимият органларининг вакиллари ҳам маслаҳат овози ҳуқуқи билан кириши мумкин";

иккинчи ва учинчи қисмлари тегишинча учинчи ва тўртинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

учинчи қисмидаги "Регламентга" деган сўз "Низомга" деган сўз билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Комиссия ўз ваколатлари муддати тугагач, янги Вакил сайлангунига қадар ўз ваколатларини бажаришни давом эттириб туради";


12) қуйидаги мазмундаги 20-1 - 20-8-моддалар билан тўлдирилсин:


"20-1-модда. Вакилнинг қонун ҳужжатларини

такомиллаштиришга доир фаолияти


Вакил ўз фаолиятига доир масалалар бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари кўриб чиқиши учун қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларда иштирок этиши юзасидан таклифлар киритишга ҳақлидир.

Вакил қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлар фаолиятида иштирок этиши, лойиҳаларнинг ҳуқуқий экспертизасини ўтказиши, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида иштирок этиши ҳамда муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари бўйича таклифлар ва мулоҳазалар киритиши мумкин.


20-2-модда. Вакилнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари

соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини

юксалтиришга доир фаолияти


Вакил фуқароларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва халқаро шартномалари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормалари тўғрисидаги билими ва хабардорлигини ошириш чора-тадбирларини кўради.

Вакил инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш воситалари, усуллари ва механизмларига ўқитишга қаратилган маърифий ва таълим дастурларини, илмий-амалий тадбирлар ҳамда семинарларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади.


20-3-модда. Вакилнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари

соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга

доир фаолияти


Вакил инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотларга аъзо бўлиб киришга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича хорижий институтлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга ҳақли.

Вакил Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро шартномалари бажарилиши тўғрисида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий институтларнинг хабардорлигини оширишга кўмаклашади.

Вакил Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг бажарилишига доир маърузаларини тайёрлашда иштирок этади.


20-4-модда. Вакилнинг парламент назоратининг

бошқа субъектлари билан ҳамкорлиги


Вакил жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолларини ўз ташаббусига кўра текшириш билан боғлиқ материалларни ҳар чоракда умумлаштириб боради.

Вакил жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ материалларни умумлаштириш ҳамда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлат манфаатлари бузилишига олиб келувчи сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш натижаларига кўра давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакилларининг ахборотини эшитиш масаласини кўриб чиқиш тўғрисидаги таклиф билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталарига мурожаат қилиши мумкин.

Вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг парламент назоратини амалга оширишга доир тадбирларида иштирок этишга, уларга кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан материаллар тақдим этишга ҳақлидир.

Вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир айрим масалалар юзасидан маъруза киритиши мумкин.


20-5-модда. Вакилнинг Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди билан ҳамкорлиги


Вакил Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди кўриб чиқиши учун қонунга мувофиқ масалалар киритиш ҳуқуқига эга.

Вакил Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисларида иштирок этиши мумкин ва суд томонидан кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этишга ҳақлидир.


20-6-модда. Вакилнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари

ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари

билан ҳамкорлиги


Вакил мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан тармоқ ва ҳудудий дастурларни, шунингдек инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликни ўз ваколатлари доирасида амалга оширади.

Вакил нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларининг Вакил томонидан шакллантириладиган ишчи ва эксперт гуруҳлари, комиссиялар ва бошқа жамоатчилик-маслаҳат органлари фаолиятида иштирок этиши учун зарур шароитлар яратади.

Вакил инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида мавжуд материаллар тўғрисида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ахборот алмашувини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади.

Вакил нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан биргаликда тадбирлар, маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиши, шунингдек ижтимоий шериклик тўғрисида битимлар ва шартномалар тузиши мумкин.


20-7-модда. Вакил фаолиятининг очиқлиги


Вакил манфаатдор шахсларнинг, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг Вакил фаолияти тўғрисидаги ахборотдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланишини таъминлайди.

Вакил ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни Вакилнинг расмий веб-сайтида жойлаштиради ва янгилаб туради, Вакилнинг йиллик ҳисоботини, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг маърузаларини ва бошқа материалларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

Вакил ўз матбуот органини таъсис этиши ва бошқа матбуот нашрларининг ҳаммуассиси бўлиши мумкин.


20-8-модда. Вакилнинг Қорақалпоғистон Республикаси,

вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакили


Вакил Комиссия аъзолари орасидан ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги вакилини (бундан буён матнда Вакилнинг минтақавий вакили деб юритилади) тайинлайди.

Вакилнинг минтақавий вакили қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тегишли минтақада яшовчи жисмоний шахсларнинг ёки тегишли минтақада жойлашган нодавлат нотижорат ташкилотларининг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда кўмаклашиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига аниқлаштирилиши лозим бўлган ҳолатлар юзасидан текширув ўтказишда кўмаклашишни сўраб мурожаат қилиш, шунингдек улардан кўриб чиқилаётган масалалар бўйича ҳужжатлар, материаллар ва бошқа маълумотларни сўраш ҳамда олиш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш соҳасида ахборот-маърифий ишларни амалга ошириш, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга ошириш.

Вакилнинг минтақавий вакили:

ўз фаолияти тўғрисида ҳар чоракда Вакилга ахборот тақдим этиши;

арз қилувчининг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек шикоятларни текширишга доир ахборотни Вакилнинг рухсатисиз ва розилигисиз ошкор этмаслиги шарт.

Вакилнинг минтақавий вакили қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Вакилнинг минтақавий вакили фаолиятига кўмаклашади.

Вакилнинг минтақавий вакили инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир фаолияти тўғрисида ҳар йили тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесини, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларини хабардор қилади.

Вакилнинг минтақавий вакилига Вакил томонидан имзоланадиган гувоҳнома берилади";


13) 21-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Вакил фаолиятининг моддий ва бошқа таъминоти Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ҳамда унда алоҳида сатрда назарда тутилади".


2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

ушбу Қонуннинг ижро этилишини, ижрочиларга етказилишини ҳамда унинг моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                       Ш. Мирзиёев



"Халқ сўзи", 2017 йил 30 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 4 сентябрь, 35-сон, 916-модда



































Время: 0.2133
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск