Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Қишлоқ ва сув хўжалиги /

Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.08.2017 й. 624-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 14 августдаги

624-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Давлат

ветеринария қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Қўмита ветеринария хизматини янада ривожлантириш, шу жумладан эпизоотик барқарорликни таъминлашда ҳайвонларнинг юқумли касалликларини ўз вақтида аниқлаш, ташхис қўйиш ва тарқалишининг олдини олиш, ветеринария тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш бўйича давлат назоратини таъминлаш, ветеринария соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг сифати ҳамда муомаласи юзасидан назоратни ташкил этиш ва юритишда ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади.


3. Қўмита Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва ҳисобот беради.


4. Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ветеринария бошқармалари, туман (шаҳар) ветеринария бўлимлари, Давлат чегараси ва транспортдаги давлат ветеринария назорати бошқармаси, Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази, Ветеринария дори воситалари, озуқабоп қўшимчалар сифати ва муомаласи назорати бўйича давлат илмий маркази, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказлари, Ветеринария илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда давлат ветеринария органлари ва муассасалари деб аталади) Давлат ветеринария қўмитасининг ягона тизимини ташкил этади.

Давлат ветеринария органлари ва муассасалари, шунингдек ветеринария участкалари, бозорлар ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари, чегара ва транспортдаги ветеринария пунктлари (участкалари) ва бошқа муассасалар (кейинги ўринларда давлат ветеринария хизмати деб аталади) давлат ветеринария хизматининг ягона тизимини ташкил этади.


5. Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


6. Қўмита ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хорижий ва халқаро ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширади.


7. Қўмитанинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурий ҳисобланади.


8. Қўмита юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири ва ўз номи туширилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида ҳисоб рақамларига, банк, шу жумладан чет эл валютасидаги ҳисоб рақамларига ҳамда ветеринария рамзига эга бўлади.


9. Қўмитанинг жойлашган ери (почта манзили): Тошкент шаҳри, Кичик ҳалқа йўли кўчаси, 21а - уй, 100123.



2-БОБ. ҚЎМИТАНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


10. Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ветеринария соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, ушбу соҳада давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш, ветеринария фаолиятини лицензиялашни амалга ошириш;

ветеринария хизматини янада ривожлантириш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш, мамлакатимиз ҳудудларига ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кириб келишидан ҳимоя қилишни таъминлаш, амалиётга ҳайвонларни даволашнинг ва профилактикасининг замонавий усулларини жорий этиш, маҳаллий ва хорижий фан ютуқларини татбиқ этиш асосида ветеринария дори воситаларининг янги турлари ва шаклларини ишлаб чиқариш;

эпизоотик барқарорликни таъминлашда ҳайвонларнинг юқумли касалликларини ўз вақтида аниқлаш, ташхис қўйиш ва тарқалишининг олдини олишга доир профилактик ишларнинг самарадорлигини мониторинг қилиш;

ветеринария тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишида давлат назоратини таъминлаш, ветеринария соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишларини сифатли ва тизимли равишда ташкил этиш бўйича чора-тадбирларни ўз вақтида ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ҳайвонларни касалликлардан ҳимоя қилиш, ҳайвонлардан олинадиган маҳсулот ва хом ашё хавфсизлигини таъминлашда идоравий ҳамда ишлаб чиқариш ветеринария хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг сифати ҳамда муомаласи юзасидан назоратни амалга ошириш;

кадрларни тизимли қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, раҳбар ва мутахассисларнинг иш услуби ва шаклларини такомиллаштириш, шу жумладан, тизимга қарашли идоралар, юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижроси бўйича уларнинг масъулиятини ошириш;

ветеринария соҳасида илмий, услубий ва таълим салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантириш, илмий тадқиқотлар йўналишларини белгилаш, фундаментал ва амалий тадқиқотлар, инновация ишланмалари натижаларининг ветеринария амалиётига жорий этилишини мувофиқлаштириш;

халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ветеринария хизмати фаолиятига илғор технологиялар ва иш услубларини жорий этиш.


11. Қўмита ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) ветеринария соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, ушбу соҳада давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш, ветеринария фаолиятини лицензиялашни амалга ошириш соҳасида:

ветеринария хизматини янада ривожлантириш, шу жумладан эпизоотик барқарорликни таъминлашда ҳайвонларнинг юқумли касалликларини ўз вақтида аниқлаш, ташхис қўйиш ва тарқалишининг олдини олиш, ветеринария тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишида давлат назоратини таъминлаш, ветеринария соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг сифати ҳамда муомаласи юзасидан назоратни ташкил этиш ва юритиш соҳасида давлат бошқарувини амалга оширади;

ветеринария органлари ва муассасаларининг келгусида режалаштириладиган ишларини прогнозлаштириш, манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда соҳани ривожлантиришнинг давлат ва маҳаллий дастурларини ишлаб чиқади;

Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ветеринария бошқармалари тўғрисидаги низомларни, шунингдек давлат ветеринария органлари ва муассасаларининг низом (устав)ларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

Қўмита тизимига кирувчи ташкилотларда ҳисоб ва ҳисобот юритилишини ҳамда мол-мулк сақланишини, ҳисобга олинишини ва ҳисобдан чиқарилишини таъминлаш, етказилган моддий зарарни ундириш чораларини кўради;

Қўмита тизимига кирувчи ташкилотларнинг бухгалтерия ҳисоботларини, балансларини кўриб чиқиш, умумлаштириш, йиғма баланслар тузиш ва уларни тегишли органларга тақдим этади;

ўзига бўйсунувчи тузилмалари орқали ветеринария соҳасида бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади ва қўшма тадбирларни амалга оширади;

ихтисослашган сўйиш корхоналарининг ҳамда ушбу соҳадаги маҳсулот ва хом ашёларни қайта ишлаш, ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, сотиш ва реализация қилиш билан шуғулланувчилар фаолиятининг ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқлиги юзасидан ветеринария-санитария хулосаларини беради;

бозорларда, савдо ташкилотларида ва бошқа савдо объектларида ушбу соҳадаги маҳсулот ва хом-ашёни, шунингдек бозорларда реализация қилинадиган ўсимлик, озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш ҳамда реализация қилишга ветеринария-санитария экспертизаси хулосасини беради;

маҳаллий ва импорт қилинадиган ветеринария дори воситалари ҳамда озуқабоп қўшимчаларни рўйхатдан ўтказади ва уларга рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини беради;

давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни экспорт, импорт қилишга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит қилишга рухсатнома, ветеринария гувоҳномаси ва ветеринария сертификатини беради;

ветеринария фаолиятини лицензиялашни амалга оширади;

ветеринария соҳасини тартибга солиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

фуқаролар ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилишни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилишини таъминлайди;

қўмита тизими фаолиятига оид газета ва журналлар чиқарилишини, тегишли рухсатномалар бланкалари, соҳага тегишли китоб, бюллетень ва қўлланмалар чоп этилишини ҳамда бутунжаҳон Интернет тармоғида веб-сайт юритилишини ташкил этади;

б) ветеринария хизматини янада ривожлантириш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш, мамлакатимиз ҳудудларига ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кириб келишидан ҳимоя қилишни таъминлаш, амалиётга ҳайвонларни даволашнинг ва профилактикасининг замонавий усулларини жорий этиш, маҳаллий ва хорижий фан ютуқларини татбиқ этиш асосида ветеринария дори воситаларининг янги турлари ва шаклларини ишлаб чиқариш соҳасида:

ҳайвонлар касалликларига ташхис қўйиш, уларни даволаш ва олдини олиш тадбирлари бажарилиши юзасидан назоратни амалга оширади;

хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларнинг ветеринария соҳасига оид фаолияти юзасидан белгиланган тартибда текширувлар ўтказади;

ихтисослашган сўйиш корхоналари ҳамда ҳайвонларнинг эгалари томонидан, шунингдек ушбу соҳадаги маҳсулот ва хом ашёни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш ҳамда уларнинг савдоси билан шуғулланувчилар томонидан ветеринария тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижро этилиши юзасидан назоратни амалга оширади;

ветеринария соҳасига оид фаолият юзасидан белгиланган тартибда бошқа назорат ишларини амалга оширади;

мамлакатимиз ҳудудига ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кириб келишидан ҳимоя қилишни таъминлаш, ҳайвонларни даволашнинг ва профилактикасининг замонавий усулларини амалиётга жорий этади, маҳаллий ва хорижий фан ютуқларини татбиқ этиш асосида ветеринария дори воситаларининг янги турлари ва шаклларини ишлаб чиқаради;

давлат ветеринария органлари ва муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

чегара олди туманларда ва чегарадош давлатларда юзага келган эпизоотик вазият тўғрисида тегишли органлар ва ташкилотларни хабардор қилади, тегишли ветеринария тадбирларини амалга оширишда зарур тавсиялар беради;

ҳайвонлар касалликларига ташхис қўйиш ишларида энг замонавий ва тезкор усулларни жорий этиш бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва уларнинг бажарилишини таъминлайди;

маҳаллий ва хорижий фан ютуқларини татбиқ этиш асосида ветеринария дори воситаларининг янги турлари ва шаклларини ишлаб чиқариш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

в) эпизоотик барқарорликни таъминлашда ҳайвонларнинг юқумли касалликларини ўз вақтида аниқлаш, ташхис қўйиш ва тарқалишининг олдини олишга доир профилактик ишларнинг самарадорлигини мониторинг қилиш соҳасида:

республика ҳудудида пайдо бўлиш хавфи бўлган ҳайвонлар касалликларини таҳлил қилиш, уларни олдини олиш ва тугатишга доир дастурларни ишлаб чиқади;

ушбу соҳадаги маҳсулот ва хом-ашёларни ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига асосан экспертизадан ўтказиш тартибларини белгилайди;

ушбу соҳадаги маҳсулот ва хом-ашёнинг ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига асосан экспертизадан ўтказилишини таъминлайди;

ҳайвонлар ўта хавфли юқумли касалликларга чалинганлиги хусусида шубҳа мавжуд бўлган тақдирда, белгиланган зарур чора-тадбирларнинг бажарилишини ўрганади ва мувофиқлаштиради;

белгиланган тартибда ветеринарияга оид статистика ҳисоботини юритилиши ва тақдим этилишини талаб қилади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимият органлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда эпизоотияга қарши тадбирларнинг бажарилишини таъминлайди;

ички ишлар органларининг карантин тадбирларини таъминлаш бўлинмалари билан биргаликда эпизоотик осойишталикни таъминлашга доир тадбирларни ташкил этади;

касалликларнинг келиб чиқиши ва ҳайвонларнинг нобуд бўлиши сабабларини таҳлил қилиш, уларнинг олдини олиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

ҳайвонлар юқумли касалликларининг олдини олиш ва уларни тугатишга доир чора-тадбирларни амалга оширади;

хорижий давлатларнинг илғор тажрибаси ва илм-фан ютуқларини ўрганади, маълумотларни умумлаштиради ҳамда давлат ветеринария хизмати тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқади;

белгиланган тартибда ветеринария дори воситалари ва бошқа моддий-техника ресурсларининг захирасини яратади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликлари бўйича профилактика, ташхис қўйиш ва тугатиш тадбирларини амалга ошириш учун зарур бўлган ветеринария дори воситаларини ҳамда моддий-техника воситаларини белгиланган тартибда харид қилади ва марказлаштирилган ҳолда тақсимлайди;

эпизоотик ҳолат юзасидан мониторинг олиб боради;

г) ветеринария тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишида давлат назоратини таъминлаш, ветеринария соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишларини сифатли ва тизимли равишда ташкил этиш бўйича чора-тадбирларни ўз вақтида ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

ветеринария тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишида давлат назоратини олиб боради;

республика ҳудудини ҳайвонларнинг юқумли касалликларини қўзғатувчилари олиб кирилишидан муҳофаза қилиш, шунингдек ҳайвонлар, ушбу соҳага мансуб маҳсулот ва хом ашё, ветеринария дори воситалари, озуқалар ва озуқабоп қўшимчаларни тайёрлаш, олиб ўтиш (ташиш), экспорт ва импорт қилиш бўйича давлат ветеринария назоратини олиб боради;

давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларнинг Ўзбекистон Республикасига олиб кирилиши, Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзити учун расмийлаштириладиган ветеринария ҳужжатлари берилишини назорат қилади;

ушбу соҳадаги маҳсулотлар ва хом ашёларни ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ ишлаб чиқарилиши бўйича давлат ветеринария назоратини олиб боради;

хусусий ветеринария фаолиятини амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектларига белгиланган тартибда тегишли лицензия беради, шунингдек лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан давлат ветеринария назоратини амалга оширади;

давлат ва идоравий ветеринария хизматлари, ички ишлар органларининг карантин тадбирларини таъминлаш бўлинмаларининг ветеринария соҳасига оид фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

ветеринария соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишларини сифатли ва тизимли равишда ташкил этиш бўйича тегишли давлат бошқарув органлари билан чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

эпизоотияга қарши тадбирлар, даволаш, ветеринария-санитария тадбирларининг бажарилишини талаб қилади;

давлат ветеринария органлари ҳамда муассасалари томонидан тақдим этиладиган ҳисоботлар шаклларини тасдиқлайди ва унинг муддатларини белгилайди;

д) ҳайвонларни касалликлардан ҳимоя қилиш, ҳайвонлардан олинадиган маҳсулот ва хом ашё хавфсизлигини таъминлашда идоравий ҳамда ишлаб чиқариш ветеринария хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг сифати ҳамда муомаласи юзасидан назоратни амалга ошириш бўйича:

ҳайвонлар касалликларига ташхис қўйиш, озуқаларнинг, шунингдек чорвачилик объектларида ичимлик сувининг сифатини баҳолаш мақсадида лаборатория текширувлари ўтказиш тартибини белгилайди;

одамлар ва ҳайвонлар учун умумий бўлган касалликлардан аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишда бошқа давлат органлари билан ҳамкорлик қилади;

хорижий ва чегарадош давлатлардаги ҳамда республика ҳудудидаги эпизоотик ҳолатдан келиб чиқиб, эпизоотияга қарши профилактика тадбирларини белгилайди ва амалга оширади;

ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, уларнинг ветеринария экспертизаси ва синови натижаларига кўра давлат рўйхатидан ўтказади ҳамда уларга рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаларини беришни амалга оширади;

ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ ишлаб чиқарилиши ва тайёрланишини ўрганади ва назорат қилади;

ветеринария дори воситаларини ва озуқабоп қўшимчаларнинг сифати ҳамда муомаласи юзасидан назоратни амалга оширади;

е) кадрларни тизимли қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, раҳбар ва мутахассисларнинг иш услуби ва шаклларини такомиллаштириш, шу жумладан, тизимга қарашли идоралар, юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижроси бўйича уларнинг масъулиятини ошириш соҳасида:

замонавий талаблар ҳамда давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги демократлаштириш жараёнларини ҳисобга олган ҳолда, ветеринария соҳасида кадрлар малакасини оширишни ташкил этади;

ветеринария соҳасидаги кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи таълим йўналишларини аккредитация қилишда, уларнинг педагог ва илмий ходимларини аттестациядан ўтказишда иштирок этади;

олий таълим муассасаларининг ветеринария йўналишидаги факультетларига декан лавозимига кадрларни танлашда иштирок этади;

кадрлар ишини юритиш, ветеринария мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

давлат ветеринария органлари ва муассасаларнинг раҳбарлик лавозимларига кадрлар захирасини шакллантиради ва уларнинг малакасини ошириш ишларини ташкил этади;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат ветеринария органлари ва муассасаларининг раҳбарлари ва мутахассисларининг касбий тайёргарлиги ва малакаси бўйича эгаллаб турган лавозимига муносиблиги юзасидан уларни аттестациядан ўтказади;

давлат ветеринария органлари ва муассасаларининг бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимларига номзод кадрлар номенклатурасини юритади;

кадрлар салоҳиятини ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида минтақавий хусусиятларни ва иқтисодиётнинг реал сектори аниқ эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ветеринария соҳасига олий таълим муассасалари бўйича ҳар йилги қабул квоталарига таклифлар киритади;

кадрларнинг хорижий илмий ва таълим муассасаларида ветеринария соҳасидаги малакасини оширишни белгиланган тартибда ташкиллаштиради;

ветеринария соҳасидаги раҳбар ва мутахассисларнинг иш услуби ва шаклларини такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирларни амалга оширади;

ж) ветеринария соҳасида илмий, услубий ва таълим салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантириш, илмий тадқиқотлар йўналишларини белгилаш, фундаментал ва амалий тадқиқотлар, инновация ишланмалари натижаларининг ветеринария амалиётига жорий этилишини мувофиқлаштириш соҳасида:

ветеринария соҳасида илмий, услубий ва таълим салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантириш чораларини кўради;

ветеринария соҳасида илмий тадқиқотлар йўналишларини белгилайди;

фундаментал, илмий-амалий танловлар ва инновацион илмий тадқиқотларда қатнашиш учун тақдим этилган илмий лойиҳаларнинг экспертизасида иштирок этади;

ветеринария соҳасида давлат грантлари асосида ва халқаро ҳамкорлик доирасида ўтказиладиган илмий тадқиқотларнинг амалга оширилишини ташкиллаштиради ва мувофиқлаштиради;

ҳайвонлар касалликларига ташхис қўйиш, даволаш ва профилактиканинг энг замонавий, самарали усулларини ишлаб чиқиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини ўтказади, шунингдек уларни амалиётга жорий этишни ташкиллаштиради;

илм-фан, таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, шу жумладан хорижий ва халқаро ветеринария ташкилотлари билан ҳамкорликни амалга оширади, ветеринария масалалари бўйича илмий анжуман ва конференцияларни ташкиллаштириш ва ўтказишда иштирок этади;

з) халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ветеринария хизмати фаолиятига илғор технологиялар ва иш услубларини жорий этиш соҳасида:

ветеринария соҳасида хорижий давлатлар билан халқаро ҳамкорликни амалга оширишда иштирок этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ифодалайди;

ветеринария соҳасида хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганиш ҳамда уларнинг қонунчилик соҳасидаги ютуқларидан фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

хорижий давлатларнинг ветеринария хизматлари билан ветеринария соҳасида ахборотлар алмашинувини амалга ошириш ва ветеринария сертификатлари намуналарини белгиланган тартибда келишади;

халқаро ва хорижий давлатларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда уларнинг ваколатхоналари ва филиаллари томонидан ветеринария соҳасига оид тадбирларнинг белгиланган тартибда ўтказилишини ташкил этади;

ветеринария соҳасига оид халқаро шартномаларни ишлаб чиқишда ва уларнинг ижросини таъминлашда иштирок этади;

ветеринария соҳасига оид халқаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.

Қўмита қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин.

Қўмита ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бевосита, шунингдек давлат ветеринария органлари ва муассасалари орқали амалга оширади.



3-БОБ. ҚЎМИТАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


12. Қўмита ўзига юкланган вазифа ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва бошқа ташкилотлардан ветеринария соҳасига оид масалалар бўйича маълумотларни белгиланган тартибда сўраб олиш;

юридик ва жисмоний шахслардан ҳайвонларнинг юқумли касалликлари тарқалишининг олдини олишни ҳамда уларнинг тугатилишини таъминловчи чора-тадбирлар ўтказилишини, шунингдек эпизоотик ҳолатни аниқлаш учун зарур бўлган маълумот тақдим этилишини талаб қилиш;

ҳайвонларнинг ва одамларнинг соғлиғи учун хавф туғдирадиган ҳайвонлар касаллиги аниқланган тақдирда, ҳайвонларни сўйишга ёки йўқ қилиб ташлашга, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёни зарарсизлантиришга (юқумсизлантиришга), қайта ишлашга ёки утилизация қилишга тааллуқли, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган талабларни белгилаш;

республика ҳудудида биологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида ветеринария дори воситаларини тайёрлаш ва ишлаб чиқариш шароитларини ўрганиш бўйича Қўмита ҳузурида марказий режим комиссиясини ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш;

ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини олиш учун тақдим этилган ҳужжатлар ва уларнинг синов натижаларини ҳамда ветеринария соҳасига оид тайёрланадиган қўлланмалар, тавсияномалар ва йўриқномаларни ўрганиш, шунингдек ишлаб чиқилган ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини кўриб чиқиш бўйича Қўмита ҳузурида илмий-техник кенгаш ишини ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш;

фавқулодда ҳолатлар вужудга келганда эпизоотияга қарши зарур чоралар белгилаш ва ветеринария, ветеринария-санитария тадбирларини ўтказиш мақсадида илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг ветеринария йўналишидаги олимлари, давлат ветеринария органлари ва муассасаларининг мутахассисларидан иборат махсус ишчи гуруҳлар ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш;

юридик ва жисмоний шахсларга пулли ветеринария хизматлари кўрсатиш тартиби, хизмат турлари ва тарифларини ишлаб чиқиш ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлаш;

ҳайъат мажлисларида давлат ветеринария органлари ва муассасалари, давлат ветеринария хизмати раҳбарларининг Қўмита ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ҳисоботларини эшитиш;

ветеринария соҳасига оид хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш, шунингдек ёрдамчи хўжаликлар фаолиятини ташкил этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

белгиланган тартибда марказий аппарат ва унинг тизимига кирувчи ташкилотларнинг харажатлар сметаси, даромадлар ва харажатлар сметаси, штат жадвалларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Ветеринария хизматини ривожлантириш жамғарма маблағларидан фойдаланиш ва шакллантиришни ташкил этиш;

Қўмита ходимларини меҳнатига ҳақ тўлаш, рағбатлантириш, мукофотлаш ва бошқа рағбатлантиришларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга ошириш;

ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Қўмита тизими фаолиятига оид ноширлик фаолиятини амалга ошириш.

Қўмита қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


13. Қўмита ўз ваколатлари доирасида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга ҳақли.

Қўмита, зарур ҳолларда, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ва бошқа турдаги ҳужжатларни чиқаришга ҳақли.


14. Қўмита ва унинг мансабдор шахслари ўзларига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб берадилар.



4-БОБ. ҚЎМИТА ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


15. Қўмитага Ўзбекистон Республикаси Бош вазири тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланадиган ва лавозимдан озод этиладиган раис раҳбарлик қилади.

Қўмита раисининг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари бўлади.

Қўмита раиси мақоми бўйича вазирга, раиснинг биринчи ўринбосари вазирнинг биринчи ўринбосарига, раис ўринбосарлари эса вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.


16. Қўмита раиси:

Қўмита фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ҳамда Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

давлат органларида ва бошқа ташкилотларда Қўмита номидан вакиллик қилади ёхуд Қўмита номидан ишончнома ва (ёки) ваколатлар беради;

белгиланган умумий штатлар сони доирасида Қўмитанинг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармаларининг штат жадвалини, шунингдек Қўмитанинг марказий аппарати, унинг ҳудудий бошқармалари ва Қўмита тизимига кирувчи ташкилотларнинг харажатлар сметасини тасдиқлайди;

Қўмитага ажратилган бюджет маблағларини белгиланган тартибда тасарруф этади;

белгиланган тартибда Қўмита марказий аппарати ходимларини, ҳудудий бошқармалар, Қўмита тизимига кирувчи ташкилотлар раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади;

ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини тасдиқлайди;

Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази, Ветеринария дори воситалари, озуқабоп қўшимчалар сифати ва муомаласини назорат қилиш давлат илмий маркази, Ветеринария илмий-тадқиқот институти, Давлат чегараси ва транспортдаги давлат ветеринария назорати бошқармаси, чегарадаги ва транспортдаги давлат ветеринария пунктларининг (участкаларининг) раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази, Ветеринария дори воситалари, озуқабоп қўшимчалар сифати ва муомаласини назорат қилиш давлат илмий маркази, Ветеринария илмий-тадқиқот институти, Давлат чегараси ва транспортдаги давлат ветеринария назорати бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ветеринария бошқармалари раҳбар ўринбосарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Қўмита ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади, раис ўринбосарларининг, Қўмитанинг, Қўмита ҳудудий бошқармалари ва Қўмита тизимига кирувчи ташкилотларнинг бошқа мансабдор шахсларининг ваколатлари, мажбуриятлари ва жавобгарлик даражасини белгилайди;

зарур бўлганда ходимларнинг белгиланган умумий штатдаги сони доирасида Қўмита марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ветеринария бошқармалари ҳамда унинг таркибига кирувчи бошқа ташкилотлар тузилмаларига ўзгартиришлар киритади;

Қўмита, ҳудудий бошқармалар ва Қўмита тизимига кирувчи ташкилотлар ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

бошқа давлатлар ҳудудида ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликлари, ҳайвонларнинг келиб чиқиш сабаблари номаълум бўлган ялпи касалликлари ва ҳайвонларнинг илгари қайд этилмаган юқумли касалликлари пайдо бўлган тақдирда давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни олиб ўтишга тақиқ, чеклов жорий этиш ҳамда уларни олиб ўтишни тиклаш тўғрисида қарор қабул қилади;

қўмита тизимида фаолият юритаётган ходимларни рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этади, алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларни фахрий унвонлар беришга ва Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан тақдирлашга тавсия этади.

Раис қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлади.


17. Қўмита раисининг ўринбосарлари:

Қўмита назоратидаги бўлинмаларга бевосита раҳбарлик қиладилар ва Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар;

Қўмита раиси томонидан ўзларига юкланган бошқа функцияларни амалга оширадилар.


18. Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария қўмитаси раисини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси раиси билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан амалга оширилади.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ветеринария бошқармаларининг бошлиқларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш тегишлича вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тақдимномасига биноан Қўмита раиси томонидан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария қўмитаси ва ҳудудий бошқармалар Қўмитага, шунингдек тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳисобот беради.


19. Қуйидаги лавозимларда олий маълумотга эга ветеринария мутахассислари фаолият юритади:

Давлат ветеринария қўмитасининг раиси ва унинг ўринбосарлари (раиснинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари бундан мустасно), бошқарма бошлиқлари, сектор мудири ҳамда ветеринария мутахассислари;

Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази, Ветеринария дори воситалари, озуқабоп қўшимчалар сифати ва муомаласи назорати бўйича давлат илмий маркази, Ветеринария илмий-тадқиқот институти директорлари ва уларнинг ўринбосарлари, лаборатория мудирлари ва бўлим бошлиқлари (мудирлари) ва ветеринария мутахассислари;

Давлат чегараси ва транспортдаги давлат ветеринария назорати бошқармаси бошлиғи ва унинг ўринбосари, бўлим бошлиғи ва мутахассислари, чегара ва транспорт (участка) ветеринария пунктларининг раҳбарлари ва ветеринария мутахассислари;

Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария қўмитаси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ветеринария бошқармаларининг бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари ва сектор мудирлари ҳамда мутахассислари, туманлар (шаҳарлар) ветеринария бўлими бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, ветеринария участка мудирлари ҳамда ветеринария мутахассислари;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказлари директорлари ва уларнинг ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари (мудирлари) ва ветеринария мутахассислари, туманлар (шаҳарлар) ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказлари директорлари, бозорлар ветеринария-санитария экспертиза лабораторияси мудирлари, бўлим бошлиқлари ва ветеринария мутахассислари.


20. Қўмита раиси - Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат ветеринария инспектори, унинг ўринбосарлари эса - Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат ветеринария инспекторининг ўринбосарлари (раиснинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари бундан мустасно) ҳисобланадилар.

Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария қўмитаси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ветеринария бошқармаларининг бошлиқлари - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бош давлат ветеринария инспекторлари, уларнинг ўринбосарлари эса тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош давлат ветеринария инспекторларининг ўринбосарлари ҳисобланадилар.


21. Қўмитанинг давлат ветеринария назорати бошқармаси ветеринар мутахассислари ўз ваколатлари доирасида давлат ветеринария инспекторлари ҳисобланади.


22. Давлат чегарасидаги ва транспортдаги давлат ветеринария назорати бошқармаси бошлиғи давлат чегарасидаги ва транспортдаги бош давлат ветеринария инспектори, унинг ўринбосарлари эса давлат чегарасидаги ва транспортдаги бош давлат ветеринария инспекторининг ўринбосарлари ҳисобланади.


23. Туманлар (шаҳарлар) ветеринария бўлимларининг бошлиқлари тегишли равишда туманлар (шаҳарлар) бош давлат ветеринария инспекторлари ҳисобланади.


24. Ветеринария участкалари ва бозорлар ветеринария-санитария экспертиза лабораториясининг мудирлари, тегишли равишда участка ва бозорларда давлат ветеринария инспекторлари ҳисобланади.


25. Чегарадаги ва транспортдаги ветеринария пунктларининг (участкаларнинг) бошлиқлари ва ветеринар врачлари, тегишли равишда чегарадаги ва транспортдаги ветеринария пунктларининг (участкаларнинг) давлат ветеринария инспекторлари ҳисобланади.


26. Давлат ветеринария инспекторлари қуйидаги ваколатларга эга:

давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, юридик ва жисмоний шахсларга зарур ветеринария, ветеринария-санитария тадбирлари ва эпизоотияга қарши тадбирлар ўтказиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

ҳайвонлар ва одамларнинг соғлиғи учун хавф туғдирадиган касалликларга чалинган ҳайвонлар аниқланган ҳолларда, ушбу ҳайвонларни сўйиш ёки йўқ қилиб ташлаш тўғрисида, шунингдек истеъмолга яроқсиз деб топилган, ушбу соҳадаги маҳсулот ва хом-ашёни йўқ қилиб ташлаш, қайта ишлаш ёки ушбу маҳсулот ва хом-ашёдан ўзгача тарзда фойдаланиш ҳақида юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

давлат ветеринария хизмати назоратидаги объектларга монеликсиз кириш ва ветеринария тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

темир йўл вагонлари, кемалар, самолётлар ва бошқа транспорт воситалари ҳолатининг ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига номувофиқлиги аниқланган тақдирда, улардан фойдаланишни тақиқлаш;

ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларининг бузилишлари аниқланган тақдирда, чорвачилик, шунингдек гўшт ва сут саноати объектларидан, ушбу соҳадаги маҳсулот ва хом-ашёни ишлаб чиқарувчи, қайта ишловчи ҳамда сақловчи корхоналардан фойдаланишни тақиқлаш;

ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларининг бузилишлари аниқланган тақдирда, чорвачилик фермаларида, ушбу соҳадаги маҳсулот ва хом ашёни ишлаб чиқарувчи, қайта ишловчи ҳамда сақловчи ташкилотларда янги қурилган, тикланган ва реконструкция қилинган объектларни ишга туширишни белгиланган тартибда тўхтатиб туриш;

чегара олди туманларда, қўшни давлатларда юзага келган эпизоотик ҳолат тўғрисида тегишли органлар ва ташкилотларни хабардор қилиш, тегишли ветеринария тадбирларини амалга ошириш ҳамда зарур тавсиялар бериш;

ветеринария дори воситалари, озуқабоп қўшимчалар тайёрлашини, ишлаб чиқарилишини ҳамда улардан чорвачиликда ва ветеринарияда фойдаланилишини назорат қилиш, уларнинг ҳайвонлар соғлиғига ва ушбу соҳадаги маҳсулот ҳамда хом-ашё сифатига таъсирини баҳолаш;

ҳайвонларнинг юқумли касалликлари ўчоқлари аниқланган тақдирда, тегишли ҳудудларни нобоп пунктлар деб эълон қилиш ва уларда чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиш тўғрисида, шунингдек ҳайвонларнинг юқумли касалликлари ўчоқлари тугатилгандан кейин чекловчи тадбирларни (карантинни) бекор қилиш ҳақида тегишли давлат органларига тақдимнома киритиш;

ветеринария тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун мансабдор шахсларга ва бошқа шахсларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жазо чораларини қўллаш.

Давлат ветеринария инспекторлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


27. Қўмитада унинг асосий фаолият йўналишларини мувофиқлаштирадиган, Қўмита раиси (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари, шунингдек Қўмита марказий аппарати бўлинмалари, Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария қўмитаси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ветеринария бошқармалари, тизимга кирувчи ташкилотларнинг раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъат аъзоларининг сони ва шахсий таркиби Қўмита раисининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


28. Ҳайъат томонидан қуйидагилар билан боғлиқ бўлган масалалар кўриб чиқилади:

Қўмитанинг мазкур низомда назарда тутилган фаолиятининг асосий йўналишларини амалга ошириш;

кадрларни Қўмита номенклатурасига кирувчи лавозимларга танлаш, жой-жойига қўйиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва Қўмита тизимига кирувчи ташкилотлар раҳбарларининг ҳар чорак якунлари бўйича ҳисоботларини эшитиш;

Қўмита раҳбарлари ва ходимларининг қонун ҳужжатларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши таъминланиши учун шахсий масъулиятини ошириш.

Ҳайъат Қўмита ваколатига кирувчи бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиши мумкин.


29. Ҳайъат мажлисларига бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Қўмита ваколатларига кирувчи масалаларга алоқадор бошқа ташкилотлар раҳбарлари таклиф қилиниши мумкин.

Мажлисда Ҳайъат таркибининг ярмидан кўпи ҳозир бўлганда Ҳайъат мажлиси ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.


30. Ҳайъат томонидан қабул қилинган қарорлар Қўмита қарорлари ва раиснинг буйруқлари билан амалга оширилади. Қўмита раиси ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлган тақдирда раис мустақил равишда қарор қабул қилади, бунда юзага келган келишмовчиликлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекси раҳбарига хабар қилинади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикрларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекси раҳбарига маълум қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби ҳайъат томонидан тасдиқланадиган регламент билан белгиланади.

Ҳайъат мажлислари, қоида тариқасида, ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.


31. Қўмита ҳузурида илмий-техник Кенгаш тузилади. Илмий-техник Кенгаш тўғрисида низом ва унинг шахсий таркиби қўмита Ҳайъати томонидан тасдиқланади.



5-БОБ. ҚЎМИТА ТИЗИМИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА ХОДИМЛАРИНИ МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


32. Қўмита марказий аппарати, давлат ветеринария органлари ҳамда муассасаларини моддий-техник таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, грантлар, ветеринария хизматини ривожлантириш жамғармаси, пулли хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.


33. Давлат ветеринария хизмати ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.


34. Қўмита қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда соҳа ходимларининг ҳаётини суғурталаш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда ижтимоий муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширади.


35. Ходимларнинг иш ҳақи қонун ҳужжатларида назарда тутилган лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақлар ва устамалар, рағбатлантириш тўловлари, шунингдек қўшимча моддий рағбатлантириш тўловларидан иборат бўлади.


36. Ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузганлик учун маъмурий жарима маблағлари Давлат ветеринария қўмитасининг махсус ҳисоб рақамига тушади.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


37. Қўмитани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 21 август, 33-сон, 857-модда



















































Время: 0.0042
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск